Сессияда депутатлар билан бирга туман сектор раҳбарлари, ҳоким ўринбосарлари, ташкилотлар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари ва жамоат ташкилотлари вакиллари таклиф этилди.

Шунингдек, сессия ишида туманнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига бефарқ бўлмаган фуқароларнинг иштирок этиши учун имконият яратилди.

Туман ҳокими М.Ҳамдамов Пахтачи туманини 2020-2021 йилларда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш орқали «қизил» ҳудуддан чиқариш юзасидан ҳисобот берди.

Рейтинг кўрсаткичларига кўра, туман 2019 йил якунлари бўйича ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражаси 13,27 бални ташкил этиб, Самарқанддаги шаҳар ва туманлар орасида энг охирги ўринни эгаллаган.

Пахтачи тумани нега «қониқарсиз» ҳудудга тушиб қолди?

Биринчидан, 2019 йилда виртуал ва халқ қабулхоналари орқали келиб тушган такрорий мурожаатлар сони 397 тага етган. Бу ҳудудда истиқомат қилувчи ҳар минг кишидан 3 нафари мурожаат қилди дегани. Вилоятда энг охирги ўринда.

Иккинчидан, иқтисодий фаол аҳоли сони 59 минг нафарни ташкил этиб, ҳисобот даврида бу кўрсаткич 53 минг нафарни ташкил этган. Иқтисодий фаол аҳолига нисбатан 90,4 фоиз билан вилоятда 15-ўринда.

Учинчидан, хотин-қизларнинг бандлик даражаси 85,5 фоизни ташкил қилиб, вилоятда 13-ўринда.

Тўртинчидан, 2019 йилда ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотлари 201,0 млрд. сўм бўлиб, ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотини 5 млрд. сўми экспортга йўналтирилган. Бу эса ўз навбатида ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотларининг 2,3 фоизини ташкил этган.

Бешинчидан, 2019 йилда истеъмол товарлар ишлаб чиқариш ҳажми
148,3 млрд. сўм бўлиб, аҳоли жон бошига 1023,0 минг сўмни ташкил этган. Бу кўрсаткич бўйича вилоятда 15-ўринда.

Олтинчидан, 2019 йилда туманда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилиши 8,2 млрд. сўмни ташкил этиб, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг умумий инвестициядаги улуши 3,1 фоизини ташкил этган.

Еттинчидан, 2019 йилда марказлашмаган инвестиция хажми
243,4 млрд. сўм бўлиб, аҳоли жон бошига ҳисобланганда 1707 минг сўмдан тўғри келган. Бу соҳада ҳам вилоятда 9-ўринда.

Саккизинчидан, 2019 йилда тумандаги қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ерларга сувни тежовчи технологиялар билан таъминланганлик даражаси қониқарсиз аҳволда эканлиги, яъни бу соҳада туманда умуман ишлар амалга оширилмаганлиги натижасида вилоят энг охирги ўринда.

Тўққизинчидан, 2019 йилда экспорт ҳажми 3668,8 минг АҚШ долларини ташкил этиб, аҳоли жон бошига 26,0 АҚШ долларни ташкил этган ҳамда вилоятда 13-ўринда.

Туман ҳокимининг ҳисоботида қайд этишича, жорий йил якунигача туманда қиймати 206,0 млрд. сўмлик 21 та саноат ишлаб чиқариш лойиҳалари ишга туширилади ва ҳудудий саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 109,9 фоизга етади.

Шунингдек, тумандаги 3 та корхонани экспорт фаолиятига жалб этиш эвазига йил якунигача 6060,0 минг АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотларни экспорт қилиш режалаштирилган (ҳозиргача 2905,0 минг АҚШ долларлик экспорт қилинган).
2020 йил якуни билан жами 325,0 млрд. сўмлик инвестициялар ўзлаштирилади ва 80,0 млрд. сўми тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва давлат кафолати остида бўлмаган хорижий кредит маблағлари ҳисобидан ташкил этади.

Туманда аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда саноат ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш мақсадида туманнинг Ш.Қаҳҳоров массивида 20,0 гектар майдонда саноат кластери ташкил этилади.
2020 йил якунига қадар янги ташкил этилган “Ziyovuddin silk” пиллачилик кластери томонидан 400 тонна пиллани қайта ишлаш лойиҳаси амалга оширилади. Натижасида 100 та янги иш ўринлари яратилади ва йилига энг ками 3 млн. долларлик маҳсулотлар экспортга йўналтирилади.

2021 йил 1 июлгача “Paxtachi klaster” МЧЖ томонидан умумий қиймати 50,0 млрд. сўмлик пахта толасидан мато ишлаб чиқариш ва техник чигитни қайта ишлаш лойиҳаси амалга оширилади ва 300 дан ортиқ янги иш ўрни яратилади;
2020-2021 йилларда “SFX GLAS SAMARQAND” МЧЖ томонидан умумий қиймати 412,0 млрд сўмлик кварц қумини қазиб олиш, қумни қайта ишлаш ва импорт ўрнини босувчи ҳамда экспортбоп ойна маҳсулотларни ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга оширилади. Натижада 350 та янги иш ўринлари яратишга эришилади ҳамда 20,0 млн. доллар инвестиция киритилади.

Ҳисоботда туманда ижтимоий соҳадаги муаммо ва камчиликлар ҳам қайд этилиб, уларни бартараф этиш чоралари ҳақида маълумот берилди.
- Пахтачининг «қизил» ҳудуд деб белгилангани учун Президентимиздан, туманимиз халқидан узр сўрайман, - деди М.Ҳамдамов. - Биз тўрт сектор раҳбари туманимизни ушбу вазиятдан чиқариш бўйича зарур чораларни кўрамиз. Бу борада йўл харитаси тузиб олганмиз. Белгиланган вазифаларни бажарсак, 2021-йил якунига қадар Пахтачини «яшил» ҳудудга киритамиз.

Сессия якунлангач туман ҳокими М.Ҳамдамов ва Олий Мажлис Сенати аъзоси Ф.Тошев иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.