Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг хабар беришича, 2024 йили қурилиш соҳасида 204 та бахтсиз ҳодиса қайд этилган бўлиб, улар оқибатида 71 нафар ишчи ҳалок бўлган.
2025 йилда эса ҳолат янада оғирлашган: бахтсиз ҳодисалар сони 234 тага, вафот этганлар сони эса 99 нафарга етган. Бу кўрсаткичлар ҳодисалар ҳам, ўлим билан якунланаётган ҳолатлар ҳам ошиб бораётганини англатади.
Мутахассислар фикрича, бахтсиз ҳодисаларнинг аксарияти қуйидаги омиллар билан боғлиқ:
- меҳнат хавфсизлиги қоидаларига риоя этилмаслиги;
- ишчиларнинг шахсий ҳимоя воситалари билан тўлиқ таъминланмаслиги;
- қурилиш майдонларида доимий назоратнинг йўқлиги;
- раҳбарлар томонидан масъулиятга етарли эътибор берилмаслиги.
Энг ташвишли жиҳати — ушбу ҳолатларнинг катта қисми олдиндан олдини олиш мумкин бўлган хавфли вазиятлар ҳисобланади.
Мутахассислар қурилиш ташкилотлари раҳбарлари меҳнат хавфсизлигини ҳужжат учун эмас, ишчининг ҳаёти учун устувор масала сифатида кўриши зарурлигини таъкидламоқда. Шунингдек, ваколатли органлар томонидан профилактик назоратни кучайтириш, хавфли объектларни тизимли мониторинг қилиш ва қонунбузилишларга нисбатан қатъий чоралар кўриш муҳимлиги қайд этилмоқда.
Қайд этилишича, меҳнат хавфсизлиги — фақат назорат идоралари ёки иш берувчиларнинг эмас, балки бутун жамиятнинг умумий масъулияти ҳисобланади. Лоқайдлик эса фожиалар сонининг камайишига олиб келмайди.