Махсус иқтисодий ва кичик саноат зоналари мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятидан фойдаланиш самарадорлигини ошириб, тадбиркорликни ривожлантиришнинг замонавий, қулай ва самарали усулига айланиб бормоқда.
Сўнгги йилларда республикамизнинг барча ҳудудларида фаол ташкил этилаётган бундай иқтисодий майдонлар импорт қилинаётган маҳсулотларни маҳаллийлаштириш, жойларда экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда янги иш ўринларини яратиш орқали аҳоли бандлигини таъминлашда йирик “драйвер”га айланди. Президентимизнинг 2021 йил 30 апрел қабул қилинган “Махсус иқтисодий ва кичик саноат зоналари муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эса тармоқни ривожлантириш йўлидаги яна бир муҳим қадам бўлди.
Айни вақтда мамлакатимизда 23 та эркин иқтисодий ва 348 та кичик саноат зоналари фаолият юритмоқда. Эркин иқтисодий зоналарда умумий қиймати 2,6 миллиард долларлик 453 та лойиҳа амалга оширилиб, 36 мингга яқин иш ўрни яратилган бўлса, кичик саноат зоналарида 5 триллион сўмлик 1 497 та лойиҳа ишга туширилиб, 36 мингдан зиёд кишининг бандлиги таъминланган. Бу эса мазкур тизимни йўлга қўйиш борасида юртимизда зарур тажриба тўпланганидан далолатдир.
Ана шундай зоналардан жой олиб, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагидаги ишбилармонлар сони ортиб боряпти. Аммо чекка ҳудудлардаги саноат зоналарининг етарлича муҳандислик-коммуникация инфратузилмасига эга эмаслиги бу ерда иш бошлаган кўплаб ўрта ва кичик бизнес вакиллари қатори хорижлик инвесторларни ҳам қийнаб келаётгани сир эмас.
Бундан ташқари, ҳозирги кунда жами 8,8 минг гектар ер майдонига эга иқтисодий зоналарнинг 3,9 минг гектарида қиймати 5,3 миллиард долларга тенг 895 та инвестиция лойиҳаси жойлаштирилган бўлса, қолган 4,9 минг гектари лойиҳаларини жойлаштириш мумкин бўлган бўш ер майдонлари ҳисобланади ва уларнинг 65 фоизида муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси мавжуд эмас. 2,4 минг гектар ер майдонига эга кичик саноат зоналарининг ҳам 822 гектари, қолаверса, фаолият кўрсатаётган 60 та кичик саноат зонаси зарур инфратузилма билан тўлиқ таъминланмаган. Бу эса мазкур зоналарнинг тўлақонли фаолият кўрсатишига халақит бераётган энг катта тўсиқ ва муаммолардан бўлиб турибди.
Президент қарори юқоридаги масалаларга ечим бўлиш баробарида, иқтисодий ва кичик саноат зоналарида мавжуд имкониятларни кенгайтириш, мамлакатимизда бизнес юритиш муҳитини янада яхшилаш, хорижий ва маҳаллий тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасида навбатдаги муҳим қадам бўлди. Қарор билан муҳандислик-коммуникация инфратузилмалари объектларининг манзилли дастури ва рўйхати шакллантирилиб, амалга ошириладиган ишлар учун 2021 йилда 1,6 триллион сўм, 2022 йилда худди шу мақсадларга қўшимча 1,8 триллион сўм маблағ ажратилиши белгиланди.
— Шу пайтгача тизимга бир вақтнинг ўзида бундай катта маблағлар ажратилмаган, — дейди Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Эркин иқтисодий зоналарни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Азамат Отеулиев. — Улар махсус иқтисодий ва кичик саноат зоналарининг муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантиришда туб бурилиш ясайди. Бу борада тадбиркорларни қийнаб келаётган муаммоларга ечим бўлади. Мазкур қарор ижроси эркин иқтисодий зоналарда қиймати 5,3 миллиард долларга тенг бўлган 704 та инвестиция лойиҳаси, кичик саноат зоналарида эса қиймати 11,7 триллион сўмлик 2 090 та инвестиция лойиҳасини зарур инфратузилма билан таъминлаш имконини беради. Натижада ҳар иккала тармоқда жами 138,8 мингта иш ўрни яратилади.
Қарор билан ажратилган маблағлар ичимлик ва оқова сув тармоғи, автомобил йўллари, электр ва газ тармоқларини қуриш ҳамда реконструкция қилишга йўналтирилади. Маблағларнинг жойларда тезроқ ўзлаштирилиши ва сифатли инфратузилмани ташкил этиш бўйича Ҳукумат комиссиясияси томонидан махсус Ишчи гуруҳ тузилиб, “Йўл харитаси” шакллантирилган. Айни пайтда ўрганиш ишлари бошлаб юборилган. Дастур доирасига тоғли ҳудудларда жойлашган 5 та Фарм зоналар ҳам киритилган. Қатор ноқулайликлар сабаб етарлича муаммоларга эга ушбу зоналар зарур инфратузилма билан таъминланади.
Саноат зоналари ихтисослаштирилади
Ёш тадбиркор Саид Қобилов саноат зонасидан жой олиб, ишлаб чиқаришни бошлаганига кўп бўлмади. Аввалига барча ишлар кўнгилдагидай кечди. Аммо саноат зонаси тоғли ҳудудга яқин бўлгани боис, тез-тез электр токи ўчиб қолиши муаммоси юзага кела бошлади. Натижада корхонанинг ишлаб чиқариш қуввати пасайиб, буюртмаларни ўз вақтида етказиш билан боғлиқ муаммолар юзага кела бошлади...
Бундай муаммолар биргина Саид акани эмас, балки кўплаб тадбиркорларни қийнаб келаётган эди. Юқоридаги қарор билан айни шу масалаларни тезкор ва сифатли ҳал этиш, тадбиркорлар учун қулай шароит яратиш орқали мамлакатимизда ишлаб чиқариш кўрсаткичларини ошириш вазифаси белгилаб олинди.
Жорий йилнинг 12 май куни Президентимиз раислигида ҳудудлар ва тармоқларда иқтисодий ўсишни таъминлаш бўйича биринчи чоракдаги кўрсаткичлар таҳлили ҳамда жорий йилги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида иқтисодий ўсиш учун, энг аввало, энергия ресурслари зарурлиги таъкидлангани боиси ҳам шундан. Таҳлилларга кўра, саноат тармоқлари, тадбиркорлар ва аҳоли эҳтиёжларини тўла қондириш учун “Ўзбекнефтгаз” томонидан иккинчи чоракда 9 миллиард куб метр табиий ҳамда 165 минг тонна суюлтирилган газ, “Иссиқлик электр станциялари” ва “Ўзгидроэнерго” тизимида жами 15,5 миллиард киловатт электр ишлаб чиқариш талаб этилади. Электр техникаси, тўқимачилик, чарм-пойабзал, қурилиш материаллари, фармацевтика каби саноат тармоқларида ҳам юқори ўсиш суръатларини таъминлаш учун барча имкониятлар бор. Улардан унумли фойдаланиш эса иқтисодий ўсишга йўл очади.
Саноат зоналарининг инфратузилмасини яхшилашга ажратилаётган маблағлар янги ишлаб чиқилган лойиҳаларни жойлаштиришда тадбиркорларга қулайлик яратади. Бу нафақат маҳаллий ишбилармонлар, балки чет эллик инвесторлар, хорижий ҳамкорлар учун ҳам катта имконият. Давлатимиз раҳбари эндиги энг муҳим масала эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналаридаги лойиҳаларни ўз вақтида ишга тушириш, эканини таъкидлади.
— Жорий йилда эркин иқтисодий зоналарда умумий қиймати 1,1 миллиард доллар бўлган 332 та лойиҳа, кичик саноат зоналарида умумий қиймати 9,5 триллион сўмлик 1 минг 845 та лойиҳа ишга туширилиши режалаштирилган, — дейди Азамат Отеулиев. — Инфратузилма масаласининг ҳал бўлиши бу лойиҳаларни тезроқ ишга тушириш имконини беради. Лойиҳалар асосан, иқтисодиётимизнинг ўсиш нуқтаси ҳисобланган электротехника, чарм-пойабзал, қурилиш материаллари, нефт-газ, фармацевтика, туризм, иссиқхона хўжаликлари, халқ истеъмол молларини ишлаб чиқариш саноати йўналишларида амалга оширилади. Бунинг натижасида 20 минг 298 та янги иш ўрни яратилади. Бу эса шу йилнинг якуни билан 400 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш, 350 миллион долларлик импорт ўрнини босувчи товарлар ишлаб чиқариш ҳамда давлат бюджетига қўшимча 2 триллион сўмдан кўп маблағларни йўналтиришга имкон беради.
Шунингдек, қарор билан 2021 йилда янги ташкил этиладиган саноат зоналарининг ташқи электр ва газ тармоқларини қуриш ишларига захира сифатида 150 миллиард сўм ажратиш кўзда тутилган. Ушбу зоналарда иш бошлаш истагидаги юртимиз ва хорижлик фуқаролар учун киритиладиган инвестициялари ҳажмига қараб бериладиган айрим солиқ имтёзлари ҳам тадбиркорларга янада қулайлик яратада. Аммо иқтисодий ёки кичик саноат зонаси иштирокчисига айланиш учун тадбиркор аввало, иқтисодий зона дирекцияси билан тузиладган битимга асосан, киритиладиган инвестиция, ишлаб чиқариш, экспорт ҳажмлари ҳамда иш ўринларини яратиш талабларини бажариши лозим.
Саноат зоналарида ихтисослашувни йўлга қўйишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу асосий масалалардан бири бўлиб, иқтисодий зоналар ичидаги турли тадбиркорлик субъектларига тегишли ишлаб чиқариш жараёни бир-бирига таъсир кўрсатмаслиги лозим. Масалан, ёнма-ён жойлашган корхоналарнинг бирида озиқ-овқат, бошқасида ўткир ҳидли бўёқлар қўшиладиган бирор қурилиш ёки саноат маҳсулотларининг ишлаб чиқарилиши қайсидир маҳсулотнинг сифатига путур етказмай қолмайди. Шу боис, махсус Ишчи гуруҳ томонидан ҳар бир ҳудудни алоҳида ўрганиш асносида уларнинг имкониятларидан келиб чиққан ҳолда ўсиш нуқталари белгиланиб, шунга мос тарзда ихтисослаштириш ишлари олиб бориляпти.
Мутахассисларнинг айтишича, махсус иқтисодий зоналар ҳозирда 13 хил йўналишга ихтисослаштириляпти. Бунда тадбиркорларнинг лойиҳалари бир-бирига ҳалал беришининг олдини олиш баробарида, соҳаси жиҳатидан ўзаро яқин корхоналарнинг кооперацияларда бирлашиб, биргаликда ишлаши, умумий изланишлар асосида янги стандартларни жорий қилишига туртки бериши кутилмоқда.
Аслида, иқтисодий ва кичик саноат зоналарини ташкил этишдан мақсад ҳам тадбиркорларни бир нуқтада жамлаб, улар учун ўзаро тажриба майдонини яратиш орқали сифат жиҳатидан хорижникидан кам бўлмаган, импорт ўрнини босувчи экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш кўрсаткичларини оширишдан иборат. Мазкур иқтисодий зоналарнинг инфратузилмасини тўлиқ таъминлаш эса ушбу мақсадлар йўлида янада фаол ҳаракатланишга хизмат қилади.
Ирода ТОШМАТОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири