Мамлакатимизда ғалла мустақиллигини мустаҳкамлаш йўлида олиб борилаётган саъй-ҳаракатларни изчил амалга ошираётган ғаллакорларимиз ҳам аллақачон маррага етиб келди. Мавжуд 67 минг 750 гектар майдондаги ғаллазорнинг ҳар гектаридан 69,5 центнердан ҳосил етиштирилди. Давлат омборларига салкам 186 минг тонна дон топширилди. Кластер ва фермер хўжаликлари тасарруфида ҳам ҳар йилгиданда кўпроқ ғалла қолди. Эришилган ютуққа, айниқса, Поп, Чуст, Тўрақўрғон, Наманган, Норин, Мингбулоқ, Чортоқ, Учқўрғон туманлари катта ҳисса қўшди. Мавжуд фермер хўжаликларининг тенг ярмида 60-80 центнерлик натижага эришилди. Тоғли ҳудудларда жойлашган Косонсой ва Янгиқўрғон туманларида ўрим-йиғим давом этмоқда.
Ғалладан бўшаган майдонларнинг 12 минг 606 гектари 75 минг 654 нафар «Темир дафтар», «Ёшлар дафтари», «Аёллар дафтари»да рўйхатда турган ҳамда деҳқончилик қилиш мақсадида мурожаат этган, иш билан банд бўлмаган фуқароларга ажратиб берилди. Айни кунларда бу майдонларда кузги экинлар экиш ишлари якунланиб, суғориш, парвариш ишлари бошлаб юборилган.
Ҳисоб-китобларга кўра, мазкур майдонларда деҳқончилик қилаётган кам таъминланган аҳоли йил якунида 1,9 трлн. сўм даромад олиши кутилмоқда.
Жорий йилда 4 минг 769 гектарда сабзавот, минг гектардан ортиқ ерда полиз, 2 минг 261 гектарда картошка, 4 минг 400 гектарда мойли, 38 минг 904 гектарда дуккакли, 10 минг 500 гектарда озуқа экинлари ва 1 минг 195 гектарда шоли экиш режалаштирилган бўлиб, жами 559 минг 784 тонна маҳсулот етиштириш кўзда тутилмоқда.
Наманганликлар пахтачиликда ўтган деҳқончилик йилида эришган ютуқларини мустаҳкамлаш, янада юқори натижаларга эришиш йўлида ҳам астойдил меҳнат қилишмоқда. 7 та пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан парваришланаётган 63 минг 406 гектар майдоннинг ҳар гектаридан ўртача 40 центнердан жами 253 минг 624 тонна пахта хомашёси етиштириш бош мақсад қилиб олинган. Ғўза парваришида эълон қилинган 1 июндан - 30 июнгача «Зарбдор 30 кунлик»да 2,5 марта ёки 158,5 минг гектар майдонда сифатли культивация, 1,5 марта ёки 95,1 минг гектар майдонда чуқур чизеллаш, 63,4 минг гектар майдонда иккинчи озиқлантириш, 1 марта суғориш тадбирлари тўлиқ амалга оширилди. Гектарига 3 марта 1 граммдан трихограмма, 2 марта 500-1000 донадан олтинкўз, 2 марта 500-1000 донадан бракон биомаҳсулоти қўйилди. 2 маротаба биостимулятор, 1,5 маротаба ғўза нормал ўсишини таъминловчи моддалар билан ишланди. 2 гектар майдонга бир донадан ферамон тутқичлар қўйилди. 163 та отрядга 1331 та культиватор ва 469 та чуқур юмшаткичлар бириктирилди. 121 та «механизаторлар уй»лари фаолияти кластер корхоналари томонидан тизимли йўлга қўйилди.
Тўғриси, бугун Наманганда барча соҳаларда, жумладан, қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам катта марраларни забт этиш, аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, маънавияти, саводхонлигини юксалтириш йўлида дадил қадамлар қўйилмоқда. Яқинда вилоят ҳокимимиз Шавкатжон Абдураззоқов аҳоли билан мулоқот чоғида ёшларни интернетнинг салбий хуружларидан асраган ҳолда, уларнинг қўлига кўпроқ газета, китоб бериш вақти аллақачон етиб келганини айтиб, барчани сергакликка чақирдилар. Ҳақиқатдан ҳам газета, журнал, китоб ўқиган инсоннинг илми, савияси, қобилияти, дунёқараши ҳам ўзгача бўлади. Шундай экан, қишлоқ хўжалиги йўналишида ҳам маънавият-маърифатга жиддий эътибор қаратамиз. Бунинг учун фермер хўжаликлари дала шийпонларида «Маънавият хона»ларини очишимиз, у ерда телевизор, радио, китоблар, газеталар бўлишини таъминлашимиз, бу борада барча шарт-шароитларни яратишимиз зарур, деб биламан.
Анваржон ҲАКИМОВ,
Наманган вилояти ҳокимининг қишлоқ хўжалиги
масалалари бўйича ўринбосари.