Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) БМТнинг халқаро сайёҳликни ривожлантириш масалалари бўйича жаҳондаги ягона халқаро ташкилотдир. Мазкур ташкилот дастлаб 1925 йилда Халқаро сайёҳлар ассоциацияси сифатида ташкил топган. Шундан сўнг, 1974 йилда унинг номи Бутунжаҳон туризм ташкилоти деб ўзгартирилади. 2003 йилда ташкилот БМТнинг ихтисослашган муассасаси мақомига эга бўлди. 2023 йил ҳолатига кўра Бутунжаҳон туризм ташкилотига 159 мамлакат аъзо бўлиб кирган. Шунингдек, ташкилот 158 та иштирокчи давлатни, 6 та ассоциациялашган минтақани, кузатувчи мақомига эга бўлган иккита минтақани ва 500 дан ортиқ бўлинмали ташкилотларни бирлаштиради. Бутунжаҳон туризм ташкилотининг штаб квартираси Испаниянинг Мадрид шаҳрида жойлашган. Инглиз, француз, испан ва рус тиллари ташкилотнинг расмий тиллари сифатида қабул қилинган. Жаҳон мамлакатлари иқтисодиёти туризм индустриясини ривожлантириш, дўстлик ва маданий алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида халқаро туризмга ёрдам кўрсатиш, инсонларнинг халқаро эркин ҳаракати йўлидаги ҳар қандай тўсиқларга қарши кураш, туризмнинг барча турлари бўйича техник маълумотларни тўплаш ва тарқатиш, туризм соҳасида илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, туризмни ривожлантиришдан манфаатдор давлатлар ва бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш Бутунжаҳон туризм ташкилотининг бош мақсадларидир.
Ўзбекистон Бутунжаҳон туризм ташкилотига 1993 йилда аъзо бўлди. 2004 йилда Самарқанд шаҳрида ташкилотнинг Буюк Ипак йўлида сайёҳликни ривожлантиришни мувофиқлаштириш бўйича минтақавий офиси ташкил этилди.
2014 йил 1-3 октябр кунлари Самарқанд шаҳрида БМТ ЖСТ Ижроия Кенгашининг 99-сессияси бўлиб ўтди. Халқаро анжуманда ташкилот Бош Котиби Талеб Рифаи иштирок этди. Халқаро анжуманнинг Самарқандда ўтказилиши Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги нуфузининг тобора ошиб бораётганлигининг яққол тасдиғи ва мамлакат улкан сайёҳлик салоҳиятининг яна бир эътирофи бўлди.
Ўзбекистоннинг Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашганлиги бу ерда туризм соҳасини кенг ривожлантиришда катта аҳамият касб этади. Ўзбекистонда 550 та сайёҳлик йўналиши бўйича хизматлар кўрсатилмоқда. Уларнинг 65 таси тарихий-маданий мерос объектлари, 30 таси табиий 15 таси соғломлаштириш туризми, экологик туризм кабиларни ўз ичига қамраб олган йўналишлардир. Ўзбекистондаги 35 та олий таълим муассасасида туризмнинг турли соҳалари бўйича малакали кадрларни тайёрлаш йўлга қўйилган. 2023 йил Самарқандда Бутунжаҳон туризм ташкилотининг туризм соҳасида мутахассислар тайёрлайдиган ва уларнинг малакасини оширадиган, Халқаро туризм академияси ташкил этилди.
Дунёда 80 миллион ўқувчига эга, катта нуфузли ва халқаро доираларда тан олинган АҚШнинг “The Huffington Post” интернет нашри 2015 йилда жаҳонда энг яхши ҳамда истиқболли сайёҳлик йўналишларига эга 15 та мамлакат рўйхатини эълон қилди. Бу рўйхатга Ўзбекистон ҳам киритилган бўлиб, унда мамлакатга “Марказий Осиё марвариди” деб таъриф берилган. Самарқанд шаҳри эса инсон ўз умри давомида ҳеч бўлмаганида бир марта бориб кўриши албатта зарур бўлган дунёдаги 50 та шаҳарларнинг бири сифатида эътироф этилди. 2022 йил АҚШнинг “National geographic traveler awards” рўйхатида “Йил янгилиги” ҳамда “Гастрономик туризм” номинациялари ғолиби бўлди. “Жаҳон мусулмон сайёҳлари индекси”да “энг кучли саёҳат йўналиши” сифатида эътироф этилди. Шунингдек, 2023 йил Ўзбекистон Бутунжаҳон туризм ташкилотининг “энг тез ривожланаётган туризм масканлари” рўйхатида, шунингдек, ушбу ташкилот ҳисоботларига кўра, Ўзбекистон туризм соҳаси энг жадал суръатларда ривожланаётган топ-20 мамлакат рўйхатидан жой олди. Машҳур “Геллап” ижтимоий тадқиқот марказининг “Сайёҳлик учун энг хавфсиз давлат” рейтингида юқори ўринларни эгаллади. Independent нашрининг ёзишича, Ўзбекистон туризм соҳаси бўйича энг тезкор ривожланаётган давлатлар рўйхатида тўртинчи ўринда қайд этилган.
Сўнги йилларда Ўзбекистонда туризм саноатини ривожлантириш масалаларида янги тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, туризм соҳасида“очиқ эшиклар” тамойилининг жорий этилиши, хорижий сайёҳлар учун виза тартибининг соддалаштирилиши, хусусан, 55 та давлат фуқаролари учун соддалаштирилган электрон виза тартиби, деярли юзга яқин давлатлар фуқаролари учун Ўзбекистонга визасиз кириш тизимининг жорий этилиши, сайёҳлик бизнесининг барча турлари учун етарли шарт-шароитларни яратиш, соҳага хорижий инвесторларни жалб қилиш, солиқ ва божхона имтиёзларини енгиллаштириш масалалари бу борада улкан қадамлар бўлди. Бутун дунёда хавфсиз саёҳат энг муҳим масалалардан биридир. Бу борада хорижйи ва маҳаллий сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистонда 2017 йилдан бошлаб туризм полицияси ташкил этилди.
Самарқанд шаҳрида “Ипак Йўли” сайёҳлик маркази, Тошкент вилоятида “Амирсой” қишки курорти, “Чорвоқ” зоналари, Жиззах вилоятида “Зомин”, Навоий вилоятида “Тўдакўл”, “Сармишсой” каби халқаро туризм лойиҳалари амалга оширилди. Ўзбекистон тарихида илк маротаба гастрономик туризм йўналишида, гастромаҳалла, гастрономик туризм кўчаси, гастрономик туризм овули ташкил этилди. Шунингдек, ҳар йили мамлакатимизнинг турли ҳудудларида Гастрономик фестиваллар ташкил этиш анъанага айланиб бормоқда. Авиақатновлар сони оширилмоқда. Ўзбекистон аэропортларда “очиқ осмон” режими жорий қилинди, Мамлакат ҳудудларини боғлайдиган замонавий темирйўл лойиҳалари ишга туширилди.
Мамлакатда туризм соҳасини ривожлантиришда тарихий-маданий ёдгорликлар, осори-атиқалар муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистонда 8 мингдан ортиқ маданий мерос объектлари мавжуд. Тарихий-маданий объектларнинг кўпчилиги Бутунжаҳон маданий мероси, Номоддий маданий мерос, Жаҳон хотираси каби ЮНЕСКОнинг турли рўйхатларига киритилган. Хусусан, тўртта музей шаҳарлар – “Хива шаҳридаги Ичан-қалъа” (1990 й.), “Бухоро шаҳрининг тарихий маркази” (1993), “Шаҳрисабз шаҳрининг тарихий маркази” (2000), “Самарқанд шаҳри” (2001) ҳудудида жойлашган бўлиб, ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган.
2023 йил 16-17 окятбрь кунлари Ўзбекистон тарихида илк маротаба Самарқанд шаҳрида Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) Бош Ассамблеясининг юбилей 25-сессияси бўлиб ўтди.
Ушбу нуфузли анжуманда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлаб, бир қатор муҳим ва долзарб ташаббусларни илгари сурди. Хусусан, Президентимиз ҳозирги мураккаб вазиятни инобатга олган ҳолда, халқаро туризм соҳасида мустаҳкам ҳуқуқий асосларни кучайтириш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти доирасида Глобал хавфсиз туризм кодексини ишлаб чиқиш ташаббуси ўз вақтида илгари сурилган таклиф сифатида соҳа мутахассислари томонидан юксак эътироф этилди. Чунки, тобора глобаллашиб бораётган дунёда, жаҳоннинг турли минтақаларида юз бераётган этник, миллий ва диний низолар, турли сиёсий қарашлар ўз навбатида туризм соҳасининг ривожига, халқлар ва мамлакатлар маданий алмашинувига салбий таъсир кўрсатмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти доирасида Глобал хавфсиз туризм кодексининг амалиётга татбиқ этилиши эса бу борада давлатлар ва мамлакатларнинг сайёҳлик масалаларига янада жиддий эътибор қаратишга ундайди. Шунингдек, мамлакатимиз раҳбари Бутунжаҳон туризм ташкилоти ҳузурида Сайёҳлик бўйича тарихий шаҳарлар кенгашини тузиш, Ташкилот доирасида “Яшил” туризмни жорий этиш бўйича энг яхши шаҳар” номинациясини таъсис этишни таклиф қилди. Таъкидлаш керакки, бутун дунёда экологик масалалар тобора долзарблашиб бораётган, кун тартибидаги муҳим масалалардан биридир. Номинациянинг жорий этилиши нафақат туризм балки, барча мамлакатларда атроф-муҳит, тоза урбанизация масалаларида ҳам муҳим аҳамият касб этади. Ушбу платформа маданий мерос объектларига сайёҳлар оқимини кўпайтириш, тарихий ёдгорликларни асраш бўйича энг илғор тажрибалар билан алмашиш, тавсия ва самарали ечимларни шакллантириш имконини беради. Кенгашнинг биринчи йиғилишини қадимий Бухоро шаҳрида ташкил этиш эса Ўзбекистон тарихи ва маданиятини халқаро миқёсда тарғиб этиш, мамлакатимизга сайёҳлар оқимини кўпайтириш, янги инвестиция лойиҳаларини жалб этиш, шунингдек, мамлакатимизда туризм соҳасини янада ривожлантиришга ҳисса қўшади. Чунки, Бухоро нафақат тарихда балки бугун ҳам бутунжаҳон туризм тараққиётида ўз ўрнига эга шаҳарлардан биридир.
Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосида инсон омили муҳим аҳамиятга эга. Ислоҳотлар инсон қадри учун қаратилган. Мамлакатимизда барча фуқаролар учун тенг имкониятлар яратилган. Жумладан туризм соҳасида ҳам. Бу борада Ўзбекистон Президентининг имконияти чекланган сайёҳлар учун қулай шароитларни янада кучайтириш ва инклюзив туризм инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида биз Ташкилотимиз доирасида 2025 йилни “Бутун жаҳон инклюзив туризм йили” деб эълон қилиш ва махсус декларация қабул қилиш, Жаҳон ёшлар туризми саммитини Тошкентда ўтказиш ташаббуслари нафақат ўзбекистонликлар, балки соҳанинг барча жонкуяр вакилларини, мутахассисларни, шунингдек, оддий инсонларни ҳам тўлқинлартириб юборди.
Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятига фаол кириб бормоқда, халқаро минбарлардан нафақат маҳаллий, минтақавий балки глобал муаммоларни кўрсатган ҳолда уларнинг ечимига ўз позицияларини ҳам илгари сурмоқда. Шунингдек, кейинги йилларда мамлакатимиз нуфузли халқаро ташкилотлар саммитлари, турли давлатларнинг саммитлари, йирик анжуманлар ўтказиладиган марказга айланди. Халқаро муносабатларда “Тошкент руҳи”, “Самарқанд руҳи”, “Ўзбекистон ташаббуслари” каби иборалар кўп қўлланиладиган бўлди. Бу тадбирларнинг барчаси Ўзбекистонинг халқаро нуфузи тобора юксалиб бораётганлигидан далолат беради.
Ойбек АБДУМЎМИНОВ,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент