Йиғилишда билдирилган фикр ва белгиланган вазифалар бир ҳақиқатни янада ойдинлаштирди: бугун тинчлик энг қимматбаҳо бойлик бўлиб, у давлат барқарорлиги ва тараққиётини таъминловчи стратегик ресурсга айланди.

Замонавий дунёда тинчликни сақлаш энди фақат куч ишлатиш ёки ҳарбий қудратни на­мойиш этиш билан чекланмайди. У олдиндан ўйланган, тизимли, интеллектуал ёндашувни талаб қилади. Шу маънода, Президентимиз барча соҳа ва тармоқлар хавф-хатарларга ол­диндан жавоб қайтаришга қодир “проактив иш режими”га ўтиши шартлигини алоҳида таъкидлади. Бу фикр миллий хавфсизлик сиё­сатида сифат жиҳатидан янги босқич бошлан­ганини англатади.

Проактив ва реактив иш режимлари ўр­тасидаги фарқ бугун глобал беқарорлик, тез ўзгарувчан таҳдидлар ва асимметрик хавфлар шароитида ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳа­мият касб этмоқда. Реактив ёндашувда одат­да муаммо ёки таҳдид юзага келгандан сўнг ишга тушиб, вазиятга шошилинч мослашиш, ресурсларни фавқулодда тарзда сафарбар қилиш, қисқа муддатли қарорлар қабул қи­лиш талаб этилади. Бундай шароитда инсон омилига босим ортиб, хатолик эҳтимоли, мо­лиявий харажатлар, ижтимоий ва маънавий йўқотишлар кўпайиши муқаррар бўлади. Энг муҳими, реактив ёндашув кўп ҳолларда оқи­батлар билан курашишни англатиб, таҳдид манбаига чуқур ечим бериш имконини чек­лаб қўяди.

Проактив ёндашув эса мутлақо бошқа стратегик тафаккурга таянади. У хавф-ха­тарларни олдиндан илғаш, уларнинг эҳтимо­лий ривожланиш йўлларини таҳлил қилиш,  доимий мониторинг ва прогноз асосида сце­нарийлар ишлаб чиқишни назарда тутади. Бундай ёндашувда профилактика асосий во­ситага айланади, яъни олдиндан белгиланган ҳаракат алгоритмлари, резерв ресурслар, тайёр кадрлар ва рақамли бошқарув тизимлари орқали хавф ҳали юзага келмасидан олдин унинг таъсири чекланади. Натижада давлат ва жамият тизимлари барқарор ишлайди, харажатлар оптималлашади, қарор қабул қи­лиш жараёни изчил ва самарали кечади.

Айнан шу маънода, проактив иш режими нафақат ҳарбий соҳада, балки давлат бошқа­руви, иқтисодиёт, ахборот хавфсизлиги ҳамда жамият барқарорлиги учун ҳам энг тўғри ва замонавий йўл сифатида намоён бўлмоқда.

Президентимиз таъкидлаганидек, замона­вий урушлар табиати сўнгги йилларда тубдан ўзгарди ва бу жараён ортга қайтмайдиган гло­бал тенденцияга айланди. Энди ғалаба қарор қабул қилиш тезлиги, ахборот устунлиги ва технологик афзаллик билан белгиланмоқ­да. Рақамли бошқарув тизимлари, сунъий интеллектга асосланган таҳлил ва прогноз, кибер ва робот технологиялари, шунингдек, узоқ масофадан юқори аниқликда таъсир кўрсатиш имкониятлари замонавий ҳарбий қудратнинг асосий ўлчовига айланди. Бун­дай шароитда кечикиб қабул қилинган қарор ҳатто кучли ресурсларга эга давлат учун ҳам жиддий стратегик йўқотишларга олиб кели­ши мумкин. Шу боис, саккиз йил аввал қабул қилинган Мудофаа доктринаси ва 1997 йилда тасдиқланган Миллий хавфсизлик концеп­циясини қайта кўриб чиқиш зарурати очиқ ва қатъий тарзда қайд этилди. Бу янгиланиш Ўзбекистоннинг хавф-хатарларни олдиндан баҳолайдиган, профилактикага таянган ва стратегик фикрга асосланган мутлақо янги — проактив мудофаа сиёсатига ўтиши демакдир.

Янгиланадиган доктрина Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатдаги асосий принципи — ҳеч қайси ҳарбий блокка қўшилмаслик тамойи­лини қатъий сақлаб қолган ҳолда ишлаб чи­қилиши алоҳида таъкидланди. Бу ёндашув мамлакатнинг мустақил давлат сифатидаги мавқеини мустаҳкамлайди, ташқи сиёсат­да мувозанатни таъминлайди ва минтақада ишонч ҳамда барқарорликни кучайтиради. Шу билан бирга, у мудофаа соҳасида ташқи қарамликка эмас, балки ўз имкониятлари, миллий илмий-техник салоҳият ва инсон капиталига таянган барқарор ривожланиш моделини англатади. Айнан шу нуқтаи назар­дан, учувчисиз тизимлар, роботлашган маж­муалар, юқори аниқликдаги қурол-аслаҳа, киберхавфсизлик ва рақамли инфратузилма барқарорлиги устувор вазифалар сифатида белгилаб берилди. Бу устуворликлар Ўзбе­кистон мудофаа сиёсатида технология ва ин­теллект ҳал қилувчи омилга айланаётганини, армия эса нафақат жанг майдонида, балки ах­борот ва кибермаконда ҳам самарали ҳаракат қила олиши кераклигига ишора беради.

Проактив армия концепциясида инсон капитали ҳал қилувчи ўрин тутади. Чунки замонавий ҳарбий қудрат, аввало, инсон та­факкури, билими ва масъулияти билан ўлча­нади. “Аскар — фақат жангчи эмас, келажак мутахассиси” тамойили айнан шу стратегик қарашнинг амалий ифодасидир. Бу ёндашув армияни ёпиқ тизим эмас, балки жамият та­раққиёти билан узвий боғлиқ бўлган ижти­моий институт сифатида кўради. Шу боис, йиғилишда муддатли ҳарбий хизматга фақат ҳарбий тайёргарлик босқичи сифатида эмас, балки ёшларни мустақил ҳаётга, меҳнат бо­зорига ва фаол фуқаролик позициясига тайёр­лайдиган ҳаётий мактаб сифатида ёндашиш вазифаси қўйилди. Президентимиз таъбири билан айтганда, “муддатли ҳарбий хизматни ўташ — ёшлар учун муваффақият йўли”га айланиши лозим.

Ана шу ғоянинг мантиқий давоми си­фатида ҳарбий қисмлар ихтисосидан келиб чиққан ҳолда, 3-6 ойлик касбга тайёрлаш дастурларини жорий этиш, малака имти­ҳонлари ва сертификатлар бериш тизимини шакллантириш режалаштирилди. Бу нафақат хизмат даврида аскарнинг қобилиятини ри­вожлантиради, балки уни хизматдан кейин ҳам иқтидорли кадр сифатида жамиятга қай­таришни кўзлайди. Айниқса, ҳар йили 5 минг аскарни рақамли йўналишларда тайёрлаш ташаббуси армия билан иқтисодиёт ўртасида стратегик кўприк вазифасини бажаради. Бу ёндашув миллий хавфсизликни фақат қурол- аслаҳа билан эмас, балки билим, интеллект ва технология билан таъминлаш мумкинлигини амалда исботлайди.

Инсон капиталига бундай ёндашув Президентимизнинг байрам табригида ҳам чуқур маънавий мазмун билан давом этди. Ва­тан ҳимояси йўлида ҳалок бўлган қаҳрамон­лар хотирасига билдирилган юксак эҳтиром, уларни тарбиялаган ота-оналар ва оилаларига изҳор этилган миннатдорлик армия билан халқ ўртасидаги маънавий бирликни янада мустаҳ­камлади. Бу бирлик “Халқ ва армия — бир тану бир жон” деган умуммиллий ғояда ўз ифода­сини топмоқда. Чунки халқ ишончига таянган армиягина ҳақиқий кучга айланади. Дунёда кечаётган ҳарбий-сиёсий вазият, айрим давлат­ларда юз берган воқеалар бу ғоянинг нақадар долзарблигини амалда намоён этди.

Маънавий бирлик ижтимоий адолат ва ғамхўрлик билан мустаҳкамланмаса, у бар­қарор бўла олмайди. Шу нуқтаи назардан, йиғилишда ҳарбий хизматчиларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича аниқ ва манзилли чо­ралар эълон қилинди. Офицерлар учун кўп йиллик хизмат устамасининг 100 фоиз оши­рилиши, контракт асосида хизмат қилаётган аскар ва сержантлар ойлигининг кўпайтири­лиши, ҳарбий бўлмаган ходимлар маошининг босқичма-босқич ошириб борилиши ҳамда узоқ йил хизмат қилган ҳарбийлар учун пен­сия ҳисоблаш базасининг кенгайтирилиши армияни фақат “қудрат тимсоли” эмас, балки ҳарбийнинг оиласи, келажаги ва шаъни қадрланадиган ижтимоий инс­титут сифатида шакллантиришга қара­тилган.

Ҳарбий таълим ва кадрлар тайёр­лаш тизимини тубдан модерниза­циялаш проактив мудофаа сиёса­тининг энг муҳим ва ҳал қилувчи йўналиши сифатида белгилан­моқда. Чунки замонавий уруш ва хавфсизликни сақлаш муҳитида технологиянинг ўзи етарли эмас, уни тўғри англайдиган, бошқара оладиган, стратегик фикрлай­диган инсон бўлмаса, энг илғор қурол ҳам кутилган натижани бермайди. Шу маънода, янгича ҳарбий таълим тизими таҳдидни олдиндан кўра оладиган, қарор қабул қилишда ташаббускор, ва­зиятни комплекс баҳолайдиган янги авлод ҳарбий кадрларини шакллантиришга хизмат қилиши керак. Бу эса таълим мазмуни, ус­луби ва мақсадини тубдан қайта кў­риб чиқишни тақозо этади.

Проактив мудофаа сиёсати айнан шу ерда ўзининг чуқур фалсафий ва амалий мазмунини намоён қилади. У фақат жангга эмас, балки тинчликни сақ­лашга тайёрликдир, у фақат таҳдидга жавоб бериш эмас, балки таҳдид пайдо бўлишидан олдин уни бартараф этишга қаратилган давлат тафаккуридир. Бундай ёндашувда армия дав­лат барқарорлигининг интеллектуал ва маъ­навий таянчига айланади. Инсон капитали, ҳарбий таълим, ижтимоий ҳимоя, маънавий тарбия ва технологик устунликка бир-бирини тўлдирувчи ягона тизим сифатида қаралади.

Шу нуқтаи назардан, муддатли ҳарбий хизматни ёшлар учун “ҳаёт мактаби”га ай­лантириш, рақамли ва касбий кўникмаларни шакллантириш, ҳарбий хизматчиларнинг иж­тимоий ҳимоясини мустаҳкамлаш ҳам тасо­дифий қарорлар эмас. Бу чоралар проактив мудофаа сиёсатининг инсонга қаратилган стратегик йўналишини ифода этади. Проак­тив мудофаа сиёсати айни пайтда Ўзбекис­тоннинг ташқи сиёсатдаги мувозанатли йў­лини ҳам мустаҳкамлайди. Ҳеч қайси ҳарбий блокка қўшилмаслик тамойили, минтақавий барқарорликка интилиш ва кўп томонлама дипломатия билан уйғун ҳолда бу сиёсат мамлакатнинг мустақил қарор қабул қилиш қобилиятини сақлаб қолишга хизмат қилади. Демак, проактив ёндашув нафақат ҳарбий соҳада, балки давлатчилик тафаккурида ҳам янги сифат босқичини англатади.

Проактив мудофаа сиёсати тинчликни сақлашга қаратилган миллий стратегиядир. У кучга эмас, ақлга, қўрқувга эмас, олдиндан тайёргарликка, тасодифга эмас, режа ва ти­зимга таянади. Халқ ва армия бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилишни бошлаган ша­роитда янги Ўзбекистоннинг тинчлиги, шаъ­ни ва истиқболи ишончли қўлларда бўлади.

Олимжон ЎСАРОВ,

мудофаа вазирининг ватанпарварлик тарғиботи,

маънавий-маърифий ишлар ва ёшлар масалалари

бўйича маслаҳатчиси