Самарқанд адабий муҳити тарихи жуда қадим замонларга бориб тақалади. Бу адабий муҳит, айниқса, темурийлар даврида янада гуллаб яшнади, жаҳоншумул аҳамиятга эга бўлди. Тасаввур қилиб кўринг: қайси адабий муҳитдан Алишер Навоий, Абдураҳмон Жомий, Заҳириддин Муҳаммад Бобурдек мутафаккир шоирлар етишиб чиққан? Фақат ва фақат Самарқанд адабий муҳитининг мазкур даъвога маънавий ҳаққи бор, деб ўйлайман.

Ўтган асрнинг йигирманчи­қирқинчи йилларига келиб, Самарқанд адабий муҳитида Абдурауф Фитрат, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Саидризо Ализода, Садриддин Айний, Миртемир, Ҳамид Олимжон, Шароф Рашидов каби ижодкорлар номи кўрина бошлади. Номлари зикр этилган олиму адибларсиз эса йигирманчи аср ўзбек адабиётини ҳам, адабиётшунослигини ҳам тасаввур этиб бўлмайди.

Бу жараён ҳеч қачон сўнмаган, тўхтаб қолмаган, балки тараққий этган, муттасил ривожланган. ХХ асрнинг иккинчи ярмига келиб, Воҳид Абдулло, Орифжон Икромов, Нуриддин Шукуров, Ботирхон Валихўжаев, Ғайбулла ас­-Салом, Барот Бойқобилов, Душан Файзий, Омон Матжон каби Самарқанд адабий муҳитининг дарғалари майдонга чиқди. Самарқанд адабий муҳитини даврлар билан қиёслаганимизда Ҳамид Олимжон ва Орифжон Икромов номини алоҳида фахр билан тилга оламиз. Ҳамид Олимжон Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг раиси ва бетакрор Ватан куйчиси сифатида халқимиз қалбидан муносиб ўрин олган бўлса, Орифжон Икромов ҳам шоир, ҳам олим, ҳам кўп инсоний фазилатлари билан минглаб қалбларни забт этган эди.

Самарқанд адабий муҳити ҳақида сўз юритганда, албатта, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, филология фанлари доктори, Самарқанд давлат университети профессори Ҳотам Умуров номи ҳам алоҳида тилга олинади. У Ҳамид Олимжоннинг жияни, Орифжон Икромовнинг укаси бўлади. Ушбу фан ижодкорининг томирида қандай улуғ инсонлар қони оқаётганини англатиш учун ҳам фикримизни узоқдан бошлаганимиз бежиз эмас.

Мана ярим асрдирки, Самарқанд адабий муҳитида бу инсоннинг ўз ўрни бор. Олим нафақат Самарқанд, балки бутун мамлакатимизда маълум ва машҳур. Назаримда, домладай кўп ва хўб китоб ёзган, чоп эттирган бошқа олим бўлмаса керак. У мунтазам Ҳамид Олимжон ижодини тарғиб қилди,  Зулфияхоним асарларини ўрганди, таҳлил қилди. Ўтган давр ичида ўз илмий­ижодий ишларини педагоглик соҳаси билан ёнма­ён олиб борди.

Олим ҳозирги замон ўзбек адабиёти фани ривожига ҳам муносиб ҳисса қўшган. Бу улушни бемалол учга бўлиш мумкин. Биринчиси, у яратган монографиялар, илмий­тадқиқот ишлари, ўқув қўлланмалар, дарсликлар, мақолалар, бадий ижод намуналари. Иккинчиси, домланинг илмий раҳбарлигида тайёрланган диссертациялар, шогирдлари, издошлари. Учинчиси, олимнинг педагоглик фаолияти.

Бадиий асарни таҳлил қилиш, фикр билдириш борасида ҳамманинг ўз даражаси бор, албатта. Лекин ҳамма ҳам адабиёт назариясидай оғир ва мураккаб, сермашаққат соҳага қўл уришга жазм қилавермайди. Бу борада Фитрат ва Иззат Султондан сўнг Ҳотам Умуровнинг “Адабиёт назарияси” дарслиги адабий жараёнда ўзига хос воқеа бўлган эди. Бу ҳақда “Буюк хизматлари учун” ордени соҳиби, академик Азиз Қаюмов шундай ёзганди: “2003 йил май ойида профессор Ҳотам Умуров Самарқанд давлат университетида менга ўзининг янги китобини тақдим этди. Тошкентга қайтгач, бу китобни диққат билан ўқиб чиқдим. У “ Адабиёт назарияси” дарслигидир. Бу китоб менга мақбул бўлди. Унда адабиёт назария сига оид қоидалар жуда тўғри ва билимдонлик билан баён этилган”.

Ҳассос олим бугунги адабий жараёнларга ҳам бефарқ эмас. Ҳамон ўқийди, изланади, ўз устида ишлайди. Умрнинг ҳар бир лаҳзасини қадрлайди. Унумли фойдаланади. Ёшларни ҳам шунга даъват этади. Аслида баракали умр деганлари шу бўлса керак...