Нефть-газ кимёси қўшимча қиймат яратадиган, экспортда катта ўрин тутадиган тармоқ. Ушбу йўналишда хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлаб, иқтисодий самарадорликни ошириш мақсадида кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Президентимиз ўтган йил 25 ноябрь куни нефть-газ кимё саноатидаги истиқболли лойиҳалар ҳолатига оид тақдимот билан танишган эди. Мазкур  лойиҳалар самарасида 4,1 миллиард доллар қийматидаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, 1,1 миллиард долларлик импорт ўрни тўлдирилиши ва 1,45 миллиард долларлик экспорт таъминланиши мумкин. Жами 6 минг 500 га яқин иш ўрни яратилиши режалаштирилган.

Истиқболи лойиҳалар доирасида Бухоро нефтни қайта ишлаш заводини модернизация ва реконструкция қилиш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Унинг қиймати 553 миллион доллар бўлиб, уч босқичда амалга оширилади. 2025 йилга келиб, заводда нефть ва газ конденсатини қайта ишлаш ҳажмини йилига 2,5 миллион тоннагача оширишга имкон беради.

Яқин тарихга бир назар

 1996 йилнинг ёзи. Япониянинг NHK телекомпаниясидан юртимизга келган ижодий гуруҳ билан Бухородан Қоравулбозорга отландик. Ҳамкасбларимизга ҳамма нарса нотаниш ва қизиқ. Офтоб нурида жизғанак бўлиб ётган саҳронинг қумли дўнгликларини ҳам, унинг бағридаги саксовулзорларни ҳам обдон тасвирга олишди. 35 километрча юрилгандан кейин Бухоро нефтни қайта ишлаш заводининг ҳавозалари кўрингач, уларнинг иссиқдан бўғриққан юзларига табассум инди.

Заводни қуриш ишлари қизғин борарди. Чор-атроф бийдай саҳро. Янтоқ ва юлғинни ҳисобга олмасангиз, соя солгувчи на бир дарахт, на кўзга илинарли бута бор. Асосий технологик иншоотларни тиклаш ишлари энди бошланган, юк машиналарининг ортидан кўтарилган чанг кўз очирмайди. Мутахассислар ҳамкасбларимизнинг саволларига батафсил жавоб беришди.

Завод Ўзбекистоннинг углеводородни қайта ишловчи энг йирик корхонаси бўлади. Бу ерда жаҳон андозаларига мос келадиган юксак октанли бензин, авиакеросин, суюлтирилган газ, дизел ёқилғиси, кўпгина тармоқ ва ишлаб чиқариш соҳалари учун зарур бўлган бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.  Йиллик қуввати 2,5 миллион тонна газ конденсатани қайта ишлашга мўлжалланган, умумий қиймати қарийб 500 миллион долларга тенг бўлган корхонани молиялаштиришда Япониянинг экспорт-импорт банки ҳам ўз ҳиссасини қўшяпти. Қурилишнинг технологик қисми Франциянинг “Течнип” фирмаси, Япониянинг “Марубени” ва “ЖеГиСи” компаниялари иштирокидаги консорциум томонидан амалга оширилмоқда. Туркиянинг “Гама” компанияси ва ўзбекистонлик қурувчи-мутахасислар қурилиш-монтаж ишларини олиб боряпти.

 Япония билан Ўзбекистон оралиғидаги масофа ҳаво йўли орқали қарийб олти минг километрни ташкил этади. Корхонани бунёд этиш ва молиялаштиришда дунёнинг энг нуфузли компаниялари қатори японияликларнинг ҳам фаол иштирок этаётгани хорижлик ҳамкасбларимиз кўнглини ғурурга тўлдирди. Ана шу ҳиссиётлар улар томонидан эфирга узатилган телетаассуротларни янада бойитгани табиий ҳол. 

Завод ўз фаолиятини 1997 йилнинг 22 августида бошлади. Унга яқин жойда нефтчилар истиқомат қиладиган мўъжаз шаҳарча ҳам қад ростлади.

Ана шундан буён корхонада ишлаб чиқарилаётган нефть маҳсулотлари турларини кўпайтириш, уларнинг сифатини халқаро стандартлар талаби даражасига етказишга қаратилган дастурлар жорий этиб келинмоқда. Бунинг натижасида АИ-80, АИ-91 ва АИ-95 маркали автомобиль бензинлари, экологик жиҳатдан соф бўлган дизель, “Боинг” ва “Аэробус” турдаги ҳаво лайнерлари учун авиация ёқилғилари, олтингугурт, суюлтирилган газ, мазут каби 19 турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Жийда гулининг ҳиди

 Ўтган ҳафта ниҳоясида “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан ташкил этилган пресс-тур туфайли яна Қоравулбозор томонга йўл олдик. Аввалги икки тасмали асфальт йўл икки баробарга кенгайган. Эътиборлиси, йўл  бўйидаги саксовулзорлар қалинлашиб, айрим жойларда ўрмонзорларга хос манзара касб этган. Заводга яқинлашган сайин, ўзингизни худди дов-дарахтлар билан қопланган ям-яшил гўшага кириб бораётгандай ҳис қиласиз ва “саҳродаги мўъжиза”, “чўл қўйнидаги гўзал бўстон” каби азалий иборалар ёдингизга келаверади. Унинг ичкарисидаги маъмурий ишлаб чиқариш бинолари атрофидаги қалин дарахтзорларни, майсазорларни кўриб, дилингиз янада яйраб кетади. Тўғриси, яқин-яқингача бу ерлар қум тўзонлари кўз очирмайдиган, сароб ўйнаб ётган яп-яйдоқ чўл бўлгани бизга  ҳамроҳлик қилаётган ёш ҳамкасбларимизнинг хаёлига келмайди.

— Заводимиз ҳудудига эллик мингдан кўпроқ мевали ва манзари дарахтлар экилган, — дейди корхона бош экологи Абдураҳим Расулов. — Ўрик, олма, беҳилар ҳосилга кирган. Уларнинг ҳар бири ҳисобда, худди фарзандларимиз каби эътиборда.

 Бу ерда элас-элас таралаётган ажиб бир ҳид диқатимизни тортди. Дарахтзорлар қўйнидаги жийдалар гуллаган экан. Аслида у қурғоқчил жойларни ҳам писанд қилмай ўсади. Шу боис корхона ҳудудига ва Нефтчи шаҳарчаси атрофидаги майдонларга экилган минглаб жийдалар таровати кўзни қувонтиради.  

 Завод ишчи-хизматчилари яшайдиган шаҳарча ҳам яшилликка бурканган. Бу ерда улар учун 700 дан ортиқ икки қаватли коттежлар, ҳавас қилгулик муҳташам маданият саройи, спорт-соғломлаштириш мажмуаси, мактаб, болалар боғчаси, савдо, маиший хизмат кўрсатиш марказлари  барпо этилган. Айниқса, истироҳат боғидаги 12 гектарлик сунъий кўл ёзда болажонларнинг  энг мароқли жойларидан бирига айланади.

— Президентимизнинг Бухорога ҳар бир ташрифи ҳаётимизга кўплаб янгилик, рўшноликлар олиб келади, — дейди Абдураҳим Расулов. —. Уларнинг бирида заводимизни модернизация қилиш йўллари кўрсатиб берилган бўлса, яна биридаги топшириқ бўйича Нефтчи шаҳарчасидаги барча коттежлар уларда яшаётганларга бепул хусусийлаштириб берилди. Қанчалик қувонганимизни, Президентимиз ҳаққига дуолар қилганимизни сўз билан тарифлай олмайман. Унга қадар йигирма йилдан бери ҳамма шароити бор уйларда яшаётганимизга қарамай, эртага нима бўларкин, деган ўй кўнглимизни тирнаб турарди. Мана энди, эртанги кундан, фарзандларимизнинг тақдиридан кўнглимиз тўқ. Биламизки, эзгу амалларнинг савоби ундан-да улуғ бўлади.

Шаҳарча аҳолисининг аксарияти заводда ва унга ёндош муассасаларда меҳнат қилади. Ўтган йиллар давомида бу ерда худди тобора чуқурроқ илдиз отиб, ҳосилга кирган дарахтлар каби оилавий сулолалар ҳам вужудга келган. Хусусан, Абдураҳмон Расуловнинг турмуш ўртоғи лаборатория таҳлилчиси, ўғли муҳандис, қизи тиббиёт-санитария бўлимида ҳамшира бўлиб ишлайди...

Ривожланишнинг қўш қаноти

Завод фаолияти билан таништириш жараёнида энг кўп тилга олинган сўз бу — модернизация ва инновация бўлди. Аслида корхонанинг ривожига қўш қанот бўлаётган бу жараёнга Президентимизнинг 2016 йил 28 сентябрдаги “2016 — 2020 йилларда углеводород хомашёсини чуқур қайта ишлаш негизида экспортга йўналтирилган тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори таъмал тоши қўйган эди. Унга асосан, Бухоро НҚИЗда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифатини жаҳон талаблари даражасига етказиш мақсадида технологик қурилмаларни модернизация қилиш ва қайта дастурлаш ишлари олиб бориш белгилаб берилди.

Бу борада Жанубий Кореянинг “SK Engineering” билан ҳамкорликда чуқур таҳлил қилиш, шу асосда лойиҳалаш ишлари олиб борилди. “Ўзбекнефтегаз” АЖ ва мазкур компания ўртасида имзоланган шартномага кўра, лойиҳанинг қиймати 553 миллион долларга баҳоланган ва 2025 йилга келиб, заводда “Евро-5” стандартидаги 1,2 миллион тоннагача бензин, 200 минг тонна авиакеросин, 750 минг тонна дизель ёқилғиси ва 30 минг тонна мазут ишлаб чиқарилади.

 Таассуфки, пандемия шароитида ушбу режалар харитасига ўзгартишлар киритишга тўғри келди. Коронавирус, айниқса “Евро-4” ва “Евро-5” дизель ёқилғиси технологияларини жорий этиш жараёнида муайян мураккабликларни юзага келтирди.

— Карантин туфайли Франциянинг “Axens” компанияси мутахассислари газойлнинг тозалаш қурилмаси катализаторини алмаштиришда иштирок эта олмади, — дейди Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи бош муҳандиси Бахтиёр Мустафоев. — Шу боис 13Р01 технологик реакторидаги янги каталитик тизимни “Axens” схемаси бўйича ўзимизнинг мутахассислар саъй-ҳаракати билан онлайн асосида ўрнатишга тўғри келди. Натижада 2020 йил 30 март куни Ўзбекистон тарихида биринчи марта “Евро-4” ва “Евро-5” синфидаги экологик тоза дизель ёқилғисини ишлаб чиқарилди. Улар халқаро стандартларга тўлиқ мос келади ва экспортга йуналтирилган маҳсулотга айланди.

Албатта, бу катта ютуқ. Чунки, евростандартларга жавоб берадиган маҳсулотларни тайёрлаш жаҳондаги кўплаб нефтни қайта ишлаш корхоналари учун энг олий орзу ҳисобданади. Лекин бизни ундан ҳам кўпроқ ўзбекона “QuWatt” номи остида ишлаб чиқарилаётган бензин қизиқтирарди. Маълумки, одамларнинг дардига дармон бўлсин, деган мақсадда фармацевтика соҳасида шундай ном билан дори-дармонлар ҳам тайёрланади. Хўш, бу ёқилғи қайси жиҳатлари билан нефть маҳсулотлари орасида ўзига хос мавқега эга, яъни рақобатдош бўлиши мумкин?

— “QuWatt” бренди остида АИ-95 русумидаги автобензин ишлаб чиқариш ишлари Германиянинг "BASF SЕ" компанияси билан ҳамкорликда йўлга қўйилди, — дейди заводнинг инновацион технологияларни жорий қилиш бўлими бошлиғи Рустам Ҳожиев. — У, энг аввало, двигателларда тозаликни мукаммал сақлаб, клапланларда ҳосил бўладиган қатлам миқдорини 4 миллиграмдан оширмайди. Иккинчидан, двигатель қувватини кучайтиради ва ёқилғини 3 фоизгача тежайди. Яна бир муҳим жиҳати, мазкур бензинни ташиш ва сақлаш жараёнларида занглашга йўл қўймайди.

Шу йилнинг январь ойидан бошлаб, “QuWatt” бренди остидаги АИ-95 русумидаги автобензин ишлаб чиқариляпти ва республика товар хомашё биржаси орқали сотиляпти.

Хабарингиз бор, айни пайтда Қашқадарё вилоятида барпо этилаётган “Uzbekneftegaz GTL” заводини қуриш ва ишга тушириш ишлари сўнгги босқичга кирган. Бу ерда “GTL” синтетик керосини, нафтаси ва дизель ёқилғиси ҳам ишлаб чиқарилади. Бу, ўз навбатида, бошқа корхоналарнинг ривожига ҳам ўзининг ижобий самарасини кўрсатиб, кластер тизимда ишлашга замин ҳозирламоқда. Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ҳам тез орада ана шу занжирнинг муҳим ҳалқаларидан бирига айланади.

Завод директори Акбар Фозиловнинг таъкидлашича, "Uzbekistan GTL"да тайёрланадиган синтетик керосини компонентларини жалб қилиш орқали корхона ишлаб чиқаришини кенгайтириш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Маҳсулотни қабул қилиш, сақлаш ва аралаштириш учун муҳандислик коммуникациялари, насос станциясининг реконструкцияси, қўшимча қуйиш-тўкиш эстакадаси билан бирга, 2 дона 5000 куб метр ҳажмли сиғим қурилиши кўзда тутилган. Айни пайтда сиғимлар ўрнатилган, уларнинг пойдеворини янада мустаҳкамлаш юмушлари олиб бориляпти.

Мазкур жараён билан танишар эканмиз, юртимиз саноат салоҳиятининг юксалиб бораётганига, аниқроқ айтганда, рақаботдош инновацион лойиҳаларни бажара олиш имкониятининг кенглигига яна бир карра амин бўлдик. Хусусан, ҳар бири беш минг тонна маҳсулотни сақловчи металл сиғимлар Чирчиқдаги Нефтгаз ва кимё машинасозлик заводи томонидан тайёрланган бўлса, “Ўз-AД-1” русумли адсорбентлар Инновацион ривожланиш вазирлиги кўмаги билан Ўзбекистон кимё-фармацевтика илмий тадқиқот институти олимлари ва завод мутахассислари ҳамкорлигида яратилган. Импорт ўрнини босувчи ушбу адсорбент маҳаллий хом-ашё асосида ишлаб чиқилган ва у каталитик реформинг қурилмасидаги водород сақловчи газни хлоридлардан тозалаш учун ишлатилади.

2020 йил 21 октябрида қурилмага “Ўз-AД-1” адсорбентининг тажриба-саноат партияси юкланди ва ундан ишлаб чиқариш жараёнида фойдаланиш бошланди, дейди завод директори Акбар Фозилов. У импорт қилинаётган Франциянинг “SAS-851” адсорбентига нисбатан анча арзон ва ҳар гал тозалаш ишлари ўтказилганда, ўртача 20 минг долларлик валюта маблағини тежашга имкон беради. Энг муҳими, у ҳамкорликда тайёрланган ўзимизнинг маҳаллий маҳсулот.

Куттириб қўймаётган натижалар ва ҳаётий синовлар

2020 йилда  Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи 843,9 минг тонна бензин ишлаб чиқарди, унинг миқдори заводнинг 23 йиллик тарихидаги энг юқори кўрсаткичга айланди.

Нефт ва газ саноати тарихида биринчи марта яхлит бозор тамойиллари асосида нефт маҳсулотларини сотиш жорий этилди. Яъни, Президентимизнинг 2020 йил 4 апрелдаги “Нефть-газ тармоғининг молиявий барқарорлигини ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”  қарорига мувофиқ, завод томонидан ишлаб чиқарилган автомобиль бензини ва дизель ёқилғиси биржа савдоларига жаҳон биржаларидаги Brent нефти котировкаларига боғлаб қўйган ҳолда шаклланган бошланғич нархларда қўйиб борилмоқда.

Дарвоқе, пресс-тур давомида синов тариқасида қурилмалардан бирида газ сизиб чиқиши пайтида рўй берадиган авария ҳолати бўйича ўт ўчириш, қутқариш, тиббиёт ва бошқа хизматлар бўйича амалий машғулот ўтказилди. Тревого сигналидан кейин, шу ернинг ўзида ўрнатилган, шу заҳот етиб келган ўт ўчириш машиналаридан шиддат билан сув пуркала бошланди, газга қарши мослама кийган ўнлаб қутқарувчилар қурилмага чиқа кетди. “Тез ёрдам” ҳам ҳозиру нозир бўлди...

Бир ҳамкасбимиз эътироф этганидек, худди триллер-кинони кўргандек бўлдик. Лекин бу "фильм" жонли, шундоққина кўз олдимизда рўй берди ва жалб этилган барча хизматларнинг ҳамжиҳатликдаги ҳаракатлари туфайли газнинг сизиб чиқиши қисқа фурсатда бартараф этилди, жабр кўрган мутахассисга ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилди.

Ҳа, шундай. Синов тариқасида ўтказилган имтиҳон муваффаққиятли якунланди. Лекин шу пайтда уларга яна бир “кўринмас ёв” — каронавирус таҳдид солиб турарди. Аҳамиятли томони, заводда карантин қоидаларига қатъий амал қилиниши баробарида унинг тарқалишига қарши қаратилган "Биргаликда енгамиз!" дастури амалга оширилмоқда.

Ўтган йили корхонада суюқ кислород ишлаб чиқариш йўлга қўйилиб, шифохоналарга етказиб берилиши минглаб кишиларнинг дардига дармон бўлса, Бухоро вилояти санитария-эпидемиология хизмати учун ПЗР лабораторияси (полимераза занжири реакцияси) учун ускуналар тўпламлари ҳадя этилди ва бошқа тиббиёт муассасаларига мазилли ёрдамлар кўрсатиб келиняпти.

Қатрада қуёш акс этади, дейишади. Олган тассуротларимиз мисолида нефтни қайта ишлаш соҳаси ҳам янгиланиш шиддатини ҳис этяпти, десак янглишмаган бўламиз. Бинобарин, Фарғонадаги турдош корхонада ҳам модернизация қилиш чора-тадбирлари амалга оширилмоқда. 2023 йилга бориб заводнинг ишлаб чиқариш қуввати 2 миллион тоннага етади.

 Корхоналар олдида хомашё базасини мустаҳкамлаш, ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар таннархини тушириб, ички ва ташқи бозорда рақобатдошликни ошириш, халқаро молия бозорига муносиб кириб бориш каби масъулиятли вазифалар турибди. Бунда модернизация, инновация ва трансформация – мўлжалланган марраларга эришишнинг энг қисқа ва самарали йўли ҳисобланади.

Абдурауф ҚОРЖОВОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири