Мазкур саммит аҳамияти ва “Самарқанд руҳи”нинг глобаллашув жараёнидаги дунёга таъсири ҳақида Ўзбекистоннинг ШҲТ ишлари бўйича миллий координатори Раҳматулла НУРИМБЕТОВ қуйидагиларни гапириб берди:

— Самарқанд минг йиллар мобайнида ғарб ва шарқни, шимол ва жанубни, турли цивилизацияларни бирлаштириб турган, инсоният тамаддуни йўлида хизмат қилган қадимий ва ҳамиша навқирон шаҳардир. Самарқанд заминида илм-фан, маданият, иқтисодиёт ва бошқа соҳаларда ҳаётни фаровонлик ўзанига буриб юборувчи илғор ва бунёдкор ғоялар шаклланган.

Бугунги дунёда ўзаро боғлиқлик тенденциялари муҳим аҳамият касб этмоқда. Давлатларнинг ривожланиши бир-бирига тобора боғлиқ бўлиб боряпти. Масалан, бирор давлатда қандайдир инқироз юз берса, бу кўп ўтмай қўшни мамлакатларда ҳам акс этиб, таъсир кучини тез ўтказмоқда. Шунга қарамай, афсуски, айрим ривожланган давлатлар ўртасида ўзаро ишонч руҳи йўқолаётганини ҳам кўриб турибмиз. Бу геосиёсий рақобат кучайишига сабаб бўлаётгани бор гап. Ўз навбатида, бундай қалтис вазият бошқа давлатлар тараққиёти ва уларнинг барқарор ривожланишига салбий таъсирини кўрсатяпти. Шунингдек, халқаро ҳамкорликка путур етказяпти.

Шундай зиддиятли вазиятлар, таҳликали даврда Самарқанд саммитининг аҳамиятини англаш қийин эмас. Чунки ШҲТ ўз номи билан ҳамкорлик учун фаолият кўрсатаётган ташкилот. Ўтган йигирма бир йил ичида ташкилот шу принципни оқлаб келмоқда. Айнан мана шундай модель нафақат минтақа ёки ташкилотга аъзо давлатлар, балки бутун дунё учун жуда муҳимдир.

Ҳар бир сиёсий жараён ўзига хос феноменга эга. Самарқандда бўлиб ўтадиган саммитни ҳам янги сиёсий-дипломатик феномен, дейишимиз мумкин. Боиси, бу саммит ўзига хос “Самарқанд руҳи”ни яратмоқда.

Энди “Самарқанд руҳи” ҳақида гапирганда, аввало, айтиш жоизки, бу Ўзбекистоннинг, қолаверса, бутун Марказий Осиёнинг тамаддунга бой меросини ўзида мужассам этади. Ўзаро фойдали савдо, фаол ҳамкорлик, самимий мулоқот, ишонч муҳити, маслаҳатлашув руҳи айнан Самарқанд феноменида ўз ифодасини топмоқда.

Нима учун биз “Самарқанд руҳи” ҳақида гапиряпмиз? Чунки бу руҳ Ўзбекистоннинг янги ташқи сиёсатидан озуқа олади. Президентимиз юритаётган очиқ ва прагматик ташқи сиёсат айнан “Самарқанд руҳи”га асос бўлди.

2017 йилда Самарқанд шаҳрида Марказий Осиёда илк бор янги ҳамкорлик ва ишонч муҳитига асос солган халқаро конференция бўлиб ўтган эди. Шу тариқа Марказий Осиёда юзага келган янги сиёсий жараён айнан Самарқанд заминидан руҳ олган. Бугунги “Самарқанд руҳи” негизида ҳам Марказий Осиёдаги мана шундай илиқ муҳит — ўзаро ҳамкорлик ва самимий ишонч тамойили турибди.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотида “Шанхай руҳи” ҳам мавжуд. Ўзаро ҳурмат, тенглик, маслаҳатлашувлар ва маданиятлар хилма-хиллигига ҳурмат билан қараш каби тамойиллар “Шанхай руҳи”ни ташкил қилади.

Бу, албатта, мамлакатимизнинг буюк тарихида намоён бўлган тушунчалар. Шу жиҳатдан “Самарқанд руҳи”нинг “Шанхай руҳи” билан ўзаро боғлиқлигида яна бир рамзий жиҳатни кўриш мумкин. Улар бир-бирини тўлдиради ва бойитади. Марказий Осиё ШҲТнинг географик ўзаги ҳисобланади. Ташкилот тарихи ҳам Марказий Осиё давлатлари билан чамбарчас боғлиқ. Шу маънода, 2017 йилда Самарқандда бошланган жараён ШҲТ учун ҳам катта ютуқ бўлди.

“Самарқанд руҳи”нинг бугунги дунёдаги аҳамияти ҳақида тўхталадиган бўлсак, мана шу ишонч ва ҳамкорлик муҳити замонавий дунё мамлакатлари, шунингдек, жаҳон иқтисодиёти учун жуда муҳим эканини кўрамиз.

Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон илгари сураётган “Ўзгараётган дунё учун янада кенг ҳамкорлик ва янада мустаҳкам ишонч” тамойили айнан “Самарқанд руҳи”ни белгилаб беради, дейиш мумкин.