СИЁСИЙ ПЛЮРАЛИЗМ – ТАРАҚҚИЁТ ОМИЛИ

Мамлакатимизда демократик институтлар ва сиёсий хилма-хилликни ривожлантириш шароитида сайловолди ташвиқоти масаласи айниқса долзарб аҳамиятга эга. Зотан, сайловларни фақат фуқароларга маълумот олиш ҳуқуқи ва фикр билдириш эркинлиги кафолатланган тақдирдагина тўлақонли эркин ва адолатли ўтган, деб ҳисоблаш мумкин бўлади.

Дарҳақиқат, сайловолди ташвиқотининг қандай ўтказилиши – ЭЛЕКТОРАТНИНГ ФУҚАРОЛИК ПОЗИЦИЯСИни аниқлаштиришга хизмат қилган ҳолда сайлов натижаларига бевосита таъсир ўтказади. Чунки ташвиқот орқали сайловчиларнинг сиёсий ва ҳуқуқий онги шаклланади, уларнинг давлат бошқарувида овоз бериш тартибидаги иштироки асосида сиёсий фаоллиги ошади ва пировардида, ташвиқот, сайловчилар томонидан энг муносиб халқ вакилини танлашга таъсир қилади.

Шунинг учун сайловолди ташвиқотини ўтказиш тартибга солувчи сайлов қонунчилиги нормалари – уни  ўтказишнинг самарали шакллари ва усулларини назарда тутиши, ижтимоий воқеликни, жамоат манфаатларини, ахборот технологияларидан кенг фойдаланиш амалиётини, фан ва техника ютуқларини ҳисобга олиши лозим.

Бу, ўз навбатида, сайлов муносабатларининг демократик тамойилларини мустаҳкамлайди ҳамда сайлов кампаниясининг холислиги ва изчиллиги, ҳақиқий халқ вакилларининг сайланишини таъминлайди.

Президент сайловлари орқали давлат раҳбари сайланибгина қолмай, балки фуқароларнинг хоҳиш-истаклари ва давлат сиёсатига нисбатан муносабати аниқланади. Энг асосийси эса тараққиётнинг муҳим омилларидан ҳисобланган фикрлар хилма-хиллиги, яъни СИЁСИЙ ПЛЮРАЛИЗМ ҳам яққол намоён бўлади.

ТЎҒРИ ҲУҚУҚИЙ ТАРТИБОТ – ДЕМОКРАТИК САЙЛОВЛАРНИНГ АСОСИЙ ТАЛАБИ

Сайловолди ташвиқотини тўғри ҳуқуқий тартиботи сайловчиларга турли номзодлар, сиёсий партиялар орасидан мустақил танлов қилиш имкониятини бериш билан бирга, “ТЕНГЛИК” ТАМОЙИЛИ ва сайлов процесси иштирокчиларининг актив ва пассив сайлов ҳуқуқини амалга оширишни таъминлайди.

Айнан, ҳуқуқий тартибот орқали сайловолди ташвиқотининг турлари, шакллари, уларни амалга ошириш усуллари ҳамда сайлов жараёнлари иштирокчиларининг хатти-ҳаракатлари доираси мустаҳкамлаб қўйилади.

Сайлов кодексининг 9-боби сайлов ташвиқоти оид масалаларга бағишланган бўлиб, 44-моддага кўра, сайловолди ташвиқоти — сайлов кампанияси даврида амалга ошириладиган ва сайловчиларни номзодни ёки сиёсий партияни ёқлаб овоз беришга ундашга қаратилган фаолият ҳисобланади.

Шунингдек, Марказий сайлов комиссиясининг 2021 йил 14 апрелдаги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқотини олиб бориш тартиби тўғрисидаги низом – ушбу жараёнлар тартиботини белгилаб беради.

Юқоридаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга кўра, сайловолди ташвиқотларини олиб боришнинг қўйидаги бир қатор хусусиятлари мавжуд:

Биринчидан, сайловолди ташвиқоти номзодларни рўйхатга олиш учун белгиланган охирги куннинг эртасидан бошланади ва овоз беришга бир кун қолганида тўхтатилади;

Иккинчидан, номзодларга сайловолди ташвиқотларни олиб боришда тенг ҳуқуқлилик таъминланади;

Учинчидан, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг мансабдор шахсларига ўз мансаб ва хизмат мавқеидан сайловолди ташвиқоти даврида ҳар қандай сиёсий партиянинг ёки номзоднинг фойдасига ёхуд унга қарши фойдаланиши тақиқланади.

Тўртинчидан, номзодлар сайловолди ташвиқотини олиб боришнинг турлари, шакллари ва усулларини мазмун-моҳиятини мустақил белгилаш ҳуқуқига эгадирлар.

Бешинчидан, сайловолди ташвиқотини сайловчиларга бепул ёки имтиёзли шартларда товарлар бериш, хизматлар кўрсатиш (ахборот хизматларидан ташқари), шунингдек, пул маблағлари тўлаш билан қўшиб олиб бориш тақиқланади.

Сайловолди ташвиқотини тартибга солувчи ҳуқуқ нормаларининг тўғри қўлланилиши асосида – жараёнларда қонунийлик ва адолатни таъминлаш ҳамда сайловларни умумэътироф этилган халқаро стандартлар, эркин ва адолатли сайловлар мезонларига мувофиқ ўтказиш мумкин бўлади.

НОМЗОД ДАСТУРИ – ИСТИҚБОЛДАГИ РЕЖАЛАР ИФОДАСИ

Сайлов олди ташвиқоти – номзодларнинг шахси, билими ва салоҳиятини сайловчилар олдида тўла намоён қилишга қаратилган жараён. Бунда номзодларнинг истиқболдаги режалари, келажак сиёсати ва шахсий қадрият ҳамда устуворликларини акс эттирувчи сайлов дастурининг мазмун-моҳияти муҳим аҳамиятга эга.  

Қонунчиликка мувофиқ, сиёсий партиялар сайловолди ташвиқотини Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг дастурини ёқлаб овоз беришга даъват этган ҳолда амалга оширади.

Сайловолди дастури – номзоднинг сиёсий йўналишини, мақсад ва вазифаларини, шунингдек уларни амалга ошириш йўлидаги вазифаларни ҳал қилишдаги усулларини белгилайдиган батафсил ҳужжатдир.

Яъни, номзоднинг дастури – жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётини янада такомиллаштириш юзасидан таклиф ва ташаббусларини акс эттиради. Унда сайловчиларнинг эҳтиёжлари, мақсад ва интилишлари акс этган бўлиши лозим. Бу асосида эса Президентликка номзод фуқаролар ишончини қозониши ҳамда сайловларда ғалабани таъминлашга хизмат қилувчи ҳамфикрлар ва қўллаб-қувватловчилар гуруҳини шакллантириши мумкин бўлади.

Ушбу сиёсий институт сайловчилар ҳар бир номзоднинг таҳлиллари ва режалари билан танишиши ҳамда айнан, қайси номзод учун ўз овозларини беришларини аниқлаштиришларига хизмат қилади.   

 “ТЕНГ ҲУҚУҚЛИЛИК” – СИЁСИЙ РАҚОБАТ МЕЗОНИ

Қонунчиликка кўра, сайловолди ташвиқотларини амалга оширишда барча номзодлар учун тенг ҳуқуқлилик кафолатланади. Бунда сайловолди дастурининг барча шаклларида ҳар бир номзод учун қонунчиликда бирдек имкониятлар тақдим этилади.

Энг аввало, сиёсий партиядан кўрсатилган номзод сайлов кампаниясида иштирок этишини молиялаштириш учун ажратиладиган бюджет маблағларининг ҳажми Марказий сайлов комиссияси томонидан тенг улушларда белгиланади ва сиёсий партия тасарруфига етказилади.

Шунингдек, сайловолди ташвиқоти олиб борилаётганда номзодларга бир хил ҳажмдаги эфир вақти ва чоп этиш майдони бепул тақдим этилиши орқали уларга давлат ОАВдан фойдаланишда тенг имконият берилади.

Яъни, ахборот дастурлари ва бошқа ахборот материалларида номзодларнинг сайловолди фаолиятини ёритиб беришда ОАВларда тенг шароитлар яратиб бериши, шу жумладан дастурнинг давомийлиги ва ҳажми бўйича тенглик таъминланиши лозим.

Бундан ташқари, босма, кўргазмали, аудиовизуал материалларни, фонограммалар, босма маҳсулотнинг электрон кўринишлари ва бошқа сайловолди ташвиқоти материалларини тўсиқларсиз чиқариш ҳамда тарқатиш учун номзодларга тенг шароитлар яратиб берилади. Бундаги талаб эса сайловолди ташвиқоти материаллари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тайёрланиши керак.

Бундан ташқари, электоратга номзод дастури мазумун-моҳиятига оид ахборотларни етказишнинг асосий усули саналган сайловчилар билан учрашувларда ҳам номзодларга ва уларнинг ишончли вакилларига ушбу мулоқотларни олиб боришда тенг шароитлар таъминланиши қонунчиликда белгиланган.

Сайлов кодексининг 48-моддасига 2021 йил 8 февралдаги қонун асосида киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, эндиликда сайлов комиссиялари сайловолди ташвиқоти давридаги номзодлар билан учрашувларни ташқил қилиш ишларига аралашмайдилар.

Ўз навбатида, ушбу оммавий тадбирлар уларнинг ўтказилиши жойи ва вақти ҳақида тегишли туман (шаҳар) ҳокимликларини камида уч кун олдин ёзма равишда хабардор қилган ҳолда ўтказилади. Бунда, ушбу тадбирларни ўтказиш учун рухсатнома талаб этилмайди.

Бу ўз навбатида, электорат вакиллари билан учрашувлар ташкил этишдаги ортиқча бюрократияга барҳам бериб сайлов ташвиқоти жараёнида тенг рақобат муҳитини шакллантиришга хизмат қилади.

САЙЛОВОЛДИ ТАШВИҚОТИДАГИ ТАҚИҚЛАР – ҚОНУНИЙЛИК КАФОЛАТИ

Сайловолди ташвиқоти сайловда ҳал қилувчи аҳамиятга эга босқич бўлгани сабабли ушбу жараёндаги хатти-ҳаракатларнинг ўз тартиботи ва ҳуқуқий чегаралари мавжуд.

Амалдаги қонунларимизда сайлов ташқвиқоти тартиботларини бузганлик учун маъмурий ва жиноий таъсир чоралари белгиланган бўлиб, бундан сайлов жараёни иштирокчиларининг сайлов қонунчилигига тўлиқ риоя этиши ва сайлов ҳуқуқлари самарали амалга оширилишини ҳамда айнан масъулларни жараёнларда ноқонуний хатти-ҳаракатларини олдини олиш ҳамда қонунийликни таъминлаш мақсади кўзланган.

Хусусан, ташвиқотни сайловчиларга бепул ёки имтиёзли шартларда товарлар бериш, хизматлар кўрсатиш, шунингдек, пул маблағлари тўлаш билан қўшиб олиб бориш тақиқланади.

Шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг мансабдор шахсларига ўз мансаб ва хизмат мавқеидан сайловолди ташвиқоти вақтида ҳар қандай сиёсий партиянинг ёки номзоднинг фойдасига ёхуд унга қарши фойдаланиши мумкин эмас.

Номзодларга сайловолди ташвиқотини олиб бориш учун маблағлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратилади. Номзодларни бошқа манбалардан пул маблағларини ўтказиш (киритиш), товарлар етказиб бериш, ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш шаклида молиявий таъминлаш ва бошқача тарзда молиявий қўллаб-қувватлаш тақиқланади.

Бундай ҳаракатларни содир этганлик учун эса тегишли жавобгарлик белгиланган. Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг
515-моддасида сайловолди ташвиқотини юзасидан ташвиқот олиб бориш шартлари ва тартибини номзод, ишончли вакил, сиёсий партия вакили, мансабдор шахс томонидан бузиш – базавий ҳисоблаш миқдорининг етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгилаб қўйилган.

Жиноят кодексининг 147-моддасида эса Ўзбекистон Республикаси Президентини сайлаш ёки сайланиш, сайловолди тарғиботи олиб бориш ҳуқуқларини Президентлигига номзод шахснинг ишончли вакиллари ўз ваколатларини эркин амалга оширишларига зўрлик ишлатиш, қўрқитиш, алдаш ёки оғдириб олиш йўли билан тўсқинлик қилиш учун жиноий жавобгарлик назарда тутилган. 

Мазкур нормалар, сайловолди ташвиқотида ҳуқуқий тартиботларига амал қилиш нақадар долзарблигини қўрсатиш билан бирга жараёнларда қонунийликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Шу туфайли, ушбу ҳуқуқий қоидаларни сайлов жараёнларида қонунийликка путур етказиши мумкин бўлган хатти-ҳаракатларни олдини олишга қаратилган превентив чора сифатида баҳолаш мақсадга мувофиқ

САЙЛОВОЛДИ ТАШВИҚОТИНИ АМАЛГА ОШИРИШ БЎЙИЧА ИЛҒОР ХОРИЖИЙ ТАЖРИБА

Хорижий мамлакатларда сайловолди ташвиқотини амалга оширишнинг ўзига хос жиҳатлари мавжуд бўлиб хусусан, Австралияда сайловолди ташвиқотини амалга оширишда номзод ва партия сарфлаши мумкин бўлган маблағлар миқдори чегаралаб қўйилган. Буюк Британияда телевидениядаги пуллик сиёсий рекламалар тақиқланади.

Руминия, Польшада сайловолди ташвиқоти сайловда овоз бериш куни эълон қилинган санадан бошланса, Литвада Адлия вазирлиги томонидан номзодлар рўйхати эълон қилинган вақтдан бошланади. Мазкур муддат Туркияда сайловга қадар 15 кун, Словакияда 23 кунни ташкил этади.

Айрим мамлакатлар қонунчилигида ташвиқотни олиб бориш тақиқланган ҳудудлар мавжуд. Масалан, Болгарияда жамоат транспортларида ташвиқот олиб боришга рухсат берилмаса, Канадада турар жойлар деворига сайлов ташвиқот материалларини жойлаштириш мумкин эмас. Польша ва Словакияда эса давлат муассасаларининг бинолари, сайлов участкаларида сайловолди ташвиқотларини олиб боришга йўл қўйилмайди.

Хорижий мамлакатларда сайловоди ташвиқоти даври – сайлов кампаниялари учун сиёсий рақобат майдонига айланиб ушбу жараёнларда айниқса ахборот коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш сайлов натижаларига бевосита таъсир кўрсатади. Хусусан, илғор хорижий мамлакалатда ташвиқот даврида онлайн-инструментлардан фойдаланиш, жумладан, номзоднинг алоҳида ташвиқот платформасини ишга туширилиши, Twitter, Facebook каби ижтимоий тармоқларда саҳифаларининг фаол юритилиши ҳамда махсус мобил иловаларнинг ишлаб чиқилиши – сайловларда ғолибликка эришишига катта таъсир ўтказган. 

Маълумки, сайлов куни ва овоз бериш бошланишидан бир кун олдин “жимжитлик куни” ҳисобланади. Бунда жамоатчилик фикри сўровномалари натижаларини, сайлов натижалари прогнозларини, ўтказилаётган сайлов билан боғлиқ бошқа тадқиқотларни эълон қилиш тақиқланади. Бундан ташқари, кўплаб хорижий мамлакатларда овоз бериши кунига яқин сайлов натижалари бўйича жамоатчилик фикри сўровномаларини эълон қилиш мумкин эмас. Германия ва Болгарияда бу муддат 14 кун, Албания ва Венгрияда 8 кун, Франция, Чехия ва Словакияда – 7 кунни ташкил этади.

Илғор хорижий тажриба таҳлили асосида эътироф қилиш мумкинки, Ўзбекистоннинг замонавий сайлов қонунчилиги ва сайлов тизими умумэътироф этилган халқаро стандартларга, эркин ва адолатли сайловлар мезонларига мувофиқ келади.

САЙЛОВОЛДИ ТАШВИҚОТИ – ЭЛЕКТОРАЛ-ҲУҚУҚИЙ ФАОЛЛИКНИ КУЧАЙТИРАДИ

Маъкумки, электорал-ҳуқуқий фаоллик – ҳуқуқий ва ижтимоий фаолликнинг энг муҳим шакли бўлиб, сайлов ҳуқуқларини самарали амалга оширишдаги фуқароларнинг интенсив фаолиятини намоён қилади. Сайлов тадбирларининг хусусияти, жараёни ва натижаси айнан сайловчилар ҳуқуқий маданияти даражасига боғлиқ ҳисобланади.

Сайлов ҳуқуқий маданияти – сайлов жараёни фаолияти билан боғлиқ ҳуқуқ нормалари,  қадриятлар, ҳуқуқий институтлар ва методлар уйғунлигини акс эттиради. Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқи маданияти даражасининг юксаклиги эса бевосита уларнинг сайловлардаги фаол иштироки, сиёсий қарашлари ва фуқаролик позициясини мустақил билдира олиши ва бу орқали мамлакатда юз бераётган сиёсий жараёнларга нисбатан ўз муносабатини ифода этиши билан белгиланади.

Шу туфайли, қонунчилик такомиллашуви билан бир қаторда мамлакатдаги барча сайловчилар ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш, уларга сайловни ўтказишга оид асосий тамойиллар, сайлов жараёнига, унинг ошкоралиги ва очиқлиги, халқаро сайлов стандартлари ва уларнинг миллий қонунчилигимизга сингдирилишига оид масалалар юзасидан ташвиқот ишларини амалга ошириш – бугунги даврнинг энг долзарб масалаларидан биридир. 

Қайд этиш жоиз, айнан сайловолди ташвиқотиларида фуқароларга сайлов жараёнларига оид зарур ахборотлар тақдим этилади. Номзодлар дастурлари мазмун-моҳияти электоратга энг мақбул контентларда етказилади. Бу орқали эса сайловчиларнинг ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий фаоллигини оширишга эришиш мумкин бўлади.

Бинобарин, электорал-ҳуқуқий фаолликни ошириш - сайловларда номзодларга бўлган талабларни ошишида, номзод шахсларнинг сайловчиларга тақдим этадиган ғояларини янада чуқурроқ мушоҳада этишида, энг муҳими, ҳар тамонлама муносиб шахсларнинг сайланишида муҳим аҳамият касб этади. 

Мухтасар қилиб айтганда, сайловолди ташвиыоти жараёнларида барча номзодлар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар таъминланиши асосида сайловда номзодлар ва сиёсий партиялар учун тенг рақобат муҳити кафолатланади. Ўз навбатида, номзодлар ўз сайловолди дастурлари орқали ўзининг келажак сиёсати, дастури, мафкураси йўналишларини намоён қилиб электорат олдида ўз имиджини шакллантиради.

Мамлакат миқёсидаги энг юксак лавозим учун номзоднинг ўз сайловолди дастурини одамларда кучли қизиқиш уйғотадиган шаклларда сайловчилар руҳиятига сингдира билиши эса сайловларда ғалабага эришишининг асосий мезони ҳисобланади.

Шундай экан, ушбу сиёсий жараёнларда барчамизнинг фаол бўлишимиз, ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданият ҳамда сиёсий билимларимизни юксалтириб, Ватанимиз равнақи ва истиқболи учун бефарқ бўлмасдан, сайловолди ташвиқотларига эътиборли бўлишимиз ҳамда фаол фуқаролик позициямизни шакллантириш асосида актив сайлов ҳуқуқимиздан фойланишимиз – эртанги кун тақдиримиз учун муҳим аҳамият касб этади!

Фарангиз АВАЗБЕКОВА,

юридик фанлар бўйича фалсафа доктор (PhD)