Сўнгги йилларда юртимизда таълим тизимини ривожлантириш, ўқитишни жаҳон андозаларига мослаш ва етук малакага эга кадрлар етиштириш бўйича қатор ишлар амалга оширилди.

2022–2026 йилларда мактаб таълимини ривожлантириш бўйича миллий дастурда мактаб ўқувчиларининг билими ва кўникмаларини шакллантириш, уларни миллий ҳамда умуминсоний қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялаш, ўқитувчи касби нуфузини ва педагогларнинг сифат таркибини ошириш, дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни замон талаблари асосида такомиллаштириш, халқ таълими муассасаларининг халқаро стандартларга жавоб берадиган замонавий моделларини барпо этиш мақсади белгиланган. Чирчиқ давлат педагогика университетида “Педагогик таълим инновацион кластери: узлуксиз таълимни ривожлантириш концепцияси” асосида фан, таълим ва ишлаб чиқаришни интеграциялашнинг усул ва йўллари, ўқув муассасалари ҳамкорлигини йўлга қўйиш асослари, таълим тизими ҳамда сифатини бошқаришда кластер моделининг ўрни ва аҳамияти концептуал педагогик муаммо сифатида ўрганилмоқда.

Миллий ўқув дастури асосида таълимни амалга ошириш жараёнида Чирчиқ давлат педагогика университетида бошланғич синф ўқувчилари қобилиятини аниқлаш, ўқувчиларнинг таълим кўникмаларини шакллантириш диагностикаси йўлга қўйилмоқда. Бу таълим олувчига таълим йўналишини тўғри танлаш ва келажагини шу асосда қуриш имконини яратса, таълим берувчи учун эса аниқланган қийинчиликларни бартараф этиш, ўқувчиларнинг ҳам фан соҳасидаги, ҳам шахсий даражадаги муаммоларини аниқлашга ёрдам беради. Таълим дастурини амалга ошириш натижаларини мониторинг қилишда ҳам педагогик диагностика муҳим роль ўйнайди.

Таниқли психолог ҳамда педагогларнинг усул ва тавсияларига асосланиб, университет профессор-ўқитувчилари томонидан махсус диагностик топшириқлар мажмуи ишлаб чиқилган бўлиб, улар асосида Чирчиқ шаҳридаги 13-17-умумтаълим мактабларидан 517 нафар 1-4-синф ўқувчисининг билим ва қобилиятлари текширилди. Текширишда олинган дастлабки натижалар уларнинг иқтидор даражаси анча паст эканини кўрсатди. Жумладан, фикрни мазмунли акс эттириш 7,4 фоиз, муаммоларни умумий тарзда ҳал қилиш қобилияти 30,5 фоиз, яхлит режалаштириш 10,2 фоиз ўқувчиларга қийинчилик туғдиради. Ўқиш жараёнида ижобий динамика қайд этилган, аммо ўқувчиларнинг креативлик даражаси, қидирув характеридаги муаммоларни ҳал қилиш қобилияти етарли даражадан паст бўлиб қолмоқда экан. Шунингдек, 3-4-синф ўқувчиларининг 11,7 фоизи мазмунли мулоҳаза юритишни, 46,1 фоизи фанлардаги муаммоларни ечиш қобилиятини, 28,1 фоизи режалаштиришни намойиш этди.

Айни пайтда университет бошланғич таълим факультетининг илмий фаолияти мазкур статистик натижаларни таҳлил қилиш, муаммоларни аниқлаш, ўқувчилар билимига таъсир қилувчи омилларни белгилаш ва бартараф этиш, бошланғич таълимда саводхонликни яхшилаш юзасидан тадқиқотлар олиб боришга йўналтирилмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 14 апрелдаги “Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институти фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида бошланғич таълимнинг сифат ва самарадорлигини ошириш, бунда ўқувчиларнинг саводхонлик даражасини янада кучайтириш, олий педагогик таълим жараёнида бўлажак бошланғич синф ўқитувчиларини илмий, назарий, методологик ва амалий жиҳатдан кутилган даражада тайёрлаш масаласи белгиланган. Жумладан, 3-4-синф ўқувчилари учун ўқиш ва математик саводхонлик бўйича синфлар ташкил этиш, бошланғич таълимнинг сифат ва самарадорлигини баҳолашда халқаро дастурлар — PISA, PIRLS, TIMSS, STEAM стандартларидан фойдаланиш вазифалари қўйилган. Бу янги педагогик таълим йўналиши бўлиб, унга кўра, 3-4-синф ўқувчилари учун ўқиш ва математика фанлари бўйича янги машғулотлар, дарслар ташкил этиш ва уларга мутахассисларни, олий таълим ўқитувчиларини жалб этиш белгиланган. Бу йўналишда бошланғич таълим факультети Чирчиқ шаҳридаги 13- ва 17-умумий ўрта таълим мактаблари билан илмий ва амалий ҳамкорлик қилади. Шу орқали бошланғич таълим муаммоларини ўз вақтида аниқлаш ва илмий жиҳатдан ҳал этиш бўйича мактаб педагоглари билан мунтазам фикр, тажриба алмашиш тизими шакллантирилган.

Университетда бошланғич таълимдаги муаммоларни аниқлаш, таълим мазмунини яхшилаш мақсадида бошланғич таълим йўналишида таҳсил олаётган талабалар учун “Педагогик диагностика” курси ташкил этилди. Курс касбий фанлар доирасида талабаларнинг диагностик компетенциясини шакллантиришни таъминлашга мўлжалланган. Зеро, ҳозир ўқитувчилар томонидан энг кўп ўрганиладиган тушунчалар “мониторинг” ва “диагностика” бўлиб, диагностика кўпроқ мактаб психологи фаолияти билан боғланмоқда. Ҳозирги глобал дунёда электрон (гоҳида қоғоз) ресурслар орқали, асосан, мактабгача ва ўсмирлик ёшидаги ҳис-туйғулар, хусусиятлар, ақлий жараёнлар ва шахснинг ҳолатини ўрганиш учун кўплаб усуллар мавжуд, аммо бошланғич синф ўқувчиларини ўрганишда диагностика усуллари етарли эмаслиги аён бўлиб қолмоқда.

Диагностикага нафақат психологик ёки таълимий масала сифатида ёндашиш, балки талабаларнинг қобилиятлари ҳамда қизиқишини аниқлаш сифатида ҳам қараш даркор. Шу мақсадда университет бўйича педагогик диагностика ишлари амалга оширилди, яъни 4840 нафар талаба орасида педагогик ва психологик муносабатлар ҳамда касбга йўналтириш юзасидан сўровнома ўтказилди. Натижаларга кўра, талабаларнинг кўпчилик қисми диққатни жамлашга эътибор қаратмаслиги аниқланди. Бу натижанинг шаклланиш сабабини атроф-муҳит билан боғласак муболаға бўлмайди. Чунки бугунги ёшларимиз ҳаётида фаол иштирок этаётган Интернет тармоғи, ижтимоий саҳифалар, телефон ва бошқа электрон қурилмалар диққатни жамлаш кўникмасига жуда катта салбий зарар етказмоқда. Талабалар орасида мантиқий фикрлаш ҳамда фикрини эркин баён этиш кўникмаси бўйича ҳам кўрсаткичлар яхши эмас. Энг асосийси, уларнинг касбга йўналтирилганлик кўрсаткичлари биз учун муҳим маълумотларни тақдим қилди. Унга кўра, 62 фоиз талабалар педагогик фаолиятга, 10 фоизи илмий фаолиятга, 10 фоизи ижодкорликка, 6 фоизи бошқа соҳалар, 7 фоизи тадбиркорлик ва 4 фоизи ишлаб чиқариш фаолиятига қизиқиш билдирган.

Талабаларнинг амалиёт билан узвий алоқасини таъминлаш, университетда олган билимларини таълим муассасаларида амалда қўллаш тизимини яратиш мақсадида дуал таълим шаклига асосланган “4+2” амалиёт дастури қўлланмоқда. Унга кўра, талабалар ўқишнинг илк йилиданоқ ўз қизиқишларига қараб таълимнинг турли соҳаларида малакавий амалиёт дастурини ўтайди. Яъни университетнинг 1-курс талабаси 4 кун университет профессор-ўқитувчиларидан назарий билим олади, 2 кун умумтаълим муассасасига бориб, назарий билимларини амалиётда қўллайди. Ушбу дастур бўлажак педагогларнинг амалий кўникмаларини шакллантириш билан бирга олий таълим ва умумий ўрта таълим дастурларини ўзаро мувофиқлаштириш, назарияни амалиёт билан боғлаш ҳамда университет ва умумтаълим мактаблари педагог кадрлари ўртасида мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатиш имконини бермоқда.

Университетда 2023-2024 ўқув йилидан бошлаб халқаро даражадаги педагог тайёрлаш йўлга қўйилган бўлиб, шу кунгача 15 талаба Кембриж халқаро таълим дастурлари асосида дарс бериладиган фанларни ўқитиш бўйича курсни муваффақиятли тамомлади ҳамда халқаро даражадаги педагог сертификатига эга бўлди.

Шунингдек, диагностика натижасида олинган маълумотлар асосида университетда Педагогик таълим инновацион кластери маркази ташкил этилган. 22 та мактабдаги “Мактаб-лаборатория” ва 3 та боғчадаги “Боғча-лаборатория”ларда 16 лойиҳа амалга оширилмоқда. Айни дамда университетнинг 30 дан ортиқ илмий тадқиқотчиси ушбу лойиҳаларда фаолият олиб бормоқда.

Мактабгача таълим тизимига илғор педагогик технологиялар ва инновациялар ҳамда ахборот технологияларни жорий этиш, малакали педагогик кадрлар тайёрлаш мақсадида “Мактабгача таълим лабораторияси” йўлга қўйилган. Лабораторияда инновацион тажриба майдончаси сифатида университетнинг профессор-ўқитувчилари, талабалар муаммолар ечимига қаратилган илмий лойиҳалар устида ишламоқда.

Талабаларни педагогик касбий фаолиятга тайёрлаш жараёнини тезлаштириш, ижодкорлик кўникмаларини тарбиялаш, шунингдек, кластер ёндашувига асосланган ўқув-амалиёт жараёнида ўқитувчи — талаба — ўқувчи ўртасида “тескари алоқа”ни ўрнатиш, “ўзаро таъсир кучи”ни пайдо қилиш мақсадида Тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн илмий-тадқиқот маркази фаолият кўрсатаётир. Марказ моддий-техник базаси асосида заргарлик ўқув-амалий лабораторияси, ҳайкалтарошлик ўқув хонаси, макет лойиҳаси ўқув ва амалиёт хонаси, ижодий тадқиқот лабораторияси, ёғоч ўймакорлиги ўқув амалиёт хонаси, миниатюра хонаси, композиция, дизайн, амалий санъат ўқув-амалиёт хоналари ишлаб турибди. Шунингдек, Тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш ва қўшимча касб-ҳунарга ўқитиш маркази ташкил этилган. Марказда пайвандлаш, токарлик, тикувчилик, дурадгорлик касбларини ўргатиш йўлга қўйилган. “Компетент сервис” ўқув-психологик маркази эса талабаларни касбий амалиётга эрта мослаштириш, касбий компетентлик мобиллигини таъминлаш ҳамда Тошкент вилояти (Чирчиқ шаҳри) аҳолисига психология, педагогика ва инклюзив таълим йўналишларида амалий (ижтимоий) ёрдам кўрсатишга хизмат қилмоқда. Марказ фаолияти доирасида логопедия, инклюзив таълим, дефектология ҳамда ақлий ривожланишда нуқсони бор болалар билан ишланяпти.

Информатика кафедраси ҳузурида ташкил этилган IT марказда резидентлар видео-фотомонтаж, полиграфия, медиа, SMM соҳаларида фаолият юритмоқда. Шунингдек, бу ерда математика ҳамда C++ дастурлаш тили бўйича ўқув курслари очилган.

Табиий фанлар факультети ўқув базасида иссиқхона хўжалиги ва тадбиркорлик ўқув курси йўлга қўйилиши ортидан талабалар маҳсулот етиштириш, етиштириладиган маҳсулот номенклатуралари тўғрисида назарий ва амалий ёндашув уйғунлиги таъминланган ҳолда зарур билим ва кўникмаларга эга бўляпти.

Айни пайтда ривожланган мамлакатлар педагогик таълим тизими кадрларнинг кўп профиллилик ҳамда замонга мослашувчанлик қобилиятларига катта эътибор бермоқда. Шунга кўра, замонавий келажак ўқитувчисини тайёрлаш мақсадида Чирчиқ давлат педагогика университетида қўш мутахассислик тизими йўлга қўйилди. Бунда талабаларнинг қизиқиши ва истакларини инобатга олган ҳолда ўқув йили давомида икки йўналиш дастури ўқитилади ва таҳсил олган йўналишлари бўйича қўш дипломга эга бўлади. Бугун университетда мактабгача таълим ва бошланғич таълим йўналишларида қўш мутахассислик дастурлари ишлаб чиқилган. Бу тизим келажакда битирувчиларимизнинг кўп профилли ҳамда рақобатбардош кадр бўлиб етишишига замин яратади.

Таълим тизимини ривожлантиришда унинг барча бўғинларини узвий боғлаш ҳамда тизимдаги камчиликларни аниқлаш ва бартараф этиш муҳим. Педагогик диагностиканинг асосий вазифаси ҳам шундай, яъни таълим олувчиларнинг маълум бир ривожланиш босқичидаги таълим ва тарбия даражалари тўғрисидаги диагностик маълумотларни таҳлил қилиш орқали кейинги жараённи лойиҳалаш учун асосий маълумот бўлиб хизмат қилади.

Икром ТОЖИБОЕВ,

физика-математика фанлари доктори, профессор