Украина интеллектуал маҳсулот экспорти бўйича ТОП 25талик ичида
Украина Собиқ Иттифоқдан ажралиб чиққач, барча мустамлакачилар қатори кучсиз ва ҳимоясиз эди. Орадан йиллар ўтиб, ҳукуматнинг ИТ ва илм-фанга берган катта эътибори ўз мевасини бера бошлади. 2011 йилда ИТ хизматларидан келган даромад мамлакат тарихида биринчи марта қурол экспорти ҳажмидан ошиб кетди ва иқтисодиётни кўтарадиган асосий тармоқлардан бирига айланди.
Бугун украиналик айтишниклар онлайн ўйинларни ишлаб чиқишдан тортиб, турли жараёнларни оптималлаштириш ва автоматлаштиришгача бўлган хизматларни бажаришади. Халқаро савдо марказининг маълумотларига кўра, Украина дунёдаги интеллектуал маҳсулотларнинг энг йирик 25 экспортчиси қаторига киради, экспортнинг 70 фоизи махсус дастурий таъминотларни ташкил этади.
Бугунги кунда мамлакатда 4 мингдан ортиқ ИТ хизматларини кўрсатувчи компания, 200 мингдан ортиқ ИТ мутахассислари бор. Бу сонлар йилдан-йилга ошиб бормоқда.
ИТ соҳасида шунча натижаларга эришишига қарамасдан Украина ўз ИТ бозорини жаҳон миқёсида танитиш учун глобал маркетинг компанияларига катта пул тикади. Қолаверса, бу соҳага инвестиция киритиш ва ички бозорда компаниялараро соғлом рақобатни ривожлантиришга ҳам катта аҳамият берилади.
ИТ мутахассислари тақчиллигини йўқотиш Исроил тажрибаси қандай эди?
Исроил ИТ соҳаси эндигина ривожлана бошлаганида яхши мутахассисларнинг бошқа давлатларга кетиб қолиши муаммосига дуч келди.
Хўш, мамлакатда ИТ соҳаси мутахассислари етишмовчилигини қандай бартараф этди?
Биринчидан, ИТ секторини жозибадор қилиш учун ҳукумат мамлакатда стартап лойиҳалари, бизнес марказлари ривожини қаттиқ қўллаб-қувватлади, бу борада қатор имтиёзлар берди. Натижада, инвесторлар инновация оламида истеъдодли ғояларга пул тика бошлади. Бу эса ИТ мутахассисларига эҳтиёжни бирдан ошириб юборди.
Иккинчидан, олий таълим муассасалари битирувчиларининг ИТ бўйича билимлари бозор талабларига мос эмаслиги аниқланади. Натижада, вақтдан ютиш мақсадида,мутахассисларни тез ва сифатли тайёрловчи хусусий марказларга эътибор кучайтирилади. Шунинг учун ҳам бугун Исроилда бирорта йирик компания диплом талаб қилмайди ва ўз ходимларини ўқитиш билан шуғулланмайди: мутахассислар билимни асосан хусусий марказларда ва амалиёт чоғида оладилар.
Бугун мамлакатда 9,467 миллион аҳоли яшаса, шундан 200 мингдан ортиғи ИТ мутахассисларидир. Улар бугун дунё ИТ бозорида ўз ўрнига эга.
Исроилнинг асосий ютуғи ИТ — келажак соҳаси эканлигини аксарият давлатлардан олдин, 25 йил илгари прозноз қилиб, бор кучни унинг ривожига қаратганидир.
Грузияни ботқоқдан нима қутқарган?
Бундан ўн етти йил илгари Грузияда «рангли инқилоб» натижасида ҳокимият тепасига келган Саакашвилининг номи эсланганда унинг Грузияда амалга оширган ислоҳотлари тилга олинади.
Саакашвили мамлакатдаги жиноятчилик ва коррупцияга қарши аёвсиз кураш олиб борган, кўплаб вазирлик ва ташкилотларни тугатиб, ихчамлаштирган. Унгача бўлган 20 турдаги солиқдан, бор йўғи еттитасини қолдириб, қолганини бекор қилган.
У бошқа соҳалар қатори таълим тизимини ўзгартиришга ҳам катта эътибор берган.
2010 йилда Саакашвили мактаб ўқувчиларига ноутбук тарқатиш ғоясини илгари суради ва ўша йили бир нечта мактабда бу иш амалга оширилади. 2011 йилда эса бутун Грузия бўйлаб, биринчи синфга борган ҳар бир ўқувчига давлат томонидан бепул ноутбуклар тарқатилган.
Ўқувчиларга берилган ноутбукларда, асосан, ўқув дастурлари, турли хорижий тилларни ўрганиш, математика ва турли фанларни ўйинлар ёрдамида ўзлаштириш дастурлари ўрнатилган эди.
Грузияда бугун ҳам ўша дастур ишлаяпти ва биринчи синфга борадиган ўқувчиларга ноутбук тарқатилади.
Айни пайтда Грузия Собиқ Иттифоқдан қолган эски тизим билан бошқариладиган қолоқлик ботқоғидан чиқиб олиб, шиддат билан ривожланган давлатлардан бири. Уни, шубҳасиз, таълим ва компютер технологияларига бўлган эътибор шу даражага олиб чиқди.
Бугунги кунда Грузия этакчи дастурий таъминот ишлаб чиқарувчилари ва бошқа ахборот технологиялари компаниялари учун жозибадор мамлакатга айланган.
Энг муҳими, Грузиянинг ИТ мутахассислари дунёнинг исталган энг кучликомпанияларида бемалол иш топиб кета олади!
ИТ — Белоруссия иқтисодиётининг мотори?
Бир пайтлар Белоруссия танг аҳволда қолаётган давлат эди. На экспорт қиладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, на табиий бойликлари бўлган ушбу мамлакат иқтисодий тангликдан чиқиш йўлини ИТ таълимида деб билди ва бу мутлақо тўғри эди.
2006 йили ИТ компаниялари учун биринчи имтиёзлар жорий этила бошланди. Орадан ўн йил ўтиб, компьютер хизматларининг экспорти 30 баравар кўпайиб, 956 миллион доллардан ошди. 2017 йилда миллиарддан ўтди. 2018 йил охирига келиб эса, бу сонлар деярли 2 миллиард долларга этган.
Бугунги кунга келиб, Белорусия иқтисодий ўсишининг чорак қисми ИТ соҳаси томонидан таъминланади. Беларуслик дастурчилари томонидан ишланган «World of thanks» ва Wаргаминг кампаниясидаги шунга ўхшаш ўйинлар, шунингдек, сўнгги йилларда Google ва Facebookга кўпгина лойиҳалар катта пулга сотилган. Таниқли муваффақиятли лойиҳалар қаторида Кипрда рўйхатдан ўтган Maps.mе, MSQRDларни мисол келтириш мумкин.