Гоҳида хорижлик одамлар ўз она тилида ўзбекча сўзласа ёки ўзбекча шеър айтса, ёинки, адабиётимиз вакилларининг ижод намуналарини таржима қилганини кўрсак, эшитсак чексиз қувонамиз, фахр-ифтихор туйғуларига тўламиз. Жаҳон аҳлининг ўзбек адабиётига қизиқиши кундан-кунга ортиб бораётгани унинг дунёдаги мавқеи юксалиб бораётганидан далолатдир. Турк тилида нашр этилган “Ҳозирги ўзбек ҳикоялари” ҳам бунинг яна бир исботидир. Ушбу тўплам таржимони Ҳамза Ўзтуркчу билан ўзбек ва турк адабий алоқалари ва ушбу маънавий кўприкнинг истиқболлари ҳақида суҳбатлашдик.

   – Ҳурматли Ўзтуркчу жаноблари, ўзбек адиблари ва уларнинг ўзига хос ижоди ҳақида илк бора қачон эшитгансиз?

2010 йилда Отатурк университетининг Ҳозирги туркий тиллар ва адабиёти бўлимида таҳсил олдим. Шу йилларда устозим Ҳусейин Бойдемирдан ўзбек тили ва адабиёти бўйича сабоқлар олдим. Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон тўғрисида биринчи марта 3-курсда ўқиётганимда Ҳозирги ўзбек адабиёти дарсида, устозимдан эшитганман. Шоирнинг ширали ижод тилига ўша куниёқ шайдо бўлиб қолдим. Ва шу куниёқ магистратура босқичидаги диссертациям мавзуи Чўлпонга бағишланишини ният қилдим. Худо менга шу кунларни насиб этган экан, чиндан ҳам йиллар ўтиб, магистратурада  Чўлпон ҳақида илмий иш ёздим.

– Адабиётшунос олим Наим Каримов айтганидек, инсоният тараққиётнинг муайян босқичига кўтарилганидан сўнг бошқа мамлакатлар ва қитъаларда яшаган халқлар бадиий маданиятидан, нафис адабиёт оламида эришган ютуқларидан баҳраманд бўлишга катта эҳтиёж сезган. Одамзоднинг ана шу эҳтиёж тақозоси билан адабиётлар аро қурган “кўприги” ҳозир кунда “бадиий таржима” деб аталади. Элларни элларга, дилларни дилларга туташтиргувчи  бу қутлуғ жараёнга ҳиссангиз қўшилаётганидан бахтлимисиз?

– Албатта, жуда бахтлиман. Ўткан тўрт йил ичида ўзбек тилидан турк тилига бир қатор адабий таржималар қилдим. Дастлаб мақола ва ҳикоялар ўгира бошладим. Ушбу таржималар Туркиядаги таниқли адабий журналларда нашр этилди. Кейин Чўлпоннинг “Ёрқиной” пьесасини ўз тилимизга таржима қилдим ва шу асосида таҳлилий рисола ёзиб, 2019 йилда эълон қилдим.

Университетда таҳсил олиб юрган кезларим Aбдулла Қодирий, Ойбек, Пиримқул Қодиров, Одил Ёқубов каби ёзувчиларнинг асарларини турк тилидаги таржималарини ўқидим. Бир куни устозим дарсда Чўлпоннинг “Гўзал” шеърини ўзбек тилида ўқиб берди ва бу шеър асл ҳолида мени жуда таъсирлантирди. Чўлпон асарлари туфайли ўзбек тилига бошқача меҳр қўйдим.  

Ўзбек тилини университет босқичида ўрганганимдан сўнг Ўзбекистонга бориш иштиёқи уйғонди менда. Шундан сўнг биринчи марта 2018 йилда Тошкентда ташкил қилинган халқаро симпозиумда қатнашдим. Олти кун пойтахт шаҳарда турдик. Иккинчи сафаримда эса Самарқандга бордим. Самарқандда бир ой бўлдим. У ерда таржима фаолиятимни ва халқ орасида юриб, ўзбек тилида гапириш имкониятимни ривожлантирдим. Яъни тилимни креслода ўтириб эмас, халқ орасида юриб, одамлар билан сўзлашиб мустаҳкамладим. Ҳозирги кунда ҳам тил ва таржима кўникмаларим устида ишламоқдаман. Келажакда ўзбек тилида ўзбеклар каби сўзлашиш ва кўплаб бадиий таржималар қилишни мақсад қилганман.  

– Ўзбек ҳикоячилиги борасидаги изланишларингиз юксак эътирофга лойиқ. Айни изланишларингизни мужассам этган янги китоб нашри билан боғлиқ жараён ҳақида гапириб берсангиз...

“Ҳозирги ўзбек ҳикоялари” номли китоб ҳозирги ўзбек ҳикоячилигининг қисқача тарихига бағишланган мақолам билан бошланади. Ўзбек ҳикоячилиги ҳақида иккита адабий суҳбатни ҳам таржима қилганман. Мазкур китобда бугунги ўзбек носирларининг 30 та ҳикояси ўрин олган. Хусусан, Ўткир Ҳошимов, Эркин Аъзам, Нурали Қобул, Хуршид Даврон, Хайриддин Султон, Назар Эшонқул, Исажон Султон, Улуғбек Ҳамдам каби устоз ижодкорлар ҳамда ёш носирлардан Жасур Кенгбоев, Аслиддин Мустафо, Нодирабегим Иброҳимова, Жавлон Жовлиев, Маъруф Менгли,  Гулноз Мамарасулова ва бошқаларнинг ҳикоялари ўрин олган. Ушбу ҳикоялар билан ўзбек ҳикоясининг адабий суратини турк тилида муҳрлашга ҳаракат қилдим. Шу ҳикоялар ичида классик, модерн, пост-модерн, сеҳрли-реализм оқими билан ёзилган асарлар бор. Aсарларни таржима қилар эканман, муаллифлар билан адабий тафтиш ҳам олиб бордик.  Масалан, таржимаси туркчада маъносиз бўлиб қоладиган жумлаларни турк тилидаги мос тушадиган бошқа муқобил жумлага, иборага ўзгартирдик. Зеро, миллий уйғониш даври ёзувчи ва таржимонларидан бўлган истеъдодли таржимон Aкшит Гўктуғ, “Таржимадаги умумий адабий тил – тилларнинг тили”, деб айтиб ўтган. Шу боис сўз таржимасидан ҳам бадиий маъно таржимаси устида кўпроқ ишладик.

Aлбатта, ҳозир йўлнинг бошидаман. Ўзбек тили ва адабиёти бўйича ўрганажакларим ҳали кўп. Таржима хусусида ҳам режаларим бисёр. Қардош халқ истиқлол байрамига адабий туҳфаларим бор. Яқинда нашр этилган “Ҳозирги ўзбек ҳикоялари” ҳам Ўзбекистон мустақиллигининг ўттиз йиллигига бадиий туҳфа бўлди, десак  янглишмаймиз. Эндиликда дастлабки миллий уйғониш даври ёзувчиларининг романларидан бирини ўзбек тилига таржима қилиш ниятидаман. Шунингдек, янги адабиёт намуналари таржималари билан ҳам шуғулланмоқчиман. Ўзим ҳам ҳикоя ва шеърлар ёзаман. Йил мобайнида ўз ҳикоялар тўпламимни Туркияда ва Ўзбекистонда чоп этиб, икки халқ китобхонларига тақдим этишни мақсад қилдим. Келгусида қардош халқ ижодий ҳамкорлик доирасида бадиий таржима фаолиятимнинг бардавом бўлишига умид қиламан. Зеро, адабий алоқалар – абадий алоқалардир.

– Суҳбат учун ташаккур. Ижодингиз бардавом бўлсин.

Юлдуз Ўрмонова суҳбатлашди