Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирли ахборот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, ҳозирги кунда республика бўйлаб қон қуйиш марказлари, илмий-ишлаб чиқариш корхоналари ва ҳудудий станциялардан иборат кенг тармоқли тизим самарали фаолият юритмоқда.

Республика қон қуйиш маркази директори Аълонур Саидовнинг таъкидлашича, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартлари бўйича аҳоли эҳтиёжини тўлиқ қоплаш учун ҳар 1000 кишига 30 нафар донор тўғри келиши лозим.

Ўзбекистонда айни пайтда бу кўрсаткич 10 нафарни ташкил этса-да, сайёр донорликни ривожлантириш орқали эҳтиёжни юз фоиз таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Шу мақсадда ҳудудларга махсус жиҳозланган 13 та «Исузу» автобусларидан иборат кўчма донорлик комплекслари етказиб берилди. Бу мобил марказлар замонавий тиббий ускуналар, музлаткичлар ва бактерияга қарши тизимлар билан таъминланган бўлиб, исталган ҳудудда сифатли қон йиғиш имконини беради.

Донорларни қўллаб-қувватлаш борасидаги қонунчилик ҳам сезиларли даражада такомиллаштирилди. 2025 йил 28 февралдаги янги қонунга асосан, «Ўзбекистон Республикаси фахрий донори» кўкрак нишони билан тақдирланганлар учун пул мукофоти миқдори 3 бараварга оширилиб, БҲМнинг 15 баравари этиб белгиланди. Шунингдек, фахрий донорлар шаҳар жамоат транспортидан бепул фойдаланиш, санаторийларда навбатсиз даволаниш ва меҳнат таътилини ўзларига қулай вақтда олиш каби имтиёзларга эга бўлдилар.

Эслатиб ўтилишича, юртимизда 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган, соғлиғи талабга жавоб берадиган ҳар бир фуқаро йилига 4 мартагача қон топшириб, эзгу ишга ўз ҳиссасини қўшиши мумкин.