Хабардан маълум бўлишича, иммунитетни ўрганиш тадбири доирасида 26 та ҳудудда 2800 дан 3200 нафаргача одамлар кузатилган. Кузатув жараёнида 23 та ҳудудда 65 минг тест ўтказилган. Кузатув якунланаётган яна учта ҳудудда 9 мингта тест ўтказилган.

Тадқиқот натижалари Татарстан, Москва, Санкт-Петербург шаҳарлари, шунингдек Астрахан, Москва, Ленинград ва Тюмен областлари аҳолисининг 20 фоизидан кўпида SARS CoV-2га қарши иммунитет мавжудлигини кўрсатган.

Аввал Соғлиқни сақлаш вазирлиги Н.Ф. Гамалея номидаги Эпидемиология ва микробиология миллий тадқиқот маркази раҳбари Александр Гинсбург Россияда ишлаб чиқарилган вакцина эмланган вақтдан бошлаб икки йилдан кам бўлмаган муддатда коронавирусдан ҳимоя қилишини эълон қилганди.

Эслатиб ўтамиз, 11 августда Россия Федерацияси дунёда биринчи бўлиб COVID-19 инфекциясининг олдини олувчи вакцинани рўйхатдан ўтказган. Ушбу дори воситаси Н.Ф. Гамалея номидаги Эпидемиология ва микробиология миллий тадқиқот маркази ҳамда Россиянинг тўғридан тўғри инвестициялар фонди билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган.