Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси ташаббуси билан кўрилаётган ушбу ҳужжат соҳага замонавий ахборот технологияларини жорий этиш ва ёввойи табиатни муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашни назарда тутади.

Қонун лойиҳасидаги энг муҳим ўзгаришлардан бири — Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига киритилган камёб ва йўқолиб бораётган ҳайвонларни тутишга нисбатан қатъий чеклов ўрнатишдир.

Экопартия фракцияси раҳбари Абдушукур Ҳамзаевнинг таъкидлашича, илмий мақсадлардан ташқари барча ҳолларда Қизил китобга киритилган жонзотларни овлашга тўлиқ мораторий жорий этиш зарур.

Бу таклиф нафақат табиатни асраш, балки биологик хилма-хилликни қайта тиклаш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.

Шунингдек, ҳужжат билан «Қурол тўғрисида»ги ҳамда «Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида»ги қонунларга қўшимчалар киритилмоқда.

Янги нормалар овчиларни тайёрлаш тизимини тизимлаштириш, ов қилиш жараёнлари устидан назоратни кучайтириш ва овчилик хўжаликлари учун қулай ҳуқуқий муҳит яратишга хизмат қилади.

Муҳокамалар якунида депутатлар мазкур лойиҳа экотизим барқарорлигини таъминлашда долзарб аҳамиятга эга эканлигини қайд этиб, уни қўллаб-қувватладилар.