Ўзбекистон минтақа мусаффолиги учун қайғуради
Бевосита Сеул саммити тафсилотларига ўтишдан олдин, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош минбаридаги қатор ташаббуслари халқаро ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватланганини алоҳида мамнуният билан тилга олишни жоиз, деб биламиз.
Бу Марказий Осиёда дўстона муҳитни шакллантириш, Афғонистонда барқарор муҳитни яратиш, шу орқали минтақа давлатларида хавфсиз, осойишта ҳаётни таъминлаш, пандемия шароитида савдо-иқтисодий, транспорт-логистика, туризм ва бошқа кўплаб соҳаларда халқаро муносабатларни йўлга қўйиш, янги транспорт йўлакларини очиш, камбағалликни тугатиш, ёшлар сиёсати борасида Ўзбекистон етакчисининг илғор ғоялари, ташаббуслари қўллаб-қувватланганида ўз аксини топади.
Албатта, буларнинг ҳар бири алоҳида муҳим мавзу. Шу боис, биз мавриди келганда, Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида яқинда Оролбўйини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш тўғрисида БМТнинг махсус резолюцияси қабул қилинганини алоҳида мамнуният билан қайд этмоқчимиз.
Мазкур резолюциянинг минтақавий аҳамияти ҳақида қисқача айтадиган бўлсак, кўз олдимизда қуйидаги манзара жонланади.
Оролнинг чекиниши минтақада таҳликали вазиятни юзага келтирди. Иқлимнинг салбий ўзгаришлари экологияга, иқтисодиётга, ижтимоий ҳаётга, МДҲ давлатлари ўртасидаги савдо алоқаларига жиддий путур етказди.
Кейинги 3-4 йилда Ўзбекистон етакчиси Шавкат Мирзиёев ана шу глобал муаммога узоқни кўзлаб, ғоят тўғри, илмий асосланган йўл билан ёндашиб ҳал қилишга киришгани бугун барчанинг кўз ўнгида намоён. Минглаб гектар майдонда саксовулзор, ўрмонлар ташкил қилинмоқда, Оролбўйидаги ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти қайта тикланяпти. Ҳудудга инвестиция киритиш, инновацион ғояларни татбиқ этиш борасида ҳам катта ишлар қилинди.
БМТнинг махсус резолюцияси эса бу борадаги саъй-ҳаракатларга халқаро академик доираларни, илмий тадқиқотчиларни жалб қилиш имконини беради. Таъбир жоиз бўлса, эндиликда Оролбўйи минтақаси дунёни экохавфлардан сақлаш, нафақат сақлаш, балки бундай таҳликали шароитда қандай йўл тутиш, экологик инновацияларни қандай қўллаш ва замонавий технологиялар асосида вазиятдан унумли фойдаланиш борасида катта тажриба майдонига айланади.
Муҳим жиҳатларидан яна бири — инсон ва табиат ўртасидаги мувозанатни сақлаш, табиий атроф-муҳитга тўғри ёндашувни шакллантириш йўлида дунё халқларини огоҳликка чорлаб туради.
Огоҳлик қўнғироғи
Давлатимиз раҳбарининг Сеул шаҳрида ўтган “Яшил ўсиш ва глобал мақсадлар учун ҳамкорлик — 2030” иккинчи халқаро саммитидаги нутқи халқаро ҳамжамиятни яна бир бор она табиатга буюк меҳр, жуда эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш, табиий бойликлардан унумли, асраб-авайлаб фойдаланишга чорлади, дейишга асосларимиз бор.
Президент нутқидан: “Бугунги кунда “яшил тараққиёт” борасидаги мақсадларга эришиш учун мамлакатларнинг ҳаракатлари янада фаол ва самарали бўлиши кераклигига ҳеч ким шубҳа қилмаяпти. Бошқа чорамиз ҳам йўқ”.
Шу кунларда, ҳали май ойиданоқ ҳаво ҳарорати юқорилаб бораётганига ўзимиз гувоҳмиз.
Бунга сабаб нима? Инсоннинг табиатга нисбатан шафқатсиз муомаласи.
Натижада биохилма-хиллик қисқариб боряпти. Бу дарёлар суви камайиши, сув ҳавзалари қуриши, ўрмонлар йўқолиб кетишига олиб келади.
Табиийлик чекинмоқда. Буғланиш даражасини оширадиган газларга, атмосферанинг ифлосланишига эътиборсиз бўлиб қолдик. Бу ҳам кўплаб янги ва жиддий муаммоларни келтириб чиқаради: буғланиш даражаси пасаяди, ўсимлик ва ҳайвонот олами зарар кўради. Шу тариқа инсон ва табиат ўртасидаги азалий мувозанат бузилади.
Шу боис, Шавкат Мирзиёев “яшил тараққиёт” борасидаги мақсадларга эришиш учун мамлакатларнинг ҳаракатлари янада фаол ва самарали бўлиши кераклигига эътибор қаратгани ҳеч кимни беэътибор қолдирмади.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, бугунги кунда она табиатнинг ўзи бизга йўллаётган огоҳлик қўнғироғига бепарво бўлмаслигимиз керак.
Президент нутқидаги муҳим йўналишлар:
Биринчидан, “яшил технологиялар”ни кенг жорий этиш ҳисобидан Орол денгизи ҳалокатининг глобал оқибатларини бартараф этиш.
Бу ташаббусни халқаро ҳамжамият юқори баҳолади.
Таъбир жоиз бўлса, давлатимиз раҳбарининг бу ташаббуси Орол фожиасининг глобал оқибатларини бартараф этиш бўйича навбатдаги муҳим қадам бўлди.
Таъкидлаш жоизки, узоқ йиллар Орол денгизи суви тортилишининг салбий оқибатлари ҳақида кўп гапирилди, халқаро ҳужжатлар, молиявий манбалар жалб этилди. Лекин биронтасининг амалий натижаси кўринмади, ҳудуд аҳолиси ижобий манзараларни сезмади.
Такрор бўлса-да айтамиз, кейинги 3-4 йилда Оролбўйи минтақасида кўп ижобий ишлар бўлдики, бугун ҳаракатлар самараси ҳамманинг кўз олдида намоён.
Бу ишларнинг мантиқий давоми сифатида Шавкат Мирзиёевнинг БМТ қошида тузилган махсус Траст фонди ҳамда P4G доирасида фаол ҳамкорликни йўлга қўйиш таклифи Сеул саммитининг муҳим ютуғи бўлиши шубҳасиз.
Иккинчидан, “яшил энергетика”ни ривожлантириш орқали углерод ёқилғисига боғлиқликдан қутулиш.
Маълумки, Ўзбекистонда қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш бўйича йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Айтайлик, мамлакатимизда умумий қуввати 1 ГВт. бўлган қуёш электр станцияларини қуриш миллий дастури муваффақиятли амалга оширилмоқда. Шунингдек, яқинда умумий қуввати 440 МВт. бўлган қуёш электр станцияларини қуриш бўйича ҳам танлов ғолиблари аниқланди.
Бу ва бошқа лойиҳаларнинг ҳаётга татбиғи яқин ўн йилда мамлакатимизда қайта тикланадиган энергия манбалари улушини уч баробар кўпайтириш имконини беради.
Шу мисолларнинг ўзиёқ Ўзбекистонда “яшил энергетика”дан унумли фойдаланиш борасида жиддий қадамлар қўйилаётганидан далолат.
Албатта, бу борадаги ишларни кенг қамров билан ташкил этиш давлатлараро ҳамкорликда ташкил этилса, нур устига нур бўлади. Шу нуқтаи назардан, Шавкат Мирзиёев саммитда яна бир муҳим таклифини билдирди.
Президент нутқидан: “Келгуси йили Ўзбекистонда “Ривожланаётган мамлакатлар учун яшил энергетика” мавзусида халқаро конференция ўтказишга тайёрмиз”.
Бу конференциянинг аҳамияти ҳақида гапирганда Жанубий Корея Халқаро иқтисодий сиёсат институти президенти Ким Хин Чоннинг куни кеча билдирган эътирофи етарли, деб ўйлаймиз: “Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йилда Ўзбекистонда “Ривожланаётган мамлакатлар учун яшил энергетика” мавзусида халқаро конференция ўтказиш ташаббуси халқаро ҳамжамият томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланди, деб ўйлайман. Зеро, “яшил” энергия мамлакатларда турли лойиҳаларни илгари суриш учун муҳим аҳамиятга эга”.
Учинчидан, “яшил иқтисодиёт”ни барпо этишда ёшларни фаол жалб қилиш бўйича Махсус дастурни амалга оширишга киришиш.
Бу таклиф ҳам ғоят сермазмунлиги билан ажралиб туради.
Президентимиз таъбири билан айтганда, “яшил иқтисодиёт”ни барпо этишга ёшларни фаол жалб этиш “яшил”, яъни экологик тоза маҳсулотларни истеъмол қилиш маданиятини шакллантиришга катта имконият яратади.
Ривожланган мамлакатлар тажрибасидан маълумки, бугун дунёда табиий озиқланган, экологик тоза ва хавфсиз маҳсулотларга талаб ортиб бормоқда. Масалан, Германияда фақатгина табиий маҳсулотлар етиштиришга ихтисослашган фермер хўжаликларини кўплаб учратиш мумкин.
Бизнинг минтақада экологик тоза маҳсулотларни етиштириш учун қулай иқлим ва етарли шароитлар борлигини инобатга олганда, ёшларни “яшил иқтисодиёт” билими билан тарбиялаш келажак авлодлар саломатлиги учун қанчалик муҳим аҳамиятга эгалигини англаш мушкул эмас.
Тўртинчидан, молия сектори ва инвесторларнинг “яшил технологиялар”га тобора ортиб бораётган ишончини рағбатлантириш ниятида яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш.
Айтиш мумкинки, иқтисодиёт инвесторларни, инвесторлар эса ишончли, қулай ва тоза муҳитни олқишлайди.
Шу нуқтаи назардан ёндашганда, “яшил технологиялар” мамлакати инновацион услубларни ўзлаштирган инвесторлар учун шубҳасиз жозибадор ҳудуд саналади.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон P4G йўналишидаги шерикликка қўшилиш ва унинг тўлақонли иштирокчисига айланишига тайёрлигини билдирди. Бу ташаббус ҳам яқин келажакдаги истиқболли йўналишларни белгилаб бериши билан аҳамиятли.
Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон етакчисининг Сеул шаҳрида ўтган “Яшил ўсиш ва глобал мақсадлар учун ҳамкорлик — 2030” иккинчи халқаро саммитидаги иштироки ва нутқининг мукаммал изоҳи бор. Яъни Ўзбекистоннинг халқаро экологик платформаларда фаол иштирокини янада кенгайтиради. Шу орқали минтақада экологик барқарорликни таъминлаш, мамлакатга инвестициялар оқимини кенгайтириш, энг муҳими, халқларимизнинг табиат билан уйғун яшаши учун замин яратади.
Содиқ САФОЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари