Таниқли шарқшунос ва машҳур бобуршунос олим Ансориддин Иброҳимов (1952-2011) ҳам айнан мана шу эзгу йўлни ўзининг чинакам инсоний аъмоли, яшамоқлик мақсади, умрнинг чин маъноси сифатида қабул қилди ва бу мақсад-марра сари бор кучу ғайратини тўлиқ сафарбар қилди.
Тошкент шаҳридаги 92-мактабда таҳсил олган Ансориддин илм-фанга бўлган алоҳида муҳаббати ва чексиз қизиқишлари сабабли тенгдошлари орасида ажралиб турарди. Мактабни аъло баҳоларга тугатиб, 1969 йилда Тошкент давлат университетининг (ҳозирги Ўзбекистон миллий университети) ҳинд тили бўлимига қабул килинди.
1974 йил мазкур университетни имтиёзли диплом билан тамомлаб, икки йил давомида Ҳиндистоннинг “Лакхнау” университетида ҳиндий тили бўйича малака ошириб қайтди ва пойтахтдаги 144-ўрта мактабда ўқитувчилик қилиб, олган барча билимларини ўқувчиларга қунт ва собитлик билан ўргатди.
1977-1981 ва 1989-1990 йилларда турли нуфузли нашриётларда муҳаррирлик қилиб, таҳрир ва таржимада бой тажриба тўплади, ўзбек ва урду, ҳинд тилларига оид туркум нашрларни чоп этиш ишларига бош-қош бўлди.
1981-1983 йилларда Ҳиндистонда “Бҳилай металлургия комбинати”да бош таржимон вазифасида ишлаган кезларида эса ҳинд тилини қўллаш борасида ҳам катта амалий тажриба тўплади. Бу бетакрор ва гўзал мамлакатнинг оддий одамлар турмуш тарзи, тараққиёт жараёнлари ва улуғ адабиётини ўрганди.
Шунингдек, Ансориддин ака мустақиллик йилларида Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги маданий алоқаларни ривожлантириш ишига беқиёс ҳисса қўша олган кам сонли, чинакам ватанпарвар, фидойи ва жонкуяр, заҳматкаш урдушуносларимиздан бири эди.
Унинг буюк бобомиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур шахсиятига юксак эҳтиром руҳида камол топгани, шоҳ ва шоирнинг қиёси йўқ шеъриятини жаҳон миқёсида толмас тарғиботчисига айлантирди. Қудратли ботиний бир интилиш-эҳтиёж, миллат олдидаги маънавий-маърифий масъулдорлик ҳиси, Ансориддин Иброҳимовни келгусида бобуршунослик фанининг ривожига салмоқли ҳисса қўша олган, халқаро миқёсдаги катта олимга айлантирди.
У 1993-1994 йиллар давомида Покистон хизмат сафарида бўлиб, Бобурийлар салтанатининг турли даврларда пойтахти бўлган ва асосий маданият маркази Лаҳор шаҳрида илк бора “Ўзбек тили” курсларини ташкил этишда жонбозлик кўрсатди ва бундай дарсларга бевосита раҳбарлик қилди. Бу истиқлолга эндигина эришган мамлакатимиз учун, она тилимизнинг ихлосмандлари учун хориждаги ҳақиқий ғалаба эди.
Бу яхши анъана кўртак очиб, йил сайин бўй кўрсата борди. Кейинги йилларда Пешовар университетида “Алишер Навоий маркази”, Панжоб университетида эса “Заҳириддин Муҳаммад Бобур мероси маркази” очилгани, Исломободдаги Замонавий тиллар миллий университетида ўзбек тили бўйича таълим берилаётгани маданий алоқаларнинг, тилимизга бўлган хориждаги рағбатнинг ёрқин амалий ифодасидир.
2011 йилда эса Буюк Британиянинг донғи чиққан Кембриж университетида ташкил этилган ўзбек тили курсларида профессионал сабоқлар бергани эътиборга молик.
1996-2011 йиллар мобайнида Тошкент давлат шарқшунослик институтининг “Жанубий Осиё тиллари” кафедрасида ўқитувчи, катта ўқитувчи, доцент, профессор, кафедра мудири лавозимларида ишлади. Куни кеча Тошкент давлат шарқшунослик университетида алоҳида Урду тили, адабиёти, Покистон тарихи ва маданияти кафедраси ташкил қилиниб иш бошлади. Олимнинг қизи Мухлиса бугунги кунда ота изидан бориб, урдушунослик бўйича фалсафа доктори (PhD) сифатида ушбу кафедрага раҳбар этиб тайинланди.
Турмуш ўртоқлари Маъмура опа эса узоқ йиллар давомида Олмазор туманидаги мактабларнинг бирида маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари сифатида сермаҳсул меҳнат қилганлар.
Бой илмий ва маънавий мерос соҳиби
Албатта, Ансориддин ака агар ҳаёт бўлганларида бу йил 70 баҳорни қарши олар эдилар.
У кишининг 4 та монографияси, ўқув қўлланмалари, 100дан ортиқ илмий-мақолалари, урду ва ҳинд тилларида чоп этилди. 2001 йил “Бобурнома”даги ҳиндча сўзлар тадқиқи” мавзуидаги номзодлик, 2008 йил “Бобур асарлари лексикасининг лингвостатистик, семантик ва генетик тадқиқи” (“Девон”, “Мубаййин”, “Аруз”) мавзуида докторлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди.
“Урдуча-ўзбекча муштарак сўзлар луғати” Исломободда ва Ўзбекистонда беш маротаба қайта нашр этилди. “Урду тили лексикологияси” (2005) китоби эса ноёб қўллама сифатида ҳамон мутахассислар томонидан қўлланиб келинмоқда. Бугунги кунда ҳам ёш урдушунослар фойдаланиши учун жуда зарур ушбу адабиёт қўлма-қўл ўқилмоқда.
Олим турли йилларда “Жаҳон адабиёти”, “Гулистон”, “Тафаккур”, “Мозийдан садо”, “Ўзбекистон матбуоти”, “Шарқшунослик”, “Шарқ машъали”, “Ёшлик”, “Ахбаре-урду” (Покистон), “Азия и Африка сегодня” (Россия) журналларида, “Тошкент оқшоми”, “Маърифат”, “Правда Востока”, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газеталарида бобуршунослик, Бобур асарларининг Покистон, Ҳиндистон, АҚШ ва Японияда ўрганилиши, “Бобурнома”даги урду ва ҳинд сўзларининг қўлланилиши, ушбу тилларнинг гўзаллиги, уларнинг қиёсий таҳлили берилади.
Қадимги ҳинд дидактик адабиёти, “Урду тили лексикографияси” курсида педагогик ва информацион технологияларнинг қўлланиши, ўзлашма лексика ва уларда имло масаласи, Бобурийлар давридаги адабиётларда Ҳинд диёридаги қадимий жой номларининг қўлланилиши ҳақида жуда салмоқли илмий таҳлиллар ўз ифодасини топган. Ҳар бир мақола мазмунида Бобур ва Бобурийларнинг жаҳон маданияти тарихида тутган ўрнига алоҳида тўхтаб ўтилади.
Айниқса, олим Ўзбекистон Миллий энциклопедиясининг турли томларида Покистон, Премчанд, Рамаяна, Санскрит, Санскрит адабиёти, Сингал тили, Синдҳ ва Урду адабиёти мавзуларидаги илмий мақолаларни пухта-пишиқ, маълумотларга бой ва салмоқли тарзда тайёрлаб, эълон қилишга эришди.
Урду ва ҳинд тилларини ўрганиш, Бобур меросини ўрганиш билан шуғулланаётган ўндан ортиқ илмий тадқиқотчиларга бевосита раҳбарлик қилди.
Ансориддин ака Бобурнинг ҳаёти ва ижодига боғлиқ кўплаб илмий мақолалар, монографиялар ва асарларнинг муаллифи ҳамдир. Хусусан, унинг қалами остида “Бобурнома”га бағишланган “Бобурийлар мероси” (1993), “Бобурнома – буюк асар” (2000) каби китоблари, “Бобурнома”даги ҳиндча сўзлар” (2001), “Бобур “Девони” тилидаги ўзлашма лексика” (2006) сингари монографиялари нашрдан чиқди.
Камтарин олим бу каби ютуқлари билан чекланиб қолмай, таржимонлик соҳасида ҳам баракали ижод қилди, кўплаб ҳинд ва покистонлик ёзувчиларнинг ҳикоя ва ижод намуналарини катта маҳорат билан ва равон бир тарзда ўгирди.
Жумладан, ҳинд ва пок адибларининг “Оташ нафаслар” (1994) ҳикоялар тўпламини, Бҳишам Саҳнийнинг “Даричалар” (1983) повесть ва қиссаларини, Кришан Чандарнинг “Хотирамдаги чинорлар” (1986), “Қўлим йўқолди” (1990), “Дадар кўпригидаги болалар” (1999), Премчанднинг “Шатранж ишқибозлари” (1990), “Хитўпадеша ёки ибратли ҳикоятлар” (1997, 2008) қисса ва ҳикояларини, ҳинд ёзувчилари асарларидан иборат “Ҳинд адабиёти XX асар кўзгусида/Чироқ ёнар тун бўйи” (2008) ҳикоялар тўпламларини ҳаммуаллифликда чоп эттириши ўқувчиларга жуда манзур бўлди.
Таниқли ўзбек ёзувчиси Эркин Воҳидовнинг “Олтин девор” асари эса урду тилига ўз нафосати ва сермазмун моҳиятини сақлаган ҳолда таржима қилинди, бу пъеса 1996 йилда Покистоннинг Лаҳор шаҳрида саҳналаштирилиб, кенг омма эътиборини қозониб, фавқулодда олқиш олди.
Қомусий олимнинг ўз ишига юксак садоқати ва туганмас меҳр-муҳаббати натижасида бугунги кунда покистонликлар Марказий Осиё, жумладан Ўзбекистон тарихида ҳақида жуда катта билимларга эга бўлишди.
Шу билан бирга, биродар покистонлик ва дўст ҳинд халқи буюк аждодимиз, уч асрдан зиёд яшаган буюк империя асосчиси Заҳириддин Муҳаммад Бобур, унинг маданий меросига катта қизиқиш билан қарамоқдалар. Улар улуғ бобомизнинг кўпқиррали шахсиятини, ўша даврнинг мураккаб тарихий шарт-шароитларини, туркий тилнинг жозиба ва латофати яқиндан англамоқдалар.
Жаҳон маданияти ва тарих солномасида ўчмас из қолдирган буюк ижодкорларнинг меросини халқларимизга етказишдек залворли ишга муносиб ҳисса қўшган Ансориддин Иброҳимовнинг хотираси ва хайрли ишлари албатта, ёшларимиз учун чинакам ўрнак ва намуна мактабидир.
Лазиз Раҳматов,
Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси