Бугун янги Ўзбекистонни бунёд этиш мақсадида барча соҳалар қатори таълим тизимида ҳам туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Президентимиз бундан икки йил аввал Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида “Биз кенг кўламли демократик ўзгаришлар, жумладан, таълим ислоҳотлари орқали Ўзбекистонда янги Уйғониш даври, яъни Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишни ўзимизга асосий мақсад қилиб белгиладик. Бу ҳақда гапирар эканмиз, аввало, Учинчи Ренессанснинг мазмун-моҳиятини ҳар биримиз, бутун жамиятимиз чуқур англаб олиши керак”, деб юртимиз таълим-тарбия соҳасининг стратегик вазифасини белгилаб берган эди.
Ўтган даврда таълим сифатини яхшилаш, устозлар шаъни ва обрўсини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар бажарилди. Айниқса, педагогларнинг самарали меҳнат қилиши учун шароит яратиш, моддий фаровонлигини таъминлашга катта эътибор қаратилмоқда. Бугун ҳар бир профессор-ўқитувчи, мураббий давлатимиз кўрсатаётган эътибор ва ғамхўрликдан миннатдорлик сезмоқда, десак асло муболаға бўлмайди. Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида ҳам тўртинчи устувор йўналиш айнан таълим соҳасини, инсон капиталини ривожлантиришга қаратилгани бунинг ёрқин исботидир.
Таълим ислоҳотлари орқали Ўзбекистонда янги Уйғониш даври учун пойдевор яратиш ўз-ўзидан педагогика соҳасини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб олишни тақозо этади.
Президентимиз таъкидлаганидек, мамлакатимизда “Учинчи Ренессансни йигирманчи асрда маърифатпарвар жадид боболаримиз амалга оширишлари мумкин эди. Нега деганда, бу фидойи ва жонкуяр зотлар бутун умрларини миллий уйғониш ғоясига бағишлаб, ўлкани жаҳолат ва қолоқликдан олиб чиқиш, миллатимизни ғафлат ботқоғидан қутқариш учун бор куч ва имкониятларини сафарбар этдилар. Шу йўлда улар ўзларининг азиз жонларини ҳам қурбон қилдилар”.
Жадидларнинг асосий мақсади “Туркистонни фақат илму маърифатгина ижтимоий-маданий, сиёсий-иқтисодий тангликдан халос этади”, деган ғояни рўёбга чиқаришга қаратилган эди. Шу сабабли улар ўз ғоясини халқ орасида кенг тарғиб қилиш учун она тилида таълим берадиган янги усул мактабларини очган, дарсликлар ёзган, газета-журналлар чоп эттирган, театр труппалари ташкил этган. Лўнда қилиб айтганда, таълим-тарбия соҳасига инновацияларни жорий этиш йўлида жонбозлик кўрсатган.
Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори Абдурашидхоновнинг издоши сифатида Абдулла Авлоний жадид маърифатчилигини юқори босқичга кўтариш, илмий педагогикани миллий таълим-тарбия қонуниятлари ва тамойиллари билан бойитиш, таълимнинг халқчиллиги ва оммавийлигига эришиш каби масалаларга эътибор қаратгани янги Ренессанс педагогикасининг устувор йўналишлари билан ҳамоҳангдир. Абдулла Авлоний 1913 йилда нашр этилган “Туркий Гулистон ёхуд ахлоқ” асарида “Педагогия”, яъни бола тарбиясининг фани демакдир”, деб педагогика фанига ўзбек зиёлилари орасида биринчи бўлиб аниқ ва тўғри таъриф берган.
Педагогика фани жамият томонидан белгиланган талаблар асосида инсон капиталини яратишга хизмат қилади. Бунинг учун эса педагогика фани жамият ривожининг стратегияси ва устувор йўналишларига тўлиқ мос келадиган таълим-тарбия мазмуни, шакл, метод, восита ва технологияларини ишлаб чиқиши ҳамда уни амалга ошириш механизмларини аниқ белгилаб бериши лозим.
2021 йил 28 декабрь куни Президентимиз раислигида мактаб таълимини ривожлантириш, 2022 йил 17 январь куни мактабларда таълим-тарбия сифатини ошириш, ихтисослаштирилган мактаб лар фаолиятини такомиллаштириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишларида белгилаб берилган вазифалар бевосита олий педагогик таълим соҳасида кенг миқёсдаги ўзгаришлар ва янгиланишлар билан ҳамоҳангдир. Мактаб таълимини ривожлантириш, энг аввало, замонавий фикрлайдиган, креатив ва ташаббускор педагог кадрларни тайёрлаш тизимини тубдан ислоҳ қилишни талаб этади. Жумладан:
биринчидан, халқаро тажрибаларни ҳисобга олган ҳолда, педагогика йўналишидаги олий таълим муассасаларида таълим мазмуни ва ўқитиш шаклларига ўзгартиришлар киритиш зарурати мавжуд. Бу ўзгариш 4+2 cхемаси асосида назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлашни тақозо этади. Бўлажак педагоглар ҳафтанинг 4 кунида олий таълим муассасасида педагогика, психология, умумтаълим фанлари бўйича зарурий билимларни ўзлаштирса, 2 кун эгалланган билимларни мактаб амалиётида қўллаш орқали касбий лаёқатга эга бўлишига эришилади. Бунинг учун педагогик таълим йўналишлари ўқув режаларида амалиёт соатлари дуал таълимга қўйиладиган талаблар асосида белгилаб берилиши мақсадга мувофиқ;
иккинчидан, бугунги кунда педагогик таълим соҳасида ҳам кредит-модуль тизими асосида ўқув жараёни давом этмоқда. Бироқ мазкур жараённи ташкил этиш ва амалга оширишда кредитлар тўплаш масаласига катта эътибор қаратган ҳолда, модулли ўқитиш технологиясига устуворлик бериш асосида таълим мазмунини ишлаб чиқиш эътибордан четда қолмоқда. Таълим мазмунини такомиллаштирмасдан эса ўқитиш сифатига эришиб бўлмайди. Бунинг учун кредит-модуль тизимига асосланган таълим мазмуни модулли ёндашув талабларига тўлиқ жавоб бериши лозим. Бошқача айтганда, бирор-бир таълим тизимининг шаклга асосланиб жорий этилиши кўзланган натижани бермайди. Юқорида таъкидлаганимиздек, педагогика таълими соҳасига жорий этилаётган янги тизимга мос равишда ўқитиш мазмуни ҳам тубдан ўзгариши керак. Шу ўринда яна бир жиҳатга эътибор қаратиш лозим. Илғор хорижий тажрибалар кўрсатадики, кредит-модуль тизимига асосланган ўқув режаларида талабаларнинг бир семестр давомида ўқийдиган фан (модул)лари сони 4-5 тадан ошмайди. Педагогика йўналишларининг амалда мавжуд ўқув режаларида эса талабаларнинг бир семестрда ўқийдиган фанлари сони 10-12 тагачани ташкил этади. Фан (модул)лар сони сунъий оширилиши, ўз навбатида, талабаларнинг мустақил билим олишида ҳам қийинчиликлар келтириб чиқаради;
учинчидан, талабаларнинг мустақил таълимини ташкил этиш кредит-модуль тизимининг муҳим таркибий қисмидир. Бу тизимнинг бош ғояси шуки, “ўрганишга ўргатиш”, “бажаришга ўргатиш” мустақил таълим орқали амалга ошади. Чунки кредит тўплаш ва кўчиришнинг Европа тизими талабларига кўра, модуллар бўйича ўқув юкламасининг 60 фоизи мустақил таълимдан иборат бўлиши лозим. Шунингдек, талабаларнинг мустақил таълимини ташкил этиш бўйича намунавий низом ҳам ишлаб чиқилиши мақсадга мувофиқ;
тўртинчидан, мактаб таълимига рақамли технологиялар босқичма-босқич жорий этилмоқда. Педагогика йўналишида таълим олаётган талабалар мактабда амалиёт ўташи учун медиасаводхонликка ҳам эга бўлиши талаб этилади. Афсуски, педагогика таълими соҳасига рақамли технологияларни жорий этиш ҳам талаб даражасида эмас. Мазкур жараён моддий-техник таъминот етарлилиги билангина ўлчанмайди. Мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиб, бўлажак педагогларда ахборот-коммуникатив ва рақамли компетенцияни шакллантиришга эришиш талаб этилади;
бешинчидан, педагогика йўналишида таҳсил оладиган талабаларнинг хорижий тиллардан камида иккитасини билиши мустақил ўзлаштириладиган малака талаби сифатида белгиланишини даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Президентимиз таъкидлаганидек, чет элдаги олийгоҳларда хорижий тил ўргатилмайди. Аксинча, талаба бўлиш учун халқаро доирада кенг қўлланадиган чет тиллардан бирини мукаммал билиш талаб этилади. Афсуски, бизда педагогика йўналишида таҳсил олувчи талабаларнинг хорижий тил бўйича саводхонлиги жуда паст. Бунинг учун олий таълим муассасаларида тил муҳитини қарор топтиришга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Афсуски, ҳатто педагогика олий таълим муассасаларида очилган қўшма факультетларда ҳам “тил муҳити” самарали эмас. Мазкур факультетларда таълим тилига мос инфратузилмани яратиш зарур;
олтинчидан, педагогика олий таълим муассасалари мактаб билан доимий ҳамкорликда ишлаши исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат. Йиллар давомида иш берувчилар педагоглар тайёрлайдиган олий таълим муассасаларини сифатли кадр тайёрламасликда айблаб келади. Лекин бир жиҳатни ҳисобга олиш керак: педагогик тажриба йиллар давомида тўпланади. Шунинг учун педагог тайёрлайдиган олий таълим муассасалари билан мактабларнинг узвий алоқасини таъминлаб турадиган тизимни яратиш керак. Президентимиз мазкур масалада ҳам амалий аҳамиятга эга таклиф берди, яъни педагог кадрлар тайёрлайдиган олий таълим муассасаларида мактабларга методик хизмат кўрсатадиган мобиль гуруҳлар фаолиятини йўлга қўйиш лозимлиги алоҳида қайд этилди. Бу орқали педагогика соҳасидаги илмий тадқиқотларнинг мактаб таълимига кенг жорий этилишига эришилади. “Мобиль методик гуруҳлар”нинг мақсади умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиларининг методик, ижтимоий-педагогик ва психологик компетентлигини ривожлантиришдан иборат бўлиши лозим;
еттинчидан, мамлакатимизда Президент мактаблари, математика ва физика фанлари бўйича 126 та, кимё-биология бўйича 87 та, ахборот технологиялари йўналишида 99 та, хорижий тиллар бўйича 207 та ихтисослаштирилган мактаб ташкил этилди. Педагогика йўналишида таҳсил олаётган иқтидорли талабаларни саралаб, мақсадли равишда мазкур мактаблар учун ўқитувчилар тайёрлаш амалиётини йўлга қўйиш ҳам алоҳида долзарблик касб этади;
саккизинчидан, олий таълим муассасаларида талабаларнинг қизиқиш ва хоҳиш-истаклари асосида тўгараклар фаолиятини йўлга қўйиш анъанавий иш шакли сифатида қўллаб келинаётган бўлса ҳам реал амалиётда улар ўзини оқлаяпти, деб бўлмайди. Шунинг учун тьюторлар раҳбарлигида талабалар иштирокини таъминлаган ҳолда мактабларда тўгараклар ишини ҳамкорликда йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ. Биринчидан, мактаблардаги тўгараклар фаолияти яхшиланади, иккинчидан, талабалар бевосита амалиёт жараёнида ўзи қизиққан йўналишларда тадқиқот объектининг ўзида изланиш олиб бориш имконига эга бўлади;
тўққизинчидан, педагогика таълим соҳасини янада такомиллаштириш чора-тадбирларида белгилаб берилган яна бир масала — педагоглик касбига қизиқиши юқори бўлган ёшларни аниқлаш ҳамда уларни мақсадли тайёрлаб, тарбиялаб боришнинг узлуксиз тизимини жорий қилишга етарлича эътибор қаратилмаяпти. Мазкур масалани муваффақиятли ҳал этиш учун зарурий чораларни кўриш орқали мотивацион йўналганликка эга янги авлод “келажак муаллимлари”ни тайёрлаш имконияти мавжуд. Умумий ўрта таълимнинг ўрта босқичи (10-11-cинфлар)да педагогик синфларни ташкил этиш механизмларини ишлаб чиқиш ва жадал амалга ошириш лозим;
ўнинчидан, педагогик таълим соҳасининг жозибадорлигини ошириш учун мазкур йўналишда таълим хизматлари соҳасини самарали йўлга қўйиш лозим. Молиявий ва академик мустақилликка босқичма-босқич ўтиш учун педагогика олий таълим муассасаларида ҳам интеграциялашув жараёнини кучайтириш керак. Хорижий тажрибани ўрганиш орқали педагогика олий таълим муассасалари ҳузурида мактабгача таълим ташкилотлари, мактабларни ташкил этиш ҳам бюджетдан ташқари маблағлар ишлаб топиш, ҳам дуал педагогик таълимни йўлга қўйиш имкониятини юзага чиқаради;
ўн биринчидан, педагогика олий таълим муассасаларида кредит-модуль тизими жорий этилишига қарамай, профессор-ўқитувчиларнинг вақт меъёрлари янги тизимга мослаштирилмаган. Мазкур ҳолат ҳам кредит-модуль тизимини амалиётга жорий этишда муайян қийинчиликлар келтириб чиқаради. Ўқув юкламаларининг ҳаддан зиёдлиги талабалар билан маслаҳат — контакт соатларини тўлиқ бажариш имконини бермайди. Контакт соатлари эса айни пайтда профессор-ўқитувчининг ўқув юкламаси таркибига кирмайди. Бунинг учун кредит-модуль тизимида олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчилар таркибининг ўқув юкламаси ҳамда ўқув-услубий, илмий-тадқиқот ишларини белгилаш қоидаларини янгидан ишлаб чиқиш лозим;
ўн иккинчидан, замонавий иқтисодий-ижтимоий шарт-шароитлар ва кредит-модуль тизими имкониятларини ҳисобга олган ҳолда, олий педагогик таълимнинг бакалавриат босқичида икки ва ундан ортиқ ихтисослик бўйича мутахассислар тайёрлаш амалиётини жорий этишга алоҳида эҳтиёж мавжуд. Прогностик ёндашув асосида педагог кадрлар тайёрлаш эҳтиёжини реал талаблар билан мувофиқлаштириб бориш, педагогика олий таълим муассасалари ва иш берувчиларнинг талаблари ўртасидаги бўшлиқ бартараф қилиниши лозим. Айни пайтда умумий ўрта таълим мактабларининг бошланғич синфларида табиий фанлар ўқув предметини ўқитиш йўлга қўйилган бўлса ҳам педагогика олий таълим муассасаларида интеграллашган табиий фанлар ўқитувчиси ихтисослиги бўйича кадрлар тайёрланмайди. Бу эса бошланғич синфларда мазкур фанни ўқитиш самарадорлиги пасайишига олиб келиши мумкин;
ўн учинчидан, педагогика олий таълим муассасаларида мактаб муаммоларини ўрганиш ва истиқболларини белгилаш бўйича амалий-тадқиқий лабораториялар ташкил этишга айни пайтда алоҳида зарурат мавжуд. Аслида ҳам педагогика олий таълим муасссалари ҳар жиҳатдан умумий ўрта таълимдаги ислоҳотлардан ўзиб кетиши ва инновацион жараёнларга мобиль бўлиши лозим. Бунинг учун педагогик прогностик тадқиқотлар ўтказилиши ва унинг натижалари мониторинг қилиб борилиши лозим. Айнан мазкур жараён орқали педагогика олий таълим муассасаси ва мактаб ҳамкорлигини жадал йўлга қўйиш мумкин.
Янги тараққиёт сари одимлар эканмиз, мактаб таълимининг драйвери — ўқитувчиларни тайёрлашга масъул педагогика олий таълим муассасалари учун Президентимиз томонидан олға сурилган “Нажот — таълимда, нажот — тарбияда, нажот — билимда” ғояси дастуруламал бўлиб хизмат қилмоғи лозим.