БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури (WFP) маълумотларига кўра, бугунги кунда жаҳон миқёсида бошланғич синф ўқувчиларининг тахминан 41 фоизи бепул овқатланиш дастуридан фойдаланади. Бу кўрсаткич даромади паст мамлакатларда 18 фоизни, даромади ўртачадан паст мамлакатларда 39 фоизни, даромади юқори мамлакатларда 61 фоизни ташкил қилади.

Бугун Европа Иттифоқи мамлакатларида салкам 30 миллион болага шундай дастурлар туфайли бепул сут, мева ҳамда сабзавотлар берилади. Россияда бошланғич синф ўқувчилари кунига камида бир маротаба иссиқ овқат ва иссиқ ичимлик олади. Хитойда ўқувчиларга сут маҳсулотларини беришга қаратилган дастур 2000 йилдан бери амал қилади.

Ўзбекистонда 1-4 синф ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлаш синов тариқасида 2022 йилда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида йўлга қўйилди ва Қорақалпоғистон Республикасида 147,4 минг, Хоразм вилоятида 141,8 минг ўқувчи бепул нонушта билан таъминланаяпти.

МҲТИ мутахассислари тадқиқот давомида  Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги 40 та мактабнинг 4000 нафар бошланғич синф ўқувчилари ўртасида сўров ўтказди. Аниқланишича, 2022-2023 йилларда пилот ҳудудларда мактабларда бепул овқатланиш дастурининг амалга оширилиши “қониқарли” деб топилган.

Бундан ташқари, Жаҳон банки кўмагида амалга оширилаётган МҲТИ лойиҳаси доирасида Ўзбекистонда болалар фаровонлиги индексини баҳолаш бўйича ижтимоий сўров ўтказилди, унда республиканинг барча ҳудудларидан 2000 дан ортиқ уй хўжалиги ва 3000 дан ортиқ болалар иштирок этди. Сўров натижалари мактабда бепул овқатланиш дастурининг ўқувчилар давомади билан боғлиқлигини аниқлаш имконини берди.          

Тадқиқотда “Propensity score matching” моделидан фойдаланилди. Ҳисоб-китоблар Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида сўнгги бир ой давомида бепул овқатланаётган ўқувчиларнинг 85 фоизи дарсни бирон маротаба ҳам қолдирмагани, бошқа ҳудудларда эса бу кўрсаткич 77 фоизни ташкил этганини кўрсатди. Демак, дастур давоматнинг 8 фоиз яхшиланишига кўмак берган.

Гарчи 2022-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида синов тариқасида амалга оширилган дастур қониқарли, деб эътироф этилган бўлса-да, масаланинг айрим жиҳатларига эътиборни кучайтириш зарур. Хусусан:

➖ берилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари рациони ҳар бир ҳудуддаги шароитдан келиб чиққан ҳолда қайта кўриб чиқилиши;

➖ бошланғич синф ўқувчиларини иссиқ овқат билан таъминлаш учун республикадаги барча мактабларда ошхоналар ташкил этилиши;

➖озиқ-овқат маҳсулотлари рационига сут ва сут маҳсулотларини, шунингдек, макро ва микронутриентлар, витаминлар билан бойитилган, ёғлар, қанд ва туз миқдори чекланган маҳсулотларни қўшиш;

➖ жамоатчилик назоратини кучайтириш ва мунтазам мониторинг қилиб бориш учун электрон онлайн платформани яратиш мақсадга мувофиқ.