Жорий йилнинг 27 март куни ўқитувчиларни меҳнатга мажбурлаганлик учун жиноий ва маъмурий жавобгарликни белгиловчи ва меҳнатга ноқонуний аралашганлик учун жазони кучайтирувчи қонун қабул қилинди. Унга кўра, педагог ходимни меҳнатга бирон–бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш учун маъмурий ва жиноий жавобгарликлар кучайтирилди.

Жумладан, умумий ҳолатда бирор шахсни мажбурий меҳнатга жалб этиш 33 млн сўмгача (БҲМнинг 100 баравари) жаримага сабаб бўлса, эндиликда педагогларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш 49.5 млн сўмгача (150 баравар) жарима билан жазоланиши мумкин;

Таълим ташкилоти педагог ходимининг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш ёки ўз хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш учун ҳам маъмурий жавобгарлик кучайтирилди. Эндиликда бу қилмиш учун фуқароларга 2,31 млн сўмдан 4,95 млн сўмгача жарима, мансабдор шахсларга эса 3.3 млн сўмдан 6.6 млн сўмгача жарима белгиланмоқда;

Илгари педагогнинг фаолиятига ноқонуний аралашиш учун фақат жарима жазоси белгиланганди. Эндиликда ушбу қилмишни такроран содир этган мансабдор шахсларга 15 суткагача маъмурий қамоқ белгиланиши мумкин.

Бунинг натижасида жамиятда ўқитувчиларни нуфузи ва обрўсини кўтаришга эришилди ва уларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатларига бутунлай барҳам берилди ҳамда 306 минг нафар педагог–ходимларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш таъминланди;

Бундан ташқари, педагог–ходимлар томонидан юритиладиган ҳужжатлар сони кескин камайтирилди. Хусусан, ўқитувчиларнинг ҳисоботлари ҳозирги пайтда 1 та (илгари – 7 та), ўқув ишлар бўйича директор ўринбосарининг ҳужжатлари 2 та (илгари – 10 та), маънавий–маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарининг ҳужжатлари 7 та (илгари – 18 та), синф раҳбарларининг ҳужжатлари 4 та (илгари – 10 та) этиб белгиланди.

Хулоса

“Ўқитувчилардан ҳамма мўъжиза кутади. Улар мўъжиза кўрсатганида эса, ҳеч ким ҳайратга тушмайди”, деб ёзган эди австриялик ёзувчи Мария Эбнер. Дарҳақиқат, ўқитувчилар фарзандларимизни инсон сифатида камолга етказиб, уларга билим дурдоналарини бериб, ҳақиқий мўъжиза кўрсатадилар. Бу улкан машаққат ва матонат, фидойилик талаб қиладиган касбдир.

Шундай экан, кўп йиллар давомида ўқитувчиларга паст назар билан қаралиши, ушбу касбнинг қадрсизланиши жамиятнинг энг катта хатоси эди. Бу хатони очиқ тан олиб, уни тузатиш сари қўйилган ҳар қандай қадам ёшларимизнинг келажаги учун қўйилган қадамдир. Педагоглик – юксак мақом ва масъулият. Буни барчамиз англаб етишимиз, муаллимларимизга муносабатда аввало шунга таянишимиз лозим.