"Тадбиркор бой бўлса, халқ ҳам, давлат ҳам бой бўлади”. Президентимиз томонидан илгари сурилган бу ташаббус бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим йўналишига айланди. Юртимизда иқтисодиётни эркинлаштириш, ишбилармонлик ҳараатига кенг йўл очиш, тадбиркорлик фаолиятига тўсиқ бўлаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йилда Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасида бу масалалар яна бир карра таҳлил этилиб, тадбиркорларни кўп қийнайдиган соҳа – лицензиялаш ва рухсатномалар бериш тартиб-тамойилларини тубдан қайта кўриб чиқиб, уларнинг сонини камида икки баробар қисқартириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилган эди.

Якунланаётган йил мобайнида бу вазифаларни ижро этиш бўйича тизимли ишлар олиб борилди.  Бу жараёнда, аввало, қонунчиликдаги бўшлиқларни бартараф этиш, тадбиркорлик фаолияти ривожига кенг имконият яратадиган ҳуқуқий асосларни яратиш чоралари кўрилди.

Президентимизнинг 2020 йил 24 августда қабул қилинган “Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан такомилаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу йўналишдаги долзарб муаммоларнинг ечими йўлида муҳим қадам бўлди. Мазкур фармонга асосан лицензияланадиган ва рухсатнома олиш талаб этиладиган фаолият йўналишлари сони сезиларли равишда қисқартирилди. Жумладан, қарийб 70 та лицензияланадиган фаолият йўналишлари ва 34 та рухсатномаларни бекор қилиш ёки муқобил шаклларга ўтказиш назарда тутилди. Инсон соғлиғига ва жамиятга зиён етказмайдиган фаолият турларини лицензиялашдан чиқариб ташлаш ҳамда хавфлилик даражаси паст бўлган фаолиятни тартибга солишнинг муқобил усулларига ўтказилди. Бунда “тартибга солиш гильотинаси” усулини қўллаш орқали айрим турдаги лицензия ва рухсатномалар бекор қилинди. Лицензия ва рухсат бериш характеридаги ҳужжатларни қисқартириш натижасида тадбиркорлик субъектларининг йилига қарийб 40 миллиард сўм маблағлари иқтисод қилиниб, ўз ихтиёрида қолдирилади.

Соҳага илк маротаба хабардор қилиш тартиби алоҳида институт сифатида жорий этилди. Натижада 14 та лицензияланадиган фаолият йўналишлари ва 13 турдаги рухсатномалар хабардор қилиш механизмига ўтказилди. Масалан, эндиликда мактабгача таълим, ломбард, ветеринария даволаш, алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш каби фаолиятларни ваколатли органларни хабардор қилиш орқали бошлаш мумкин бўлади. Хабарнома юборишда жисмоний ҳамда юридик шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган талаб ва шартларга риоя этиш мажбуриятини ўз зиммасига олади ва фаолияти белгиланган талабларга мувофиқ келишини ўзи тасдиқлайди.

Хабардор қилиш тартибини ягона стандарт асосида амалиётга жорий этиш мақсадида ушбу соҳани тартибга солувчи ягона низом ишлаб чиқилди ва ҳукуматга киритилди. Бу орқали барча ваколатли органларнинг ҳуқуқни қўллаш амалиётини бир хиллиги таъминланади.

Шу билан бир қаторда,  сақлаб қолинаётган лицензия ва рухсатномалар ҳам товар ва хизматлар бозорига кириб келишга тўсиқ бўлувчи омилларни қисқартириш нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқилди. Жумладан, 115 та лицензия ва рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатларни олиш тартиб-таомилларини янада қисқартириш ва соддалаштиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланди ҳамда 14 турдаги фаолият бўйича ҳужжатларни расмийлаштириш муддатлари қисқартирилди.

Масалан, кредит бюросини очиш учун лицензия олишда камида 10 та тижорат банки билан кредит алмашинувини амалга оширишга розилигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этиш талаб бекор қилинди. Айрим фаолият турлари учун устав фонди миқдорига қўйиладиган минимал талаблар олиб ташланди ҳамда туроператорлар хизматларини сертификатлаштириш ихтиёрий этиб белгиланди. Шунингдек, давлат унитар корхоналари томонидан фаолиятнинг лицензияланадиган турларини тегишли лицензияни олмасдан амалга ошириш ҳуқуқи бекор бўлди.

Келгусида бу борадаги ишлар изчил давом эттирилиб лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш жараёнлари тўлиқ электронлаштирилади. Бунинг учун “лицензия” ахборот тизими ишлаб чиқилиб барча лицензия, рухсатнома ва хабарномаларни ягона портал орқали ҳужжат топшириш, кўриб чиқиш ва уни бериш амалиёти йўлга қўйилади. Ваколатли органларга мурожаат қилиш, ҳужжатларни топшириш фақат электрон амалга оширилиши белгиланяпти. Тадбиркордан ортиқча ҳужжатларни талаб этишга  чек қўйилади. Лицензия бериш учун бошқа органнинг маълумотномаси ёки бошқа ҳужжати керак бўлса тадбиркор иштирокисиз ваколатли органнинг ўзи ягона тизим орқали олади.

Яна бир муҳим янгилик, лицензия ва рухсатномаларни махсус қоғоз бланкаларда расмийлаштириш амалиётидан воз кечиб, QR-код қўйилган электрон ҳужжатлар тақдим этишга тўлиқ ўтиладиган бўлди. Бу чора-тадбирлар маъмурий тартиб-таомилларни амалга оширишдаги коррупция ҳолатларининг олдини олиш дегани.

Тадбиркорларнинг Тошкент шаҳрига келиб-кетиши билан боғлиқ вақт ва молиявий харажатлари иқтисод қилинади. Давлатнинг махсус бланкаларни олишга бир йилда йўналтирадиган
13 милиард сўмдан ортиқ маблағи тежалади, қоғоз сарфи камаяди.

Маълумот ўрнида айтмоқчиманки, ҳозирда “Лицензия” ахборот тизимини ишлаб чиқиш ишлари якуний босқичга келди ва 2021 йил 1 январдан ишга туширилади. Тизим орқали, аввало, биз учун янги институт бўлган хабардор қилиш тартиб-таомилларидан ўтиш жараёнлари тўлиқ электронлаштирилмоқда.  Рухсат бериш тартиб-таомилларига доир муносабатларни тартибга солувчи қонунчиликни тизимлаштириш, кодификациялаш ва норматив юкини қисқартириш чоралари кўрилмоқда.

Бунда 20 йил аввал қабул қилинган “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги, шунингдек “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунларни бирлаштириш орқали ягона қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва Вазирлар Маҳкамасига киритилди.

Шунингдек, лицензия, рухсатнома ва хабардор қилиш тартибларининг паспортлари жорий қилинмоқда. Паспортларни ишлаб чиқиш натижасида тадбиркор катта ҳажмли низомлар билан танишиб ўтиришга зарурати қолмайди. Фаолиятни амалга ошириш учун асосий маълумот ва талаблар битта ҳужжат – паспортларда акс эттирилади. Хусусан, хабардор қилиш тартибларининг паспортлари ишлаб чиқилган бўлиб, лицензия ва рухсатномаларнинг паспортларини тайёрлаш ишлари деярли якунланиб қолди. Таъкидлаш лозимки, бу чора-тадбирлар лицензиялаш
ва рухсат бериш тизими ислоҳотини бир марталик эмас, балки давомли ва натижали бўлиши  учун замин яратмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ушбу тизимда шаффофликни таъминлаш, маъмурий тартиб-таомилларни бирхиллаштириш,  ушбу муносабатларда коррупциянинг олдини олиш, энг муҳими, жамиятда тадбиркорлик муҳитини кучайтириш орқали иқтисодий-ижтимоий фаровонликка эришишнинг муҳим омили бўлади.

Русланбек ДАВЛЕТОВ,

Ўзбекистон Республикаси адлия вазири