“Қўлёзмаларни ҳар сафар ўрганганимда сираям қайтиб бергим келмайди, ўзимизники ахир”, дейди суҳбатимиз аввалида Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети профессори Гулноза ХАЛЛИЕВА. Маънавий меросимизга бўлган шу биргина эътироф, меҳр ва муҳаббат тафтидан қалбимиз ёришиб кетди. Суҳбатдошимизнинг “Европа фондларида сақланаётган, Ўзбекистонда мавжуд бўлмаган туркий қўлёзмаларнинг маълумотлар базасини ва “Yevroturcologica.uz” электрон платформасини яратиш” номли ажойиб инновацион лойиҳа ишқида қилган изланишлари, машаққатлари ва илмий кузатувлари кўз ўнгимизда намоён бўлди. Ушбу лойиҳа ташаббуси қандай мақсадлар ва маънавий эҳтиёжлар туфайли ўртага ташланди? Шу кунгача қўлёзмаларимизнинг электрон платформасида қандай маълумот ва янгиликлар мужассам бўлди? Ушбу маълумотларнинг босма қоғозлардаги нашри ҳам тайёрланяптими? Айни саволларимиз атрофидаги мулоҳазалар сизни ҳам эътиборсиз қолдирмайди, деган умиддамиз.
– Инновацион лойиҳадаги режа асосида 2023 йил июнда Ўзбекистондан Швецияга боргансиз. Айни санагача Европанинг Франция, Германия, Финляндия, Австрия, Швейцария, Италия, Дания, Люксембург, Чехословакия каби қатор давлатларнинг фондларида изланишлар олиб борганингиз ҳақида ажойиб янгиликларни ўқиганмиз. Ушбу илмий сафарлар давомида лойиҳа аьзолари томонидан қандай эътиборга молик қўлёзмалар топилган ва нашр қилинган?
– Аввало, ушбу хизмат сафари олдидаги ҳаяжонларимни айтмайсизми... Президентимизнинг 2017 йил 24 майдаги “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2017 йил 20 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш марказини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорларида мамлакатимиз фондини бойитиш мақсадида юртимиз тарихий-маданий меросига оид, хориж фондларида сақланаётган ноёб китобларни олиб келиш, қўлёзмаларни сотиб олиш ва кўпайтириш билан боғлиқ вазифаларни амалга ошириш вазифалари белгиланган. Бундан ташқари, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши (ҳозирги Туркий давлатлар ташкилоти)нинг қатор вазифалари, шарқшунослик йўналишидаги тадқиқотлар ҳам айнан чет эл фондларида турган маданий ёдгорликларимизни ўрганиш йўли билан халқ мулкига айлантиришга, ҳукуматимиз қарорлари ижросига қаратилган. Мазкур ҳужжатларнинг эълон қилиниши биз тадқиқотчиларнинг неча йиллардан буён орзу қилиб келаётган изланишлари ва дадил қадамларига йўл очиб берди, десак адашмаган бўламиз. Янги лойиҳамизнинг асосий мақсади ҳам Европанинг йирик қўлёзма фондларида сақланаётган, Ўзбекистонда муқобили бўлмаган қўлёзмаларимизни аниқлаш, соҳалар бўйича таснифлаш, тавсифлаш ва тадқиқ қилишдан иборат. Шу ўтган давр мобайнида Европанинг қатор давлатлари фондларидан лойиҳа аъзолари томонидан 93 та ноёб қўлёзма топилди, айримлари табдил ва нашр қилинди. Франциядан олиб келинган “Насихатномаи Шоҳий” (Хусайн Хоразмий, XV аср) ва Германиядан келтирилган “Маъорифун насаб” (Бобожон Саноий, XIX аср) каби ноёб қўлёзмалар табдил ва нашр қилинди. Ушбу асарлар билан Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхонамизда тўлиқ танишиш мумкин.
Келгусида Европа фондларидаги мавжуд қўлёзмалар фото нусхаларини, микрофильмларини олиш ҳисобидан мамлакатимиз қўлёзма манбалар фонди бойитиб борилади. Шунингдек, қўлёзмалар реестрини ва илмий тавсифини яратиш орқали миллатимиз тарихининг янги саҳифаларини очиш, маънавий қадриятларимизнинг халқаро миқёсдаги ҳудудини белгилаш, ёзма маданиятимиз пойдевори бўлган бирламчи қадимий манбаларни илмий истифодага олиб кириш ва халқимизнинг маърифат хазинасини янгидан янги тадқиқ ва тарғиб объектлари билан бойитиш лойиҳамизнинг илмий аҳамиятини белгилайди. Изланишларимиз давомида қўлга киритиладиган илмий ютуқлар ва натижалар келгусида ушбу йўналишда амалга ошириладиган юзлаб илмий тадқиқот ишлари учун асос бўлиб хизмат қилади.
Даставвал, илмий изланишларимни Уппсала университети кутубхонасида турган туркий қўлёзмаларимизни ўрганишдан бошладим. Кузатишларимиз асосида ушбу жойдаги туркий қўлёзмалар бўйича 2 та каталог яратилгани аниқланди. Биринчиси 1849 йилда швед шарқшунос олими Карл Иоганн Торнберг (Carl Johan Tornberg 1807-1877) томонидан лотин тилида яратилган (Codices Arabici, Persici et Turcici Bibliothecae Regiae Universitatis Upsaliensis). Ушбу каталогда Уппсала университети кутубхонасига 1845 йилгача йиғилган араб, форс, туркий қўлёзмаларнинг қисқача тавсифи берилган. Тавсифда қўлёзмалар тарих, фалсафа, адабиёт, математика каби фанлар бўйича ажратилган. Қўлёзмалар ҳар бир соҳа доирасида араб (а), форс (в), туркий (с) тарзида битта бўлимда кўрсатилган. Масалан, адабиётга оид ҳар учала тилдаги қўлёзмалар тавсифи битта жойда берилган. Китобга жуда сермазмун сўзбоши ёзилган, жумладан, қўлёзмаларнинг Швецияга, Уппсала кутубхонасига келтирилиши билан боғлиқ тарих батафсил ёритилган. Ушбу каталогни ўрганиш асосида турли фанларга оид 206 та туркий қўлёзма мавжудлини аниқладик.
Иккинчи каталог икки жилддан иборат бўлиб, Уппсала университети профессори Карл Вильгельм Зеттерстен (1866-1953) томонидан яратилган (1930, 1935). Ушбу каталогда ҳам араб, форс, туркий қўлёзмалар тавсифи берилган (Die arabischen, persischen und turiilschen handschriften der universitätsbibliothek zu Uppsala). Олим Уппсала университетида шарқшунослик йўналиши тараққиётига катта ҳисса қўшган, араб, форс, туркий тиллардан бир нечасини мукаммал билган. Каталогларнинг ҳар иккаласида сўзбоши берилган. Улардан маьлум бўлишича, К.Зеттерстен айнан К.Торнберг каталогига кирмаган, 1849 йилдан кейин кутубхонага келтирилган қўлёзмаларни тавсиф қилган. Бундан ташқари, ушбу каталог араб, форс, туркий қўлёзмаларнинг алоҳида-алоҳида бобларда берилгани билан К.Торнберг каталогидан фарқ қилади. Мазкур каталогларда жами 142 та туркий қўлёзмага тавсиф берилган. Юқорида қайд этилган каталоглардан ташқари 1935 йилдан кейин кутубхонага келтирилган қўлёзмалар ҳақида ҳам оддий принтерда чиқарилган материал мавжуд, унда ҳам 21 та туркий қўлёзмага тавсиф берилган.
– Швециянинг Лунд университети кутубхонасидаги қўлёзмаларнинг аксарият қисми швед олими ва дипломати Гуннар Жарринг номи билан боғлиқ экани ростми? Бу қўлёзмаларнинг ўзига хослиги нималарда кўринади?
– Дарҳақиқат, бу кутубхонада сақланаётган туркий қўлёзмалар ҳажми 500 дан ортиқ бўлиб, мазкур фонд швед дипломати ва олими Гуннар Жарринг номи билан аталади (The Jarring Collection). Гуннар Жарринг (Gunnar Jarring (1902-2002) кўп йиллар давомида Шарқий Туркистонда миссионерлик қилган, ўз фаолияти давомида кўп қўлёзмаларни йиққан, маҳаллий халқдан сотиб олган. 1982 йилда барча тўплаган қўлёзмаларини Лунд университети кутубхонасига топширган. Инглиз тилидаги ушбу қўлёзмалар каталогини ҳам яратган, аммо нашр қилинмаган. Ҳозир бу каталог-қўлёзма рақамлаштирилган ва кутубхона веб саҳифасига жойлаштирилган.
Лунд кутубхонасидаги қўлёзмаларга уйғур қўлёзмалари деб ном берилган. Аслида улар орасида нафақат уйғур, балки қозоқ, турк, ўзбек (Европада кўпинча чиғатой қўлёзмалари деб аталади) ва бошқа тиллардаги манбалар бор. Қўлёзмалар яхши, қониқарли, ёмон ва қўлланишга яроқсиз каби тўрт тоифага ажратилган. Ёмон ва қўлланишга яроқсиз белгиси остидаги қўлёзмалар фойдаланишга берилмайди, уларни фақат пул тўлаб, рақамли вариантига буюртма бериш мумкин, холос. Мен кўрган яхши ва қониқарли белгили қўлёзмалардан баъзилари ҳам таьмирталаб аҳволда. Албатта, уларни кўриб жуда ачиндим, авайлаб варақладим. Назаримда, бу қўлёзмалар билан Гуннар Жаррингдан кейин ҳеч ким қизиқмаган, кўрмаган. Суҳбатимиз аввалида таъкидлаганимдек, қўлёзмаларни ҳар сафар ўрганганимда уларни сираям қайтиб бергим келмайди, ўзимизники ахир....
Мазкур фонд ҳақида 2006 йилда ёзилган “Гуннар Жарринг ва Жарринг коллекцияси” мақоласи муаллифи, Лунд университети тадқиқотчиси, тарих кафедраси ўқитувчиси Гунил Торнвал (Gunilla Törnvall) билан учрашганимизда бу Шарқий Туркистон қўлёзмаларининг ниҳоятда бой коллекцияси бўлиб, дунёда учинчи ўринда туришини айтди. Қўлёзмалар ислом оламининг Марказий Осиёнинг чеккасидан, ҳозирги Хитойнинг Шинжон вилоятидан, қадимги Ипак йўли бўйида жойлашган Қашғар ва Ёрканд каби шаҳарлардан келтирилганини, мазкур фондни рақамлаштириш учун катта маблағ ажратилганини ҳам таъкидлади. Келажакда бу хайрли иш амалга оширилишини маьлум қилди. Олиманинг таъкидлашича, Гуннар Жарринг ташаббуси туфайли кўплаб дипломатлар Жарринг тўпламига ўзлари келтирган, маҳаллий бозорда кўчирилган ёки сотиб олинган қўлёзмалар билан ҳисса қўшганлар. Кўпгина қўлёзмалар Густаф Альберт (1884-1943; 109 та), Дэвид Густафссон (1879-1963; 75 та), Сигфрид Моен (1897-1989; 59 та), Густаф (1871-1954) ва Ҳанна Рагуетти (1884-1979; 48 та), Оскар Ҳерманссон (1889-1951; 42та) ва Гуннар Ҳерманссон (1895-1962; 31 та) каби дипломат ва олимлар томонидан кутубхонага топширилган.
Демак, ҳозиргача кузатишларимиз асосида Швецияда 858 та туркий қўлёзма борлиги аниқланди. Агар такрор нусхалар борлигини ҳисобга олсак, 500 тадан ортиқ қўлёзма бор. Улар турли даврларга ва соҳаларга оид. Адабиётшунос бўлганим учун, албатта, биринчи навбатда, адабий асарларга диққатимни қаратдим. Улар орасида Алишер Навоий, Бобур Мирзо, Фузулий, Сўфи Оллоёр, Машраб каби биз билган машҳур шоирлардан ташқари ҳали халқимизга номаълум бўлган шоирлар, таржимонларнинг ҳам қўлёзмалари мавжуд. Биргина Алишер Навоий қўлёзмаларининг ўзи 25 тани ташки этади.
Биз текширган каталоглар сўзбошида келтирилган маьлумотга кўра, ушбу қўлёзмалар, асосан, швед миссионерлари фаолияти давомида йиғилган, сотиб олинган ва кейинчалик Лунд ва Уппсала университетлари кутубхоналарига туҳфа қилинган. Қўлёзмалар орасида Ўзбекистонда мавжуд бўлмаган туркий қўлёзмалар ҳам мавжуд. Биз айнан шу масалани жиддий текширяпмиз, натижаларни тадқиқотларимиздан кейин эълон қиламиз.
– Швеция ва туркий давлатлар ўртасида аввалдан дипломатик, ижтимоий-маданий алоқалар бўлган. Илмий адабиётларда XVI асрдан бошлаб швед олимлари турли соҳаларда илмий маданий алоқалар ўрнатгани ёритилган. Яқиндагина ушбу давлатда элчихонамиз очилгани илмий, маданий, дипломатик алоқаларга янада кенг йўл очиб берди. Шундай эмасми?..
– Албатта. Биз Стокгольмда, Ўзбекистоннинг Швециядаги муваққат ишлар вакили Нодир Ғаниев ва элчихона учинчи котиби Орифжон Комилжон ўғли билан расман учрашдик, келажакдаги режаларимиз, Швециядаги туркий қўлёзмаларимиз тақдири, уларни ўрганиш йўли билан ватанимизга қайтариш каби масалалар юзасидан суҳбатлашдик.
Галдаги вазифамиз Швеция кутубхоналарида сақланаётган 800 дан ортиқ ноёб дурдонамизни олимлар гуруҳи билан келиб, аввало, тўлиқ реестрини тузиш, тавсифини яратиш, ҳаммасини яроқли ҳолга келтириб таьмирлаш, иложи бўлса, юртимизга қайтаришдан иборат.
– Польшадаги илмий изланишлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз. Маълумотларга кўра, мазкур давлатда сақланаётган Шарқ қўлёзмалари бўйича 1958-1969 йиллар мобайнида 5 жилд каталог-тавсиф яратилган экан...
– Польша давлатининг Варшава шаҳрига етиб келганимизда ватандошимиз, файласуф олим, Ўзбекистон Республикасининг Польша Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Баҳром Бабаев топшириғи ва ташаббуси асосида мени жуда илиқ кутиб олишди, ҳар томонлама қўллаб- қувватлашди. Мусофир юртда икки ой изланишлар олиб бориш давомида айнан ўз юртинг одамлари меҳрибонлиги ва ғамхўрлиги қанчалар аҳамият касб этишини янада чуқурроқ ҳис қилдим. Шунингдек, 1944 йилда немис босқинчилари томонидан деярли йўқ қилинган Варшава шаҳрининг шу юрт одамларининг ғайрати ва ватанпарварлиги туфайли обод бўлганини, расмларга қараб қадимий бинолар қайта тикланганини кўриб, янада илхом олдим, ғайрат билан ишга киришдим.
Ҳозир Тошкент давлат шарқшунослик университетида бажарилаётган “Европа фондларида сақланаётган, Ўзбекистонда мавжуд бўлмаган туркий қўлёзмаларнинг маълумотлар базасини ва “Yevroturcologica.uz” электрон платформасини яратиш” инновацион лойиҳаси режаси асосида шу ерда илмий изланишларимни давом эттиряпман.
Даставвал, илмий изланишларимни Варшава миллий кутубхонасидаги туркий қўлёзмаларимизни ўрганишдан бошладим. Кузатишларимиз асосида Польшада сақланаётган Шарқ қўлёзмалари бўйича 1958-1969 йиллар мобайнида 5 жилд каталог-тавсиф яратилгани маьлум бўлди. Унгача барча фондлардаги тавсифлар тарқоқ ҳолда бўлган. Ушбу китоблар поляк олимлари Стефан Стрелцин (1918-1981) умумий таҳрири ва Ананий Зайончковский (1903-1970) раҳнамолигида, Таудаш Майда, Зигмунт Абрахаимович, Казимеж Рожко, Ян Браун, Стефан Якобельский каби бир гуруҳ шарқшунослар томонидан яратилган. Ананий Зайончковский каталог китоб яратилган йилларда Польша Фанлар академиясининг шарқшунослик ва айни пайтда Варшава университети туркология бўлимини бошқарган. Шарқ, хусусан, туркий адабиётга чуқур ҳурмат ва муҳаббат олимни кўпгина хайрли ишларга ундаган. Ананий Зайончковский ташаббуси билан кўпгина миллий дурдоналаримиз поляк тилига таржима қилинган, ўрганилган. 1954 йилда олим Кембрижда ўтказилган XXIII шарқшунослар халқаро конгрессида Польшада сақланаётган Шарқ қўлёзмалари ва уларнинг тугал бир каталогини яратиш масаласи ҳақида маъруза қилган ва маърузада қўйилган мақсад дунё олимлари томонидан ижобий баҳоланган, кейинчалик бу лойиҳа жаҳон илмий жамияти томонидан моддий рағбатлантирилган.
Каталог китобларнинг I ва V жилдлари айнан Польша фондларида сақланаётган туркий қўлёзмалар тавсифига бағишланган. Уларда жами 583 та туркий қўлёзма номи, муаллифи ва қисқача тавсифи берилган. Туркий қўлёзмаларимиз Варшава, Краков, Познан миллий музейи ва ҳарбий архивларида, Варшава, Вроцлав, Ягеллон, Торундаги Н.Коперник университети кутубхоналарида, Варшава миллий кутубхонасида, Польша шарқшунослар жамияти архивида, М.Сулимович, Ж.Рейхманнинг Варшавадаги, Ж.Карповичнинг Шетсиндаги шахсий кутубхоналарида –Польшанинг жами 21 та фондида ардоқлаб сақланади. Текширишларимиз натижасида булар орасида энг кўп қўлёзма ҳарбий архивларда ва Вроцлав университети кутубхонасида мавжудлиги аниқланди.
– Қўлёзмаларнинг барчаси ҳам адабий ва тарихий мавзуларни қамраб олганми? Кузатишларда улар кўпроқ қайси фанларга оид экани маълум бўлди?
– Хусусан, туркий қўлёзмалар орасида грамматика, тарих, астрономия, кимёга оид, дидактик, диний, қомусий асарлар, муншаотлар, Қуръон шарҳлари, таъбирномалар, тасаввуфий, тибббиётга оид асарлар бор. Тарбиянома, ибратномалар, шеърий девонлар, маноқиблар, фалсафа, илоҳиёт, юридик қонунномалар, ҳикоятлар, дуолар, шеърият назариясига оид асарлар, араб-форс-туркий, чигатой-турк, турк-лотин, турк-француз, турк-поляк луғатлари ҳам борлиги аниқланди. Дидактик асарлар орасида бугунги кунимиз учун ҳам ҳар қачонгидан кўра зарур бўлган “Фазилатнома”, “Ибратнома”, “Рисолаи фаросат”, “Рисолаи адолат” каби қўлёзмаларни кўрдик, уларни табдил қилиш ва тезроқ халқимизга етказиш тараддудидамиз.
– Ҳозиргача мавжуд маълумотлар асосида энг қадимги девон кимга тегишли эканини айта оласизми?
– Шеърий девонлар ичида энг қадимийси туркий халқларнинг забардаст шоири ва мутафаккири, озарбайжон, форс ва араб тилларида ижод қилган Муҳаммад Сулаймон Фузулийга (1498 — 1556) тегишли экани маьлум бўлди. Варшава университети кутубхонасида сақланаётган ушбу девон шоир вафотидан атиги 20 йил ўтиб,1576 йилда кўчирилган.
Шоирнинг энг қадимги девони 1572 йилда кўчирилган бўлиб, мазкур қўлёзма Озарбайжон Фанлар академияси ҳузуридаги Фузулий номидаги Қўлёзмалар институти фондида сақланади. Девоннинг 1581 йил кўчирилган нусхаларидан бири Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида сақланади. Россия шарқшунослигига бағишланган докторлик диссертациямни ёзиш чоғида (2006-2016) Санкт-Петербург фондларида Фузулий девонининг 11 та нусхаси борлиги аниқланган эди, аммо улар XVII-XIX асрларда кўчирилган. Демак, шоирнинг Польшада сақланаётган девони ҳозиргача топилганлари ичида иккинчи қадимийси ҳисобланади. Фузулий девонларини ҳар гал ўқишга чоғланганимда шоирнинг мана бу мисралари ёдимга тушади:
Гулистон сари қўюнг китобин боб-боб, эй гул,
Хати райҳон ила жадвал чекиб, гулзора ёзмишлар...
Дарҳақиқат, шоир мисралари хати райҳонда ёзилгани боис жуда дилбар ва хушмаънодир.
1973 йилда поляк олимаси Станислава Римкевич ЮНЕСКО моддий кўмаги асосида Фузулий ижодига бағишланган китобни нашр қилдиради. (Suleymanoğlu Mehmed Fuzûlî Haszysz i Wino z tur przeł Stanisława Płaskowicka Rymkiewicz) Кейинчалик бу китоб олима Гулёр Абдуллабекова томонидан рус тилига ўгирилган, муаллиф сўзбошида Фузулий ижодининг Польшада ўрганилиши масаласига тўхталган.
2012 йилда Озарбойжон ҳукумати ва Фанлар академияси саъй-ҳаракати билан ушбу девоннинг нусхаси олинган, аммо ҳали бошқа девонлар билан қиёслаб ўрганилмаган.
Бизга берилган қисқа вақтдан унумли фойдаланиб, қўлёзманинг айрим бетларини расмга олишга муваффақ бўлдик. Қўлёзма 125 варақ, ҳар саҳифаси 11 қатор, мумтоз анъанага мос дебоча билан бошланган, ғазал, мухаммас, мусаддас, рубоий ва бошқа жанрдаги шеърлардан иборат. Қўлёзма анча уринган, муқованинг бироз жойлари тешилган, қайта ёпиштирилган варақлар мавжуд.
Галдаги изланишлар Фузулийнинг Польшада сақланаётган девонини тўлиқ ўрганишни, бошқа девонлари билан қиёслашни, фузулийшунослар диққатини бу масалага қаратишни тақозо этади. Икки йил давомида Европа давлатларидаги изланишларим асосида амин бўлдимки, Румий, Навоий, Бобур, Фузулий, Огаҳий ва бошқа машҳур шоирларимиз яратган ўлмас асарлар туркий ҳалқларнинг умумий интеллектуал маънавий бойлигидир. Мен кўрган фондларнинг бирортасида улар ўзбек, туркман ёки озарбайжон шоири деб ажратилмаган, “туркий қўлёзмалар” умумий номи остида сақланади. Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг қатор вазифаларида ҳам умумтуркий дурдоналаримизни айнан бирлашиб ўрганиш масаласи кўндаланг қўйилган.
Инновацион лойиҳамиз асосида илмий изланишларимизни давом эттирар эканмиз, келгусида лойиҳа давомида қўлга киритиладиган илмий ютуқлар ва натижалар ушбу йўналишда амалга ошириладиган юзлаб илмий тадқиқот ишлари учун асос бўлиб хизмат қилишига ишонамиз.
“Янги Ўзбекистон” мухбири
Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА суҳбатлашди