«Дунё» АА мухбири Жобир Хўжақулов «Ғолиб. Сара ғазаллар» китоби тақдимотидан сўнг таржимон билан Мирзо Ғолиб ижоди ва девон таржимаси билан боғлиқ жараён ҳақида суҳбатлашди.

- Жанубий ва Марказий Осиёда катта обрўга эга Мирзо Ғолиб ижоди билан анчадан буён қизиқиб, уни ўрганиб келяпман, - дейди М.Абдураҳмонова. - Ўзининг беқиёс ижоди билан урду шеърияти ва насрчилиги ривожига улкан ҳисса қўшган буюк шоир ижоди мана неча асрлардирки, халқаро кўламда адабиётшунослар эътиборини ўзига қаратиб келмоқда. Оташнафас шоир шеърияти ватанпарварлик, миллат ва халқ келажагига дахлдорлик ҳисси билан йўғрилган. Олиб борилган илмий тадқиқотлар мени Мирзо Ғолиб урду девонининг ўзбекча таржимаси тўпламини тузишга ундади.

Мирзо Ғолиб назм билан бирга насрда ҳам қалам тебратган. Унинг «Дастанбу», «Меҳри нимрўз», «Панжи оҳанг» каби асарлари урду адабиётининг ноёб дурдоналари ҳисобланади. Мирзо Ғолиб ижод қилган услубда ёзилган шеърлар бадиий жиҳатдан пишиқлиги ва мазмунан теранлиги, бир неча маъно қатламига эгалиги билан ажралиб туради. Шунинг учун бундай асарларни англаш учун шарҳлар яратиш одат қилинган. Табиийки, таржима жараёнида мен ҳам муайян мураккабликларга дуч келдим. Девондан ўрин олган ғазалларга атаб ёзилган шарҳларни синчиклаб ўрганишга тўғри келди.

XX асрда Мирзо Ғолибнинг шуҳрати бутун дунёга ёйилди. Бугунги кунда шоир асарлари нашр этилмаган, унинг номини билмайдиган мамлакат жуда кам. Деҳли, Алигарҳ, Ҳайдаробод, Лаҳор ва Карачи шаҳарлари бу забардаст сўз санъаткори ижодини ўрганишда йирик марказлар бўлиб келмоқда. Деҳлида ташкил этилган Ғолиб уйи ва Ғолиб академиясидаги китоб жавонлари жаҳоннинг турли мамлакатларида чоп этилган шоир ҳақидаги рисолалар ва асарларининг турли тиллардаги таржималари билан тўла.

 Таъкидлаш керакки, таржима осон иш эмас. Мен Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва бошқа буюк шоир ва мутафаккирлар томонидан тартиб келтирилган девонларни ўргандим. Уларда ўрин олган ғазал ва шеърлар билан Мирзо Ғолиб девони ўртасидаги ўхшашликларни таҳлил қилишга ҳаракат қилдим. Албатта, Навоий ва Бобур томонидан тузилган девонлар билан тенглашиш осон эмас. Уларнинг вазни анча «оғир». Аммо Мирзо Ғолиб ижоди ҳам 18 аср охири 19 аср бошларида катта мавқега эга бўлган. Айтиш мумкинки, Ғолиб девони ушбу даврдаги энг йирик ижодий ишлар сирасига киради.

Тошкент давлат шарқшунослик университети Ҳиндистоннинг мамлакатимиздаги элчихонаси билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келади. Ушбу китобнинг дунё юзини кўришида ҳам ана шу яқин алоқалар муҳим аҳамият касб этди. Мумтоз шоир девони асосида яратилган ўзбек тилидаги «Ғолиб. Сара ғазаллар» шеърий китобининг нашр этилишида Ҳиндистон элчихонаси ва Лаъл Баҳодур Шастри номидаги Ҳиндистон маданият маркази яқиндан ёрдам берди. Фурсатдан фойланиб ҳамкорларимизга алоҳида миннатдорлик изҳор қиламан.  

Урду шеъриятининг энг забардаст ва севимли лирик қалам усталаридан бири бўлган Мирзо Ғолибнинг шоирлар орасида бетакрор бахтга сазовор бўлиши, маҳорат чўққисига кўтарилиши унга улуғлик бахш этди. Шоирнинг шеърлари шу қадар маъноли, нозик-латофатлики, уларни изоҳлаш учун урду ва инглиз тилларида 20 га яқин адабий шарҳлар тарзидаги асарлар ёзилган.  Ўтган 200 йил давомида Мирзо Ғолибнинг ғазаллар девони 100 марта чоп қилинганининг ўзи унинг ижодига берилган юксак баҳо, деб ҳисоблайман. Доктор Абдураҳмон Бижнурийнинг Ҳиндистонда икки илҳомий китобдан бири Ғолибнинг урду девонидир, деган таърифи мумтоз шоир салоҳиятидан дарак беради.

Мирзо Ғолиб билан унинг ватандошлари қаторида ўзбекистонликлар ҳам фахрланишга ҳақлидир. Чунки унинг бобоси тақдир тақозоси билан 1730-йилларда ҳинд ўлкасига бориб қолган. Деҳли ҳукмдори уни нуфузли ҳарбий лавозимга тайинлаган. Ғолибнинг отаси ҳам бобурийлар қўшинларида хизмат қилган.

Мирзо Ғолиб Самарқанд  музофотидан эканини шеърларида бир неча бор фахр билан тилга олади:

Ғолиб, ўзим муқаддас Турон тупроғиданман,

Билсангиз таги-тахтим, иқбол қучоғиданман.

Ота-бобом касб-кори деҳқончилик азалдан,

Самарқанд фуқароси – деҳқон қароғиданман.

Ҳар қандай улуғ шоир аввало қалби гўзал инсон бўлади. Мирзо Ғолибнинг шеърияти ҳам қалбидан нур, қудрат олган. Ҳиндистон маданиятининг жонкуяр тарғиботчиси доктор Қамар Раис шундай дейди: «Адабиёт ва шеъриятдан беҳад завқланиш, гўзаллик ва латофат ошиғи бўлмоқ, мағрурлик, ҳалоллик, дўстларга садоқат ва меҳру муҳаббат, Ватанга чексиз ишқ, хушчақчақлик, чуқур инсонпарварлик, камтаринлик Ғолиб характерини ва шахсиятини ўлчовчи бебаҳо андозадир. У йўқсиллашиб, ғам-андуҳ гирдобига тушиб қолган кезларида ҳам ўзининг шу қимматбаҳо хислатларини сақлаб қолди, ор-номусини оёқости қилмади, мағрур юрди».

Шоирнинг асл исми Мирзо Асадуллахон бўлиб, Ғолиб унинг тахаллусидир. Асадуллахон 1797 йилда Агра шаҳрида дунёга келган. Деҳлилик бадавлат хонадоннинг қизи Умраобегимга уйланган. Икки йил ўтгач, шоир Деҳлига кўчиб келиб, то умрининг сўнгги дақиқаларигача шу шаҳарда яшаган ва ижод билан шуғулланган.

Ғолибнинг яна бир хислати унинг очиқлик ва танқидий фикрлари эди. У ўз фикрларини очиқ айтишга одатлангани боис турли синовларга дуч келди. Аммо шоир ҳақ сўзни айтишдан қайтмади. Аксинча, оддий халқ дардини янада кенгроқ куйлашга интилди.

Мирзо Ғолибнинг насрий асарлари ҳам тил ва адабиёт ривожига катта ҳисса қўшди. Хусусан, унинг мактубларидан ўз даврининг манзараларини аниқ акс эттириб берувчи тарихий маълумотлар сифатида фойдаланилади.

Ғолиб ўз тафаккури ва яратувчилик даҳоси билан урду ғазалиёти мавзуларини шу қадар кенгайтириб бордики, ундан кейин бирон-бир шоир шеъриятда бундай камолотга эришгани йўқ. Шоир ўзининг бадиий даҳоси ҳақида шундай ёзади:

Мен чаманга кирдиму, гўё мактаб очилди,

Менинг ноламни тинглаб, булбул ғазалхон бўлди.

Жаҳон адабиётшунослари Ғолибни нолали куйлари билан ҳатто булбулларга ҳам дарс бера оладиган «сеҳргар» деб таърифлайди.

Ҳақиқатан ҳам, Мирзо Ғолиб ошиқ сиймосини яратишда ўз дунёсидан ўзиб кетган. Унинг девонида аксарият шеърлар ана шу мавзуга бағишланган фалсафий ғазаллардан иборат. Ғазаллардаги фикр теранлиги, бадиий ифодалаш санъати ва жозиба етукликдан далолат беради. Унинг ғазалларида ҳеч кимнинг хаёлига келмаган ташбиҳ ва талмеҳларни учратасиз. Бу эса унинг шеърларига абадий ҳаёт бағишлади.

Мирзо Ғолиб шеъриятидаги ҳар бир  мисра инсонийлик ва бу дунёнинг ўткинчилигидан дарак беради. Унинг ижодидаги яна бир жиҳат ўқувчини ўзига тортади. Бу душманга ҳам ёмонлик соғинмаслик, ёмон кўрган кишига ҳам  ёмонлик тиламасликдир. Бу ҳақда қуйидаги сатрларда шундай дейди:

Сени биров ёмон деса, қулоқ осма,

Сенга ёмонлик соғинса, тилга олма,

Биров хато йўлга юрса, тўхтат уни,

Хатоликка йўл қўйса гар, авф эт уни.

Мирзо Ғолибнинг урду тилидаги девонининг ўзбек тилига таржимаси ҳақида танқидчи ва адабиётшуносларимиз ўз фикр-мулоҳазаларини билдиради, деб умид қиламиз. Ва, албатта, ушбу китобимиз Мирзо Ғолиб ижоди ва шеърияти ихлосмандларига маънавий озуқа бера олса, амалга оширган изланишларимиз зое кетмаган бўлади.