Олийжаноб халқимизнинг фидокорона меҳнати, эзгу амаллари, ният ва истакларига мос тарзда узоқ йилларга хизмат қиладиган ишлар бажарилмоқда. Янги Ўзбекистонни барпо этиш борасида қўлга киритилаётган натижалар ватандошларимизнинг онгу тафаккурида, дунёқарашининг ўзгаришида, иқтисодий-ижтимоий ҳаётимизда акс этаётир.
Қашқадарё вилояти иқтисодиёти ҳам барқарор ривожланиб, аҳолининг турмуш шароити кундан-кунга яхшиланяпти. Буни ҳар бир йўналишда эришилаётган натижалар мисолида ҳам кузатиш мумкин.
Жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги якуни бўйича воҳада ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 105 фоизни, саноат ишлаб чиқариш 106, қишлоқ хўжалиги 103, қурилиш пудрат ишлари 103, хизмат кўрсатиш 113 фоизни ташкил этди.
Маҳаллий бюджет даромадлари 2 триллион 22 миллиард сўмга таъминланиб, қўшимча 187 миллиард сўм жалб этилди. Ҳисобот даврида 300 мингга яқин аҳоли, шундан 78 минг нафардан зиёд ёшларнинг бандлиги таъминланди. “Маҳаллабай ишлаш”тизими ҳақида сўз кетар экан, қисқа фурсат ичида бу тизим нақадар ўзини оқлаганига, фуқаролар учун қулай ва манфаатли янгиликлар ҳаётга кириб келаётганига гувоҳ бўламиз.
Бугун маҳаллада ҳар бир йўналиш, ҳар бир ёш тоифасининг ўз эгаси, сўровчиси бор. Тизимни ривожлантириш учун барча шарт-шароит ва ҳуқуқий асослар жорий этилди. Ҳоким ёрдамчилари фаолиятининг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари сарҳисоб қилинганда, қашқадарёлик ҳоким ёрдамчилари 87,89 балл билан мамлакат бўйича биринчи ўринни эгаллади.
Шу ўринда ҳозир жойларда бандлиги таъминланганларнинг 62 фоизи бевосита ҳоким ёрдамчилари томонидан амалга оширилган ишлар самараси эканини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Уларнинг тавсияномалари асосида шу йил бошидан 20 960 фуқарога 473 миллиард сўм имтиёзли кредит ва 3 305 нафар ишсизга 15 миллиард сўм субсидия ажратилди. Вилоятда 5 057 та юридик ва 4 029 та якка тартибдаги тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилди.
Ўтган йили 9 264 гектар ерда деҳқон хўжалиги ташкил қилинган бўлса, бу йил 10 530 гектар ер ана шу мақсад учун ажратиб берилмоқда. Шунингдек, ғалладан бўшаган 9,6 минг гектар майдон “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турган 20 минг ишсиз фуқарога деҳқончилик учун ажратиб берилмоқда. Бошқача айтганда, “Маҳаллабай ишлаш” тизими орқали жорий йил якунига қадар яна 266 400 кишининг бандлиги таъминланади.
Фикр агар яхши тарбият топса...
Ёшларнинг таълим-тарбияси ҳақида сўз кетар экан, таълим-тарбияга эътибор, оила мустаҳкамлиги, боғча, мактаблардаги маънавий муҳит бугун биз учун катта эҳтиёжга айланган фикр тарбияси учун яхлит омил бўлади. Маърифат, маънавият буюк куч. Маърифатпарвар Абдулла Авлоний шундай дейди: Фикр агар яхши тарбият топса, ханжар, олмосдан бўлур ўткир.
Оиладаги маънавий муҳитнинг соғломлиги фарзанд тарбиясида, миллий ва умуминсоний қадриятларни қадрлаш борасида кутилган натижани беради.
Қашқадарёнинг шундай салоҳиятли вилоятга айланишида умрини, меҳнатини сарф этган, бир неча йил раҳбарлик қилган, йўл созлаган, кўприк қурган, сув келтирган инсонлар ҳақида ёшларга, аҳолига билдириш мақсадида “Инсон азиз” номли маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Вилоят равнақи учун йирик ишларни амалга оширган Раҳмонқул Қурбонов, Карол Маҳмудов, Бекилометрурод Элбоев, Рўзмат Ғойибов, Чўли Бегимқулов, Бекилометрурод Усмонов, Муҳаммади Рўзиев, Хурсанд Тошев, Комил Амиров каби инсонларнинг номларини элимиз ҳурмат билан тилга олади. Тадбирларга уларнинг фарзандлари, невара чеваралари таклиф этиляпти. Юқорида номлари тилган олинган азиз инсонларнинг халқпарварлик фазилатлари ҳақида фильмлар намойиш қилинмоқда. Кайвонилар бошлаган эзгу ишларни давом эттириш ҳақида сўз юритилиб, ўғил-қизларимизга сабоқ бериляпти. Бу каби маърифий тадбирлар вилоятимиз бўйлаб давом этмоқда.
Мамлакатимизда ёшлар билан ишлаш бўйича мутлақо янги – вертикал бошқарув тизими яратилди. Маҳаллаларда ёшлар етакчиси лавозими жорий этилиб, бу вазифага ташкилотчилик қобилиятига эга, ташаббускор йигит-қизлар танлаб олинди ва ёшлар учун юздан ортиқ имкониятлар яратилди. Бунинг натижасида уларнинг ўз-ўзини бандлигини таъминлаш, даромад топишига кенг йўл очилди.
Хусусан, жорий йилнинг шу даврига қадар “Ёшлар дафтари” орқали 6 минг 400 нафар ёшга қарийиб 24 миллиард сўмлик ёрдам кўрсатилди. Алоҳида эътиборга муҳтож 23 мингдан зиёд ёш 528 нафар раҳбарга бириктириб берилди. Ҳар бир ўғил-қизнинг муаммолари ўрганилиб, йўл хариталари ишлаб чиқилди. Қисқа вақт ичида ўн минг нафарга яқин ёшнинг ижтимоий муаммоси ижобий ҳал этилди. 30 нафар чин етимга бепул янги уйлар тақдим қилинди.
Жорий ўқув йилининг ўзида 19 415 нафар талаба-ёшнинг шартнома тўловлари учун 185 миллиард сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилди. Аҳамиятлиси, бу кредитларнинг 135 миллиард сўми 14 578 нафар талаба қизимизга фоизсиз берилди. Мамлакатда биринчилардан бўлиб вилоят марказида “Ёшлар сайилгоҳи” барпо этилди.
Ёшларнинг илм-фан сирларини пухта ўрганиши, замон талабига мос кадрлар бўлишига ҳамиша алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Хусусан, “Хорижий тил орқали ITга йўл” лойиҳаси доирасида 500 нафар ёшнинг олти ой давомида инглиз тили курсларида бепул ўқишлари учун 900 миллион сўм ажратилди. Барча шароитларга эга IT мактаби янгидан ташкил этилди. Иқтидорли ёшларнинг илғор стартап лойиҳаларини молиялаштириш учун 523 миллион сўмлик грант маблағлари ажратилди.
Беш ташаббус олимпиадасининг жорий йилги биринчи мавсум республика финал босқичида вилоятимиз ёшлари 8 та олтин, 7 та кумуш, 8 та бронза, умумий ҳисобда 23 та медални қўлга киритди. Ушбу олимпиада доирасида қайд этилган натижалар орқали 12 та спорт майдончаси барпо этилади.
Иқтидорли, ташаббускор ёшларимиз эришган натижалар доимий равишда муносиб баҳоланмоқда. Хусусан, яқиндагина ёшларимизнинг 3 нафарига “Келажак бунёдкори” медали, 2 нафарига “Мард ўғлон” давлат мукофотлари билан тақдирланди. Муборак тумани “Бўстон” МФЙ ёшлар етакчиси Ўлмасжон Пардаев “Йилнинг энг намунали маҳалла етакчиси” танловининг мамлакат босқичи ғолиби бўлди.
Албатта, ислоҳотлар самарадорлиги, ёшлар таълим-тарбияси учун яратилган шарт-шароитларга узвий боғлиқ. Жорий йилнинг олти ойида вилоятимизда 300 га яқин давлат ва нодавлат боғча очилди. Шу ўринда айтиш лозимки, 2017 йилда вилоятдаги жами боғчалар сони 326 та бўлган. Йил якунига қадар яна 250 тага яқин боғча фойдаланишга топширилиб, вилоят бўйича қамров даражаси 70 фоизга етказилади.
Жорий йил вилоятимиз мактаб таълими тизими учун муҳим аҳамиятга эга бўлди, десак адашмаймиз. Шу йил март ойида 1236 та мактаб директорлари Шаҳрисабз шаҳрида йиғилиб, вилоятда мактаб таълими сифатини ошириш бўйича мурожаатнома қабул қилди.
2023–2025 йилларда вилоят мактаб таълими тизимини ривожлантириш, моддий-техник базасини бойитиш мақсадида 500 миллиард сўмлик дастур ишлаб чиқилди. Яратилган бу каби шароит ва имкониятларга жавобан янги авлод вакиллари қатор ютуқларни қўлга киритмоқда. Халқаро даражадаги фан олимпиадаларида ўқувчиларимиз 1 та олтин, 3 та бронза медали ва 1 та мусобақа сертификатини қўлга киритди. Илк бор, 11-синф ўқувчилари ўртасида вилоят ҳокими соврини учун ўтказилган олимпиаданинг физика, кимё ва биология фанларидан 1, 2, 3-ўринларни олган тўққиз нафар ғолиб ўқувчи муддатидан олдин Қарши давлат университетига талабаликка қабул қилинди.
Аёл мамнун бўлса...
Аҳоли саломатлигини таъминлаш масаласида ҳам жиддий ишлар амалга оширилмоқда. Буни соҳадаги ўзгаришлар мисолида кўришимиз мумкин. Хусусан, кам таъминланган, эҳтиёжмандларни бепул даволаш ва жарроҳлик амалиётини ўтказиш учун 5,5 миллиард сўм маблағ ажратилиб, олти минг нафарга яқин ижтимоий кўмакка муҳтож фуқаронинг саломатлиги тикланди. Замонавий жиҳозлар билан таъминлаш мақсадида тиббиёт муассасаларига 10 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилди. Натижада деярли барча турдаги жарроҳлик амалиётлари вилоятнинг ўзида бажарилишига эришилмоқда.
Йил якунига қадар қатор янги тиббиёт муассасалари, хусусан, Қарши шаҳрида минг ўринли “Она-бола тиббиёт кластери” фойдаланишга топширилади. Янгиланган Конституциямизда белгиланганидек, “ижтимоий давлат” тамойилларини инобатга олган ҳолда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ташкил этилиши тарихий воқеа бўлди, десак адашмаймиз. Шундан келиб чиқиб, вилоятимизда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг вилоят бошқармаси, туман ва шаҳарларда “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ташкил этилмоқда.
Шу ўринда айтишим керакки, ташкил этилган янги тузилма орқали аҳолини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича “Қашқадарё тажрибаси”ни яратиш учун бел боғладик.
Амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотларнинг яна бир муҳим мезони аёлни рози қилишга қаратилган. Аёл мамнун бўлса, оила фаровон бўлади, мамлакатда бахтиёрлик ҳукм суради тамойили давлат сиёсатининг асосий вазифасига айланди.
Йил бошидан ҳозирга қадар маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари томонидан “Аёллар дафтари”га киритилган 76 минг 127 нафар хотин-қизга кўмаклашилди. Жумладан, 43 минг нафардан ортиғи иш билан таъминланди, 2 минг 519 нафарига 25 миллиард сўм кредит ажратилди, 33 минг 922 нафарига 29 миллиард сўм бир марталик моддий ёрдам кўрсатилди. Ушбу мақсадлар учун “Аёллар дафтари” жамғармасидан 26 миллиард сўм сарфланди.
Ажримлар сони 153 тага, жабрланган хотин-қизларга ҳимоя ордери берилиши 183 тага камайди. Оилавий келишмовчиликлар сабаб ажрим ёқасида турган 789 та оила яраштирилиб, 654 боланинг тирик етим бўлиб қолиши олди олинди.
Тадбиркор энди қўрқмайди
Бугунги тадбиркор кечаги тадбиркор эмас. Президентимизнинг куни кеча тадбиркорлар билан ўтказган очиқ мулоқотида иштирок этиб, бунга яна бир бор амин бўлдик. Эътибор берган бўлсангиз, учрашувлардаги таклифлар натижасида соҳа вакилларига йилдан-йилга кенг имкониятлар берилмоқда. Жумладан, ўтган йилги учрашувдан сўнг бизнес микро, кичик, ўрта ва йирик тоифаларга ажратилиб, уларнинг ҳар бири билан алоҳида ёндашувлар асосида ишлаш тизими жорий этилди. Бундан ташқари, туман ва шаҳарлар 8 та тоифага ажратилиб, кўпгина туманларга алоҳида солиқ, кредит ва молиявий ёрдам режимлари ишга туширилди. Натижада ҳудуддаги тадбиркорлар даромади ошишига замин яратилди. Жумладан, воҳамиздаги тоифага ажратилган туманларда ҳам ўзгаришлар кўзга ташлана бошлади.
19 август куни ўтказилган очиқ мулоқотда ҳам Президентимиз ташаббуси билан тадбиркорларнинг таклифларини инобатга олган ҳолда яна бир қатор имкониятлар берилди.
Хусусан, “Tax gap” тизими бекор қилинади, тадбиркорларнинг тўғридан-тўғри судга шикоят қилишидаги ҳар қандай чекловлар олиб ташланади, Қишлоқ қурилиш банки Бизнесни ривожлантириш банкига айлантирилади.
Шунингдек, йирик хорижий брендларни жалб қилган корхоналарга грант берилади, камерал назоратда тадбиркордан ҳужжат талаб қилиш ёки уни идорага чақириш қатъиян тақиқланади, тадбиркорларга “140 та илғор саноат корхонаси” лойиҳалари тақдимот қилинди.
Бундан ташқари, ҳудудлардаги кичик бизнес марказларида ўқиган тадбиркорлар лойиҳаси молиялаштирилади.
Бу эса, йўналишда янги давр бошланаётганидан далолат, албатта. Шу куни айнан давлатимиз раҳбарининг фармони билан бир гуруҳ қашқадарёлик тадбиркорлар ҳам давлат мукофотлари билан тақдирланди. Бу уларнинг меҳнатига берилган муносиб рағбат бўлиб, эртанги кунга ишончи ва ўзига хос ҳаракатчанлигини ошириши табиий.
Президентимиз очиқ мулоқотда “Тадбиркорлик ривожини янада юксак босқичга кўтариш – устувор вазифамиздир”, дея таъкидлади. Албатта, бу соҳага қанчалик кенг йўл очиб, кўп имконият берар эканмиз, юртимиз фаровон ва обод, аҳолимизнинг турмуши яхшиланиб бораверади.
Бугун “Одамлар эртага эмас, бугун яхши яшаши керак” деган устувор ғоя ҳар бир юртдошимизнинг тақдирида акс этмоқда. Сўнгги бир йил ичида Қашқадарё аҳолисини турмуш шароитларини яхшилаш мақсадида давлат томонидан 5 трилион 528 миллиард сўм маблағ ажратилди. Вилоятни 2023–2025 йилларда ривожлантириш бўйича қабул қилинган қарорга асосан ажратилган 1 триллион 775 миллиард сўм маблағ ҳисобидан 751 километр электр узатиш тармоқлари ва 189 та трансформатор пункти ҳамда 8,7 километр газ қувурлари реконструкция ва модернизация қилинмоқда.
“Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида биринчи мавсумда ғолиб деб топилган 261 та таклиф учун 285 миллиард сўм йўналтирилди. Жумладан, ички йўллар учун 162 миллиард сўм, умумтаълим мактабларига 57 миллиард, мактабгача таълимга 5 миллиард, соғлиқни сақлашга 17 миллиард ва бошқа тадбирлар учун 44 миллиард сўм ажратилиб, ишлар юқори суръатда олиб борилмоқда. Бундан ташқари, “Менинг йўлим” лойиҳаси бўйича ички йўллар таъмири учун 33 та маҳаллага 34 миллиард сўм бериладиган бўлди.
Куни кеча маҳаллалардаги муаммолар бўйича берган таклифларимиз маъқулланди ва республика бюджетидан 421 миллиард сўм ажратилди. Шу боис, депутатлар билан маслаҳатлашиб, қилинадиган ишларнинг манзилли рўйхатини тасдиқлаб олдик. Бунда асосий эътиборни аҳолини қийнаб келаётган муаммоларга қаратдик. Ушбу маблағларнинг ўзлаштирилиши ҳисобига 315 километр ичимлик сув тармоқлари ва 15 та сув иншооти, 525 километр йўллар ва 10 та кўприк, 37 та ижтимоий соҳа объектида қурилиш-таъмирлаш ишлари бошланди.
Бу каби эътибор ва ғамхўрликлардан аҳоли мамнун. Энди ҳар бир сўмнинг ҳисоб-китобини қилиб, қаттиқ назоратга олган ҳолда белгиланган тартибда иш олиб борамиз.
Жорий йилда аҳолини уй-жой билан таъминлаш мақсадида 5 020 хонадонли 168 та кўп қаватли уй қуриб фойдаланишга топширишни режа қилганмиз. Ҳисобот даврида 352 хонадонли 15 та, шундан “Янги Ўзбекистон” массивларида 240 хонадонли 12 та кўп қаватли уй фойдаланишга топширилади.
Бунга ҳеч ким ишонмасди
Сўнги йилларда вилоятимиз аграр соҳадан саноатлашган ҳудудлар қаторига ўтди, десак муболаға бўлмайди. Йил бошидан 516 та янги саноат корхонаси ўз фаолиятини бошлади. Тадбиркорлик муҳитининг яратилгани эвазига хорижий инвесторлар томонидан йирик лойиҳалар ва маблағлар саноат соҳасига йўналтирилмоқда.
Ишлаб чиқилган саноат маҳсулотларининг 18 фоизи хорижий корхоналар ҳиссасига тўғри келди. Соҳада экспорт ҳажми 137 миллион долларни ташкил этди. Албатта, ушбу кўрсаткичларга эришишда тадбиркорларимизнинг муносиб ҳиссаси бор. Улар томонидан 50 миллион долларлик 127 та лойиҳа ишга туширилди. Йил якунига қадар 650 миллион доллар бўлган 347 та янги лойиҳа амалга оширилади.
Вилоятимизда 23 турдаги минерал хомашё мавжуд бўлиб, Қашқадарё ер ости захираларига бой ҳудуд ҳисобланади. Ушбу йўналишда жорий йилда 50 та янги тадбиркорлик субъекти иш бошлади ва улар сони 200 тага етди. Бу рақам йил якунига қадар 247 тани ташкил этиши белгиланган. Масалан, Австриянинг дунёга машҳур “Лассенбергер групп” компанияси Китоб ва Чироқчи туманларидаги конларга тўғридан-тўғри инвестиция киритиш бўйича амалий ишларни бошлаб юборди. Яккабоғ туманидаги 2 та истиқболли кўмир захираси мавжуд участкаларидан самарали фойдаланиш ишлари йўлга қўйилди.
Озиқ-овқат саноати йўналишида жорий йилда янгидан 10 та ун ва17 та ёғ ишлаб чиқариш корхонаси ташкил этилади. Куни кеча Қамашида “Бўритош ая” фермер хўжалиги томонидан ўз бренди остида йиллик қуввати 10 минг тонна бўлган ун ишлаб чиқариш корхонаси ишга туширилди. Бу каби корхоналар ҳисобига йилига 45 минг тонна ун, 60 минг тонна ёғ ишлаб чиқариш қувватлари яратилади
Бундан бир неча йиллар аввал Қашқадарё вилоятида телевизор ишлаб чиқарилиб, хорижга экспорт қилинади деса, бунга кўпчилик ишонмасди. Яқинда Қарши шаҳридаги “Буюк турон” саноат зонасида “Алп техно сервис” корхонаси томонидан йиллик қуввати 200 мингта бўлган завод иш бошлади ва бугунга келиб маҳсулотларининг 80 фоизини экспортга йўналтирмоқда. Корхонада йил якунига қадар кир ювиш машинаси ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилади. Шунингдек, чарм ва ипак маҳсулотларини қайта ишлаш, мебелсозлик, фармацевтика, ичимликлар ишлаб чиқариш, қоғоз саноатида ҳам қатор истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Ҳисобот даврида 163 миллион долларлик экспорт амалга оширилиб, белгиланган режа 111 фоиз, 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 113 фоиз бажарилди. Экспорт географияси Африканинг бир неча давлатлари ҳисобига кенгайди. Йил якунигача 326 миллион долларлик экспорт амалга оширилиши режалаштирилган.
Иқтисодиётимизда 183 миллион долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кафолатланмаган кредитлар ўзлаштирилди. Ўзлаштириш асосан Хитой, Германия, Сингапур, Туркия ва Латвия давлатлари ҳиссасига тўғри келмоқда. Йил якунига қадар бу кўрсаткични 363 миллион долларга етказиш мақсад қилинган ва 1,6 баробар ўсиш таъминланади.
Қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам табиат инжиқликлари, сув таъминотидаги узилишларга қарамай деҳқонларимиз ғалладан мўл ҳосил кўтаришди. Жорий йилда 1 миллион тоннадан зиёд дон етиштирилиб, ўртача ҳосилдорлик 68 центнерни ташкил қилди. Китоб, Шаҳрисабз, Яккабоғ, Қамаши ва Касби туманларида ўртача 75–80 центнер ғалла олиниб, юқори ҳосилдорликка эришилди.
Мавсум якуни билан ғаллачилик кластер ва фермер хўжаликлари ихтиёрида 600 минг тоннага яқин дон қолди. Кластерлар ва фермерлар томонидан 20 мингга яқин эҳтиёжманд оилага 5 минг тонна дон бепул тарқатилди.
Айни кунгача 27 миллион долларлик мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинди. Йил якунига қадар бу кўрсаткич 58 миллион долларга етказилади.
Сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида 3,6 минг гектар майдонда сув тежовчи технологиялар жорий этилди. Ирригация-мелиорация тадбирлари натижасида 35 минг гектар, Деҳқонобод сув омборининг фойдаланишга топширилиши ҳисобига эса 1,6 минг гектар майдоннинг сув таъминоти яхшиланди.
Ишсиз аҳолига ажратилаётган ер майдонларидан самарали фойдаланишга кўмаклашиш, шунингдек, ҳозирда аукцион савдоларида турган 2,8 мингта лот бўйича янги деҳқон хўжаликларини ташкил қилиш режалаштирилган.
Албатта, юқоридаги айтганимиздек, кенг кўламли ишлар узвий давом эттирилиб, одамларни ҳаётдан рози бўлиб яшашлари учун имкониятларни кенгайтириш, қулайликлар яратиш мақсад қилинган.
Ишонч ва ғурур билан айтаманки, биз — улуғ халқ фарзандларимиз. Шу табаррук ва жонажон Ватанимизга меҳр ва садоқатимизни билдириб, билим ва тажрибамизни, иқтидор ва ақлу заковатимизни йўналтирган ҳолда, давлатимиз раҳбари атрофида бирлашамиз, кўзланган эзгу мақсадларга, албатта, эришамиз.
Зеро, янги ҳаёт учун, янги Ўзбекистон учун астойдил меҳнат қилиб, инсон қадрини улуғлаш йўлида жонбозлик кўрсатиш ҳар биримизнинг вазифамиздир.
Муроджон АЗИМОВ,
Қашқадарё вилояти ҳокими