Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг янги даврида барча тармоқ ва йўналишлардаги каби статистика соҳасида ҳам туб ўзгаришлар юз бермоқда. Президентимизнинг 2019 йил 9 апрелдаги “Давлат бошқарувининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш ҳамда мамлакатнинг статистика салоҳиятини ошириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда 2020 йил 3 августдаги “Ўзбекистон Республикасининг миллий статистика тизимини янада такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари ижросини таъминлаш натижасида  кенг кўламли ишлар бажариб келиняпти.

Соҳадаги ислоҳотларнинг муҳим йўналишидан бири сифатида, ички истеъмол бозоридаги нархлар статистикасини такомиллаштириш, илғор хорижий тажрибаларни ва замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 2020 йилда истеъмол бозорида нарх кузатувларини ўтказиш жараёнларига CAPI технологияси, яъни,  махсус қурилмалар – планшетлар тўлиқ татбиқ этилди. Натижада инфляцияни ҳисоблаш жараёнлари автоматлаштирилди, статистик маълумотларнинг холислиги ва юқори сифатини таъминлашга эришилди.

2021 йил 1 январдан бошлаб, МДҲ мамлакатлари орасида биринчи бўлиб мамлакатимизда истеъмол нархлари индекси кузатувларига Халқаро валюта жамғармаси(ХВЖ) томонидан тавсия этилган “Мақсадлар бўйича шахсий истеъмол таснифлагичи – 2018” талаблари жорий қилинди. Бу, ўз навбатида, нархлари кузатиладиган товарлар ва хизматлар таснифлагичи халқаро стандартларга тўлиқ мувофиқлаштирилиш имконини берди.

Шунингдек, ХВЖ техник кўмак миссияси билан ҳамкорликда Ўзбекистонда қўлланилаётган истеъмол нархлари кузатувларини ўтказиш амалиёти ва инфляцияни ҳисоблаш методологияси батафсил кўриб чиқилди. Таъкидлаш жоизки, миссия якуни бўйича халқаро молиявий муассаса экспертлари томонидан мамлакатимизда истеъмол нархлари кузатувларини ташкил этиш борасида олиб борилаётган амалий ва услубий ишларга юқори баҳо берилди.

Энди, бевосита инфляция масаласига тўхталадиган бўлсак, маълумки, инфляция кўрсаткичи мамлакатдаги макроиқтисодий барқарорликни ифодаловчи муҳим иқтисодий кўрсаткичлардан бири бўлиб, ички истеъмол бозорида товар ва хизматлар нархлари умумий даражасининг ўзгаришини ўзида акс эттиради.

Мазкур кўрсаткич Давлат статистика қўмитаси томонидан халқаро андозаларга асосан,  1994 йилдан бошлаб шакллантирилиб, эълон қилиб келинади. Бугунги кунда, мамлакатимизда инфляция даражаси халқаро амалиётга мувофиқ истеъмол нархлари индекси асосида ҳисобланади ҳамда шу мақсадда ички бозордаги 510 турдаги истеъмол товарлари
ва хизматлари нархлари кузатиб борилади.

Маълумот учун, Истеъмол нархлари индекси (ИНИ) – уй-хўжаликлари талабидан келиб чиқиб, маълум бир товар ва хизматлар умумий нархларининг ўртача ўзгариш даражасини ифода этади. Ушбу умумий кўрсаткич истеъмол саватидаги ҳар бир товар ва хизмат учун нархларнинг ўзгаришини инобатга олган ҳолда ҳисобланади.

Истеъмол нархлари индекси ҳисоб-китобларида, танланмадаги ҳар бир товар ва хизматлар бўйича алоҳида ҳисобланган салмоқ вазнлардан фойдаланилади. Салмоқ вазнлар уй хўжаликларининг йиллик истеъмол харажатларида ҳар бир товар ва хизматларнинг жами харажатларга нисбатан улушини ҳисоблаш орқали шакллантирилади.

Шундан, 170 тасини озиқ-овқат маҳсулотлари, 250 тасини ноозиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда  90 та хизматлар ташкил қилади. Бунда, нарх кузатувлари 10 мингдан ортиқ савдо ва пуллик хизмат кўрсатиш объектларида ўтказилади.

Инфляция даражасини янада аниқроқ ҳисоблаш мақсадида нархлар кузатувлари билан қамраб олинган товар ва хизматлар рўйхати доимий равишда такомиллаштириб борилмоқда. Хусусан, бундай товарлар ва хизматлар сони 1994 йилда 285 тани ва 2019 йилда 386 тани ташкил этган.

Истеъмол нархлари кузатувлари натижаларига кўра, Ўзбекистонда инфляция даражаси ўтган йил якуни бўйича 11,1 фоизни ташкил қилди. Бунда, озиқ-овқат маҳсулотлари 15,3, ноозиқ-овқат маҳсулотлари 8,8,
ва хизматлар тарифлари 7,1 фоизга қимматлашди.

Таъкидлаш жоизки, 2020 йилда ички бозорда товар ва хизматлар нархларининг ўсиши кузатилган бўлса-да, иқтисодиётда нархлар ўсиши 2019 йилдагига нисбатан секинлашди, яъни, инфляция даражаси 15,2 дан 11,1 фоизгача ёки 4,1 фоиз бандга пасайди.

Гуруҳлар кесимида озиқ-овқат маҳслуотлари нархлари ўсиши 2019 йилдаги 18,6 дан 15,3 гача, ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўсиши 10,9 дан 8,8 фозгача ҳамда хизматлар тарифлари ўсиши 15,2 дан 7,1 %гача секинлашди.

Солиштирма таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, 2020 йилда инфляциянинг 11,1 даражада шаклланишига, худди 2019 йилдагидек, асосан озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ошиши таъсир қилган бўлиб, мазкур товар гуруҳи ҳиссасига умумий нарх ошишининг 58,2 фоизига (2019 йилда 53,4 фоиз) тўғри келди. Ўз навбатида, ноозиқ-овқат маҳсулотлар нархлари ошишининг улуши 27,3 фоизни (2019 йилда 24,9 фоиз) ҳамда хизматлар тарифлари ошишининг улуши 14,5 фоизни (2019 йилда 21,7 фоиз) ташкил этди.

Асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари гуруҳлари бўйича нархлар ўзгаришини кўриб чиқадиган бўлсак, 2020 йилда нон маҳсулотлари 15,2 фоизга, гўшт, парранда гўшти ва балиқ 18,1 фоизга, сут маҳсулотлари 11,5 фоизга, мевалар, сабзавотлар ва картошка 11,9 фоизга, шакар, чой ва бошқа маҳсулотлар 11,8 фоизга, тухум 37,6 фоизга, ёғ ва мойлар 27  фоизга қимматлашиши кузатилди. 

Айрим асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ошишига қатор омиллар таъсир ўтказди. Хусусан, жаҳон бозорида, шу жумладан,  қатор асосий экспорт қилувчи мамлакатларда айрим муҳим озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг сезиларли ўсганлиги ички бозорда нархлар ошишига олиб келди. Жумладан, 2020 йил давомида жаҳон бозорида буғдой нархи 5,0 фоизга, Россия Федерациясида кунгабоқар ва лавлаги ҳосилининг сезиларли даражада қисқариши таъсирида кунгабоқар ёғи 23,0 фоизга, шакар нархи эса 70,0 фоизга қимматлашди.

Таъкидлаш жоизки, 2020 йилда сабзавотлар ўртача нархларида жиддий ўзгаришлар (йиллик ўсиши 0,06 фоиз) кузатилмади. Бу ҳолат, ўз навбатида, озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича нархлар умумий даражаси ўсишини пасайтирувчи омил бўлиб хизмат қилди.

Мазкур ижобий ҳолатни мамлакатимизда сабзавотлар етиштириш ҳажмининг ўсиши ҳамда қатъий карантин чекловлари даврида умумий овқатланиш соҳаси корхоналари фаолиятининг қисқариши ҳисобига уларга бўлган талабнинг камайганлиги билан изоҳлаш мумкин.

Шу билан бирга, озиқ-овқат маҳсулотлари гуруҳи бўйича нархлар умумий даражаси ўсишини жиловлашда, хусусан 2019 йилга нисбатан пасайишида 2020 йил давомида мамлакатимизда мураккаб пандемия шароитида иқтисодиётни барқарорлаштириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда аҳолини ижтимоий қўллаб-қуватлаш бўйича амалга оширилган тизимли чора-тадбирлар муҳим аҳамият касб этди.

Жумладан, 2020 йил давомида ички бозорни сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш, бозорларда асосий турдаги маҳсулотлар нархларининг асоссиз равишда ошиб кетишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар амалга оширилиши натижасида ички бозорда асосий турдаги озиқ-овқатлар нархлари янада юқорилаб кетишининг олди олинди.

Энди ноозиқ-овқат маҳсулотлари гуруҳига тўхталадиган бўлсак, асосий турдаги ноозиқ-овқат маҳсулотларидан нархларнинг юқори ўсиши дори-дармонлар (13,3 фоиз), тамаки маҳсулотлари (11,6 фоиз), қурилиш материаллари (11,2 фоиз), шахсий гигиена товарлари (9,2 фоиз), кийим-кечак (8,6 фоиз) ва ёқилғи маҳсулотлари (7,5 фоиз) гуруҳлари бўйича кузатилди.

Яна бир муҳим маҳсулот – цемент нархи ҳам йил давомида ўзгариб турди. Жумладан, йилнинг январь-август ойларида мазкур маҳсулот нархи доимий равишда ошиб борган бўлса, сентябрь-декабрь ойларида, аксинча, цементнинг арзонлашиши кузатилди.

Таъкидлаш жоизки, истеъмол нархлари индексига кирувчи асосий гуруҳлардан нархлар ўсишининг энг сезиларли секинлашиши пуллик хизматлар гуруҳи бўйича (2019 йилдаги 15,2 фоиздан 2020 йилда 7,1 фоизгача ёки 8,1 фоиз бандга пасайиши) қайд этилган бўлиб, мазкур ҳолат асосан уй-жой коммунал хизматлари тарифларининг (кам сонли ҳудудларда ичимлик сув тарифларининг кўтарилганлигини ҳисобга олмаганда) йил давомида ошмаганлиги билан изоҳланади.

Хулоса қилиб айтганда, коронавирус пандемияси билан боғлиқ мураккаб шарт-шароитларга қарамасдан, 2020 йил якуни бўйича мамлакатимизда инфляция даражасининг сезиларли даражада пасайиши кузатилди.

Жорий йил январь истеъмол нархлари кузатувлари мамлакатимизда инфляция даражаси 1,0 фоизни ташкил этганлигини  кўрсатди. Бунда, озиқ-овқат маҳсулотлари 1,2, ноозиқ-овқат товарлари 0,5 ва хизматлар тарифи 1,4 фоизга қимматлашган.

Президентимизнинг ўтган йил 29 декабрь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида таъкидланганидек, жорий йилда инфляциявий таргетлаш доирасида нарх-наво ўсишини 10 фоиздан оширмаслик Марказий банк ва ҳукуматнинг асосий вазифаси бўлади. Бу борада глобал пандемия озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга жиддий эътибор қаратиш зарурлигини яна бир бор тасдиқлади. Шу боисдан ҳам асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг кескин ошиб кетишига йўл қўймаслик мақсадида импорт соҳасидаги бож тўловлари бўйича берилган имтиёзлар яна бир йилга узайтирилади.

Умуман, халқимиз хотиржам бўлиши керак: сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, бу борада кафолатланган захирани яратиш ва уларни бозорга узлуксиз етказиб бериш ҳамда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш ишларига устувор даражада эътибор қаратилади. Бунинг учун ҳукумат ва ҳокимликлар томонидан барча чоралар кўрилади ҳамда бу масала Президентимизнинг доимий назоратида бўлади.

2021 йилда иқтисодиётнинг камида 5 фоизга ўсишини, бюджет дефицити ялпи ички маҳсулотга нисбатан 5,4 фоиздан ошмаслигини таъминлаш инфляцияни янада жиловлашга замин яратади.

 Ўз навбатида, Давлат статистика қўмитаси томонидан келгусида ҳам ички бозордаги истеъмол нархлари кузатувларини сифатли ташкил этиш ҳамда тегишли статистик маълумотларни кенг жамоатчиликка етказиш ишлари изчил давом эттирилади.

Дилшод ХОЛМУРОДОВ,
Давлат статистика қўмитаси
раисининг биринчи ўринбосари