“Ислоҳотлар аҳолининг барча қатламлари манфаатларига ижобий таъсир кўрсатмоқда: тадбиркорлар ўз бизнесини ривожлантириш учун эркинлик ва янги-янги имкониятларга эга бўлмоқда, деҳқон ва фермерлар, кластер хўжаликлари ўзлари етиштирган ҳосилнинг ҳақиқий эгасига айланмоқда. Ҳолбуки, собиқ мустабид тузум даврида “тепа”дан буйруқ бўлмаса, бир қадам босишга ҳам ҳаққимиз йўқ эди. Аҳвол шу даражага етиб борган эдики, уйимизнинг томигача пахта экдик, лекин косамиз оқармади. Мактаб болаларини ҳам пахтага ҳайдадик. Севимли шоиримиз Абдулла Орипов ўз даврида чуқур дард ва изтироб билан “Миллион эгатларга сочилган ўзбек”, деб ёзганидек, юз йил эгилиб пахта тердик.
Яқин-яқингача ҳар йили тахминан 6-7 миллион одам пахта теримига мажбуран сафарбар этиларди. Мана, уч йилдан буён улар бу машаққатдан қутулди...”
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йил 17 августда “Янги Ўзбекистон” газетаси бош муҳаррири билан суҳбатда айтган бу фикрлари замирида нечоғлик халқ дардига дарддошлик ва кучли сиёсий ирода мужассамлигини бугунги кунда янада теранроқ ҳис қилиб турибмиз.
КАТТА ИМКОНИЯТ ВА ЯНГИ БОЗОРЛАР
Ҳақиқатан, узоқ йиллар давомида ўқитувчилар болаларни ўқитиш, тиббиёт ходимлари беморларни даволаш, бошқа ижтимоий соҳа вакиллари зиммасидаги вазифаларни бажариш ўрнига ойлаб пахта теришга мажбур эди. Наинки, улар, юртимиздаги корхона ёки ташкилотда ишлайдиган раҳбар ва мутахассис борки, ўз ишларни чеккага суриб, юклатилган пахта режасини бажариш ташвиши билан банд бўларди.
Замондош шоиримиз Сирожиддин Саййид айтганидек,
“Бутун фикру хаёллар — пахта,
Лабимизда қотиб қолган саволлар — пахта”,— эди.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик саноати соҳаларини тубдан янгилаш, энг аввало, одамларни рози қилиш, улар учун муносиб ҳаёт шароитини яратиш ислоҳотлар амалда ўз самараси кўрсатяпти. Бу халқаро миқёсда ҳам кенг эътироф этиляпти.
Маълумки, “Cotton Campaing” халқаро коалицияси 10 йил аввал пахта теримида болалар меҳнатидан фойдаланганлик учун Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотига нисбатан бойкот эълон қилган эди. Унинг олиб ташланишига “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон форуми” ҳисоботининг асосий хулосалари сабаб бўлди. Ҳисоботда 2021 йилги пахта терими даврида тизимли мажбурий меҳнатга йўл қўйилмагани қайд этилади.
“Cotton Campaign” шу йилмарт ойи бошида Ўзбекистон Республикасида етиштирилган пахтага нисбатан глобал бойкотини бекор қилгани, шубҳасиз, мамлакатимиз пахта-тўқимачилик саноатини дунёнинг энг жозибадор тармоқларидан бирига айланишига кенг йўл очиб беради. C&A, Gap, H&M, Levi Strauss&Co, Tesco, Walmart сингари 331 та бренд ва ритейлларни ўз ичига олган ушбу ташкилот эндиликда Ўзбекистон ҳукуматини фуқаролик жамияти учун майдон очиш ва масъулиятли етказиб берувчилар учун зарур бўлган қулай шароитларни яратишга даъват этмоқда.
Президентимиз 11 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида шу вақтгача ранги оқ бўлган, лекин шу вақтгача “қора” рўйхатда бўлган пахтамизга бойкотнинг бекор қилиниши туфайли маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун юзага келаётган янги имкониятларни алоҳида қайд этди.
“Сўнгги беш йилда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотларимиз самарасини бериб, “Cotton Campaign” куни-кеча Ўзбекистонни “қора рўйхати”дан чиқарди. Бу ҳам биз учун жуда катта имконият, янги бозорлар дегани. Бунинг ҳисобига истеъмол маҳсулотларининг хомашёсини олиб келиб, уларни қайта ишлаш орқали қўшимча 1,5 миллиард долларлик маҳсулотни бемалол экспорт қилса бўлади”, — деди давлатимиз раҳбари.
Шу мақсадда хомашёни олиб келиб, тайёр маҳсулот чиқарган ва уни четга сотадиган (божхона ҳудудида қайта ишловчи) корхоналарга жорий йилнинг апрель ойидан бошлаб, экспортчилар учун берилаётган барча имтиёзлар татбиқ этилади.
Лойиҳалар доирасида техник-иқтисодий асос, маҳсулот сертификати, божхона тўловлари таъминоти талаб этилмайди. Рухсатнома бериш муддати 3 баробар қисқариб, бу йўналишда бир йил давомида ишлаб келаётганларга рухсатнома ҳар бир шартномага эмас, балки бутун корхона фаолиятига берилади.Бундан ташқари, олиб келган дастгоҳлари учун божхона божлари ҳам ундирилмайди.
Халқаро меҳнат ташкилоти ҳам 1 март куни Ўзбекистон 2021 йилда пахтачиликда мажбурий ва болалар меҳнатини чиқариб ишлаб чиқариш жараёнидан чиқариб ташлашга муваффақ бўлганини маълум қилди. Эндиликда компанияларнинг ўзлари меҳнат ҳуқуқларига амал қилинишини баҳолаб, Ўзбекистондаги харидларга нисбатан қарор қабул қилади.
КЛАСТЕРЛАР — ЕТАКЧИ КУЧ
Мамлакатимиз аҳолисининг аксарият қисми қишлоқ жойларида истиқомат қилади. Демак, Ўзбекистонда бандлик ва даромадларнинг ўсиши қишлоқ хўжалиги тармоғининг самарали ривожланиши билан ҳам чамбарчас
боғлиқ. Қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва жадал ривожлантириш вазифалари тўққизта стратегик устувор йўналишни қамраб олган “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегияси”да белгиланган.
Сўнгги йилларни қишлоқ хўжалигида мислсиз ислоҳотлар даври деб аташ мумкин. Соҳа тубдан модернизация қилиниб, унга бозор тамойиллари татбиқ этилди. 2017 йилда республикамизда етиштириладиган ялпи пахта ҳосилининг бор-йўғи 0,9 фоизи кластерлар ҳиссасига тўғри келган бўлса, 2021 йилдан эътиборан пахта хомашёси 100 фоиз пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан етиштирилди.
Ўз навбатида, қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқаришни ривожлантириш стратегик хусусият касб этяпти. Масалан, 2017 йилдан буён қишлоқ хўжалиги ялпи маҳсулоти 1,5 баробар, киши бошига эса 1,4 баробар ошди. Ўсимликшунослик маҳсулотлари 1,3 баробар, чорвачилик маҳсулотлари – 1,7 баробар ўсди.
Аҳамиятлиси, сўнгги йилларда қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ишлаб чиқариш билан бирга уларни қайта ишлаш ва аҳолига хизмат кўрсатиш билан ҳам шуғулланаётган кўп тармоқли фермер хўжаликлари сони икки баравар кўпайди. Бу, ўз навбатида, чекка қишлоқларда юз минглаб янги иш ўринларини ташкил қилиш имконини беради.
Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг яна бир стратегик устувор йўналиши давлатнинг ролини камайтириш ва хусусий сармоядорлар учун секторнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишдан иборат бўлди. Шу жиҳатдан, ички бозорда нархлар барқарорлигини таъминлашга қаратилган бошоқли дон интервенциясини амалга ошириш учун керакли бўлган ҳажмдан ташқари давлат харидларидан тўлиқ воз кечиш муҳим аҳамиятга эга.
Қишлоқ хўжалигига субсидиялар ёрдамида сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш суръатларининг оширилганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. Президентимизнинг 2020 йил 11 декабрдаги тегишли қарори доирасида томчилатиб суғориш технологиялари асосида, жумладан, пахта далаларида ҳам тежамкор суғориш тизимларини жорий қилиш вазифалари белгиланди.
Сувни тежайдиган технологияларни харид қилиш ва қуришга ажратиладиган банк кредитлари бўйича фоиз харажатларининг бир қисмини қоплаш учун 1,5 триллион сўм миқдорида давлат субсидиялари ажратилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 1 мартдаги қарорига асосан, жорий йилда 478 минг гектар майдонда сувни тежайдиган технологиялар жорий қилиниши белгиланган. Хусусан, 230 минг гектар, шу жумладан, 160 минг гектар пахта хомашёси етиштириладиган майдонларда томчилатиб, 28 минг гектарга ёмғирлатиб, 2 минг гектар қишлоқ хўжалиги экин майдонларида дискретли суғориш тизимларини жорий қилиш, 218 минг гектар экин майдонларини лазерли ускуна ёрдамида текисланишини ташкил этиш кўзда тутилган.
Кўрилаётган чора-тадбирлар Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида модернизация қилиш жараёнлари кенг кўлам касб этиб бораётганлигини яққол намоён этади.
ЭКСПОРТ САЛОҲИЯТИ ВА ХАЛҚАРО БОЗОР ТАЛАБЛАРИ
Ўзбекистонда етиштирилаётган пахтанинг асосий қисми маҳаллий корхоналарда қайта ишланиши туфайли қишлоқ хўжалиги соҳасида рақобат кучайди. Бугунги кунда бу кўрсаткич қарийб 60 фоизни ташкил этади. Мамлакатимиз олдида эса, мавжуд фабрика ва заводларнинг ишлаб чиқариш қувватларини ошириш ҳисобига ип-калава, тўқимачилик ва ёғ-мой экспортини оширган ҳолда, пахтани ўзимизда қайта ишлашни 75 фоизгача ошириш вазифаси турибди. Айни пайтда Ўзбекистон ўз пахта толасини 100 фоиз қайта ишлаш қувватига эга бўляпти.
Шу билан бирга, ҳосилни йиғиб олиш ва қайта ишлашда механизациялашни ошириш ишлари бошлаб юборилди. Бу тайёр маҳсулотдан кўпроқ даромад олиш ва мамлакатимизда қўшимча иш ўринларини яратиш имконини беради. Ички борзорнинг сифатли маҳсулот билан таъминланиши мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини оширишга замин яратади.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ўзбек пахтасига бойкотнинг бекор қилиниши ишлаб чиқарилган тўқимачилик маҳсулотлари экспортининг умумий ҳажмини икки баравар ошириши, келажакда бу ерда жаҳоннинг етакчи брендларидан кийим-кечак ишлаб чиқарадиган фабрикалар пайдо бўлишига кенг шароит яратади.
Алоҳида қайд этиш жоизки, “Cotton Campaign” бошқарув қўмитаси ва GLJ-ILRF Мажбурий меҳнат дастури вакиллари, эндиликда Ўзбекистонда етказиб берувчилар ва брендлар меҳнат амалиётида ҳақиқий шаффофликка эга бўлган ҳамда меҳнаткашларнинг ҳуқуқлари учун сармоя кирита оладиган ва юксак меҳнат стандартларини қўллаб-қувватлайдиган етказиб бериш занжирининг янги турини яратиш имконияти пайдо бўлганини маълум қилди.
Мамлакатимиз пахтасига нисбатан бойкотнинг бекор қилиниши жаҳондаги тўқимачилик саноати корхоналарининг Ўзбекистон бозорига киришига имкон берса, бошқа томондан, республикамизда янги иш ўринларини ташкил қилиш, қишлоқ хўжалиги соҳасига халқаро стадартларни жорий қилиш, тўқимачилик маҳсулотлари экспортини ошириш ва ушбу соҳада халқаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга ёрдам беради. Энди Ўзбекистон тўқимачилик ва тикувчилик тармоқларига янги қувватлардан фойдаланган ҳолда, ишлаб чиқариш-сотиш занжирида янада юқори ўринларга кўтариш имконияти мавжуд бўлди.
Буларнинг барчаси қишлоқ хўжалиги соҳаси олдига янги вазифаларни ҳал этиш муҳимлигини қўймоқда. Хусусан, қишлоқ хўжалигини молиялаштириш учун бюджет маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, электр энергия ҳаражатларини камайтириш соҳасини модернизация қилиш, пахта етиштирувчиларга сув етказиб берадиган ирригация тизимини ишлатиш ва бошқариш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишни давом эттириш шулар жумласига киради.
Қишлоқ хўжалигининг амалий тадқиқотлари ва фанлари ер унумдорлигини ошириш, маҳсулотлар, ветеринария ва фитосанитария хизматларининг хавфсизлик тизимини ривожлантириш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, бозор ва статистика маълумотларини йиғиш ва таҳлил қилиш, бозор инфратузилмасини ривожлантириш, барча даражадаги кадрлар малакасини ошириш бўйича дастурларни етарлича молиялаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш лозим.
Бу жиҳатларбутун кунда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини халқаро бозорларга етказиб беришни таъминлаш учун мамлакат ичкарисида ва божхона чегараларида агрологистикани яхшилашга ҳам тааллуқлидир. Бизнингча, бойкот бекор қилингандан кейин Ўзбекистон маҳсулотига бўлган талабнинг прогнозлаштирилаётган ўсиш шароитида пахта таннархига таъсир даражасини, жумладан ички ва халқаро нархлар нисбатини пухта таҳлил қилишни талаб этади.
Кластер хўжаликлари ва фермерларнинг маҳсулдорлигини ошириш доирасида улар ўртасида юқори мотифвациясини сақлаш муҳим аҳамиятга эга. Маҳаллий ҳокимиятлар томонидан фойдаланишга берилган ер участкаларига мулкдорларни рағбатлантириш механизмларини янада такомиллаштириш керак. Бу қишлоқ хўжалигини модернизация қилишни жадаллаштириш ва унинг рақобатдошлигини оширишга хизмат қилади.
Шу билан бирга, мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини дунёнинг кўплаб мамлакатларига экспорт қилиш ҳажмини ошириш механизми сифатида Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича ҳукумат томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирларни давом эттириш мақсадга мувофиқдир.
Умуман олганда, бойкотнинг бекор қилиниши мамлакатимиз тўқимачилик ва тикувчилик корхоналарининг экспорт кўрсаткичларига ижобий таъсир кўрсатадиган кўплаб муаммоларни ҳал этиш имконини беради. Эндиликда тадбиркорлар ва экспортчиларни янги шароитларда қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирларни жорий этиш учун катта ишларни амалга ошириш вазифаси турибди.
Актам ҲАИТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикери ўринбосари