Ҳарбий хизматчиларнинг маънавий-маърифий тарбияси давлатнинг алоҳида назоратида бўлади. Олий ҳарбий таълим муассасаларида ҳам бу масалага жиддий эътибор берилади. Бироқ буни ҳамма вақт шундай бўлган, деб айта олмаймиз.
Ёдимда, 2012 йилнинг май ойида ўзим хизмат қилаётган юртимиздаги нуфузли ҳарбий олий таълим муассасида бир тадбир ўтказмоқчи бўлиб, шундай қаттиқ қаршиликка учраганмиз. Ўшанда Ўзбекистон Қаҳрамони, ўзбек адабиётшунослиги ва танқидшунослигида чуқур из қолдирган олим Озод Шарафиддиновга бағишланган “Маънавий жасорат тимсоли” мавзуида хотира кечаси режалаштирган эдик. Елиб-югуриб, меҳмонларни таклиф қилдик, барча ташкилий ишларни битирдик... кейин раҳбарият тўсатдан рад жавобини берди. Ташриф буюрган меҳмонлар олдида мулзам бўлиш бир нав, аммо улар устидан кулгандек хис қилдим ўзимни. Тадбирга жалб қилинган меҳмонлар — Ўзбекистон Қаҳрамонлари, халқ шоирлари Эркин Воҳидов ва Абдулла Орипов, халқ ёзувчилари Худойберди Тўхтабоев ва Ўткир Ҳошимов, олимнинг яқинлари, бошқа машҳур ва таниқли арбоблар эди.
Мана шундай тўсқинликлар ҳар қандай одамни руҳан чўктиради. Ваҳоланки, маънавий-маърифий тадбирлар инсон онгу шуурини кескин даражада ижобий томонга ўзгартирадиган омилдир. Шу маънода улар жуда ҳам зарур, айниқса, ҳозирги ахборот алмашинуви кескин ривожланган пайтда онг учун кураш жадал суръатлар билан олиб борилмоқда. Чунончи, атоқли адибимиз Абдулла Қаҳҳор айтганидек, адабиёт атомдан кучли. Жамиятда маънавий бўшлиқ пайдо бўлса, дарҳол бузғунчи, ёт ғоялар бўшлиқни тўлдиради. Бугун маънавий-маърифий тадбирларни бемалол, бетўсиқ ўтказиш мумкин.
Президентимиз таъкидлаганидек, маънавий-маърифий ишлар шунчаки эмас, балки тизимли, изчил ва илмий асосда олиб борилиши керак. Бунинг учун эса пухта ўйланган йўл харитасини тузиш, лозим бўлса, бир қўлланма ҳам яратиш зарур. Чунки ҳар қандай маънавий ва маърифий тадбирлар курсантларни эзгулик, одамийлик ва гуманизм ғояларига содиқ қилиб тарбиялашга хизмат қилади.
1992 йилдан буён ҳарбий таълимда, яъни аввал ИИВ Академиясида, сўнгра Миллий гвардия ҲТИда фаолият юритиб келар эканман, бу соҳада озми-кўпми, ўзига яраша тажриба орттирдим. Шундан келиб чиқиб айтишим мумкинки, ҳарбий таълимда ҳар қандай тадбир аввало қатъий кун тартиби доирасида бўлиши шарт. Лекин ҳаётий тажриба ҳамма вақт ҳам бунинг уддасидан чиқиб бўлавермаслигини кўрсатмоқда. Демак, озгина қоидалардан чекинишга тўғри келади. Чунки қатъий кун тартиби тадбир ташкилотчиларининг оёқ-қўлини боғлаб қўяди. Командирлардан ҳар бир курсантни жавоб сўраб олиш муайян қийинчиликларни келтириб чиқаради. Асосий иш курсантни тадбирга жалб қилиш муаммосига тақалиб қолади. Кўзланаётган ишлар ва мақсадлар чала қолиб, курсантнинг гоҳида икки ўт орасида қолиб кетишига сабаб бўлади. Бир томонда унга жавобгар командир, бир томонда тадбир уюштираётган профессор-ўқитувчилар. Чунончи, курсант тўғридан-тўғри командири талабига бўйсунади. Маънавий-маърифий тадбирни режалаштирган мутасаддиларнинг, яъни тарбиявий бўлим ва кафедра профессор-ўқитувчиларини ҳам тушуниш керак. Ваҳоланки, бўлинма командирлари ва тадбир ташкилотчиларининг пировард мақсади битта — маънавий етук офицерлар тарбиялаш.
Давлатимиз раҳбари бу муаммонинг оқилона ечимини топиб берди. Ҳар қандай тадбир чуқур илмий асосга эга бўлиши ҳамда пухта ўйланган йўл харитасига асосланиши лозимлигини таъкидлади. Йўл харитасида режалаштирилган тадбирлар кунма-кун, ҳафтама-ҳафта, ойма-ой акс этиши ва масъул шахслар белгилаб қўйилиши ҳамда камида бир йилга тузилиши даркор. Маънавий-маърифий тадбирни ўтказиш учун масъул сифатида биринчи раҳбар тайинланиши кўп масала ва муаммоларнинг ўз ечимини топишига хизмат қилади. Яна шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳар бир тадбирга мавзуси юзасидан машҳур ёзувчилар ҳамда шоирлар, кино ва театр актёрлари, етакчи олим ва мутахассислар жалб қилиниши лозим. Ана шунда тадбирларимиз чиройли ва юқори савияда ўтади, биз маънавияти юксак офицерларни тарбиялашга эришамиз.
Айни пайтда мен ўқитувчилик қилаётган Миллий гвардия Ҳарбий-техник институтида бой тажриба тўпланган. Хусусан, Адиблар ҳиёбонида бобокалонимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобурга бағишлаб ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлар ўзининг илмий ва тарбиявий аҳамияти билан беназирдир. Мазкур тадбирларнинг мавзулари турли бўлиб, чуқур илмий мушоҳадага эга, бир-бирини тўлдиради, бир-биридан қизиқ, бетакрор. Улар курсантлар дунёқарашига ижобий таъсир этади. Айниқса, тадбирларда етакчи бобуршунос олимларнинг маърузалари курсантларнинг онгу шуурига сингиб, уларни китоб ўқишга чуқур ёндашишга ундади. Бобокалонимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақидаги бадиий, илмий ва публицистик адабиётлар институтда қўлма-қўл бўлиб кетди. Кутубхона ва маърифатхоналар гавжум бўлиб, марказлашган китоб савдоси ҳам ташкил этилди. Ҳафтанинг чоршанбаси институтда китобхонлик куни бўлиб, бобурхонликка айланиб кетади.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, маънавий ва маърифий тадбирларни ташкил қилишда бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлаш керак. Бу борада бизга Ёзувчилар уюшмаси, Журналистлар уюшмаси, Фанлар академияси, “Ўзбеккино” миллий агентлиги ва республика Маънавият ва маърифат маркази яқиндан ёрдам бермоқда. Истардимки, бошқа ҳарбий таълим муассасалари вакиллари ўзаро тажриба алмашишса, фойдадан холи бўлмас эди. Зеро, пировард мақсадимиз юртимизда Учинчи Ренессанс, яъни Уйғониш даврининг мустаҳкам пойдеворини яратишдек хайрли вазифани амалга оширишдир.
Тўлқин САЙДАЛИЕВ,
Миллий гвардия Ҳарбий-техник институти доценти,
истеъфодаги подполковник