— Карантин даврида ҳам тизимдаги барча корхоналарда узлуксиз ишлашга шарт-шароит яратилди. Натижада олти ойлик режалар бажарилиб, қўшимча 1 миллиард метр куб табиий газ, қарийб 22 минг тонна конденсат ва 1,2 минг тонна нефть қазиб олишга эришилди. Бироқ бу натижа билан қаноатланмай, ишлаб чиқариш суръатини янада ошириш зиммамиздаги асосий вазифадир. Йил охиригача 34,6 миллиард метр куб газ ишлаб чиқариш режалаштирилган.

Йиғилишда Президентимиз газ захирасини яратиш борасида ишлар билан қизиқди.  Бу йўналишда белгилаб берилган вазифалардан келиб чиқиб, ҳар йили ушбу йўналишга 150 миллион доллар маблағ йўналтириб, захира яратиш ниятидамиз.

Бундан ташқари, инвестиция лойиҳалари муҳокама қилинди. Тизимимизда бешта инвестиция лойиҳасини шу йил ишга тушириш режалаштирилган. Ҳозир улар асосида ишлар режа асосида кетяпти. Пандемия бўлишига қарамай, тизимда 50 мингдан ортиқ мутахассис ва ишчи ишлаётган бўлса, ҳозирги кунда уларнинг 40 мингга яқини бевосита  меҳнат вахталарида фаолият юритмоқда.

Бу лойиҳаларни бажариш бўйича тармоқ режаларни яна бир карра қайтадан кўриб чиқиб, ишларни жадаллаштириш чоралари кўрилади. Суюлтирилган газ ишлаб чиқариш лойиҳаларини ноябргача, қолган иккита лойиҳани йил охиригача якунлаш бўйича тегишли топшириқ берилди. Бунинг ижроси юзасидан барча имкониятларни ишга соламиз.