— Муаммонинг ичига кириб бормасак, аҳвол эскилигича қолаверади. Қиз ўстириб, оқ ювиб, оқ тараган оналарнинг фарзандини бошқа хонадонга узатганидан кейинги томошасини яқинроқ бориб ўрганайлик. Бир – икки йил фарзанд кўрмаса, сен бепуштсан, деб келинни остонадан нарига чиқариб қўяётган айрим қайноналарга бундоқ яқинроқ туриб гапирайлик.
Ёши бир жойни қоралаб қолган кайвони онахоннинг гапида жон бор эди. Давримизнинг «Фармон биби»си ҳақ. Унинг куйинчаклиги ортида минг афсуски, аччиқ ҳақиқат мужассам. Ўша куни, ўша мажлисда мен ҳам мутахассис шифокор сифатида оилани режалаштириш, аёллар касалликлари, балоғат ёшидаги қизларни оилага тайёрлаш бўйича ўз мулоҳазаларимни билдирдим. Олиб бораётган илмий-амалий фаолиятимни оддий тильда, ҳамма тушунадиган қилиб талқин этдим.
Бироқ, шу билан менинг кўнглим таскин топмади.
Докторлик ҳимоям олдидан ўтказган ижтимоий сўровномалар аслида қанчалар ҳақиқатга яқин эканлиги ҳақида ўйладим.
Шаҳарга етиб келгунимча аёлларнинг оила барқарорлигидаги ўрни тўғрисида ўз-ўзимга савол бердим.
Қиз бола сингари ўғил болалар тарбияси ва саломатлигига ҳам жуда кичик ёшдан эътибор бериш керак эмасмикан, деган фикрлар хаёлимда чарх ура бошлади.
Тан олиш керак, кейинги йилларда аёлларимизнинг тиббий савияси анча такомиллашиб бормоқда, бироқ яна шуни афсус билан айтишим керакки, айрим оила бекаларининг қизларимиз тақдирига нисбатан бироз бефарқлиги боис юқоридаги каби муаммолар кўплаб учраяпти.
Мана масалан, мен олиб бораётган илмий тадқиқот — бепуштлик мавзусини олайлик.
Биз узоқ йиллар давомида оилавий ажримларда маломат тошларини фақат қизлар томон отиб ўрганиб қолдик. Оилада қайсики можаро чиқса, қиз томоннинг тили қисиқ бўлаверди. Аслида, ўғил фарзандни вояга етказаётган ота-оналарда гап кўп эмасми? Касбим тақозоси билан қабулимга келган келинчакларнинг жуда катта андиша билан эрининг айбини яшириб, бор масъулиятни ўз бўйнига олишларига кўп маротаба гувоҳ бўлганман. Бир томондан тўғри, уларнинг ўз вақтида фарзандлик бўлмаётганлигига айрим гинекологик касалликлар сабаб бўлмоқда. Бироқ, жуда катта эҳтимол билан соғлиғида муаммоси бўла туриб ўзидаги камчиликни яшириб юрган йигитларга нима дейсиз.
Устига устак уларни тиббий кўрикка жалб этишнинг ўзи бир муаммо.
Энг қизиғи, қайноналар ўғлидаги муаммони тан олишни хоҳламайди.
Шу маънода, биз тиббиёт муассасалари профессор-ўқитувчиларининг мактабларга бириктириб берилгани айни муддао бўлди. Бири пайтлар дарслар таркибида ўтиладиган саломатлик дарслари энди мутахассис врачлар ва тиббиёт олийгоҳлари ўқитувчилари томонидан олиб борилади.
Яна қувонарли томони, бакалавр босқичидаги талабаларимизга дарслар жараёнида бемор билан яқиндан мулоқотда бўлиш этикаси, дарсдан ташқари пайтда жамоатчилик асосида соғлом турмуш тарғиботи билан шуғулланиш кўникмаларини ўргатиб боряпмиз.
Боиси, мамлакатимизда тиббий таълим муассасалари сони кун сайин кўпайиб, замонавий билим ва кўникмага эга кадрлар тайёрлаш ишига алоҳида эътибор бериляпти.
Айни кунларда барчанинг диққат марказида турган янгича қарашларимизга ана шу каби ҳаётий зарурат сабаб бўлди.
Ўзим олиб бораётган илмий тадқиқотлар юзасидан айтадиган бўлсам:
Бугун дунёда репродуктив ёшдаги жуфтликлар ўртасида бепуштликнинг сезиларли даражада тарқалиб бораётгани аввало оилаларда ижтимоий ва психологик ноқулай вазиятларга, ажралишлар сонининг ортиб боришига олиб келмоқда.
Бефарзандликдан озор чекканларнинг бир-бирига нисбатан тушкун кайфияти жамият ҳаётига кўчиб, баъзан иш фаолиятининг пасайишига ҳам олиб келяпти.
Ўзбекистонда ўтказилган турли тадқиқотлар натижаларига кўра, никоҳ қурган аёллардан бирламчи бепуштлик билан азият чекувчи аёллар 4.9 фоиздан 5.3 гачани ташкил этади.
Бу рақамлар жамиятимизда аёллар бепуштлиги муаммосини бартараф этишда ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликка қанчалар эҳтиёж катталигини кўрсатмоқда.
Биз тиббиёт ходимлари эса бўлажак соҳа ходимлари билан ўтказиладиган амалий жараёнларни аҳоли орасида давра суҳбати шаклида олиб борсак, икки томонлама самарага эришган бўлардик.
Замонавий тиббиёт илмида янги инновацияларни амалга ошираётган бир олима, қолаверса она сифатида мени қувонтирадиган жиҳати яқин-яқинларгача Ўзбекистонда ёрдамчи репродуктив технологияларнинг йўқлиги сабаб бепуштликдан азият чекаётганлар муолажаларни бошқа мамлакатларда ўтказишга мажбур бўларди. Эндиликда ундай эмас, авваллари эр-хотинни чет элда даволаниши учун 3 000 дан 10 000 АҚШ долларигача сарфланган бўлса, бугун бу харажатларга ҳожат йўқ.
Мамлакатимизда бепуштликни даволашнинг самарали тизими йўлга қўйилгани аҳоли саломатлиги ва оилалар мустаҳкамлигига бўлган катта эътиборнинг яққол далилидир.
Нигина Ҳикматова,
Бухоро тиббиёт институти доценти