“Дорилар ўртасидаги синергия ҳайратланарли даражада кучли бўлиб чиқди. Биз ушбу дорилар комбинациясини ошқозоности бези саратонининг оғир шаклларидан азият чекадиган кўнгиллилар иштирокида тезроқ синовлар ўтказишни бошлашга чақирамиз”, деди Сан-Диегодаги Калифорния университети профессори Эндрю Лоуи.
Америкалик тадқиқотчиларнинг фикрича, ошқозоности бези саратони дунёдаги энг кенг тарқалган ва ҳалокатли ўсма турларидан бири бўлиб қолмоқда. Ҳар йили 460 минг нафарга яқин одамда ана шундай ташхис қўйилади, бирламчи ўсмалар, метастазлар ва ушбу неоплазмаларнинг ривожланиши билан боғлиқ асоратлар туфайли ҳар йили 432 мингга яқин бемор ҳаётдан кўз юмади. Ўсма аниқлангандан кейин ўртача беш йил ўтгач, беморларнинг атиги 9 фоизи омон қолади.
Тадқиқотчилар қўлланилаётган иккита саратонга қарши дори – MRTX1133 ва афатиниб комбинациясидан фойдаланган ҳолда ошқозоности бези саратонининг энг оғир шаклларини даволаш самарадорлигини бир неча баравар ошириш мумкинлигини аниқлашди. Биринчи модда йўғон ичак ва тўғри ичак саратонини даволашда, иккинчиси эса ўпкада хавфли ўсмаларга қарши курашишда қўлланилади, деб хабар беради tass.ru.