Ташриф доирасида ЮНЕСКО раҳбарияти ва Ўзбекистон делегацияси ўртасидаги учрашув юқори даражада бўлиб ўтди.
Унда ЮНЕСКО бош директорининг таълим бўйича ўринбосари Стефания Жанини, Таълим-2030 ни қўллаб-қувватлаш ва мувофиқлаштириш бошқармаси директори Маки Кацуно-Хаяшикава, олий таълим бўлими бошлиғи Петер Уэлс ҳамда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи Улуғбек Тошкенбоев ҳамда Ўзбекистон делегацияси вакиллари иштирок этишди.
Учрашув кун тартибидан Токио ва Глобал конвенцияларга қўшилиш бўйича техник ва молиявий кўмаклашиш, олий таълимни ривожлантириш, барқарор ривожланишда олий таълимнинг ҳиссасини ошириш, ёшларда зарур кўникмаларни шакллантириш, таълим орқали Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, олий таълимда мобилликни жадаллаштириш, таълим сифатини таъминлаш халқаро тармоқларида Ўзбекистон иштирокини кенгайтириш ҳамда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, эришилган натижалар билан боғлиқ қатор масалалар муҳокама қилинди.
Муҳокамалар давомида Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи учрашув ва Жаҳон олий таълим анжуманига таклиф учун миннатдорлик билдирар экан, ЮНЕСКО ва Ўзбекистон ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорлик йўналишлари ва истиқболдаги режаларга тўхталиб ўтди.
— Президентимиз бошчилигида юртимизда инсон капиталини ривожлантириш ва таълим орқали камбағалликни қисқартириш, барқарор иқтисодий ўсишга эришиш бўйича катта ислоҳотлар олиб бориляпти. “Ёшларни ҳаётга тайёрлаш” ва “Ҳеч ким орқада қолмайди” тамойиллари асосида таълим тизими трансформация қилиняпти, — деди У.Тошкенбоев. —Ҳозир анжуманда кўтарилган масалалар Ўзбекистонда жуда долзарб бўлиб турибди. Ушбу конференция юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш ва таълим орқали Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга катта туртки беради.
Ўз навбатида, ЮНЕСКО бош директорининг таълим бўйича ўринбосари Ўзбекистонда олий таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар юқори баҳолашини ҳамда бу борада ЮНЕСКО Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканини таъкидлади.
— Бугун олий таълим тизими бутун дунёда ўзгаришларга юз тутмоқда. Коронавирус пандемиясидан сўнг рақамли ва онлайн таълим соҳаси жуда кенг оммалашди. Бунда эса малакаларни ўзаро тан олиш ва мобиллик ҳам кун тартибидаги энг муҳим масалалардан бирига айланди. Бу жараёнда Токио ва Глобал конвенциялар мамлакатлар ўртасида мобилликни таъминлаш учун муҳим восита вазифасини бажаради. ЮНЕСКО Ўзбекистонга ушбу конвенцияларни имкон қадар энг қисқа муддатларда ратификация қилишни тавсия этади. Шунингдек, бу борада Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолаймиз, – деди Стефания Жанини.
Учрашув якунида кўтарилган масалалар бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди, дейилади инспекция ахборот хизмати хабарида.