Икки қаватли “Корон” ҳунармандчилик марказининг биринчи қаватида жойлашган цехда ҳаёт қайнайди. Усталар қўлида лой шакл олади. Қуритилади. Нақш чизилади. Ранг берилади. Сўнг обдон қиздирилади. Ниҳоят неча кунлик меҳнат самараси — маҳсулот тайёр бўлади. Иккинчи қаватда эса ноёб кулолчилик маҳсулотлари жойлаштирилган. Булар экспортга тайёрланади ва бу ерга келган сайёҳларга намойиш этилади.
Марказ кулолларининг иши бошқа усталарникидан миллийликка замонавийликни уйғунлаштира олгани билан фарқланади. “Корон” маркази раҳбари Равшан Тожиддиновнинг айтишича, ўз вақтида ясаган коса, чойнак-пиёла ва кўзаларини елкасида кўтариб, маҳаллама-маҳалла, уйма-уй юриб сотган. Шунинг ортидан аста-секин ишини кенгайтирган.
Бугун унинг қўлида 400 дан ортиқ уста-ҳунарманд ва ишчи бор. Марказ маҳсулотлари Германия, Польша, Россия, Миср, Эрон, Руминия, Грузия, Туркманистон, Тожикистон, Ҳиндистон давлатларига экспорт қилинади.
Риштон тупроғида сир бор, дейишади уста-кулоллар. Бу тупроқдан деярли барча турдаги кулолчилик маҳсулотлари тайёрлаш имкони мавжуд. Қизғиш рангли тупроқ маҳаллий аҳоли тилида “хоки сурх” — қизил тупроқ дейилади.
Риштонлик кулоллар маҳаллий лойнинг сифати яхшилигини уни бирламчи қайта ишламай фойдаланиш мумкинлиги билан изоҳлайди. Бугун Риштон кулолчилик мактаби янада ривожланмоқда. Усталар учун қулай шароит яратиш мақсадида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Халқаро кулолчилик маркази барпо этилди. Бу ерда 20 нафар уста-кулолга ҳам яшаши, ҳам ижод қилиши учун уй-жой ажратилди. Президентимиз жорий йил Фарғона вилоятига ташрифи чоғида ана шу марказда риштонлик кулоллар билан учрашди. “Бу идишларда меҳнат билан, юрак билан бирга, тарих ҳам бор. Ҳамма йўналишларда миллий анъаналаримизни тиклаяпмиз. Сопол буюмларни ҳам яна оммалаштириб, ҳар бир хонадонга киритиш керак. Уларни чет элликлар жуда қадрлайди. Чунки чиройли, сифатли, экологик тоза. Юртимиздаги ҳар бир уйда мана шундай идишлар бўлса, ҳам миллий ифтихор, ҳам маънавият бўлади”, деб уларнинг меҳнатини эътироф этди Давлатимиз раҳбари. Ҳунармандлар маҳалласига айланган файзиёб маскан сайёҳлар учун жуда қулай жой. Боис, ушбу марказга келганлар ҳам усталар ишини ўрганади, ҳам тайёр маҳсулотлар билан танишиб, харид қилиш имконига эга бўлади. Яна бир афзаллиги, меҳмонлар кулоллар томонидан очилаётган оилавий меҳмон уйларида яшашлари мумкин.
Уста ҳунарманд Алишер Назировнинг “Шинам”, Бахтиёр Назировнинг “Ошиён” оилавий меҳмон уйлари сертификат олиб, аллақачон меҳмонларни қабул қила бошлади. Ҳар иккала меҳмон уйи ҳам 12 нафаргача меҳмон қабул қила олади. Айни кунларда Бахтиёр Назиров хонадонида амалий санъат йўналишида таҳсил оладиган Эмма исмли франциялик талаба қиз кулолчилик сирларини ўрганмоқда. Ишдан бўш пайтида Бахтиёр аканинг келини Шоҳиста билан ўзбек миллий таомларини пиширади, рўзғор юмушларига кўмаклашади.
— Эмма бир ой давомида Риштон кулолчилигига хос йўналишларни — бўяш ва чизиш, буюмга сир беришни ўрганади, — дейди Бахтиёр Назиров. — Маҳаллий усталар ишининг бошқа усталар ишидан асосий фарқли жиҳати Риштон кулоллари маҳсулотларида қизил ранг учрамайди. Нақшлар мураккаб. Қалампирнусха нақшларга эътибор қаратилади. Намликка чидамли. Хорижлик мутахассис ва сайёҳларни ана шу жиҳатлар ўзига тортади.
Риштонда ҳунармандчилик асрлар давомида ўзининг услубий яхлитлигини сақлаб, бугун барқарор ривожланмоқда. Тупроққа меҳр бериш, лойни ҳис қилиш кўникмаси устадан-шогирдга, отадан-болага мерос анъана сифатида ўтмоқда.