Темурий шаҳзода Бобур буюк бобурийлар сулоласига асос солди. Мазкур сулола ўзидан кейин бутун дунёни лол қолдирган энг сара ўлмас асарларини, бетакрор меъморий муҳташам иншоотларини ва боғ-роғларни мерос қолдириб, жаҳон цивилизацияси тараққиётига улкан ҳисса қўшди.

“Бобурнома” асари дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинган. Озарбайжон миллий фанлар академиясининг Фольклор институти олими Рамиз Аскар шоҳ асарни озарбайжон тилида тақдим қилган.

Мутаржимнинг ахборотига кўра, таржима жараёнида “Бобурнома”нинг эски ўзбек, турк ва рус тилидаги нашрларидан фойдаланган. Китобнинг озар тилидаги нашрига профессор Хусейн Исмаилов муҳаррирлик қилган. 432 саҳифа, 32 рангли суратдан иборат бўлган асар 2011 йил Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида чоп этилган.

Рамиз Аскар асарга ёзилган сўзбоши, қайдлар ва шарҳларнинг ҳам муаллифидир. Сўзбошида, туркий тиллар тарихи, тараққиёт йўли ҳақидаги маълумотлар, Мовароуннаҳр ва Хуросонда яшаб ижод этган шоир, олим ва фузалолар ҳақида қизиқарли маълумотлар берилган.

Шунингдек, “Бобурнома”нинг нафақат туркий адабиётда, балки жаҳон адабиётида тутган ўрни, унинг беқиёслиги ҳақида ҳам қизиқарли фикрлар билдирилган. Асардаги шеърларнинг ҳаммаси озар тилига ўгирилиб берилган.

Масалан, русча таржималарда шеърлар аслият ёки форс тилида берилмаган, тўғридан-тўғри русча таржимада берилган бўлса, бунда аксинча форсча шеърлар аслиятда, ундан кейин эса озар тилидаги таржималарда берилган. Таржимада мумтоз адабиёт анъаналари ҳам сақлаб қолинган. Масалан:

“Яна бир Аҳмад Ҳожибек эди. Султон Малик Қошғарийнинг ўғли эди. Хуштабъ ва мардона киши эди. “Вафоий” тахаллус қилур эди. Соҳиб девон эрди, шеъри ёмон эмас эди, бу байт анингдурким:

Мастам, эй муҳтасиб, имрўз зи ман даст бидор.

Иҳтисобам бикун он рўз ки ёби ҳушёр.

Байтнинг шеърий таржимаси берилмай мазмуни берилган.

Мазмуни: Эй муҳтасиб, мастман, бугун мендан қўлингни торт, қачонки ҳушёр топсанг, ўша куни текшир.

Рамиз Аскар, “Бобурнома” матнидаги барча шеърий мисралар, парчаларни назмий таржимада беради. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, таржимон Шарқ мумтоз адабиётининг анъаналарига содиқ қолган ҳолда форсий байтларни озарбайжон тилига муваффақият билан таржима қилган.

Вафоий форсий байтда қўллаган мувозана, радиф ва қофия каби шеърий санъатларини у, маҳорат билан озарбайжон тилида қайта ярата олган. Бобур ўз холаваччаси Ҳайдар Мирзо ҳақида маълумот берар экан, у томондан битилган форсий байтни “Бобурнома”да келтиради:

Боз гардад баасли худ ҳама чиз,

Зарри софию нуқраву арзиз.

Мазмуни: Ҳамма нарса: хоҳ соф олтин, хоҳ кумуш ва хоҳ қўрғошин бўлсин, барибир, ўз аслига қайтади.

Русча таржимаси қуйидагича:

Всякая вещь возвращается к своему началу –

И чистое золото, и серебро, и свинец.

Озарбайжонча таржимаси:

Hәr şey, ister saf altin, istәr guműs, istәr qalay olsun, axirda őz әslinә dőnәr.

Эътибор берсангиз, русча таржима шеърий таржимадан кўра насрийга яқинроқ. Рамиз Аскар таржимасида ўзига хос ритм ва мусиқийлик мавжуддир. Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, Рамиз Аскар ва умуман асарни таржима, таҳрир қилиш жараёнида иштирок этган олимлар ўз мақсадларига эришганлар.

Зеро, машҳур таржимашунос олим Левон Мкртчян ўзининг “О стихах и переводах” номли рисоласида қуйидаги фикрни келтириб ўтган: “Агар таржима (бошқа тилда) қабул қилувчи муҳит тилига янгилик олиб келмаса, бундай таржимани умуман кераги йўқ”.

Дарҳақиқат, таржимон ўзининг таржимаси билан ўзга адабиётга адабиётининг анъаналарини ҳам олиб киради. Бу эса, ўз навбатида, ўзга тилда сўзлашувчи китобхонга аслият адабиётини бутун гўзаллиги билан намоён бўлишига хизмат қилади, уларга эстетик завқ бағишлайди, лекин албатта поэтик таржимада ўзгартиришлар ва йўқотишлар бўлиши муқаррар.

Яна шуниси эътиборга моликки, “Бобурнома”нинг озарбайжон тилига таржимаси сўнгги йилларда таржимашунослик фани қўлга киритган ютуқлар қаторида баҳоланади. Мутаржим асарнинг эски ўзбек тилидаги нусхасини туркча ва русча таржималарини истеъфода этгани, таржимани янада мукаммал бўлишига хизмат қилган. Таглама вазифасини ўтаган юқоридаги нашрлар бир-бирини тўлдирган ва охир-оқибат “Бобурнома”нинг озарбайжон тилидаги нашри гўзал бир шаклда ва мазмунда дунё юзини кўрди.

Ҳазрат Низомий, Ҳазрат Навоий икки қардош халқ учун қанчалик азиз бўлса, ўйлаймизки, Ҳазрат Бобур Мирзо ҳам озарбайжон халқи учун шундай азиз ва мўътабар бўлиб қолади.

Тан олиш керак, сўнгги йилларда бобуршунослик мамлакатимизда янги босқичга кўтарилди, десак асло муболаға қилмаган бўламиз. Айниқса, сўнгги олти йил ичида Президентимиз ташаббуси ва ҳомийлиги остида, бобуршунослик нафақат бизнинг юртимизда, балки хорижий давлатларда ҳам янгича қарашлар билан бойимоқда.

Умуман олганда Заҳриддин Муҳаммад Бобур шахси ва ижодини ўрганишда туркий давлатлар олимларининг янги авлоди майдонда бўй кўрсатмоқда. Бу борада гўзал ва бетакрор Озарбайжон диёрининг олимлари бутун дунёга намуна бўлиб келишаётир.

“Бобурнома” таржимасида муайян ютуққа эришган филология фанлари доктори, профессор Рамиз Аскар мазкур иши билан кифояланиб қолмади. У ҳозирги вақтда бобокалонимизнинг “Мубаййин”, “Волидия”, “Аруз рисоласи” ва бошқа асарларини таржимаси билан машғул ва бу иш олим ҳаётининг мазмунига айланган.

Биз ўзбекистонлик бобуршунос олимлар озарбайжонлик олимлар эришаётган ютуқларни кўриб хурсанд бўламиз. Рамиз Аскар Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети билан сермаҳсул ҳамкорликни йўлга қўйган. Университет томонидан ўтказиладиган Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодига оид халқаро конференцияларда профессор доимий иштирокчимиз ҳисобланади.

Рамиз Аскар туфайли Озарбайжон халқи ҳам Бобурнинг энг гўзал асарларидан баҳраманд бўлаётганлигидан ва ижодий ҳамкорлигимизнинг бардавомлигидан мамнунмиз. Ўйламизки, қардошларимиз билан ижодий ҳамкорлигимиз мустаҳкамланиб, янада сермаҳсуллик касб этаверади.

Тўлқин САЙДАЛИЕВ,

Жамоат хавфсизлиги университети профессори,

истеъфодаги подполковник

Элмирза ЭРКАЕВ,

университет доценти