Дарҳақиқат, республикамиз суверен давлат сифатида жаҳонда ўз нуфузига эга бўлди. Халқ турмуш фаровонлигини ошириш, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий равнақ топтириш борасида мисли кўрилмаган хайрли ишлар қилинганлигидан барчамиз бохабармиз.

Босиб ўтилган йўлга назар солинса, ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, кейинги беш йилликда мамлакатимиз тараққиётнинг янги босқичидан жадал илдамлаётганлиги яққол кўринади. Айниқса, халқ бахту саодати учун амалга оширилаётган эзгу саъй-ҳаракатлар кўлами беҳад эканлигидан ҳар қанча фахрлансак арзийди.

Халқимизга муносиб турмуш шароитларини яратиш, инсон манфаатларини таъминлаш устувор вазифага айланган. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 24 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 2021 йил давомида амалга ошириладиган улкан ҳажмдаги бунёдкорлик ишлари белгилаб берилди. Бу дастурларнинг аҳамиятли жиҳати шундаки, юртимиз қишлоқлари ва маҳаллалари тараққий этмас экан, республикамиз юксалиши суръатлари авж олишини тасаввур этиш қийин. Зеро, меҳнаткаш халқимиз яшайдиган ҳудудларни комплекс ривожлантирмасдан туриб, фаровонликка эришиб бўлмайди.

Видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари томонидан қатор ташаббуслар илгари сурилдики, қишлоқ ва маҳаллаларимизни тубдан обод қилишга мутлақо бошқача қараш ва интилишлар кўз ўнгимиздан ўтди. Бугунги кунда юртимизда шароити оғир бўлган 796 та қишлоқ ва шаҳарларда 188 та маҳалла мавжуд. 4 мингдан зиёд маҳалланинг электр таъминоти қониқарсиз аҳволдалиги, қишлоқларга инфратузилмани олиб бориш масаласи алоҳида муҳокама этилди.

Жорий йил “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари аҳоли талабларидан келиб чиқиб янги ёндашувлар асосида шакллантирилиб, бу йил мазкур дастурлар доирасидаги ишларга 21 триллион сўм йўналтирилиши қайд этилди. Бу ўз навбатида 8 мингта маҳаллада бажарилиши лозим бўлган йўл, электр таъминоти, коммунал хизмат ва тадбиркорликни ривожлантиришга туртки беради.

Бундан буён “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларига қайси маҳалла ёки қишлоқ киришини маҳаллий кенгашлар белгилайди. Туман ва шаҳар ҳокимининг иқтисод, қурилиш ва маҳалла масалалари бўйича ўринбосарлари зарур маблағлар ва амалга ошириладиган ишларни аниқ ҳисоб-китоб қилиб, маҳалла раиси билан бирга, ҳудудий кенгашларда ҳимоя қилади.

Маҳаллий кенгашлар ҳар бир маҳалла кесимида ижтимоий соҳа, ичимлик суви, йўл-транспорт ва инфратузилма объектлари манзилли дастурини тасдиқлайди. Қурилиш вазирлиги ҳокимликлар билан бирга уларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишга масъул бўлади. Шу тартиб асосида, дастурга киритиладиган маҳалла ва қишлоқлар, уларда тадбиркорликни ривожлантиришга оид масалалар ўтган ҳафтада барча туман ва шаҳар кенгашларида белгилаб олинди.

Йиғилишда Вазирлар Маҳкамаси ва вилоят ҳокимликларига 10 кун муддатда дастурга киритилган барча қишлоқ ва маҳаллаларда қурилиш ишларини бошлаш вазифаси қўйилди.

Ижтимоий-иқтисодий аҳволи оғир 325 та қишлоқ ва 71 та маҳаллани комплекс ривожлантириш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди. Уларда ичимлик суви ва электр тармоқлари, ички йўллар, ижтимоий объектлар қуриш ҳамда таъмирлаш учун 3 триллион 300 миллиард сўм ажратилиши белгиланди.

Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, элимиз манфаатлари йўлидаги бу хайрли ишлар жорий йилнинг 1 ноябргача тугалланиши қатъий вазифа қилиб қўйилди. Ажратилган маблағлардан ўринли ва самарали фойдаланиш назорати кучайтирилади.

Умуман олганда, 2021 йил – қишлоқ ва маҳаллаларимизни янада тараққий эттиришда муҳим давр бўлади. Одамларнинг ҳаёт тарзи, турмуш фаровонлигини юксалтириш сари ғоят улуғвор ишлар амалга оширилиши кўзда тутилмоқда. Биз, маҳаллий Кенгаш депутатлари ушбу эзгу мақсадлар рўёбини таъминлаш, белгиланган дастурлар ижроси тўла-тўкис ҳаётда ўз ифодасини топишига эришиш учун баҳоли қудрат интиламиз.

Солижон Мўминов,

халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.