Ўзбекистон бутун ислом оламида ҳақли равишда маънавий рекреация, яъни зиёрат туризмининг манзилларидан бири деб тан олинган. Бунга сабаблар кўп. Жумладан, мамлакатимиз ҳудудида турли конфессиялар ривожланиши билан боғлиқ кўплаб ёдгорликлар ва тарихий жойлар мавжуд.
Президентимизнинг шу йил 28 январдаги фармони билан тасдиқланган Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида туризм ва маданий мерос объектлари инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда 8 мингдан ортиқ маданий мерос объектидан самарали фойдаланиш бўйича давлат дастурини қабул қилиш вазифаси белгиланган. Бу эса мамлакатимизда зиёрат туризмини ривожлантириш учун жиддий асосдир.
Зиёрат қадимги саёҳат турларидан саналиб, маънавий асосга эга. “Зиёрат” сўзи арабчадан олинган, “кўришга бориш (келиш)” маъносини билдиради. Мусулмонларда зиёрат одатда муқаддас жойларга ташриф буюришни англатса, бошқа дин ва элатларда дунё кезиш тушунчаларига тўғри келади. У кишининг доимий яшаб турган манзилидан узоқлашган ҳолда диний ёки дунёвий муқаддас жойларга зиёрат қилишини назарда тутади.
Лўнда айтганда, зиёрат кишиларнинг муқаддас жойларга бориши ва у ерларда муайян амалларни бажариши, маънавий-руҳий озуқа олишидир. Қолаверса, зиёрат одамларнинг маънавий ва жисмоний камолотга эришишига кўмаклашади. Оммавий туризм жисмоний рекреация бўлса, зиёрат туризми маънавий рекреациядир. Шу билан бирга, у барқарор туризмни ривожлантиришнинг муҳим сегменти сифатида миллий ғоя ва бирдамликни шакллантириш ҳамда мустаҳкамлашда ҳам муҳим роль ўйнайди.
Зиёратнинг диний ва дунёвий турларини бир-биридан ажратиш лозим. Биринчиси илоҳий, иккинчиси эса умуминсоний қадриятларга асосланади. Агар диний зиёрат муқаддас жойлар, шахслар, азиз авлиёлар дафн этилган манзилларга боришни билдирса, дунёвий зиёрат табиий, тарихий ва ҳаётий масканларга бориш ва уларни қадрлашда ўз ифодасини топади.
Дунёвий зиёрат комил инсон тарбияси билан чамбарчас боғлиқ сайру саёҳатдир. Хотира ва қадрлаш кунида “Мотамсаро она” ҳайкали пойига гулчамбар қўйиш, Тошкентдаги “Шаҳидлар хотираси” мажмуасини, Самарқанддаги Амир Темур қабр ини эиёрат қилиш, кўҳна ва боқий Бухоро маданий маркази ёки Хиванинг Ичан қалъасига ташрифни дунёвий зиёратга киритиш мумкин.
Зиёрат туризмининг ижтимоий ва маънавий аҳамияти катта. Муқаддас жойларга бориш индустриал жамият кишисининг руҳий кечинмалари билан мулоқотга киришиш имкониятини беради. Зиёрат туризми оилаларни бирлаштиришга қулай шароит яратади. Ижтимоий жиҳатдан ўсишга, инсоний бирдамлик, биродарликни мустаҳкамлашга, инсоннинг шахс сифатида шаклланишига ёрдам беради. Ижтимоий ва ирқий табақаланишни қисқартиради.
Қадимда, ҳали замонавий транспорт ва коммуникация воситалари бўлмаган даврларда Шоҳизиндада дафн этилган Қусам ибн Аббос мозорини зиёрат қилиш одат тусига кирган. Бу мажмуа ҳозир ҳам зиёратчилар билан гавжум. Шунингдек, Самарқанддаги Имом Бухорий, Хўжа Дониёл қабрлари, Ҳазрат Хизр масжиди, Бухородаги “Етти пир” мемориал ансамбли, Сурхондарёдаги Ҳаким Термизий, Абу Исо Термизий мақбаралари муқаддас қадамжолардандир.
Зиёрат туризмини сайёҳликнинг бошқа шаклларидан ажратиш анча қийин, албатта. Муқаддас жойларни зиёрат қилиш учун келганлар фақат азиз авлиёлар қабрига бориш билан чекланмайди. Улар шаҳарларнинг диққатга сазовор бошқа тарихий, маданий объектлари, меъморий обидаларини кўришни истайди. Маҳаллий аҳолининг турмуш тарзи, анъана, урф- одат, қадриятлари, замонавий ҳаёти билан ҳам танишади. Шаҳар ва шаҳарлараро транспорт ҳамда коммуникация воситаларидан фойдаланади.
Миллий тансиқ таомлардан тановул қилиб, ҳар хил сувенир, миллий либослар харид қилади. Демак, зиёрат туризмининг иқтисодий-молиявий аҳамияти ҳам катта. Шу билан бирга, ишбилармонлик, хизмат сафари, мамлакат тарихи, иқтисодиёти, маданиятига қизиқувчилар, конгресс бўйича ташрифчилар орасида ҳам диний объектлар — масжидлар, мадрасалар, сағана ва мақбараларни бориб кўрувчилар кам эмас.
Тошкент шаҳрига ташриф буюрувчиларнинг кўпчилиги Хастимом (Ҳазрати Имом) мажмуасини зиёрат қилмасдан кетмайди. Соф зиёрат мақсадида келувчилар, асосан, катта ёшли, ўзига тўқ, ҳисоб-китоб билан иш юритадиган кишилардир. Улар ортиқча харажатни хуш кўрмайди. Шу боис, табиийки, турли кўнгилочар жойларга бормайди. Зиёрат туризмида жуда катта маънавий, сиёсий, ижтимоий самарадан ташқари турли молиявий ресурслар, сарф-харажатлар ҳам борки, улардан мақсадга мувофиқ фойдаланиш сарфланган маблағни тўла қоплабгина қолмай, фойда ҳам келтиради.
Бунинг устига, зиёратчи сайёҳларга кўрсатиладиган б арча хизмат текин эмас. Кейинги йилларда юртимизда зиёрат туризмини умумий туризмнинг бир тармоғи сифатида ривожлантириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, инфратузилмасини такомиллаштириш, соҳани ўрта махсус ва олий малакали кадрлар билан таъминлаш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилди.
Жумладан, ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган улуғ аждодларимиз мақбаралари обод қилиниб, масжид ва мад расалар, зиё ратчилар учун хос меҳмонхоналар қурилиб, атрофида боғ-роғлар барпо этилди. Ички ва зиёрат туризми йўналишида юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш мақсадида ҳозир Туризм ва маданий мерос вазирлиги тизимида 2 та илмий-тадқиқот институти, 4 та коллеж, 6 та техникум ҳамда Самарқандда “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети фаолият кўрсатмоқда.
Университетда малакали хорижлик ҳамда хорижда таълим олган мутахассислар дарс ўтади. Зиёрат туризми йўналишида магистратура ҳам мавжуд. Буюк алломаларни берган бу муқаддас замин чет эллик туристларни, айниқса, зиёратчи сайёҳларни ўзига оҳанрабодек тортади. Президентимиз таъкидлаганидек, ҳанузгача зиёрат объектларининг ахборот пакети тўла шаклланмаган, зиёратни ташкил этишда инновацион рақамли омиллардан фойдаланиш механизми яратилмаган, зиёрат объектлари хариталари талаб даражасида эмас.
Шу муносабат билан мамлакатимизда зиёрат туризми электрон интеграцион платформасини яратиш долзарб бўлиб турибди. Бу масалани эътиборга олиб, Ўзбекистон халқаро ислом академиясида шундай электрон платформа давлат гранти асосида яратилмоқда. Бу лойиҳа мамлакатимизда мавжуд йирик муқаддас қадамжолар, ноёб объектлар, меъморий ёдгорликлар, маданий, маънавий ва моддий бойликларнинг халқаро тажрибаларга асосланган ягона интеграцион реестрини тузиш, муқаддас қадамжолар, ноёб объектлар, меъморий ёдгорликлар, маданий, маънавий ва моддий бойликларнинг аниқ тарихий манбаларга асосланган тавсифини яратиш, уларга халқаро стандартлар асосида бренд бериш, “Ўзбекистон зиёрат объектлари” фотоальбоми, олий таълим муассасаларининг иқтисодиёт, тарих, диншунослик, исломшунослик йўналишлари талабалари учун электрон ўқув мажмуасини тайёрлаш имконини беради.
Президентимизнинг 2021 йил 9 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг ўтган йил 24 февралдаги “Ички ва зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори юртимизда туризм бозорининг турли сегментларига йўналтирилган сайёҳлик маҳсулоти ва хизматларини диверсификациялаш, рақобатбардошлигини янада ошириш, мақбул ва қулай ички ҳамда халқаро зиёрат туризми муҳитини яратиш, транспорт йўналишларини кенгайтириш, унинг хизматлари сифатини юксалтириш, туризм маҳсулотларини кенг тарғиб қилиш, шунингдек, мамлакатимизнинг саёҳат ва дам олиш учун хавфсиз манзил сифатидаги имижини мустаҳкамлашга доир вазифа ҳамда чора-тадбирларни амалга оширишни назарда тутади.
Жумладан, Самарқандда туризмга хизмат қиладиган халқаро аэропорт фаолияти йўлга қўйилди. Аэропорт соатига 800 йўловчига хизмат кўрсатиш, “очиқ осмон” режимида фаолият юритиш, доимий рейслар сонини ҳафтасига 40 тадан 120 тагача ошириш салоҳиятига эга. Мустақил экспертлар аэропорт орқали йўловчи оқимини йилига 480 минг кишидан 2 миллион кишига ошириш имконияти мавжудлигини қайд этмоқда. Хорижий тажрибадан келиб чиқиб, салоҳиятли шаҳар ва туманларда сайёҳлар ҳамда меҳмонлар учун хизмат кўрсатувчи тунги савдо комплекслари ва хизмат кўрсатиш шохобчалари фаолиятини йўлга қўйиш юзасидан ишлар бошланган.
Дастлаб Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларида сайёҳлар учун шароитлар яратилмоқда. Сайёҳлар учун 24 соат давомида хизмат кўрсатишга эришиш орқали аҳоли бандлиги таъминланади. Бунга ўхшаш ички ва зиёрат туризми инфратузилмасини яратиш ишлари мамлакатимизнинг деярли барча ҳудудларида олиб борилмоқда.