Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маълум қилишича, Ўзбекистон президентининг 2017 йил 2 февралдаги қарорига мувофиқ, барча турдаги пенсия ва нафақа тўловлари нақд шаклда берилади ёки фуқароларнинг розилиги асосида банк картасига ўтказилиши белгиланган.

"Пенсия жамғармаси томонидан пенсия ва нафақа олувчи фуқароларни банк карталарига мажбуран ўтказиш тўғрисидаги хабарлар асоссиз бўлиб, барча ҳаракатлар фуқароларнинг хоҳиш-истаклари ва розилиги асосида амалга оширилиб келинмоқда", — дейилади хабарда.

Шунингдек, 2021 йил 3 февралдаги президент фармони билан пенсия ва нафақаларни нақд пулсиз шаклда олиш учун аризалар фуқаролар томонидан Пенсия жамғармасининг тегишли бўлимига мурожаат қилмаган ҳолда, тижорат банклари филиалларида банк пластик карталарини очиш жараёнида ёки банк мобил иловалари орқали электрон шаклда расмийлаштириш жорий этилган.