2023 йилда Туркиянинг жануби-шарқий вилоятларида кучли зилзила содир бўлганидан буён бир йил ўтди. Бу вақт давомида зилзила ўчоқларида нималар ўзгарди? Табиий офатдан жабрланган ва бошпанасиз қолган қардошларимиз бугун қандай ҳаёт кечирмоқда? 

Журналистлар уч кун давомида ҳудудларда бўлиб, зилзиладан сўнгги ўзгаришлар билан яқиндан танишди.

***

Нотаниш манзил сари отланган кишининг хаёлига турли ўйлар келаверади, саволлар туғилаверади, айниқса, бу сафар биринчиси бўлса. У мамлакат қандай? Одамлари билан тил топишиш қийин эмасми? Бизни қандай қабул қиладилар?.. 

Менда бу гал фарқли саёҳат бўлди. Худди аввалдан бориб-келиб юргандек, ҳеч иккиланмай сафар тадоригини кўра бошладим. Чунки мени Туркия билан боғлайдиган ва қадрдон қилган сабаблар кўп. Энг асосийси эса, илмий тадқиқотим туркиялик ҳассос шоира Дидем Мадак ижоди билан боғлиқ. Бундан ташқари, Назан Бакирўғлунинг чуқур фалсафаси билан неча тонгларим отган. Аҳмед Ариф “Тоғларига баҳор келмиш мамлакатимнинг...” дея шеър бошлар экан, ўша тоғлар менинг гўзал мамлакатим тоғлари каби улуғвор туюлади. Тасаввурларимдек узайиб ётган ям-яшил тоғларни соғина бошлайман. Аҳмед Ҳамди Танпинар, Атилла Илҳан, Ўздемир Асаф, Нозим Ҳикмат, Тургут Уяр... Уларнинг сафи йўл қадар узун, адоқсиз, завқли, ғамгин...

Учоғимиз тун сукунатини бузиб, сим-сиёҳ булутлар подасини атрофга ёйганча кўкка кўтарилди. Ортда самимий саломлар билан Ўзбекистон қолди. Назаримда, бу юртнинг барча одами, тошу гиёҳининг биз бораётган манзилга дуою саломи бўлажак.

Олдинда эса бизнинг йўлимизга кўз тиккан уч манзил – Қаҳрамонмараш, Адияман, Малатя.

Қаҳрамонмараш – зилзиладан энг кўп жабр кўрган ҳудуд

Қаҳрамонмарашда кетма-кет содир бўлган 7,7 ва 7,6 магнитудали зилзилалар бутун дунёни ларзага солди. Зилзила оқибатида 50 мингдан зиёд киши ҳалок бўлди. 110 мингга яқин одам тан жароҳати олди. Бу воқеа бир ибрат берди: қийинчилик қаршисида ожиз одамларни бирдамлик туйғуси бирлаштирар, кучли қилар экан.

Дастурга кўра, илк манзилимиз Қаҳрамонмараш бўлди. Истанбул-Қаҳрамонмараш йўналиши бўйича самолёт кўкка кўтарилди. “Iyi yolculuklar! İstediğiniz bir şey var mı?” дейди ширинсухан учоқ хизматчиси хаёлимизни бўлиб. Нафақат дилларимиз, балки тилларимиз ҳам нақадар яқин, дейман ҳаммаси жойида эканини хизматчи қизга айтарканман.

Самолёт бундан роппа-роса бир йил олдин катта фожиа – зилзила сабаб катта йўқотишларни бошдан кечирган Қаҳрамонмараш аэропортига яқинлашиб, пастлайди. Не-не мингйилликларни бағрига олиб ухлаётган тоғлар олисдан қорайиб кўзга ташланади.

Бизни аэропортда туркиялик ҳамкасблар кутиб олди. Улар орасида асли ўзбекистонлик Замира Ўзтурк ҳам бор. Ўзга юртда таниш қиёфани кўрсанг, кўнглинг ғурурга тўлади. Дарвоқе, Замира опани севимли асарларимиз – “Қутлуғ қон” ҳамда “Олтин водийдан шабадалар” асарларининг турк тилига таржимони сифатида таниймиз. Неча йиллардан буён ўзбек ва турк халқлари маданияти ҳамкорлиги ва ривожи учун ҳаракат қилаётган ватандошларимиздан бири.

Вилоят маркази баланд-баланд уйлари билан эътиборимизни тортди. Зилзила излари айрим биноларда сезилса-да, ўтган йили ижтимоий тармоқларда кўрганимиз ваҳималар деярли йўқ. Демак, ҳаёт давом этяпти, янги уйлар қуриляпти. Аҳоли фаровонлиги учун ҳақиқий маънода кураш кетяпти.

Бизни Қаҳрамонмараш вилояти ҳокими Мукаррам Унлиэр бошчилигидаги расмийлар қарши олди. Дастлаб табиий офатдан кўрилган зарар, зилзиладан сўнг ўтган бир йил давомида вилоятда бажарилган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Ҳозир вайрон бўлган ёки шикаст етган бинолар сонини айтиб, вақтингизни олмоқчи эмасмиз. Айтмоқчи бўлганимиз – бугунга қадар вайрон бўлган бинолар чиқиндиларини тозалаш якунланибди. Жиддий зарар кўрган бинолар жойлашган ҳудуддан эса салкам 94 фоиз чиқинди олиб чиқилган. Йўл-йўлакай кўзингиз деворларига зарар етган ёки ёрилган биноларга тушмаса, ўтган йили бу ерда зилзила бўлганига ишонмайсиз, очиғи.

– Афсуски, вилоятда вафот этганлар сони жуда кўп. 12 мингдан ортиқ яқинимиз ҳалок бўлди. Уларнинг оиласига ва фалокатдан зарар кўрганларга давлатимиз томонидан товон пули тўлаб берилди. Қалбимизда жароҳатлар катта, бироқ тақдирга тадбир йўқ экан, – дейди Мукаррам Унлиэр.

Таъкидланишича, туманлар марказида қурилган контейнер уйларда салкам 69 минг, қишлоқ ҳудудларда эса 66 мингдан зиёд аҳоли яшамоқда. Улар учун муқим турар жойлар қурилиб, фойдаланишга топшириш ишлари жадал давом этмоқда.

Қаҳрамонмараш Онадўлининг қадим тарихга эга стратегик муҳим ҳудуди. Минг йиллар давомида кўплаб ҳарбий қисмлар ва карвонлар учун транзит вазифасини ўтаган. Рим, Византия, Салжуқий, Дулқодироғлу ва Усмонийлар давридан қолган юзлаб тарихий объектлар мавжуд. Ҳудудда 866 маданий бойлик рўйхатга олинган. Улардан 83 таси антик даврга оид. Мазкур тарихий бинолар ва ёдгорликларга ҳам зилзила жиддий зарар келтирди. 

Қандай ҳодиса содир бўлмасин, болалар таълимига эътибор бирламчи масала сифатида кун тартибига чиқади, муаммони бартараф этиш чоралари кўрилади. Бу борада мазкур вилоятда қандай ишлар қилинганига қизиқдик.

– Контейнерли ҳудудларда ташкил этилган 10 та бошланғич ва ўрта мактабда 4514 ўқувчи таълим олмоқда, – дейди ҳоким ўринбосари Тайфун Темур. – Мазкур ҳудудларда кутубхона, фан тўгараклари, қўшимча дарслар учун марказлар фаолиятини бошлаган. Биринчи галда, болаларнинг руҳий ҳолати жиддий назоратга олинган. Оилалар билан тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Қаҳрамонмарашда зилзиладан сўнг 5 та шифохона қуриб битказилди. 

Уйли одамнинг ўйи кетар

Ҳар бир давлатда энг муҳим масала аҳолини турар жой билан таъминлашдир. Туркиянинг зилзиладан зарар кўрган ҳудудларида қурилиш-бунёдкорлик ишлари жадаллик билан бажарилди, бу ишлар давом этмоқда. Айни пайтгача TOKI халқни уй-жой билан таъминлаш бошқармаси томонидан вилоятда 21 минг 680 та хонадон қуриб битказилди. Февраль ойи бошида мамлакат Президенти Режеп Таййип Эрдоған иштирокида 9289 та хонадон калити эгаларига топширилди. Бундан ташқари, 192 қишлоқда 9262 та ихчам ҳовли уй қурилиши якунланди. Йил якунига қадар яна 30 мингга яқин уй-жой қуриб битказилади. Бу ишлар барча одам ўз уйига эга бўлгунига қадар давом эттирилади.

Шу ўринда яна бир муҳим маълумот. Қаҳрамонмараш вилоятига жами 8615 юк машинасида гуманитар ёрдам юборилган. Вилоят ҳокими Ўзбекистондан келган гуманитар ёрдам ва қутқарувчилар кўмаги учун давлатимизга алоҳида миннатдорлик билдирди.

Куннинг иккинчи ярмида пресс тур иштирокчилари Қаҳрамонмарашдаги Пазарчик туманида қурилган кўп қаватли уйлардаги шарт-шароитлар билан танишди.

– Зилзила, биринчи галда, аҳоли турар жойларини синовдан ўтказди. Биз мустаҳкам деб ўйлаган айрим уйларга ҳам зарар етди. TOKI ўн йиллар давомида синалган қурилиш ташкилоти бўлгани боис зарар сезилмади. Энди бундан сабоқ чиқариб, уйларнинг мустаҳкамлиги борасида қурилишда энг сўнгги технологиялардан фойдаланяпмиз. Уйларимиз 5 қаватдан иборат, – дейди TOKI муҳандиси Туфан Гумуш.

Меъмор Хатича Эзги Рейханлиоглунинг айтишича, қад ростлаган ҳар бир уй тестдан ўтказиляпти.

– Катта оилам бор, – дейди Абдуллоҳ Арик. – Тўрт ўғлим билан контейнер уйда яшаймиз. Бир ўғлим нариги қишлоқда туради. Биз зилзилага қадар чорвачилик билан шуғулланганмиз. Қишлоғимизда озуқа омборимиз бор эди. Уйларимиз ҳам, омборимиз ҳам йиқилди. Бутун қолган бир хонада ўғлим оиласи билан яшаб турибди. Биз эса бу ерда. Уйларимиз вайрон бўлди, қурбон бердик. Бироқ ҳаёт давом этяпти. Шундай пайтда енгилганимизни невараларимиз кўрса, саросимага тушиб қолади. Шунинг учун кучли бўлишга мажбурмиз.

Абдуллоҳ амаки кўз ёшларини ортиқ яшира олмайди. Бироқ бошига келган синовларга қарши исён кўтармайди. Сабр қилади. Давлат бераётган нон-тузни оиласи билан баҳам кўради. Ҳадемай улар учун ҳам уй калити топширилишини айтиб, шу кунларнинг тезроқ келишидан умидворлигини билдиради.

– Оёқларингизга соғлиқ, биздан ҳол сўраш учун Ўзбекистондан келибсиз, – дея сўз бошлади Дўна хола. – Бошимиздан оғир кунлар кечди. Уйимиз кунпаякун бўлди. Фарзандларим, турмуш ўртоғим ҳалок бўлди. Икки ўғлим ва бир қизим билан омон қолдик. Машинада жон сақладик. Бизга дастлаб Пинарбоши маҳалласидан чодир берилди, сўнг контейнер уйларга кўчиб ўтдик.

Дўна хола пенсияда экан. Неваралари билан овуниб, ҳаёти ўтяпти. Бошидан шунча мусибат ўтганига қарамай, кўнглимизни кўтаради: “Туркиядан хурсанд кетинг, ҳали бу кунларни кўрмагандай бўлиб кетамиз!”

Яқинда зилзилага бағишланган китоб чоп этилди. Унда келтирилишича, мамлакат Алп-Ҳимолай камарида жойлашган бўлиб, Risk Management Index 2024 (INFORM)га кўра, Туркия 191 давлат орасида хавфлилик даражаси бўйича 40-ўринни банд этган. Зилзила билан боғлиқ хатар индекси эса 9,3 бўлиб, бу мамлакатнинг энг юқори хавф даражасига эга эканини кўрсатади.

Башорат Юнус