Инсон организмининг фойдали элементларга бўлган талабини қондиришда балиқ маҳсулотларининг ўрни беқиёс. Тез ҳазм бўлувчи ва парҳезбоп маҳсулотга бўлган талаб, айниқса, сўнгги йилларда — соғлом овқатланиш масаласи кун тартибига чиқиб бораётган даврда янада ошиб бормоқда. Юртимизда мавжуд талабни қондириш борасида амалга оширилаётган ишлар кўлами ҳам оз эмас. Биргина жорий йилнинг 9 ойи давомида мамлакатимизда 140 минг тоннадан кўпроқ балиқ етиштирилган бўлиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан сезиларли ўсиш кузатилган.

Бозорларда балиқлар тури, сони ва сифати ҳам ошиб боряпти. Авваллари хўжаликларда оқ ва чипор дўнгпешона, карп сингари балиқларнинг айрим турларигина саноат даражасида етиштирилган бўлса, кейинги йилларда хориждан импорт қилинадиган форель, лосос ва Африка лаққаси каби турларни ўзимизда кўпайтириш бошланди. Ҳудудларда сунъий кўллар, балиқчилик хўжаликлари сони ортиб, тармоққа янгича технологиялар кириб келмоқда. Инновацион усулларда балиқ етиштириш оммалашяпти.

Ушбу жараёнларнинг илмий асосларини яратиш, замонавий технологияларини ишлаб чиқиш эса Балиқчилик илмий-тадқиқот институти зиммасида. Бу ерда олимлар истиқболли янги турларни ўрганиб, юртимиз шароитига мослаштириш, бошқача айтганда, маҳаллийлаштириш, озуқа базаларини яратиш бўйича доимий изланишда.

Ана шундай тадқиқотларнинг бири ўн йилдан ошиқ давом этди. 2009 йилда институтга чавоқ ҳолатида олиб келинган қимматбаҳо балиқ турларидан бири —  сибирь осётрини маҳаллийлаштириш ишлари осон кечмади. Узоқ вақт изланиш ва тажрибалардан сўнг, ниҳоят, осётр балиғини Ўзбекистон иқлимига  тўлиқ мослаштиришга эришилди. Янги турни маҳаллий шароитда сунъий кўпайтиришнинг илмий асослари яратилиб, озиқлантириш ва ўстиришнинг биологик ҳамда технологик тамойиллари ўзлаштирилди. Ҳатто, балиқ уруғларидан чавоқ етиштириш йўлга қўйилди.

— Сибирь осётри юртимиз маҳаллий ихтиофаунасида мавжуд бўлмаган, мутлақо янги тур саналади, — дейди Балиқчилик илмий-тадқиқот институти директори Абдулла Қурбонов. — У осётр балиқлари оиласига мансуб бўлиб, асосан, Сибирь атрофидаги, Обь ва Енисей дарёларида учрайди. Асрлар давомида ўша ҳудуд ва ўша иқлимдаги сувга мослашган эндемик тур ҳисобланади. Шу боис ўзи яшаб турган ҳудуддан бошқа жойга олиб борилганда, фойдали кўрсаткичларини етарлича намоён қила олмаслиги мумкин. Яъни, уларнинг яшаб қолиши, кўпайиши, озуқа ҳазм қилиши бевосита ўзлари ўрганган сув муҳитига мослашган бўлади. Масалан, Сибирдаги дарёларда сув ҳарорати, гидрокимёвий ҳолати, мавжуд озуқа базаси бошқача бўлгани сабабли у ердаги балиқлар яшаш тарзи ҳам шунга яраша. Ушбу балиқлар репродуктив хусусиятларини сақлаб қолиши учун қулай муҳит яратиб берилиши керак. Ваҳоланки, бизнинг иқлим совуқ ҳудудларникидан фарқ қилади. Ёз ойлари иссиқ, қишда эса сув деярли музлаб қолади. Шу боис, осётр балиғини мутлақо янги ҳудудга олиб келиб боқиш осон кечмади ва бу тадқиқотларнинг узоқ давом этишига сабаб бўлди.

Тўлиқ маҳаллийлаштирилган технология

Маълумотларга кўра мамлакатимизда балиқчиликни саноат асосида ривожлантириш 1930-йиллар охирида бошланган. Ўша вақтда асосан маҳаллий балиқ турлари овланган. 1961 йилда эса Хитойдан оқ дўнгпешона, оқ амур, тарғил дўнгпешона каби ўсимликхўр балиқлар келтирилиб, иқлимга мослаштирилган. Бу балиқчилик соҳаси ривожланишига туртки берди.

Ҳозирги кунда хўжаликларда етиштирилаётган турларнинг 60–70 фоизи ўсимликхўр балиқлардир. Осётр илиқ сувда яшаб кўпайишга мослашган балиқлар сирасига киради. Уларнинг бошқа ҳудудларга мослашиши осон эмас. Аммо яхши шароитда тез семиради ва гўшти мазали бўлгани сабабли энг харидоргир турлардан ҳисобланади. Дунё бўйича бир йилда ўртача 100 минг тоннадан зиёд ушбу турдаги балиқ етиштирилади. Қирқ олти мамлакат осётр балиғини етиштириш билан шуғулланиб келади. Улар орасида Хитой, Россия ва узоқ Шарқ мамлакатлари анча илғор. Ўтган асрнинг 80–90 йилларидаёқ жаҳон мамлакатларида осётр балиғини маҳаллийлаштириш технологиясини ишлаб чиқариш бошланган.

Бизда эса бу балиқ тури шу кунгача асосан ташқаридан олиб келинган. Маҳаллий шароитда оммавий тарзда етиштирилмаган. Чунки осётр юртимиз иқлимига мослаштирилмаган ва балиқ чавоқлари етарли даражада эмасди.  Тўғри, майда осётр балиғи айрим хусусий тадбиркорлар томонидан кичик ҳажмда кўпайтирилгани ҳам сир эмас. Аммо, бу технология оммавий тарзда йўлга қўйилмаган. Шунингдек, бу турдаги балиқ уруғини ташқаридан сотиб олиб, кўпайтиришга уринганлари ҳам бўлган. Бунинг учун хориждан мутахассис чақириб, сунъий уруғлантиришга вақт ва катта маблағ талаб этиларди.

Кўп йиллик тадқиқотлардан кейин олимларимиз яратган янги технология эса озуқа базасидан тортиб, сунъий кўпайтиришгача бўлган жараёнларнинг барчасини маҳаллий шароитда амалга оширишни назарда тутади. Ҳатто, бу борада маҳаллий мутахассислар тайёрланди. Кейинги босқичларда жойларга чиқиб, фермерларга технологияни ўргатиш йўлга қўйилади. Барча ҳудудларда семинарлар ташкил этилади.

Балиқларни инкубацияда кўпайтириш — янгича ёндашув

Шундай қилиб, юртимиз ихтиофаунасида янги балиқ тури пайдо бўлди. У минтақамиз иқлим шароитига мослаштирилди ва саноат усулида етиштириладиган балиқ тури яна биттага кўпайди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, осётр хотиржамликни яхши кўради ва фаол йиртқич турга кирмайди. Кўпайиш жараёнида маҳаллий балиқларнинг яшаш шароитига ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди. Аксинча, майда организмларни ейиш орқали  сувдаги табиий базасидан фойдаланиш самарадорлигини оширади.

Тадқиқотнинг аҳамиятли томони, осётрни нафақат иқлим шароитимизга мослаштириш, балки тўлиқ маҳаллий имкониятлардан фойдаланган ҳолда озиқлантириш, кўпайтириш, сунъий урчитиш, истеъмол товари ҳолатига келтириш бўйича тўлиқ цикл яратилди. Инкубация усулида сунъий кўпайтириш орқали уруғ ҳамда чавоқларини олишга ҳам эришилди. Институтнинг “Аквакультуралардаги янги технологиялар” лабораториясидаги ёпиқ айланма сув таъминоти тизимида сунъий урчитишнинг оптимал технологияси ишлаб чиқилди.

— Маҳаллий шароитдаги аксарият балиқларимиз одатда май–июнь ойларида кўпаяди, — дейди А.Қурбонов. — Сабаби, улар биологик жиҳатдан сув ҳарорати 18–20 даражадан ошгандагина табиий кўпайиш босқичига ўтади. Табиий кўлларимиздаги сув ҳарорати ҳам айни шу пайтга келганда ошади, шу билан бирга озуқа базаси пайдо бўлади ва шаклланади. Лекин осётр балиғининг кўпайиши учун бироз бошқачароқ шароит керак. Бунинг учун сунъий сув ҳавзасидаги ҳарорат 4–5 даражага туширилиб, шу ҳолатда маълум вақт ушлаб турилади, кейин бир неча кун давомида ўртача 14 градусгача етказиб олиниши зарур. Бизнинг иқлим шароитимизда бу анчагина мураккаб жараён. Бизнинг иқлим шароитимизда бу анчагина мураккаб жараён. Чунки сув ҳароратини бирданига ошириб ёки тушириб юбориш имкони деярли йўқ ва бу салбий натижаларга олиб келади. Шу боис, биз ёпиқ айланма тизим яратиш орқали осётрни сунъий кўпайтиришнинг технологик жараёнини ишлаб чиқдик. Бунда биринчи галда сув ҳарорати текширилиб, маълум даражага туширилади, сўнг балиқ уруғи олинади ва сув ҳарорати аста-секин кўтариб борилади. Ҳозирда мавжуд она балиқлардан иккинчи ва учинчи наслларини ҳам Ўзбекистон шароитида етиштиришга эришилди.

Она балиқ қорнидан чиққан уруғ 2—5 кун давомида махсус аппаратларда инкубация қилинади ва шу уруғлардан личинка очиб чиқади. Вақт ўтган сари у катталашиб, чавоқ ҳолатига келади. Чавоқлар катталашгач эса товар балиққа айланади. Уларнинг оғирлиги 5—10 килограммгача боради. Каттагина она балиқлардан тўлдирувчи тўдалар, улардан эса она балиқ тўдалари шакллантирилади. Умуман, бу узоқ давом этувчи жараён бўлиб, урғочи балиқларни шакллантириш учун 8–10 йил вақт талаб этиларкан.

Аммо интенсив аквакультурада балиқ товар маҳсулотга айланиши учун 2 йил етарли.  Уруғликдан олинадиган чавоқлар эса бир неча ойда сотувга тайёр бўлади. Яхши шароитда парваришланган балиқ умумий  вазнининг 15—20 фоизини уруғи ташкил этади. Бу тахминин 70 мингдан 800 минг донагача балиқ уруғи дегани. Сув яхши алмашлаб турилса ва кислородга бой бўлса, 1 метр куб майдонда 25—30 килограмм балиқ етиштириш мумкин.

Гўшти, икраси, ҳатто, териси ҳам харидоргир

Аслини олганда, балиқчилик қишлоқ хўжалигининг энг сердаромад соҳаларидан бири бўлиб, катта иқтисодий аҳамиятга эга. Ҳатто, 2022 йил БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Халқаро кичик ҳажмли балиқчилик ва аквакультура йили, деб эълон қилинган. Маълумотларга кўра, дунё бўйича ҳар йили денгиз ва океанлардан бир неча ўн миллион тонна балиқ овланади. Уларнинг бир қисми тўғридан-тўғри таом сифатида ишлатилса, қолгани қайта ишланиб, тузланган, дудланган, музлатилган ёки консерва ҳолида истеъмол қилинади. Балиқлардан қимматбаҳо балиқ мойи ва балиқ уни каби маҳсулотлар тайёрлаш ҳам оммалашган.

Осётр балиғи каттагина бўлгани боис, уни қайта ишлаш имконияти юқори. Юртимизда балиқчилик соҳаси ривожланиб бораётанини ҳисобга олсак, буни йўлга қўйиш учун имкониятларимиз етарли. Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 13 январдаги “Балиқчилик тармоғини янада ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан ҳам соҳадаги тадбиркорлар учун бир қатор имтиёзлар берилган.

Ҳозирча, осётр етиштиришни йўлга қўядиган фермерлар балиқ гўштини маҳаллий бозордан ташқари хорижга ҳам экспорт қилиши мумкин. Айниқса, осётр балиғидан олинадиган қора икра жаҳон бозорида қимматбаҳо ҳисобланади, тансиқ егулик сифатида тановул қилинади.

Айрим давлатларда эса осётр балиғининг терисидан чарм сифатида ҳам фойдаланилади. Балиқнинг тангачалари бўлмаган, чиройли терисидан асосан аёллар сумкалари тикилади. Келгусида юртимизда бу йўналишда ҳам ишлаб чиқаришни йўлга қўйиб, ҳудудларда янги иш ўринлари яратиш мумкин.

Балиқчилик илмий тадқиқот институти олимлари кейинги босқичларда бу йўналишлар устида ҳам иш олиб бормоқчи. Ҳозир эса янги технология асосида 10 000 донадан кўпроқ балиқ личинкалари етиштирилди. Етиштирилган чавоқларнинг ҳудудлар иқлим шароитига мослашиши бўйича Хоразм ва Тошкент вилоятларидаги очиқ ҳавзаларда илмий изланишлар олиб борилмоқда.

Қолаверса, осётр балиғи чавоқлари дастлаб Тожикистонга экспорт қилина бошланди. Жорий йил августь ойида имзоланган шартнома асосида институтда сунъий усулда кўпайтирилган осётр балиқларининг 1000 дона чавоғи қўшни давлатнинг “Аква Порс” корхонасига етказиб берилди. Мутахассисларнинг айтишича, мазкур балиқ турлари Тожикистон  балиқчилик тармоғи учун янги объект ҳисобланади.

Яқин йилларда осётр балиғини етиштиришни оммалаштириш балиқчилик соҳасида янги йўналишга айланиши кутилмоқда. Технология ҳудудларда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар сони ортиши, аҳолига арзон ва сифатли балиқ маҳсулотлари етказиб бериш ҳамда экспортбоп маҳсулотлар турини кенгайтиришга хизмат қилади.

Ирода ТОШМАТОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири

(Мақола “Янги Ўзбекистон” газетасининг 27.10.22 йил, 220-сонида эълон қилинган)