Бу муҳокамалар, айниқса, Президент маънавият тушунчасини кенг изоҳлаб бергани билан ҳам боғлиқ. Президентимизнинг “Жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир”, деган таъкиди мазкур йиғилишнинг мазмун-моҳиятини янада кенг очиб берди.

“Биз яратаётган янги Ўзбекистоннинг мафкураси эзгулик, одамийлик, гуманизм ғояси бўлади. Биз мафкура деганда, аввало, фикр тарбиясини, миллий ва умуминсоний қадриятлар тарбиясини тушунамиз. Улар халқимизнинг неча минг йиллик ҳаётий тушунча ва қадриятларига асосланган”, деди давлатимиз раҳбари.

Дарҳақиқат, чуқур ўйлаб қарасак, шонли аждодларимизнинг улуғвор ишлари кучли ватанпарварлик руҳи, юксак маънавият негизида рўёбга чиққан. Оддий қилиб айтганда, қаҳрамонликлар, фидойиликлар ва эл-юрт учун жон куйдириш, Президентимиз таъбири билан айтганда, “ўзини қийнаш” — кучли маънавият билан чамбарчас боғлиқ фазилат, албатта.

Мамлакатимиз тарихидаги шонли биринчи ва иккинчи Ренессанс даврлари ҳукмдорлари ва мутафаккирларининг улкан тарихий зафарларга эришиши ва юрт шарафини кўкларга кўтариши, атоқли ҳарбий саркардаларимиз кўрсатган жаҳоншумул қаҳрамонликлар тамалида ҳам, само тўла олис юлдузлар сирларини кашф этиш, осмон ёритқичлари жадвалини тузиш, модда ичига разм солиш, ўта мураккаб ва тасаввурга сиғмас мўътабар Инсон вужуди хусусиятларини ўрганиш ва касалликларга даво излаш негизида ҳам шу ҳаётбахш қудрат, улуғ фазилат тургани ҳақиқат.

Давлатимиз раҳбари ўз сўзлари билан маънавият тушунчасига янги таъриф бериб ўтди. Айни шу нуқта зиёлилар, олимлар, адиб ва ижодкорлар учун таянч нуқтаси бўлишига шубҳа йўқ.

Бошқача қилиб айтганда, Президентимиз тилга олган ва ҳар бир юртдошимизда бўлишини истаган кучли маънавият бу — айнан эл-юрт шон-шарафи учун матонат, жасорат ва қаҳрамонлик кўрсатишдан, бунинг учун халқ манфаатини ўз маиший манфаатларидан устун қўйишдан иборат.

Йиғилишда давлатимиз раҳбари тилимизнинг ривожланишига ҳам алоҳида тўхталиб ўтди. Ўзбек тилининг давлат тили мақомини кучайтириш, юртимизда ва хорижда уни ўрганиш бўйича замонавий технологияларни жорий этиш юзасидан кўрсатма берилди. Ушбу маърузада яна бир бор давлат тили нуфузи ва мавқеини оширишга диққат қаратилганини эса, мамлакатимиз раҳбарининг: “Миллий тарихни миллий руҳ билан яратиш керак”, деган сўзлари орқали изоҳлаш мумкин. Миллий руҳни ташувчи энг қудратли восита, табиийки, жонажон она тилимиз, давлат тилимиздир.

“Биз ёшларимизни тарихдан сабоқ олиш, хулоса чиқаришга ўргатишимиз, уларни тарих илми, тарихий тафаккур билан қуроллантиришимиз зарур”, деди давлатимиз раҳбари.

Бу сўзларни мулоҳаза қилар экансиз, буюк боболаримизнинг юрт  шон-шарафи учун азиз жонидан кечиб кўрсатган қаҳрамонликлари ёдга келади. Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Шоҳрух Мирзо, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби улуғ саркардаларимизнинг жасорати негизида, аввало, адолат, халқ манфаатлари бўлган. Қаҳрамонликлар ва фидокорликларнинг илҳомбахш кучи юксак маънавиятдир, албатта.

 “Бир зиёли — бир маҳаллага маънавий ҳомий” тажрибаси эса халқимизнинг азалий анъаналарига асосланган, дунёда тенги йўқ эзгу ташаббус, деб баралла айта оламиз. Яна тарихга мурожаат қилсак, атоқли олим ва мутафаккирлар мамлакат миқёсидаги обрўли кишиларнинг фарзандларига сабоқ бериши урф бўлган, хусусан, Абу Абдуллоҳ Нотилий Абу Али ибн Синога, ҳазрат Алишер Навоий Султон Ҳусайн Мирзонинг бир неча фарзандига, мавлоно Ҳусайн воиз Кошифий эса Абулмуҳсин Мирзога дарс бергани маълум. Президентимиз таклифи ушбу қутлуғ анъанани барча маҳаллаларга, бутун Ўзбекистонга жорий қилиши билан катта аҳамият касб этади. Эл-юртнинг кўзга кўринган зиёлилари, адиблари ва олимларига юксак ишонч — ёшларни миллий руҳда, юксак маънавиятли қилиб тарбиялашга кўмаклашиш вазифаси қўйилмоқда. Бу юрт учун, халқ учун қилинадиган шарафли хизмат бўлиши билан бирга, зиёлиларга ва адибларга берилган катта имконият ҳамдир.

Исажон СУЛТОН,

инновацион ривожланиш вазирининг маслаҳатчиси,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси