Марказий Осиё қанчалик барқарор бўла олади? Минтақавий ҳамкорлик қандай ривожланади? Коронавирус пандемиясидан кейинги даврда мамлакатларни қандай умумий таҳдид ва чақириқлар кутмоқда? Шу ва бошқа масалалар сессия кун тартибидан ўрин олган асосий масалалар бўлди.
Тадбирда Марказий Осиё ноёб геостратегик жойлашувга эга эканлиги, минг йиллар давомида минтақа Европа, Яқин Шарқ, Жанубий ва Шарқий Осиёни боғлайдиган ўзига хос кўприк вазифасини ўтаб келгани, бу ерда улкан энергия ва минерал ресурслар тўпланган, бой маданий-тарихий меросга ва, энг муҳими, катта инсон салоҳиятига эга эканлиги, шу билан бирга, минтақада етакчи глобал кучларнинг рақобатдош манфаатлари кесишиши таъкидланди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов, АҚШнинг Жон Хопкинс университети қошидаги Марказий Осиё ва Кавказ институти раҳбари Фредерик Старр, Россия ТИВ Москва давлат халқаро алоқалар институтининг Халқаро тадқиқотлар маркази директори Иван Сафранчук (Россия), Қозоғистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Санат Кушкумбаев ва бошқа етакчи хорижий ва миллий «ақл марказлари», академик ҳамжамият, вазирлик ва идоралар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Маълумот учун: Содиқ Сафоев Тошкент халқаро мунозара клуби раиси бўлди.
Мутахассисларнинг фикрига кўра, сўнгги вақтларда Марказий Осиё ижобий ривожланиш динамикасини намоён этмоқда. Минтақавий ҳамкорлик барча соҳаларда мустаҳкамланиб бормоқда. Хавфсизлик, давлат чегаралари ва сувдан фойдаланишнинг минтақалараро энг долзарб муаммолари мунтазам равишда ҳал қилинмоқда. Ўтган вақт давомида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг иккита маслаҳат учрашувлари бўлиб ўтди. Минтақа давлатларининг ҳукумат раҳбарлари ва ташқи ишлар идоралари раҳбарларининг учрашувлари мунтазам ўтказилмоқда.
— Марказий Осиёда ҳам минтақани, ҳам ўз ҳудудини глобал бошқаришга қизиқиш бор, — дейди россиялик мутахассис Иван Сафранчук. — Марказий Осиё давлатлари асосий савдо йўлларидан узоқда, Евроосиёнинг тубида қамалиб қолишдан манфаатдор эмас. Аммо уларга тўлақонли очиқлик ҳам керак эмас. Мутлақ маънода бутун минтақа, глобал иқтисодий тизим нуқтаи назаридан жуда кичикдир. Тўсиқларнинг тўлиқ олиб ташланиши давлатларга иқтисодий суверенитетни йўқотиш хавфини туғдиради, қуруқлик транзити ягона майдонга айланади ва энг аввало, элита ихтиёрига тушадиган, даромад келтирадиган баъзи йирик инфратузилма ва энергетика лойиҳалари ижарага олиб келинади. Минтақада узоқ муддатли ижтимоий барқарорликни қўллаб-қувватлаш учун иш ўринларини ташкил қилишда қайта саноатлаштириш, кенг иқтисодий ривожланиш зарур. Объектив равишда бунга глобаллашув ҳам, минтақалаштириш ҳам ёрдам бериши мумкин. Асосийси, хавфсиз мувозанатни аниқлаш.
«Ҳамкорликка институционал ифода берган ҳолда томонлар ягона платформа яратиши мумкин. Бунинг ягона йўли – соҳаларни қамраб олувчи мунтазам минтақавий учрашувларни ташкил қилишдир», — дея таъкидлади Старр.
Сўнгги йилларда юз берган муҳим ўзгаришлар қаторига Афғонистоннинг Марказий Осиёдаги сиёсий мулоқотларга, кўп томонлама тадбирлар ва лойиҳаларга жалб этилиши киради. Мамлакат минтақавий жараёнларнинг органик қисми сифатида қабул қилинмоқда, бу Афғонистонда тинчлик жараёнини ривожлантириш учун янги имкониятларни очади.
— Чегара ва сув-энергетика муаммоси каби нозик масалаларни ҳал қилишда мисли кўрилмаган натижаларга эришилди, - дейди Элдор Арипов. — Қозоғистон билан Ўзбекистон демаркация босқичига ўтди. Қирғизистон билан чегара ҳудудларининг деярли 100 фоизи келишилган. Тожикистон билан ҳам чегараларнинг аввал ажратилмаган қисмларининг 99 фоизи келишилган. Марказий Осиёда ягона энергетик ҳалқанинг тўлиқ ишлашини бошлаш учун амалий чоралар кўрилмоқда. Бугун бизда мавжуд вазиятни ўзгартириш, нафақат минтақа ичида, балки унинг ташқарисида ҳам ривожланиш тенденцияларини аниқлаш учун ноёб имкониятлар мавжуд. Шу боис жорий йилда Тошкентда Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлигига бағишланган халқаро конференция ўтказилиши режалаштирилган.
Ўзбекистоннинг Марказий Осиё минтақасидаги барча мамлакатлар билан ҳамкорлиги аслида стратегик шериклик хусусиятига эга эканлиги, савдо-иқтисодий алоқалар анча фаоллашгани таъкидланди. Минтақадаги барча мамлакатлар ҳамкорликнинг ўсиб бораётган суръатларидан ҳақиқатан фойда кўрмоқда. Минтақавий ўзаро таъсирни кучайтириш объектив, барқарор ва ортга қайтариб бўлмайдиган тенденциядир. У минтақадаги барча мамлакатларнинг кучли сиёсий иродасига асосланган ва чуқур тарихий заруратларга эга.
Минтақа мамлакатлари транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича ўзларининг Давлат дастурларини амалга ошириб, транспорт харажатларини камайтириш ва ўз ҳудудлари орқали транзит оқимларни жалб қилишда, одатда, ўхшаш манфаатларга эга. Шу билан бирга, улар асосан, Хитойдан келадиган транспорт йўналишларини диверсификация қилишга интилмоқда.
Санат Кушкумбаевнинг сўзларига кўра, муқобил транспорт коридорларини топиш ва ривожлантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар транспорт харажатларининг паст бўлишига интилиш кўрсаткичидир. Модернизациялашган транспорт тизими Марказий Осиё мамлакатларининг ўзига хос рақобатбардош устунликларига эга бўлишига имкон беради.
Мунозара якунида иштирокчилар сўнгги йилларда Марказий Осиёда ишонч, ўзаро таъсир ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича ижобий тенденция ривожланиб бормоқда, деган якдил фикрга келишди. Умуман олганда, вазият 2016 йилгача бўлган вазиятдан анча яхшилангани эътироф этилди.
— Бу улкан умумий муваффақият, бу барча мамлакатларнинг ҳиссаси, — дея қайд этди Тошкент халқаро мунозаралар клуби раиси Содиқ Сафоев. — Ва биз келажакка некбинлик билан қарашимиз мумкин. Бу сўнгги йилларда барча давлатларимиз ташқи сиёсатининг асосий ва улкан ижобий натижасидир. Мазкур қадамлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан ташланди. Шу билан бирга, муаммоларнинг фақат биринчи сирт қатлами ечилишига эришилганига ҳамма рози. Кўплаб саволлар ҳали ҳам ечимини кутмоқда.
Содиқ Сафоевнинг фикрига кўра, бугунги кунда ўзаро ҳамкорлик алоқалари учун ҳуқуқий, келажакда эса институционал, шу жумладан тадқиқот тузилмалари орқали база яратиш зарур. Марказий Осиёда мақбул муҳитни ортга қайтариб бўлмайдиган қилишнинг асосий омили ишончни мустаҳкамлаш чораларини кучайтиришдир. Бу декларация ёки умумий мурожаатларга тааллуқли эмас. Бунда нафақат давлат ва нодавлат тузилмаларини, балки бизнес тузилмаларини ҳам ўз ичига олган ишончни мустаҳкамлаш чораларига теранлик киритиш учун принципларни, концептуал асосларни шакллантириш муҳимдир.
Мутахассислар фикрича, Марказий Осиё минтақа тақдири учун жамоавий жавобгарлик тизими ҳақида ўйлайдиган вақт келди. Сув ресурсларини бошқариш, экологик муаммолар каби масалалар нафақат давлатларнинг ҳуқуқларини, балки вазифаларини ҳам шакллантиришни талаб қилади. Чунки биз минтақанинг барқарор ривожланиши, нафақат ҳозирги, балки келажак авлодлар тақдири учун ҳам жавобгармиз.
Тошкент халқаро мунозара клубининг ушбу навбатдаги сессияси «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати томонидан Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг Марказий Осиё бўйича ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилди. деб хабар беради «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати.