Тошкент вилояти Оққўрғон тумани “Шоҳрухия” маҳалла фуқаролари йиғини, Ҳосилдор маҳалласининг жанубида, Сирдарёнинг ўнг қирғоғида жойлашган Шоҳрухия археологик ёдгорлигининг дарёга туташ жарлигида шу ерли фуқаро Шодиёр Эргашев кўкимтир тусга кириб қолган 427 дона мис тангаларнинг жамланмасига дуч келган. Тангаларни олаётган пайтда улар солиб қўйилган мато қопча титилиб, кукунга айланиб кетган.

Топилманинг ноёблигини тушуниб етган Шодиёр Эргашев бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институтига  мурожаат қилди. Топилмалар илмий жиҳатдан ўрганилиш учун Институтга олиб келинди.

Кўринишидан занг босиб, кўкимтир тусга кириб қолган мис тангаларнинг бир нечтаси тозаланди. Ўрганишлар натижасида уларнинг оғирлиги 4 граммдан, диаметри 31-33 мм.дан иборат эканлиги аниқланди. Тангаларнинг ҳар иккала томонига бўртма шаклида араб ёзувида матнлар битилиб, безаклар туширилган.

Танганинг олд томонига қавариқ кўринишдаги икки қаторли, саккиз қиррали геометрик шаклли ҳошия ичига араб ҳарфларидаги “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Муҳаммад Аллоҳнинг Расули” сўзлари битилган. Ҳошиядан ташқарида, танганинг четига ҳам айланасига араб ҳарфларида сўзлар ёзилган бўлиб, улар ўчиб кетганлиги сабабли нималар ёзилганини аниқлашнинг имкони бўлмади.

Танганинг орқа томонига ҳам қавариқ кўринишда икки қатор ҳалқа ичига нуқтачалар туширилган бўлиб, ҳошия ичига тўрт томонидан ташқарига баргсимон безатилган квадратча ичига эса арабий ҳарфларида “Арслон хоқон” сўзлари битилган. Танганинг бу томонидаги ҳошия ташқарисидаги арабий ҳарфлар чекилган ёзувлар ҳам ўчиб кетган.

Мазкур танганинг зарб этилиш даври Қорахонийлар ҳукмдори Арслонхон Муҳаммад ибн Сулаймон номи билан боғлиқ. У 1102-1130-йилларда Мовароуннаҳрни бошқарган. Танганинг зарб этилиш даври унда зикр этилган Арслон хоқон номи орқали ўз тасдиғини топади. Танганинг таҳлили ўша даврда бу ҳукмдор “Арслон хоқон” деб номланганини кўрсатади. Бу маълумот ҳам тарихимизни ойдинлаштириш учун муҳим ашёвий далил саналади.

Топилмалар аниқланган Шоҳрухия ёдгорлиги милодий II асрлардаёқ мустаҳкам бошқарув тизими, яъни қароргоҳ — арк ва аҳоли яшайдиган қисм — шаҳристондан иборат шаҳар бўлган. IX-XII асрларда шаҳар ривожланиб, Банокат номи билан машҳур бўлган ва шу ном билан тангалар ҳам зарб қилинган. Мўғуллар даврида вайрон этилгач, Амир Темур ҳукумронлиги даврида қайта тикланиб, Шоҳрухия номини олган. XVIII асрга келиб эса яна харобага айланган. Ушбу шаҳар ўз вақтида жанубдан Тошкент воҳасига кириб келинадиган карвон йўли ва Туроннинг шимолий ўлкалари назорат қилинадиган қўрғон-шаҳар вазифасини бажарган. Эҳтимол шаҳар аҳли орасидаги савдогар ёки амалдор бу топилган тангаларнинг эгаси бўлиши мумкин.

Дилмурод НОРМУРОДОВ,

Фанлар академияси Тарих институти бўлим бошлиғи