Мактубда икки мамлакат халқлари ўртасида асрлар давомида шаклланган ва умумий тарих, маданият, муштарак урф-одат ва қадриятларга асосланган стратегик шериклик алоқалари сўнгги пайтларда мисли кўрилмаган даражада фаоллашиб бораётгани таъкидланган.
Биргина ўтган йилнинг ўзида Ўзбекистон ва Ҳиндистон ташқи ишлар вазирликлари раҳбарлари ҳам икки томонлама, ҳам халқаро форум ва тадбирлар доирасида олти маротаба учрашув ўтказди. Бу эса икки томоннинг стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш, ҳамкорлик кўламини тобора кенгайтириш борасида интилишларининг яққол ифодасидир.
Абдулазиз Камилов Ўзбекистон ва Ҳиндистоннинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан мамлакатлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик муносабатлари барча соҳаларда, икки халқ фаровонлиги йўлида ривожланиб, чуқурлашиб боришига ишонч билдирди, деб хабар беради Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.