Мақоламизни икки қисмга бўлдик. Дастлаб, мамлакатимизда кейинги йилларда ташқи меҳнат миграцияси билан боғлиқ ижобий ўзгаришлар ва хорижда ишлаш истагидаги фуқароларимизга яратилаётган имконият ва имтиёзлар ҳақида қисқача баён қилсак, иккинчи қисмда эса мана шу ислоҳотлар туфайли Германияга ишлаш учун кетган ўзбекистонлик ҳамшираларнинг бугунги фаолияти таҳлил қилинади.

ИМКОНИЯТ ВА ИМТИЁЗ ЭПКИНЛАРИ

Инсон ўзи туғилиб ўсган элда бахтиёр яшашни, бир касбнинг этагидан тутишни, шу орқали оиласига, элу юртига наф келтиришни истайди. Айрим юртдошларимиз борки, улар оиласидан, ватанидан олисда таҳсил олмоқда, меҳнат қилмоқда.

Бугун хорижда ўқиш ёки ишлаш аввалгидек хавотирли бўлмай қолди. Чунки чет элдаги ватандошларимиз, вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларимиз давлатимиз ҳимоясига ўтди. Уларнинг оила аъзоларига ҳам алоҳида эътибор қаратила бошланди.

Президентимиз ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги ваколатли органлар фаолиятини такомиллаштириш, хорижда ишламоқчи бўлган шахсларни талаб юқори касбларга ўқитиш, фуқароларнинг чет элда бўлиш даврида ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қайтиб келган меҳнат мигрантлари бандлигини таъминлаш, оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида 2020 йил 15 сентябрда “Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Қарор муқаддимасида таъкидланганидек, кейинги йилларда хорижда ишлаётган фуқароларга нисбатан муносабат тубдан ўзгариб, меҳнат мигрантлари билан самарали мулоқот ўрнатилди, уларнинг муаммо ва эҳтиёжларини ўрганиш ҳамда ҳал қилиш бўйича янги тизим жорий қилинди.

Шундай экан, Президент қарорида бу борадаги муносабатларни янада яхшилаш мақсадида қандай чора-тадбирлар белгиланди, деган савол туғилиши табиий. Аввало, мазкур қарор билан замон талаблари асосида қатор муҳим асосий йўналишлар белгиланди.

Меҳнат миграцияси соҳасида халқаро ҳамкорлик ривожлантирилиши, хориждаги ватандошлар ташкилотлари ва ўзбек диаспоралари билан алоқа мустаҳкамланиши бўйича вазифа қўйилди. Хорижга ишлашга кетишдан олдин фуқароларни касб-ҳунарга ва хорижий тилларга ўқитиш, уларга касбий малакани тасдиқловчи халқаро сертификатлар бериш масаласи эътиборга олинди. Меҳнат мигрантларини молиявий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ҳаёти ва соғлиғини суғурталаш, хориждан қайтиб келганидан кейин бандлигини таъминлаш масалалари ҳам четда қолмади.

Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолияти юритаётган фуқароларимизнинг бугунги ва келажак ҳаёти учун мамлакатимизда амалга оширилган конституциявий ислоҳотлар ҳам муҳим аҳамият касб этди.

Янги таҳрирдаги Конституциямизда мигрантлар ҳуқуқи мустаҳкамланди. Давлатимиз ўз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам фуқароларини ҳимоя қилиши ва ҳомийлик кўрсатиши Конституция даражасида кафолатланди.

ЎЗБЕК ҲАМШИРАЛАРИ МАЛАКАСИ ГЕРМАНИЯДА ҲАМ ТАН ОЛИНМОҚДА

Энди хорижда ишлаш истагини билдирган юртдошларимиздан алоҳида тайёргарлик талаб этилаётир. Касб малакасидан ташқари, бораётган мамлакати тилини ҳам пухта ўрганиш уларнинг ўзига ишончини оширади. Турли дастурлардан муваффақиятли ўтиб, тил ўрганиб, хорижга йўл олган, фаолият юритаётган фуқароларимиз давлатимиз ҳимоясидан мамнун. Ана шундай дастурлардан бири Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳамда Швейцариянинг “GLOBOGATE Concept AG.” ташкилоти ўртасидаги келишувга асосан тажрибали тиббиёт ходимларини Германияга ишга жалб этишдир. Дастурга мувофиқ, бугун ўнга яқин юртдошимиз Германияда фаолият юритмоқда.

– Компаниямиз Ўзбекистонда Германияда ишлаш учун турли йўналишдаги мутахассисларни тайёрлаш лойиҳасини амалга оширувчи энг йирик ташкилотдир, – дейди “GLOBOGATE Concept AG.” минтақавий менежери Лео Дук. – Мақсадимиз тиббиёт муассасаларига кадр тайёрлаш ва етказиб беришдан иборат. Ўқув курсларимизда Германия тарихи ва қонунчилиги, шунингдек, миллий урф-одатлари ўргатилади.

Бунёджон ЙЎЛДОШЕВ,

Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Германия бўйича мутахассиси:

– Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳамда Швейцариянинг “GLOBOGATE Concept AG.” ташкилоти ўртасида 2021 йилда ҳамкорлик шартномаси имзоланган. Унга мувофиқ, ўзбекистонлик ўрта бўғин тиббиёт ҳамширалари Германия клиника ва шифохоналарида иш билан таъминланади. Дастлабки танлов жараёни 2021 йил октябрь ва ноябрь ойларида бошланган. 2022 йил январь ойидан немис тилини ўқитиш дастури йўлга қўйилди. Дастурга танлов жараёнида иш берувчи клиникалар томонидан саралаб олинган номзодлар жалб этилган.

Номзодлар бир қанча талаблар асосида сараланади. Яъни Германияда ишлаш истагини билдирган ўрта бўғин тиббиёт ҳамшираси имтиҳонга қадар ишдан тўлиқ озод этилган, 39 ёшгача, тиббиёт коллежи ёки техникумнинг уч йиллик дипломига эга, даволаш ва ҳамширалик ишлари йўналишида таҳсил олган бўлиши талаб этилади. Шу талабларга жавоб берадиган номзодларга 10 ой давомида немис тили ўргатилади. Дарслар ҳафтада 5 кун, кунига 5-6 соат бўлади. Немис тили бўйича тажрибали ўқитувчи ажратилади. Бундан ташқари, ўқувчилар мустақил шуғулланади.

Дарҳақиқат, хорижда ишлашни мақсад қилган юртдошларимизнинг тилни пухта билиши, камида мулоқот қила олиши жуда муҳим. Ўз касбининг устаси бўлса-ю, суҳбатдошини тушунмаса, тушунса-ю, фикрини тушунтириб бера олмаса, бунинг ортидан кўплаб муаммолар туғилиши мумкин. Айниқса, бу тиббиёт соҳаси бўлса, масъулият янада ортади. Имтиҳон жараёнининг мураккаблиги ҳам шунда.

Бугунги кунгача 400 дан ортиқ ўрта бўғин тиббиёт ҳамшираси дастурга жалб этилган. Улардан 14 нафари немис тилидан B2 даража сертификатини қўлга киритиб, Германия клиникаларида фаолиятини бошлаб юборди. B2 даражани олган яна 16 ҳамширага виза расмийлаштирилди. Уларнинг бир қисми Германияга йўл олди.

“GLOBOGATE Concept AG.” билан қўшимча келишувга мувофиқ йўлга қўйиладиган 10 ойлик дастур давомида фуқароларнинг харажатлари Ўзбекистон ва Германия томонидан тўлиқ қоплаб берилади. Ўзбекистон дастурга қабул қилинган номзодлар учун ётоқхона, техник жиҳозлар билан таъминланган ўқув хоналари ажратади. Бундан ташқари, дастурга қабул қилинган ҳамширалар ишдан бўшагани сабабли уларнинг ҳар бирига олти ой мобайнида стипендия (ишсизлик нафақаси) беради. Швейцария томони эса тил ўқитиш бўйича мутахассислар, ўқув материаллари, кейинчалик ҳамшираларни диплом, диплом иловаси ва қўшимча ҳужжатларнинг Германияда тан олинишини таъминлайди. 10-12 ойлик дастурни битирган ҳамшираларни Тошкент шаҳрида жойлашган Гёте институти ёки сертификатлаштириш марказларидаги тўловлари ҳам уларнинг зиммасида.

Агар ҳамшира имтиҳондан биринчи уринишда ўтолмаса, яна уч мартагача имконият тақдим этилади ва харажатлари қоплаб берилади. B2 даража олган ҳамшираларнинг элчихонада ҳужжат расмийлаштириши, визометрияни ҳам халқаро ташкилот зиммасига олади. Виза олган ҳамшира авиачиптаси, Германияга бориш ва аэропортдан белгиланган манзилгача етиб олиши ҳам шу ташкилот томонидан амалга оширилади. Икки босқичли синовдан муваффақиятли ўтган ҳамшираларнинг меҳнат шароити немис ҳамширалари билан бир хил (ойлик 2450 евродан бошланади, нафақа, суғурта, таътил кафолатланади).

Астойдил ҳаракат қилганлар нуфузли клиникаларда ишламоқда

Ҳозиргача 10 ойлик дастурга 600 нафар ўрта бўғин ҳамшираси жалб этилган бўлиб, айни пайтда 450 ҳамшира таҳсил олмоқда. Айрим мутахассислар оилавий шароити, немис тилининг мураккаблиги ва бошқа сабабларга кўра дастурни тарк этди.

Дастурга стоматология, ўқитувчилик, доришунослик, администратор ва ЛОР соҳасида шуғулланган номзодлар қабул қилинмайди.

Биз айни пайтда Германияда фаолиятини бошлаган юртдошларимиз, лойиҳа иштирокчилари билан боғландик. Улардан бири – Феруза Эгамқулова.

Феруза Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида туғилган. Мактабни битириб, Янгийўл тиббиёт коллежига ўқишга кирган. Болалигидан ҳамшира бўлишни орзу қилган Феруза коллежни аъло баҳолар билан битирди. Сўнг ўзи туғилиб ўсган туманга ишга жойлашди. Оққўрғон тумани кўп тармоқли марказий поликлиникасидаги 14 йиллик тажриба уни тоблади. Беморлар билан ишлаш малакасини шакллантирди. Дори-дармон билан даволашдан ташқари беморларнинг руҳиятига қараш ҳам муҳим эканини ўрганди.

– Мулоқот ишимизда бирламчи кўмак эканини туман поликлиникасида англаганман, – дейди Ф.Эгамқулова. – Бундан ташқари, касбимга оид китоб ва журналлар ўқишни канда қилмасдим. Уларда бемор психологиясига оид билимларимни ошириб борардим. 2021 йил ноябрь ойида “GLOBOGATE” дастури ҳақидаги эълонни ўқиб қолдим. Табиийки, кўнглимдан “қанийди мен ҳам шундай давлатларга бориб ишласам, тажриба орттирсам”, деган ўй кечди. Бироқ биласиз, ўзбекчилик, оилали аёлларнинг четга чиқиб ишлаши қўллаб-қувватланавермайди.

Турмуш ўртоғимга янгиликни айтсам, ижобий қабул қилди. Имтиҳонлардан ўта олишимга кўзим етса, ўзимни синаб кўришим мумкинлигини айтди. Дастлабки синовдан муваффақиятли ўтгач, менда Германияга кетишга қизиқиш ортди. Немис тили дарсларига иштиёқ билан қатнадим, мустақил шуғулландим. Меҳнатларим зое кетмади, шу йил январь ойида B2 даража сертификатини олдим. Дарсларга илк бор келганимда, ишонасизми, немис тилини умуман билмасдим. Ҳатто алифбосини ҳам. 

Шундан сўнг Германияга кетиш учун ҳужжат ишлари бошланди. Бу борада Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги яқиндан кўмак берди. Агентлик ходимлари ҳужжатларни ўзлари тайёрлаб, Германияга кетгунга қадар бу ишларга бош-қош бўлди. Ҳатто бизни кузатиш учун аэропортга чиқди. Март ойида Гутенберг шаҳрига келиб тушдик. Бу ерда яна икки ой ўқидик. Тиббиёт дарсликлари билан танишдик, амалиёт ўтадик. Имтиҳонлардан сўнг Европа мамлакатларида ҳам тан олинадиган дипломга эга бўлдим. Айни пайтда Бранденбург шаҳрида яшаб, ишлаяпман.

Бу фарзандларимдан, оиламдан биринчи марта узоқ яшашим. Аввал хорижга чиқмаганман. Ўзига яраша қийинчиликлар, Ватан соғинчи бор. Бироқ немис халқи ҳам ўзбекларга ўхшаб меҳрибон ва самимий экан. Ётоқхона билан таъминланганмиз. Барча шароитлар муҳайё. Бу мамлакат ҳамширалари билан тенг ҳуқуқлимиз, уларга хос имтиёзлардан фойдаланамиз. Саволлар туғилса, интеграцион менежерга мурожаат қиламиз. Қувонарлиси, биз хорижда ҳам давлатимиз ҳимоясида эканимизни ҳис қиламиз. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги билан доимий алоқадамиз.

Ўз йўналишим бўйича хорижда ишлаб, тажриба орттираётганимдан хурсандман. Оилам билан деярли ҳар куни гаплашаман. Фарзандларимнинг таълимини назорат қиламан. Улар катта бўлиб қолди, янги ўқув йилида катта фарзандим 10-синф, ўртанчам 6-синф, кичкинам 1-синфга боради. Яқинда улар ҳам ёнимга, Германияга келади, бунинг учун керакли ҳужжатларни тайёрлаяпмиз.

“Ursprünglich Uzbekistan”. Шу жумла Ватан меҳри, соғинчини синовдан ўтказади

Дунё кўриш, фарқли маданиятлар билан тўқнаш келиш, турфа феъл-атворли инсонлар билан мулоқот қилиш ҳамиша завқли. Германияда фаолият юритаётган юртдошларимиз хорижда ишлаш улар учун катта имкон эканини бот-бот таъкидлайди.

Зулайҳо Худойбердиева ҳам “GLOBOGATE” дастури иштирокчиси. Имтиҳонлардан намунали кўрсаткич билан ўтиб, айни пайтда Германиядаги “Асклипос” клиникасида ҳамшира бўлиб ишламоқда.

– Асли самарқандликмиз. Ғаллаорол тиббиёт билим юртида ўқиб, 2000 йили Нарпай тумани катталар поликлиникасида иш бошлаганман, – дейди суҳбатдошимиз. – Патронаж ҳамшираси сифатида шу ерда тажриба тўпладим. Кейинроқ оилавий шароит туфайли Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрига кўчиб келдик. Бу ерда шаҳар реанимация бўлимида ҳамшира бўлиб 10 йил ишладим. Анестезиология бўйича малака оширдим. Ишим, жамоам яхши эди, улар билан кунда-кунора гаплашиб тураман, соғинаман.

2022 йилда жияним ҳамшираларни Германияга ишга юбориш ҳақидаги дастур ҳаволасини юборди. Резьюме тўлдириб, керакли манзилга жўнатдим. Бироқ мени чақиришларига ишончим комил эмасди. Улар менга телефон қилиб, суҳбатга таклиф этишганида, жуда қувондим. Суҳбатлардан ўтдим. Тошкент шаҳрида ташкил этилган немис тили курсида ўқидим. Тил ўрганишга иштиёқим баланд эди, 9 ойда сертификат олдим.

Германияга келгач, клиникага ишга жойлашдим. Бугун мен ҳам бу ердаги ҳамкасбларим қатори Европада тан олинган ҳамшираман. Бу йўлни босиб ўтишимга давлатимиздаги имкониятлар сабаб, деб биламан. Агентлик ходимлари тушкунликка тушган пайтларимиз мотивация берди. Ҳозиргача маслаҳат олиш керак бўлса, ёрдамини аяшмайди. Батафсил жавоб беришади. Улардан миннатдорман.

Тил билиш жуда муҳим. Немис ҳамшираларидан нима талаб қилинса, биздан ҳам шу талаб этилади. Немис тилида ҳужжат юрита оламиз. Тушунтиришса, тушунамиз. Қўл қўйиш керак бўлса, тушуниб қўл қўямиз. Тил билиш ҳимоя эканини шу ерга келиб англадим. Немис халқининг бизга муносабати яхши. Ўз касбини севган инсон ҳамиша эҳтиромга лойиқ бўлади. Касбимга муҳаббат туфайли бу ерда ҳам эътибор қозоняпман. Энг аввало, ортимда Ватаним турганини чуқур ҳис қиламан. Ўзбекистонлик ҳамширалар малакали эканини дунё билишини истайман.

Менда ҳозир B2 даража тил сертификати бор. Бу ўз йўлига, мен тилни яхши ўрганиш, кундалик мулоқотда муаммоларга дуч келмаслик учун ишдан бўш вақтимда тинимсиз тил ўрганаман. Жуда кўп мулоқот қиламан.

Ҳозирги кунда ўзбекистонлик дугонам билан тураман. Бу ерга келганимизга кўп бўлмади, бироқ мослашишга улгурдик. Оиламизни ҳам олиб келиш учун Германия элчихонасига мурожаат қилганмиз. Ҳужжатларни йиғяпмиз. Турар жойимиз, ишимиз, пропискамиз бор. Энг асосийси, тилни яхши ўзлаштириб олдик. Лойиҳага келганимда уч сўзнигина билганман. Уларни ҳам тўғри талаффуз қила олмасдим. Ака-ука Гримм эртаклари билан болалигим ўтган. Шундан Германияга боришни орзу қилардим.

Шундай дақиқалар бўладики, Ватанимни соғиниб, ўзимни қўйишга жой тополмай қоламан. Яқинда супермаркетда қовун кўриб қолдим. “Ursprünglich Uzbekistan” деб ёзилган экан. Кўз ёшларимни тия олмадим. Четда юрган одамга “Ўзбекистон” сўзини кўриш қанчалар бахт! Дарҳол сотиб олдим, тўйиб-тўйиб ҳидладим. Ишонасизми, умримда биринчи марта қовунни шундай маза қилиб ейишим...

Ҳафта давомида 40 соат ишлаймиз: душанбадан жумагача – ҳар куни 8 соат. Шанба ва якшанба кунлари дам оламиз. Ишимиз қийин эмас, Ўзбекистонда қандай вазифани бажарган бўлсак, бу ерда ҳам шу ишни қиламиз. Фақат бу ерда дори-дармондан кўра, беморларни мулоқот билан даволашга катта аҳамият берилар экан.

Ёшлик – имконият

Германияда фаолият юритаётган ҳамширалар орасида ёшлар борлиги қувонарли. Рушана Абзалова 1995 йили Сурхондарё вилоятида туғилган. Ҳарбий ва ҳамшира фарзанди, оиладаги муҳит уни тартибли ҳамшира сифатида шакллантирди. Ёш бўлишига қарамай, ишининг устаси, немис тилини ҳам қисқа фурсатда ўзлаштириб олди. У айни пайтда Германиянинг “Асклипос” клиникасида ишламоқда.

– Отам ҳарбий соҳада ишлагани боис турли жойларда яшашимизга тўғри келган. Бир муҳитдан бошқа муҳитга тез мослашаман, қийинчиликларни осон енгаман. Тошкентдаги тиббиёт коллежида таҳсил олдим. Оғир-босиқ бўлганман. Доим четда ўтириб бошқаларни кузатишни яхши кўрардим. Мулоқотга кириша олмаганман.

Бир танишим Германияга ҳамшираларни юбориш ҳақидаги дастурни айтиб қолди. Кўрсатилган почтага резьюме юбордим. Мактабда инглиз тилини ўрганганман. Рус тилида бемалол мулоқот қила оламан. Оиладаги муҳит туфайли немис тилини ҳам бироз ўрганганман. Бироқ қийин тил бўлгани туфайли ташлаб кетганман. Лойиҳага келгач, махсус дарслардан ташқари YouTubeдан ҳам мустақил тил ўргана бошладим. Мавзулар қийинлиги учун қўшимча дарс қилиш талаб этиларди. Сўзлар ёдладим, луғатимни бойитдим. Бу ерга келгач, мулоқот қилишни ўргандим.

Ўзбекистонда Президент Администрацияси ҳузуридаги Тиббиёт бош бошқармасининг 2-марказий консультатив диагностика поликлиникасида ишлаганман. У ерда тўплаган тажрибам қўл келди.

Бу ерда ҳам шароит жуда яхши. Вазифам – кексаларга қараш. Ўзига яраша қийинчиликлари ҳам бўлади, лекин кўпчилик меҳрибон. Жуда яхши муносабатда бўлишади. Куним уларнинг қон босими ва пульсини ўлчаш билан бошланади. Ўз вақтида дориларини ичириш, овқат тарқатиш, биргаликда сайр қилиш – завқли.

Оилам Ўзбекистонда, уларсиз, табиийки, қийналаман. Онамнинг овқатларини қўмсайман. Бошида бекор келдимми, дея кўп ўйладим. Бироқ мусофир бўлмагунча мусулмон бўлмас, дейишади. Ёшлик аслида – имконият. Аста-секин кўникдим. Бу имкониятдан унумли фойдаланишга бел боғладим. Ўз устимда ишлаб, олий маълумот олишни мақсад қилганман. Ортимизда ҳолимизни сўраб турувчи, қўллаб-қувватловчи давлатимиз бор. Бизга ишонч билдирилдими, бу ишончни оқлашга ҳаракат қиламиз.

* * *

Биз хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган юртдошларимиз учун яратилган имконият ва имтиёзлар, бунинг самарасида Германияда иш бошлаган ўзбекистонлик ҳамширалар ва уларга яратилаётган шарт-шароитлар ҳақида қисқача тўхталдик.

Бу борадаги ишлар тизимли давом этади. Боиси, айни кунларда жамоатчилик муҳокамасига қўйилган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳасида ҳам меҳнат мигрантларига доир мақсадлар ўрин олган. Булар ишга жойлаштириш бўйича хорижий томон билан келишувлар сонини ошириш, фуқароларни хорижий ҳамкорлар билан биргаликда давлат-хусусий шериклик шартлари асосида касб-ҳунарга ва чет тилларга ўқитиш тизимини кенгайтириш, меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахсларни реинтеграция қилиш, шу жумладан, бандлигини таъминлаш, касбий малакасини ошириш ва тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантириш, ноқонуний ташқи меҳнат миграцияси ва одам савдосига қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш каби жиҳатларда ўз аксини топиши кутилмоқда.

Башорат ЮНУСОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири