Қашқадарё вилоятининг Китоб туманида ўтказилган рейд давомида 1979 ва 1983 йилларда туғилган ака-укаларнинг хонадони кўздан кечирилди. Текширув натижасида гугурт қутилари ва синтетик қопларга яширилган, жами оғирлиги 21 кг 712 грамм бўлган «марихуана» гиёҳвандлик воситаси топилди. Мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 25, 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди.

Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида яшовчи, муқаддам бир неча бор судланган шахснинг «Ўрикзор» бозоридаги дўкони кўздан кечирилди. Натижада таркибида «сибутрамин» кучли таъсир қилувчи моддаси бўлган «30 Slimming», «MAX Slimming» ва «Keto Coffee» номли жами 28 984 дона маҳсулот сотиш мақсадида сақлаб келинаётгани аниқланди. Ҳозирда ушбу шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 251(1)-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.

Яна бир ҳолат Зангиота туманидаги TIR-парк ҳудудида қайд этилди. Хорижий давлат фуқароси бошқарувидаги юк автомашинаси салонидан «гашиш» гиёҳвандлик воситаси ашёвий далил сифатида олинди. Чет эл фуқаросига нисбатан Жиноят кодексининг 276-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ҳуқуқ-тартибот органлари фуқароларни огоҳлантириб, сифати кафолатланмаган ва шубҳали таркибга эга «озиш учун» воситаларини харид қилмасликка, гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятлар учун қонунчиликда оғир жазолар белгиланганини эслатиб ўтади.