Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигида олиб борилаётган туб ислоҳотлар, ҳарбий қисм ва муассасаларнинг моддий-техник базасини такомиллаштириш ҳамда ҳарбий хизматчиларнинг касбий тайёргарлигини ошириш мақсадида 2026 йил 30 январь куни пресс-тур ташкил этилди.
Тадбирда Мудофаа вазирлиги масъул мутахассислари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди. Улар Чирчиқ шаҳрида жойлашган авиация таъмирлаш заводи, Мудофаа вазирлиги Махсус операциялар кучлари дала-ўқув майдони ҳамда Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университетининг Қуруқликдаги қўшинлар институтининг фаолияти билан танишиш имконига эга бўлдилар.
Дастлаб, пресс-тур давомида иштирокчилар Чирчиқ авиация таъмирлаш заводида кенг кўламли модернизация ишлари амалга оширилгани, замонавий “Airbus” русумли вертолётларга хизмат кўрсатиш маркази фаолияти ва Су-25 ҳарбий самолётларини капитал таъмирлаш ва модернизация қилиш ишлари билан яқиндан танишдилар.
Чирчиқ шаҳрида жойлашган авиация таъмирлаш заводи директорининг сўзларига кўра, 11-синф битирувчилари учун ҳам ушбу жойда ишлаш имконияти мавжуд.
Хусусан, 11-синфни тамомлаган ёшларни ушбу завод доимий ишга қабул қилади. Иш бошлаш учун тажриба талаб этилмайди, барча кўникмалар иш жараёнида ўргатилади.
Завод директорининг таъкидлашича, бошланғич ойлик маош 4 500 000 сўмдан бошланади, тажриба ва малакага қараб 15 –20 миллион сўмгача етиши мумкин. Заводда ишлаш давомида касб-ҳунар ўргатилади ва расмий сертификат берилади. Ушбу сертификат билан келажакда бошқа корхоналарда ҳам ишлаш имконияти мавжуд.
Шунингдек, пресс-тур доирасида ОАВ ходимлари полигон объектларида жанговар кўникмаларни такомиллаштириш, шахсий таркибни самарали тайёрлаш ҳамда уларнинг ахлоқий-руҳий барқарорлигини ошириш учун яратилган зарур шарт-шароитлар билан яқиндан танишишди. Бу ерда ҳарбий хизматчилар жанговар ва махсус тайёргарлик машғулотларини ташкил этишнинг янги услубларини амалда бажариб, касбий кўникмаларини мустаҳкамлайди.
Замонавий рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда кичик командирларнинг мустақил қарор қабул қилиш кўникмалари ва бошқарувчанлик маҳорати даражасини баҳолашга, шунингдек, жанг майдонида тез ўзгариб бораётган вазият шароитида ҳарбий хизматчиларнинг замонавий қурол-яроғ ва техникадан самарали фойдаланишдаги касбий маҳоратига алоҳида эътибор қаратилди.
Пресс-тур иштирокчиларига мазкур дала ўқув майдонида бўлинмалар билан ўтказилаётган машқларни кузатишга имкон яратилди. Мазкур машқлар давомида бўлинмаларнинг жанговар имкониятлари ҳамда уларнинг биргаликдаги ҳаракатлари, кичик командирларнинг замонавий рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда мустақил қарор қабул қилиш кўникмалари ва бошқарув маҳорати даражаси, ҳарбий хизматчиларнинг тез ўзгариб бораётган жанговар вазият шароитида жанг майдонида замонавий қурол-яроғ ва техникани самарали қўллаш бўйича касбий маҳорати намойиш этилди.
Пресс-тур иштирокчилари Қуруқликдаги қўшинлар институтига ҳам ташриф буюриб, янги ташкил этилган “Рақамли полигон”, “Мафкуравий полигон”, замонавий синфхоналар ва таълим инфратузилмаси билан яқиндан танишдилар.
Институт бошлиғи ўринбосари полковник Алишер Ширинов таъкидлаганидек, бугунги кунда фаолиятни такомиллаштиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Замонавий таълим инфратузилмаси объектлари барпо этилган, курсантлар учун жанговар ва маънавий салоҳиятни ривожлантиришга хизмат қиладиган шароитлар яратилган. Асосий эътибор офицерларнинг мустақил фикрлай олиши ва қарор қабул қилишда замонавий ёндашувларга таянишини таъминлашга қаратилган.
Мудофаа вазирлиги тизимида ҳарбий кадрлар тайёрлашнинг янги тизими жорий этилган. Жумладан, барча олий ҳарбий таълим муассасалари ягона марказлашган тизимга бирлаштирилиб, Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети ташкил этилди. Шу асосда Қуруқликдаги қўшинлар институти замонавий жанговор кўникмаларга, жисмоний ва маънавий барқарорликка эга офицерларни тайёрлашга ихтисослашган.
Институтда 9 та таълим йўналиши бўйича курсантлар тайёрланади. Таълим 4 ва 5 йиллик дастурлар асосида олиб борилади, шунингдек, ҳарбий хизматчилар ва мутахассислар учун 1 ва 3 ойлик малака ошириш курслари ташкил қилинган. 13 та кафедрада минг нафардан ортиқ курсант таълим олади, ўқиш “50% назария — 50% амалиёт” принципи асосида ташкил этилган.
Моделлаштириш маркази фаолияти учун масъул полковник Александр Машариповнинг таъкидлашича, курсантлар рақамли моделлаштириш технологиялари орқали қарор қабул қилиш, электрон хариталарда вазият таҳлили ва симуляция муҳитида турли жанг сценарийларини синаб кўриш имконига эга. Бу усул катта ресурс сарфламасдан реал тажриба олиш имконини беради.
Пресс-тур давомида иштирокчилар олий ҳарбий таълим муассасалари ва ҳарбий қисмларда олиб борилаётган машғулотлар, замонавий техника ва қурол-аслаҳалардан фойдаланиш жараёнлари, шунингдек, курсантлар билан амалий мулоқот орқали ҳарбий тайёргарликнинг юқори даражада ташкил этилганини ўз кўзлари билан кўрдилар.
Шу тарзда, Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси ва Мудофаа вазирлиги томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар миллий армияни замонавий, интеллектуал ва жисмоний барқарор офицер кадрлар билан таъминлаш, қуролли кучларнинг жанговар салоҳиятини юксалтиришга қаратилганлигини яна бир бор тасдиқлайди.
Зулхумор Акбарова