Дон маҳсулотлари, айниқса, шоли қадимдан халқимиз учун ризқ-рўз, тўкин-сочинлик рамзи бўлиб келган. У нафақат зарур озиқ-овқат маҳсулотларидан бири, балки инсон организмининг углевод ва оқсилларга бўлган талабини қондириш манбаи, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик каби соҳаларнинг асосий озуқаси ҳамдир.
Президентимизнинг 2021 йил 2 февралдаги “Шоли етиштиришни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори халқимиз учун, энг аввало, ана шу мақсадга хизмат қилиб, дастурхонининг тўкинлигини таъминлашга янада кенг йўл очаётгани билан муҳим. Бунинг учун шоли етиштириш тизимини такомиллаштириш, ички истеъмол бозорини гуруч маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш ва экспорт салоҳиятини ошириш, бу борада илмий-тадқиқот ишларини кучайтириш ҳамда сувни тежайдиган технологияларни кенг қўллашни таъминлаш зарур бўлади.
Сара уруғ — ҳосил бўлиқ, деб бежиз айтилмайди. Чунки, тўғри ташкил этилган укруғчилик мўл ҳосил етиштиришнинг муҳим шарти ҳисобланади. Қарорда ҳам шоли уруғчилиги хўжаликларини ташкил қилиш ва уларда авлодли уруғлик кўпайтириш тизимини йўлга қўйиш, ер майдонларини ажратиш, экилган уруғлик майдонларини белгиланган тартибда қатъий аппробациядан ўтказиш ва хўжаликларда уруғлик шолини тозалаш, саралаш, қадоқлаш ишларини амалга ошириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилган.
Маълумки, шоли дони (гуручи) қадимдан то бугунга қадар дунёнинг кўплаб мамлакатларида экилгани боис, Ер юзида кенг тарқалган ҳамда кўп истеъмол қилинадиган қимматбаҳо маҳсулотлар сирасига киради. Унинг юзлаб фойдали хусусиятлари орасида инсон организмида бошқа озуқа моддаларига нисбатан энг енгил ҳазм бўлиши, таркиби (бошқа донли экинларда учрамайдиган оқсиллар) витамин ва фосфорорганик бирикмаларга бойлиги жиҳатдан алоҳида ажралиб туради.
Мамлакатимизда шоли ҳозиргача суғориладиган ерларда экилиб, иқлим ўзгаришлари унинг ҳосилдорлигига деярли таъсир кўрсатмайди. Қурғоқчилик шароитларида ҳам талаб қилинадиган агротехнологияларни ўз вақтида қўллашга риоя қилинса, ундан юқори ҳосил олиш мумкинлиги амалиётда ўз исботини топган.
Жаҳон тажрибасида шоли етиштиришнинг бир қанча усуллари мавжуд. Республикамизда бу экин аксарият ҳолда уруғи қадалгандан кейин уни сувга бостириб қўйиш технологияси асосида етиштирилади. Бунда ҳосил пишиб етилгунга қадар шолипоялардаги сув сатҳини 5-7, 10-12, 15-20 сантиметр қалинликда ушлаб туриш талаб этилади.
Тадқиқотлар қараганда, сифатли шоли уруғи ҳосилдорликни 25 фоизгача ошириши мумкин. Бунинг учун элита 1- ва 2-репродукцияли уруғларнинг бошланғич кўкарувчанлик даражаси 85-95 фоиз бўлиши лозим. Экиладиган шоли навларининг сифати навни янгилаб туриш йўли билан амалга оширилади. Кенг майдонларга экилган шоли навларининг уруғи ҳар 3-4 йилда бир марта янгиланиши керак. Уруғлик шолини сақлаш муддати одатда 2 йилдан ошмайди. Қарорда белгиланганидек, уруғчилик хўжаликларининг даласида 2 йилдан ортиқ шоли етиштирилишига йўл қўймаслик учун илмий асосланган алмашлаб экиш тизимини жорий қилиш орқали кутилган самарага эришиш мумкин бўлади.
Шоличиликда сувдан тежаб фойдаланиш
Сўнгги йилларда мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, экспорт ҳажмини ошириш, соҳага замонавий технологияларни тадбиқ этиш ҳамда сув ресурсларидан оқилона фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугунги кунда Ер юзида аҳоли сонининг ортиши, иқтисодиёт ривожи ҳисобига тобора кучайиб бораётган сув тақчиллиги барча экинлар, шу жумладан, шолини етиштиришда сув тежовчи технологияларни жорий этишни тақозо этмоқда.
Ҳозирги вақтда республикамизнинг 7 та ҳудудидаги 43,4 минг гектар (шундан қишлоқ хўжалигида ерларни қайта фойдаланишга киритиш ҳисобидан 6,9 минг гектар) ер майдонларида 35 та шоличилик кластери (Қорақалпоғистон Республикасида 6 та, Хоразмда 14 та Андижонда 9 та, Сирдарё ва Фарғонада 2 тадан, Наманганда ва Тошкентда 1 тадан) ташкил этилган бўлиб, уларнинг сувга бўлган талаби катта.
Маълумотларга эътибор қаратсак, республикамизда қишлоқ хўжалиги соҳасида бир йилда ўртача 52 миллиард куб метр сув сарфланиб, унинг 80 фоизи тарнсчегаравий дарёлар ҳиссасига тўғри келади. Қўшни давлатлар ҳудудидаги сувлар музликлар ва қорларнинг эриши ҳисобига шаклланади. Бироқ иқлим ўзгариши ва бошқа антропоген таъсирлар оқибатида тоғлардаги музликларнинг сони ва ҳажми кескин камайиб, дарёлардаги сув ҳажми пасайиб бормоқда. Бундан ташқари, минтақа мамлакатлари, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам аҳоли сонининг ўсиши ва иқтисодиётнинг жадал ривожланиши натижасида сувга бўлган талаб тобора ортиб бормоқда. Бундай шароитда қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан самарали ва тежамли фойдаланиш, айниқса, экинларни суғоришда сувни тежайдиган технологиялардан фойдаланишни даврнинг ўзи тақозо этяпти.
Шоли доимо сувда ўсишига қарамай, унинг ривожланиш даври давомида сувга бўлган талаби турлича. Ўзбекистонда ҳозиргача анъанавий усулда экиладиган шолипояларнинг суғориш даври апрель ойининг учинчи ўн кунлигидан сентябрь ойининг биринчи ўн кунлигигача давом этади.
Йиллик суғориш меъёри анъанавий усул, яъни шоли уруғини тупроққа қадаган кундан пишиб етилгунча бўлган даврда иқлим, тупроқ ва амалга ошириладиган агротехник тадбирларнинг турига қараб, гектарига ўртача 16-25 минг куб метрни ташкил қилади. Унинг 30-40 фоизини шоли ўсимлиги пишиб етилиш давригача ўзлаштиради, қолган қисми парланиш, тупроққа шимилиб, ер остига ўтиб кетиш каби фойдасиз жиҳатларга сарфланади.
Ҳозирги вақтда анъанавий усулда экилган шолипоялар оқовали ва оқовасиз усул билан суғорилади. Сувдан фойдаланишда оқовасиз суғориш усулини қўллаш мақсадга мувофиқ бўлиб, бу йиллик сув меъёрини 25-30 фоиз тежаш имконини беради. Аҳамиятли томони, оқовасиз мазкур усулни тупроқ шўрланмаган ёки шўрланган шароитларда ҳам қўллаш мумкин.
Шоли уруғи селкалар ёрдамида тупроққа 1-2 сантиметр чуқурликка экилган шароитда қисқартирилган суғориш усули қўлланилади. Бунда биринчи бостирилган сув қатлами 3-4 кун давомида ушлаб турилиб, сўнг сув бериш тўхтатилади. Поллардаги сув қатлами тупроққа шимилиб, майсалар қатори аниқ кўринганидан сўнг яна 5-6 сантиметр қатламида сув бостирилади. Бундай шароитда ҳар бир гектар ердаги кўчатлар сони тўлиқ бўлишига ва сувни ҳар гектаридан 2-3 минг метр куб тежашга имкон яратилади.
Сувни бош шахобчадан кейинги суғориш шаҳобчаларига меъёрдан катта миқдорда оқизиб қўйиш, шолипояларда ортиқча сув қатламини ушлаб туриш каби ҳоллар сувнинг беҳуда сарфланишига олиб келади. Ваҳоланки, шолининг ривожланиш даврида сувнинг белгиланган нормадан кўп сарф қилиниши ҳосилдорликни оширмайди, аксинча, бу ҳолат, айниқса, ҳозирги вақтда хўжаликларга иқтисодий жиҳатдан катта зиён келтиради.
Шолини кўчат усулида етиштириш
Сувни тежашнинг самарали усулларидан бири шолини кўчат усулида етиштириш ҳисобланади. Бу усулда шоли кўчатини кичик майдонларда етиштириш ҳисобига йиллик сув меъёрининг катта қисми иқтисод қилинади.
Шолини кўчат қилиб етиштириш усули Хитой, Ҳиндистон, Вьетнам, Индонезия, Шимолий Корея каби давлатларда кенг қўлланилади. Бунда шоли экиладиган жойларнинг иқлим шароитидан унумли фойдаланиш ҳамда ўрим-йиғимни эрта муддатларда ўтказиш имконияти яратилади. Қолаверса, ҳар бир гектар ердан унумли фойдаланиш натижасида 2 маротаба ҳосил етиштириш мумкин. Шоли кўчат усулида экилганда уруғлик шоли 60-70, сув сарфи 30-40 фоиз иқтисод қилиниб, ҳосилдорлик 30 фоизгача ортади.
Ҳозирги вақтда Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти олим ва мутахассислари томонидан фермер, деҳқон ва томорқа ер эгалари хўжаликларида фойдаланиш учун шолини кўчат ҳолида экиш усули технологияларини жорий этиш бўйича тавсияномалар тайёрланган бўлиб, уларни республикадаги шоличилик хўжаликларига тарқатиш ишлари амалга оширилмоқда.
Шунингдек, ерларни лазер қурилмалар ёрдамида назорат қилинадиган техникалар орқали текислаш ҳам долзарб масалага айланган. Лазер қурилмалари текислаш ишлари сифатини тубдан яхшилаб, технологик кўрсаткичларни оширади. Жараёнда геодезия ишлари 80 фоизга камайиб, агрегатлар иш унумини 20-30 фоиз, ҳосилдорлик 35 фоизга ошади. Сув сарфи эса 50 фоизга тежайди.
Президентимизнинг “Шоли етиштиришни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида 2021 йилда жами шоли майдонларининг камида 20 фоизида шолини кўчатлаб экиш, 50 фоизида лазер ускуналари ёрдамида ер текислаш тизимини жорий этиш, 30 фоизида шолини замонавий уруғ селкалар орқали экиш, 2022 йилда бу кўрсаткичларни янада ошириш кўзда тутилган. Ҳозирги вақтда шоличилик амалиётида юқорида келтирилган барча масалаларни сифатли бажариш учун ер, сув ва бошқа комплекс ресурслар мавжуд. Илмий асосланган технологиялар ишлаб чиқилган. Тавсияномалар тайёрланиб, қўлланма сифатида фермер, деҳқон хўжаликларига тарқатилиб, ўқитиб, ўргатиш ишлари олиб борилмоқда.
Сўнгги йилларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, экспортни ошириш, соҳага замонавий технологияларни татбиқ этиш ҳамда сув ресурсларидан оқилона фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қарорда белгилаб берилган чора-тадбирларнинг ўз вақтида бажарилишини таъминлаш шоли етиштирувчи мутахассислар, фермер, деҳқон, томорқа ер эгалари билан бир қаторда биз олимларнинг ҳам энг асосий кундалик вазифамизга айланиши лозим.
Ғиёсжон РАҲИМОВ,
Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти
бўлим мудири, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор