2021 йил 22 февралда Ўзбекистон ҳамжамияти давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг 46-сессиясида нутқ сўзлади. Мазкур нутқни тарихий деб аташ учун 3 та муҳим асосни келтириб ўтиш мумкин:
Биринчидан, давлатимиз раҳбари мамлакатимизнинг инсон ҳуқуқлapи соҳасидаги энг устувор йўналишларни ўзбек тилида илгари сурди.
Иккинчидан, мамлакатимиз тарихда биринчи марта БМТ тизимидаги энг нуфузли ҳукуматлараро органлардан бири — Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг тўла ҳуқуқли аъзоси сифатида иштирок этди.
Учинчидан, давлатимиз раҳбари томонидан халқаро ҳуқуқ норма ижодкорлиги соҳасида илгари сурилган таклифлари Ўзбекистонни Осиёдаги “демократик альянс” етакчиларидан бирига айлантирмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг бу сафарги таклиф ва ташаббуслари ҳам ҳазрати Инсонни қадрлаш, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқларини олий қадрият сифатида таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Президентимиз томонидан илгари сурган 7 та устувор йўналишдан 5 таси бевосита инсон ва фуқароларнинг ижтимоий ҳимояси билан боғлиқлиги яна бир бор юқоридаги фикрларни тасдиқлаб турибди.
Айниқса, Ўзбекистоннинг имконияти чекланган шахсларнинг ўз қобилиятини тўла рўёбга чиқариш бўйича ташаббуслари барча ватандошларимизни қувонтирди. Чунончи, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, уларнинг жамиятда ўз ўрнини топишига давлат ва фуқаролик жамияти институтлари ташаббусларини бирлаштириш ҳамда бу ишларда минтақавий ҳамкорликни таъминлаш Янги Ўзбекистонда “ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмаслик” тамойилининг амалий ифодаси ҳисобланади.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бутун дунёда 1 миллиардга яқин ногиронлиги бор шахслар мавжуд бўлса, юртимизда ушбу шахсларнинг нуфуси 670 мингдан зиёдни ташкил этмоқда.
Ён қўшнимиз Қозоғистонда сўнгги беш йилда ногиронлиги бўлган шахслар сони 7,5 фоизга ошган ва бугунги кунда уларнинг сони қарийб 674 мингдан ошади. Тожикистонда ҳам бугунги кунда 150 мингдан ортиқ жисмоний имконияти чекланган шахслар мавжуд.
Яна бир муҳим жиҳат ногиронлиги бўлган шахслар COVID-19 пандемияси шароитидан энг кўп жабр кўрди. Бутун дунёда ёлғиз яшовчи ногиронлиги бўлган шахслар қатъий карантин тадбирлари даврида турли муаммоларга дучор бўлганлиги сир эмас.
Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича янги босқич
Ногиронлиги бор шахсларни манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш, ушбу соҳада тиббий-ижтимоий ёрдамнинг барқарор тизимини яратиш ишлари жадал давом этмоқда.
Коронокризис айниқса ушбу шахсларнинг моддий, ижтимоий аҳволини оғирлаштиргани бор гап. Юртимизда шундай шароитда алоҳида эътибор ва ғамхўрликка муҳтож бўлган ушбу шахсларни ёлғиз қолдирмасдан, манзилли ижтимоий ҳимоя нафақат давлат томонидан, балки фуқаролик жамияти институтлари, кўнгиллилар ва саҳоватпеша инсонлар томонидан амалга оширилаётганлигини алоҳида эътироф этиш лозим.
2020 йил 15 октябрь санасида давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган ва жорий йил 16 январда кучга кирган “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш соҳасини комплекс ҳуқуқий тартибга солишга қаратилгани ҳамда ушбу шахсларнинг ижтимоий ҳимоя қилишга оид бошланган кенг қамровли давлат сиёсатининг мантиқий давоми бўлди.
Аввало, ушбу қонунда “ногиронлиги бўлган шахс” тушунчасига берилган таъриф эътиборга молик эканлигини қайд этиш зарур. Мазкур тушунчадан англашиладики, бу борада давлат сиёсатининг асосий мақсади ушбу шахсларнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ҳаётда бошқалар билан бирга тенг тўлиқ ва самарали иштирок этиши учун шарт-шароитлар яратишга қаратилган.
Мазкур тушунча БМТнинг ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси ва бошқа бир қатор халқаро стандартларга мос ҳолда киритилган. Бундан ташқари, “протез-ортопедия буюмлари”, “абилитация”, “сурдотаржима”, “сурдотехник воситалар”, “тифлотехник воситалар” каби янги тушунчалар қонуннинг амалий аҳамиятини янада оширади.
Дарҳақиқат, 14 йил аввал қабул қилинган қонунда ушбу инсонларнинг жамиятга фаол интеграциялашувини етарли даражада ҳуқуқий асослантиришда муаммолар кузатилаётган эди. 2021 йил 16 январдан кучга кирадиган “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунида қўлланилган “ногирон” тушунчаси ногиронлиги бор шахсларнинг ҳуқуқларини чеклаган десак янглишмаймиз. Боиси, шахслар ногирон бўлмайди, балки ногиронлиги бор шахслар бўлиши мумкин.
Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлашнинг асосий принциплари давлат томонидан кафолатланган иқтисодий, ижтимоий ва ҳуқуқий чора-тадбирлар тизимининг асосий қоидаларини белгилайди. Жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан ҳар қандай ажратиб қўйиш, истисно этиш, четлатиш, чеклаш ёки афзал кўриш, шунингдек ногиронлиги бўлган шахсларнинг объектлар ва хизматлардан фойдаланиши учун шарт-шароитлар яратишни рад этиш тақиқланиши ногиронлик белгисига кўра камситилишга йўл қўймаслик принципини англатади.
Қайд этиш лозимки, ногиронлиги бор шахсларнинг барча билан тенг имкониятларга эга бўлиши кундалик ҳаётда дуч келадиган кўплаб шарт-шароитлар билан боғлиқ. Тасаввур қилайлик, ҳар куни дуч келадиган жамоат транспортларида эшитишида нуқсонлари мавжуд ногиронлиги бўлган шахс ахборот таблолари ёҳуд кўзи ожизлар учун зарур маълумотларни овозли эълон қилиш тартиби жорий қилиниши ушбу шахсларнинг ўз манзилларига қийналмай етиб олишига замин яратади.
Шунингдек, ушбу шахсларнинг ортиқча оворагарчилигини олдини олиш мақсадида айрим хизматлардан фойдаланишда ҳам муайян ҳуқуқлар белгиланмоқда. Хусусан, қонун кучга киргандан сўнг бундай инсонлар ижтимоий ва бошқа турдаги хизматлардан фойдаланишда давлат органларига яшаш жойидан қатъи назар мурожаат қилиши мумкин бўлади.
Шунингдек, қонун билан ногиронлиги бор шахснинг хусусиятларидан келиб чиқиб, муайян яшаш шароитларига эга бўлиш ҳуқуқи таъминланиши белгиланди. Масалан, жисмоний нуқсонлари бор шахсга юқори қаватлардан эмас, балки қулай қаватдан уй-жой берилиши мақсадга мувофиқ. Шу билан бирга уй-жой, имтиёзли ипотека кредитларини олишда уларга устунлик берилиши алоҳида белгиланган.
Яна бир муҳим жиҳат, ушбу шахсларнинг давлат органларига мурожаат қилишда имо-ишора тилини эътироф этиш, сурдотаржима хизматларини кўрсатиш ва факсимил имзодан фойдаланиш каби зарур шарт-шароитлар яратишнинг белгиланиши давлат органларининг халққа хизмат қилинишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Ногиронликни белгилаш, ногиронликни қайта-қайта тасдиқлаш каби муаммолар ногиронлиги бўлган шахслар тиббий-ижтимоий ҳимоясига салбий таъсир кўрсатиб, ушбу шахсларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда эди. Тасаввур қилинг, жисмоний имконияти чекланган шахс даволаниш эҳтиёжи бўлмасада тиббий меҳнат экспертизаси комиссияларига асословчи ҳужжат топшириш мақсадида муайян муддатларда касалхоналарда даволанишга мажбур эди. Эндиликда ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, тиббиёт ташкилотлари ногиронлиги белгилари аниқ кўриниб турган шахсларни клиник-функционал маълумотларни олишга доир қўшимча текширувларни ўтказмасдан туриб, тиббий-ижтимоий экспертизага юборишга ҳақли эканлиги белгиланди.
Алоҳида қайд этиш лозимки, тиббий-ижтимоий эксперт комиссияси фаолиятида очиқлик, шаффофлик ва қонунийликни таъминлаш мақсадида унинг мажлисларида маҳаллий меҳнат органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, касаба уюшмаларининг, суғурта ташкилотларининг ва бошқа ташкилотларнинг вакилларидан ташқари ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари вакиллари иштирок этиши мумкинлиги белгиланган. Бу эса ўз ўрнида, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини жамоатчилик назоратининг таъсирчан воситалари орқали амалг ошириш имконини беради.
Ногиронлиги бўлган шахсларнинг меҳнат ҳуқуқлари ҳақида сўз кетганда, қонун билан иш берувчининг айби билан меҳнатда майиб бўлган ёки касб касаллигига чалинган ушбу шахслар тиббий кўрсатмаларга биноан иш берувчининг маблағлари ҳисобидан реабилитация қилишнинг техник ва махсус транспорт воситалари билан таъминланиши белгиланганлигини алоҳида эътироф этиш жоиз. Албатта, ногиронликка чалинишни ҳеч қандай реабилитация билан компенсация қилиб бўлмайди, лекин мазкур мажбурият иш берувчиларнинг ходимларга муносиб меҳнат шароитларини яратиб бериш мажбуриятини бажармаслиги натижасида юзага келиши мумкин бўлган айрим нохуш ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилиши аниқ.
Шунингдек, ишга қабул қилиш ёҳуд хизмат пиллапояларидан кўтарилиши каби меҳнат муносабатларининг барча босқичларида ногиронлик белгисига кўра камситиш тақиқланиши, бундай шахсларни тунги вақтда ишга, шунингдек ишдан ташқари вақтдаги ишларга ва дам олиш кунлари ишга жалб этишга йўл қўйилмаслиги ҳамда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ишловчи шахсларга нисбатан қисқартирилган иш вақти давомийлиги белгиланиши ногиронлиги бўлган шахсларга янгича бағишлайди, десам муболаға бўлмайди.
Ногиронлиги бўлган шахсларнинг давлат ва жамият ҳаётида доимо керакли ҳис қилишида уларнинг таълим олиш ҳуқуқини кафолатлаш муҳим аҳамият касб этади. Шу сабабли, давлат ушбу шахсларнинг инклюзив таълимини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратади.
Бу борада ногиронлиги бўлган болаларни таълим муассасаларида ўқитишнинг вақтинча имкони бўлмаса уйда ўқитилишини таъминлаш чоралари ҳам кўрилади. Умуман олганда ушбу шахсларнинг таълим олиши жуда эгилувчан ўқитиш йўллари билан амалга оширилади. Унга экстернат шаклида, уйда, махсус гуруҳларда, якка тартибда ёки масофавий тартибда амалга оширилади. Мазкур ўқитиш йўлларини танлаш ҳар бир ногиронлиги бор шахснинг индивидиуал хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда масъул мутахассислар томонидан белгиланади.
Ўзбекистон имконияти чекланган шахсларнинг ўз қобилиятини тўла рўёбга чиқаришда минтақавий ҳамкорлик зарур деб ҳисоблайди
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг 46-сессиясида алоҳида эҳтиёжга эга бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш масаласини мамлакатимизда янги Ўзбекистонни бунёд этишга қаратилган демократик ислоҳотларимизнинг муҳим устувор йўналиши сифатида белгилаб бергани ҳам бежиз эмас.
Давлат ва жамият ногиронлиги бор шахснинг нуқсонининг хусусиятига кўра, давлат ва жамият уни ҳаёт фаолиятига доир чекловларни енгиб ўтиш, уларнинг ўрнини қоплаш (компенсация қилиш), бошқача айтганда ҳаётда ўзини тўлиқ намоён этиши учун шарт-шароит яратиши, Президентимиз таъбири билан айтганда, “ша ҳаётдан рози бўлиб яшаши”га эришишимиз лозим.
Давлатимиз раҳбарининг имконияти чекланган шахсларнинг ўз қобилиятини тўла рўёбга чиқариш масалалари бўйича Минтақавий кенгаш тузиш ташаббуси юртимизнинг демократик ислоҳотларни амалга оширишга оид халқаро ташаббуслари минтақа тараққиётига хизмат қилаётганига яна бир амин бўлмоқдамиз.
Мазкур ташаббусни қуйидаги муҳим жиҳатларига эътибор қаратиш мумкин:
Биринчидан, Марказий Осиёда имконияти чекланган шахсларнинг ўз қобилиятини тўла рўёбга чиқаришда минтақавий ҳамкорлик илмий ҳамжамият, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ўртасида мунтазам алоқа ўрнатишни даврнинг ўзи талаб қилаётган эди. Бугунги кунда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Инсон ҳуқуқлари йўлида ҳаракатга даъват” тамойили минтақа давлатларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш муҳим ҳисобланади.
Иккинчидан, минтақада яшовчи аҳолининг генофондини сақлаш, аҳолининг экологик маданиятини ошириш, трансчегаравий экологик муаммоларни ҳал қилишда давлатлараро ўзаро келишув ва ҳамкорлик ҳар қачонгидан муҳим.
Учинчидан, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган имконияти чекланган шахсларнинг ўз қобилиятини тўла рўёбга чиқариш масалалари бўйича Минтақавий кенгаш тузилмаси тимсолида бугунги кунда Марказий Осиёда ногиронлиги бўлган шахслар сонини ортиши тенденциясини тиббий-илмий, ҳуқуқий ва сиёсий нуқтаи назардан тадқиқ этиш ва амалий чораларни кўриш механизмини ишлаб чиқиш муҳим аҳамиятга эгалигини айтиб ўтиш лозим.
Хулоса
Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган мазкур таклиф ва ташаббуслар нафақат Ўзбекистонда, балки минтақада ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва олий қадрият ҳисобланган инсон ва унинг ҳуқуқлари, манфаатлари муҳофазасини кучайтиришга муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, “Ҳеч ким ҳеч қачон унутмаслиги керак: қанчалик қийин бўлмасин, қанча маблағ ва имконият талаб этилмасин, Ўзбекистоннинг биронта фуқароси ўз ҳолига ташлаб қўйилмайди”.
Бекзод НАРИМАНОВ,
Тошкент давлат юридик университети Конституциявий ҳуқуқ кафедраси доценти в.б.
Юридик фанлари бўйича фалсафа доктори