– Шанхай ҳамкорлик ташкилоти хартиясига биноан, кўп қиррали ҳамкорликда маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш ва ҳамкорликни кучайтириш кўзда тутилган. Ўтган 20 йил давомида халқаро ташкилотга аъзо мамлакатлар ўртасида ўзаро ишонч ва яхши қўшничиликни, миллатлараро ва динлараро тотувликни мустаҳкамлашга, цивилизациялараро мулоқотни кучайтиришга кўмаклашиш масаласига катта эътибор қаратилмоқда.
Биргина мисол келтирсам. ЮНЕСКО жаҳон маданий меросига киритилган ҳар тўққизинчи объект ШҲТ давлатлари ҳудудида жойлашган. Бу тарихий обида ва меросларнинг маълумот базасини тузиш, қўриқлаш, ҳимояга олиш, бу соҳа мутахассисларини тайёрлаш, маданий ёдгорликлар ноқонуний олиб кетилишига биргаликда қарши туриш, санъат асарларини реставрация қилиш, кутубхона-маълумот хизматлари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш каби амалий ишлар амалга оширилди. Туризм, театр, мусиқа, кино, телевидение, архив ишлари, ОАВлар ўртасида ҳамкорлик борган сари ривож топмоқда.
Бу ишларни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси ҳам фаол иштирок этмоқда. Тили, дили, тарихи, чегаралари бир ШҲТга аъзо мамлакатлар халқлари эртаклари, мақоллари тўпламининг Тошкент шаҳрида нашр этилиши катта маданий воқеа бўлди. Жумладан, “Саккиз элнинг сон-саноқсиз ўгити”, “Саккиз элнинг саксон саккиз эртаги” каби китоблар тузилишини алоҳида қайд этиш лозим.
Қадимий ва анъаналарга бой ўзбек адабиёти доимо умуминсоний адабий мезонларга хизмат қилиб келган. Сўз мулкининг султони Алишер Навоийдан тортиб дунёда олтинчи романчилик мактабига асос солган Абдулла Қодирийгача, Ойбекдан тортиб Эркин Воҳидовгача, Ўткир Ҳошимовдан тортиб Нурали Қобулгача, Абдулла Ориповдан то Муҳаммад Юсуфгача умуминсоний қадриятларни турли ракурсларда тараннум этиб, жаҳон адабиётига ўз ҳиссаларини қўшдилар. Бу буюк ижодкорларнинг адабий мероси ШҲТ давлатлари халқларининг ҳам маданий хазинасидир.
Ўзбек ва қирғиз адабиёти намоёндалари ўртасидаги адабий алоқалар янги Ўзбекистон шароитида қайтадан тикланди ва ўтган 5-6 йил ичида фаол ривож топди. “Шарқ юлдузи” ва “Ала-Тоо” журналларининг биттадан сонлари қирғиз ва ўзбек адабиётига бағишланди. Ўзбекистон ва Қирғизистон ёзувчилар уюшмалари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. “Манас” достони ўзбек тилига таржима қилинди. Кўплаб ўзбек ва қирғиз адиб ва шоирлари асарлари икки қардош халқ тилларида нашр этилди.
Адабий ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлаш учун ҳозирги пайтда доимий ишлаб турувчи мулоқот майдончаси яратиш мақсадга мувофиқ, деб биламан. Икки тарафлама адабий алоқаларни кўп тарафлама ҳамкорликка айлантириш энг долзарб масалалардан биридир.
Хусусан, ШҲТ давлатлари адиблари ассамблеясини тузиш лозим. Йилда бир бора замонавий етук адиб ва шоирлари ассамблея майдонида тўпланиб, таржималар режалаштиришлари, тажриба алмашишлари, ўзаро ютуқларидан бир-бирини бохабар қилишлари, ўзаро ижодий алоқалар ўрнатишлари, биргаликда китоблар ёзишни йўлга қўйишлари даркор. Бу маданий-адабий ҳамкорликни ривожлантиришга катта туртки бўлади, деб қатъий ишонаман.