Замонавий туризм соҳасининг таянч устуни сайёҳлик масканларидир. Ҳудуднинг рақобатбардошлиги айнан шундай хушманзара, киши эътиборини ўзига тортувчи жойларига боғлиқ. уларнинг ижобий имижини шакллантиришда мавжуд ресурсларнинг аҳамияти катта. Бу жиҳатдан Ўзбекистон улкан имкониятларга эга. аждодларимизнинг юксак ақлу заковати маҳсули бўлган ноёб обида ва ёдгорликлар ҳали-ҳануз сайёҳларнинг ақлини шоширади. Хусусан, ҳозир юртимизда 8 мингдан зиёд маданий мерос объекти мавжуд бўлиб, уларнинг 200 дан зиёди ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси объектлари рўйхатига киритилган.

Юртимизда 8 та давлат ва мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхонаси, 13 та миллий ва табиат боғи, 11 та табиат ёдгорлиги, 2 та биосфера резервати, 12 та буюртма қўриқхонаси, 1 та жайронлар махсус питомниги бор. Барчасининг умумий майдони 6,321 миллион гектардан ошади. Шу боис, Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти деганда кўп асрлик тарихий мерос, диққатга сазовор табиий масканлар, нодир моддий ва маданий бойликлар, лаззатли таомлар ва ноёб экологик ҳудудлар кўз ўнгимизда намоён бўлади. Келинг, шу жиҳатларга бир оз кенгроқ назар ташлайлик.

Диёримиз, Самарқанд, Бухоро, Хива, Термиз, Шаҳрисабз каби кўп асрли тарихий шаҳарлари билан машҳур. Кўҳна савдо йўллари чорраҳасида жойлашган маданият ва савдо марказлари сифатида бу шаҳарларнинг донғи етти иқлимга таралган. Уларда бой меъморлик намуналари, жумладан, масжид, мадраса ва мақбаралар сақланиб қолган. Мана шу жиҳатлар тарихий шаҳарларимизни, албатта, келиб кўриш шарт бўлган ноёб сайёҳлик масканлари мақомига кўтарган.

Иккинчидан, диққатга сазовор табиий ҳудудлар: тоғлар, чўллар, кўл ва дарёларимиз бор. Бу ерларда жониворларнинг ноёб турлари яшайдиган қўриқхоналар, Амударё ўзанларидаги тўқайзорлар, Шоҳимардон, Бўстонлиқ, Китобнинг сўлим масканлари, ҳатто Орол денгизи қуриган қисмининг бугунги манзаралари сайёҳлар учун қизиқарли бўлиши шубҳасиз.

Учинчидан, ўзига хос маданиятимиз ва санъатимиз билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Мамлакатимиз кўплаб миллий рақс ва ашулалар, дилтортар куй-оҳанглар ва ҳунармандликнинг ноёб асрий анъаналари сақланиб қолган ўлка сифатида эътироф этилади. Шунингдек, музей ва галереяларга, очиқ осмон остидаги қалъаларга бориш, миллий ўйин-томошалардан, ҳунармандлик санъатининг бетакрор амалий намуналаридан баҳраманд бўлиш мумкин. Юртимиздаги музейларнинг ҳар бири тарих билан бугуннинг ришталари узвийлиги, соҳа ва йўналишларда эришилган муваффақиятлар ҳақида сўзлайди.

Тўртинчидан, гастрономия борасида имкониятимиз катта. Зотан, Ўзбекистон Шарқ ва Ғарб таомларининг ўзига хос уйғунлигидан иборат ошхонаси билан машҳур. Сайёҳлар қадимий услуб бўйича тайёрланадиган палов, шўрва, лағмон, сомса каби таомларни татиб кўриши ёки уларни ўзлари тайёрлаши учун шарт-шароит мавжуд. Мазкур йўналишларнинг ўзи туризм ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий-маданий аҳамиятга эга, кенг қамровли соҳа эканини кўрсатиб турибди.

У даромад келтириши бўйича дунёда учинчи ўринда туради. Яна бир муҳим жиҳати — кам харажат билан кўп иш ўринлари яратиш имконини беради. Биргина сервис йўналишини олсак, ушбу фаолият доираси пойтахтимиздаги йирик меҳмонхоналардан тортиб, қадимий шаҳарларимиздаги кичик хостеллар, меҳмон уйлари, авиа, темир йўл, такси хизматлари, халқаро аэропортлардаги бутиклар, Бухоро ва Хиванинг хушманзара кўчаларидаги мўъжаз ҳунармандлик дўконларигача қамраб олади.

Бу борада сарфланган бир доллар уч ҳисса бўлиб қайтади. Шундай бўлса-да, узоқ йиллар мобайнида мамлакатимизнинг бу салоҳиятидан тўлалигича фойдаланилмади. Масалан, 2011-2016 йилларда хорижий меҳмонларнинг юртимизга ўртача йиллик ташрифи атиги 8 фоиз ўсган.

Қизиқарли манзиллар кўп, маълумот кам

Кейинги йилларда мамлакатимизнинг барча иқтисодий тармоқлари сингари туризм ҳам янгича босқичда ривожлана бошлади. 2016 йил декабрь ойи бошларида давлатимиз раҳбари мутасаддилар олдига туризмни жадал ривожлантириш вазифасини қўйди ва бу бўйича тегишли ҳужжатни имзолади.

Ваколатли орган ташкил этилди. Шу йўналишдаги тадбиркорларга солиқ имтиёзлари ва преференциялар тақдим этиш, миллий туризм салоҳиятини ички ва ташқи бозорда самарали тарғиб қилиш учун шароит яратиш бўйича қарорлар қабул қилинди. Виза режими либераллаштирилди. Айни пайтда 90 мамлакат фуқароси Ўзбекистонга визасиз кела олади, яна 60 давлат аҳолиси уни интернет орқали олиш имкониятига эга.

Туризмни ривожлантиришга қаратилаётган эътиборни жаҳон ҳамжамияти эътироф этмоқда. Соҳани қўллаб-қувватлашга доир 90 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг қабул қилингани мамлакатимизда соҳанинг йўналишларини диверсификация қилиш, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги жозибадорлигини оширишга хизмат қиляпти. Бу йил юртимизда Жаҳон туризм ташкилоти Бош ассамблеяси йиғилиши ўтказилиши, Самарқанд 2023 йилда Жаҳон туризм пойтахти деб танлангани ҳам шундан далолат беради. Коронавирус пандемияси дунё миқёсида туризм ривожига салбий таъсир кўрсатди.

Чегараларнинг ёпилиши, хорижий мамлакатлардан сайёҳлар келишига доир турли чекловлар, вакцинацияга оид талаблар ва бошқа муаммолар шулар жумласидан. Шунга қарамай, Ўзбекистонда хавфсизлик қоидаларига риоя қилган ҳолда сайёҳликни қўллаб-қувватлаш бўйича муҳим қарорлар қабул қилинди, соҳа вакиллари рағбатлантирилди, имтиёзлар берилди. Бу чора-тадбирларнинг амалий натижалари сайёҳлар сони кескин ортиб бораётганида яққол кўриниб турибди.

Масалан, ўтган йили юртимизга келган хорижлик сайёҳлар сони 2021 йилдагига нисбатан 3 баробар ошган. Соҳа экспорти 1 миллиард 600 миллион долларни ташкил этган. Ички туризм дастурлари доирасида 11 миллиондан зиёд аҳоли саёҳат қилган. Самарқандда янги туризм маркази барпо этилгани натижасида у ерга қўшимча 2 миллион сайёҳ борган. Аслида, мамлакатимизнинг бу соҳадаги салоҳияти бундан анча юқори.

Юртимизга келмоқчи бўлганлар жуда кўп. Лекин уларни қизиқтирадиган жойлар ҳақида маълумот кам, 4-5 кун олиб қоладиган дастурлар етишмайди. Самолёт ва поездга билетни бир неча ой олдиндан сотиб олишда ноаниқликлар мавжуд. Президентимиз раислигида шу йил 29 март куни мамлакатимиз туризм салоҳиятини ошириш масалалари муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида соҳа ривожига тўсиқ бўлаётган шу каби муаммолар танқидий таҳлил қилиниб, муҳим чора-тадбирлар белгиланди.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 30 апрелдаги “Ички туризм хизматларини диверсификация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори эса видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифаларнинг мантиқий давоми ва ҳуқуқий асоси бўлди. Унда мамлакатимиз иқтисодиётида туризмни стратегик даражага кўтариш, ички сайёҳлик хизматларини диверсификация қилиш ва ҳажмини кескин кўпайтириш, сифатини яхшилаш ва жаҳон бозорларида рақобатбардошлигини ошириш, тадбиркорлик субъектлари учун қўшимча имкониятлар яратиш, замонавий хизматлар инфратузилмасини жадал ривожлантириш, шунингдек, аҳолини иш билан таъминлаш ва уларнинг даромад манбаини кенгайтиришни таъминлаш масалалари ижросининг аниқ муддати ва манзиллари кўрсатиб берилди. Ушбу вазифаларнинг ўз вақтида бажарилиши мамлакатимизга жорий йилнинг ўзида 7 миллион хорижлик ва 12 миллион маҳаллий сайёҳни қабул қилиш имконини беради.

Ҳудудларнинг туризм салоҳияти

Ҳудудларнинг сайёҳлик салоҳиятини ошириш борасида кўплаб ишлар қилинмоқда. Лекин бу борадаги мавжуд имкониятлар тўлиқ ишга солиняпти, деб бўлмайди. Давлатимиз раҳбари айни шу масалага эътибор қаратар экан, ҳар бир туманда салоҳиятни лойиҳага, лойиҳани иш ўринларига айлантириш муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Масалан, Шаҳрисабз ва Китоб туманларига ёз фаслида кўплаб маҳаллий ва чет эллик сайёҳлар келади. Ҳар бир меҳмон ўрта ҳисобда 1 миллион сўмгача сарфлайди. Лекин замонавий шароит ва инфратузилма етарли эмас. Президентимизнинг 2022 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2023-2025 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида Шаҳрисабз шаҳри ва Китоб тумани марказида оқова сув тизимларини реконструкция қилиш ҳамда қуриш учун 81,7 миллион АҚШ доллари ажратилгани ҳам ҳудуднинг инвестицион, туристик салоҳияти ва жозибадорлигини оширишга хизмат қилади.

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 24 февралда Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида Шаҳрисабз, Китоб, Қамаши ва Яккабоғ туманларида туризмни ривожлантириш учун Шаҳрисабз — Қарши — Самарқанд йўналиши бўйлаб электропоезд қатновини йўлга қўйиш вазифаси белгиланди. Бу туризм билан бирга савдо ва сервис тараққиётига ҳам қўшимча туртки беради.

Мутахассисларнинг таҳлилича, Китоб туманига инвестицияларни жалб қилиш бўйича энг устувор йўналишлардан бири туризмдир. Туманнинг географик жиҳатдан қулай тоғли ҳудудда жойлашгани, кўплаб дам олиш масканлари ва санаторийлар, Ҳазрати Башир, Хўжа Неъматуллоҳ, Ҳазрати Султон каби зиёратгоҳлар, Ҳисор ва Китоб қўриқхонаси, Майданак расадхонаси мавжудлиги, йилнинг тўрт фаслида эко, агро, этно, тиббий, гастрономик, экстремал туризм турларини ривожлантириш, дам олиш инфратузилмасини яратиш инвесторлар учун ҳам кенг имконият беради.

Шаҳрисабз тумани учун ҳам бу соҳа инвестицияларни жалб қилиш юзасидан “ўсиш нуқтаси” сифатида танланган. Мираки, Кўл, Ғилон, Ҳисорак ҳудудларида йил давомида туризмнинг кўплаб турларини ташкил этиш мумкин. Қамаши, Яккабоғ туманларининг сайёҳлик жозибадорлигига доир бундай мисоллар рўйхати ҳам оз эмас. Хусусан, Яккабоғнинг Ҳисор тоғидаги Амир Темур ғори, унинг улкан кириш қисми буюк канъоннинг шарқий этагида дарё билан кесилган ерда жойлашгани ҳар қандай кишини ҳайратга солади. Қамаши туманидаги Лангарота зиёратгоҳига борувчилар ҳам кун сайин кўпайяпти.

Жорий йилнинг 29 март куни ўтказган видеоселекторда туризм дастурларининг мазмунига ҳам эътибор қаратилди. Қайд этилганидек, хорижлик сайёҳларнинг Ўзбекистонда бир кун кўпроқ қолиши йиллик туризм экспортини 300 миллион долларга оширади. Шу мақсадда  Ўзбекистонда туризм салоҳиятини ошириш бўйича янги тизим жорий қилинади.

Жумладан, ҳар бир вилоятнинг “ташриф қоғози” ишлаб чиқилади, туристик мавсум узайтирилади, 2023 йил мамлакатнинг туристик салоҳиятини жаҳонга тарғиб қилиш йили бўлиб, бунга 100 миллиард сўм ажратилади. Соҳани изчил ривожлантириш мақсадида вилоятларга ўзларига бириктирилган 11 та олийгоҳ билан ҳамкорликда ишлаб, туризм объектлари тўғрисидаги контентни бойитиш вазифаси берилди.

Биргаликда 143 та туризм маҳалласининг тарихи, ёдгорликлари ва туристик объектлари контенти яратилади. Улар асосида 12 тилда туристик пакетлар ишлаб чиқилади. Туризм, иқтисодиёт, тарих, география, сервис, хорижий тиллар йўналишларида ўқиётган талабаларнинг камида 2 ойлик амалиёти мазкур туманларда ташкил этилади.

Китоб, Шаҳрисабз, Қамаши томонларда

Тошкент давлат транспорт университетига Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз, Қамаши ва Китоб туманлари бириктирилди. Олий таълим муассасамизда тузилган ишчи гуруҳ мазкур ҳудудларнинг ҳозирги туризм ҳолатини ўрганди. Жараёнда 22 маҳалла фуқаролар йиғини туризм салоҳиятига эга деб баҳоланди. Ушбу маҳаллаларда 1399 тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда, 462 туризм объекти жойлашган.

Ўтган йил давомида юқоридаги объектларга келувчилар сони 1 миллион 130 минг нафарни ташкил этган. Жами сайёҳларнинг 5 минг 200 нафари, яъни 0,6 фоизигина хорижлик бўлиб, уларнинг аксари (4 минг 790 нафари) Тожикистон фуқароларидир. Шунингдек, сайёҳларнинг ўртача бир кунлик сони 10 минг атрофида, бир ва ундан ортиқ кун қолувчилар сони 5 минг 500 дан сал зиёд. Келаётган ички сайёҳларнинг асосий қисми Бухоро, Хоразм, Самарқанд, Сурхондарё ва Қорақалпоғистон аҳолиси.

Ҳозир Шаҳрисабз, Китоб ва Қамаши туманларида 3 та туроператор, 12 та меҳмонхона ва хостел, 168 та меҳмон уйи ҳамда 11 та санаторий ва оромгоҳ фаолият юритмоқда. Улар кунига 6 минг 350 кишини қабул қилиши мумкин. Бундан ташқари, 158 та дам олиш маскани, 100 дан ортиқ овқатланиш, 300 га яқин ёнилғи қуйиш шохобчаси, 429 та савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объекти, 30 га яқин ҳунармандлик маркази бўлиб, маҳаллий ва хорижлик сайёҳларни жалб этишда муҳим ўрин тутади.

Ушбу туманлардаги асосий масканлар Китоб туманидаги Ҳазрати Башир, Қамаши туманидаги Лангарота зиёратгоҳлари ҳамда Шаҳрисабздаги Оқсарой обидасидир. Ўрганишлардан келиб чиқиб, қатор манзилли ва аниқ таклифлар тақдим этилди. Жумладан, қайд этилган туманларда туристик-рекреацион потенциал юқори бўлишига қарамай, самарали фойдаланилмаётган сайёҳлик масканларини ривожлантириш чораларини кўриш мақсадга мувофиқ. Бу жараёнда сайёҳлар вақтдан самарали фойдаланиши учун мақбуллаштирилган манзиллар харитасини ишлаб чиқиш зарур.

Айни пайтда университет томонидан ишлаб чиқилган чора-тадбирлар ёрдамида сайёҳлар оқимини ошириш юзасидан вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда фаолиятни мувофиқлаштириш чоралари кўриляпти. Менежмент ва маркетинг таълим йўналишларида таҳсил олаётган талабалардан иқтидорлиларини танлаб олиб, амалиётини туристик салоҳиятли ҳудудларда ташкиллаштириш ва улар таклиф этаётган стартап лойиҳаларни татбиқ этиш кўзда тутилмоқда.

Ҳозир Тошкент давлат транспорт университетида Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз, Қамаши ва Китоб туманларидан мазкур таълим йўналишларида 231 нафар йигит-қиз ўқимоқда. Уларнинг 2 ойлик амалиёти шу туманларда ташкил этилиши режалаштирилмоқда. Шаҳрисабз, Китоб ва Қамаши туманларидаги 65 та маданий мерос объекти бўйича контент яратиш ишлари жадал олиб борилмоқда. Ишчи гуруҳ 40 та маданий мероснинг бирламчи контентини ўзбек тилида ишлаб чиқди. Қолган 25 та объект бўйича маълумот тайёрлаш ишлари давом эттирилмоқда.

Ҳақиқатан, мамлакатимизнинг ҳудудий туризм имконияти беқиёс. Ундан самарали фойдаланиш сайёҳлик ривожланишига ҳамда янги иш ўринларини ташкил этиш, аҳолини барқарор иш билан таъминлашга хизмат қилади. Бунинг учун янги туристик дастурлар, чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиб, ижросини босқичма-босқич, изчил амалга ошириш зарур. Ўз навбатида, бу ишлар ҳудудларнинг туристик “ташриф қоғози”ни халқаро талабларга мос тарзда яратишга замин яратади.